Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Қайтарилган ишлар ҳақидаги китоб. 254-боб. Ғийбатнинг ҳаромлиги ва тилни сақлашга буюриш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот сураси, 12-оят);

 

«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)» (Ал-Исро сураси, 36-оят);

 

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб айтган.

Билинг, албатта ҳар бир оқил киши тилини барча сўзлардан сақламоғи лозим. Фақатгина манфаат бўлгандагина гапириши лозим. Энди қачонки гапириш ва гапирмасликдаги манфаат баробар бўлиб қолса, гапирмасдан тилни тиймоқ суннат амалдир. Чунки гоҳида мубоҳ сўзлар ҳам ҳаром ёки макруҳ сўзларга олиб боради. Одатда кўпинча шунақа ишлар бўлади. Омон қолишни эса бирорта нарсага алмаштириб бўлмайди.

 

1510/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бу ҳадис агар яхшилик бўлсагина гапирмоқ лозимлигини кўрсатмоқда. Агар гапида манфаат бўлмаса, сўзламаслиги лозим.

 

1511/12. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. «Эй Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайсиниси афзал?» деб сўралганида, у зот: «Агар мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлишса, ана шуниси афзал», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1512/3. Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1513/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Банда ўйламасдан бир сўзни айтиб қўяди-да, кейин у сабабли дўзахга шу қадар пастлаб тушиб кетадики, унинг оралиги мағриб ва машриқчадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1514. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади-да, аммо Аллоҳ таоло Ўзи билиб, унинг даражасини кўтаради. Яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади-да, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам Ўзи билиб, жаҳаннамга ташлайди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

1515/6. Билол ибн Ҳорис ал-Музанийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Киши Аллоҳнинг розилигидан бўлган сўзни гапириб, у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача розилигини ёзиб қўяди. Ва яна бир киши Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи сўзни гапириб, у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача ғазабини ёзиб қўяди», дедилар. Имом Молик ва Термизий ривоятлари.

 

1516/7. Суфён ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, бир ишни айтиб беринг, уни маҳкам ушлай», деганимда, у зот: «Раббим Аллоҳ, деб айт, кейин шу сўзингга мувофиқ истиқоматда (собитқадам) бўл», дедилар. Яна «Эй Расулуллоҳ, менга қўрқиладиган  нарсанинг энг хавфлиси (хабарини беринг)», деганимда, у зот тилларини ушлаб «Бу», дедилар». Имом Термизий ривояти.

 

1517/8. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзларни кўпайтирманглар. Чунки Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзлар бағритош қилиб қўяди. Инсонларнинг Аллоҳдан энг узоғи бағритошларидир», дедилар. Имом Термизий ривояти.

 

1518/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги ёмонликдан ва икки оёғи орасидаги ёмонликдан сақласа, у жаннатга киради», дедилар. Имом Термизий ривояти.

 

1519/10. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, нажот нимада?» десам, у зот: «Тилингни тийгин, уйингга сиғиб ўтир, яъни рўзғорга керакли нарсаларни қилиб қўй ва хатоларингга йиғлагин, шунда нажот топган бўласан», деб айтдилар». Имом Термизий ривояти.

 

1520/11. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар одам боласи тонг оттирса, аъзоларнинг барчаси тилни койиб: «Бас, эй тил, Аллоҳдан қўрқ! Биз ҳам сенданмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз», дейди», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.

 

1521/12. Муоздан р.а. ривоят қилинади: «(Мен): «Эй Расулуллоҳ, менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ қилсин», десам, у зот: «Сен жуда катта нарса сўрадинг. Албатта у Аллоҳ осон қилган кишига енгилдир», дедилар, сўнгра: «Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиласан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан», дедилар. Ва яна у зот: «Сени эшикларнинг яхшисига далолат қилайми? Рўза пардадир. Садақа хатоларни худди сув оловни ўчиргандек ўчиради», деб кишининг кечанинг ўртасидаги намози ҳақида қуйидаги оятни ўқидилар:

 

«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирор жон билмас» (Сажда сураси, 16–17-оятлар). Сўнгра яна у зот: «Ишнинг боши ва устуни ҳамда юксак чўққисининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда у зот: «Ишнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юксак чўққиси жиҳоддир», дедилар. Яна у зот: «Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб: «Сен мана буни тийгин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?» десам, у зот: «Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилишлари фақат тиллари айтган нарсалар сабабидандир», дедилар». Имом Термизий ривояти.

 

1522/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «ғийбат нима эканлигини биласизларми?» деганларида, саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кариҳ кўрадиган нарсаси билан биродарингни зикр қилмоғинг», дедилар. Шунда: «Айтган нарсам биродаримда бўлса-чи?» дейилганида, у зот: «Айтаётган нарсанг биродарингда бўлса, ғийбат қилибсан. Агар айтаётган нарсанг биродарингда бўлмаса, унда бўҳтон қилибсан», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

1523/14. Абу Бакрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  қурбонлик куни Минодаги видолашув ҳажида: «Бу кунингиз, бу шаҳрингиз, бу ойингизда қон тўкиш ҳаром бўлгани каби сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўйингизга (тажовуз қилмоқлигингиз) ҳаромдир. Огоҳ бўлинг, етказдимми?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

 

1524/15. Оишадан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳга  с.а.в.  «Сафийянинг ундай ёки бундайлиги (баъзи ривоятларда келтирилишича, паканалиги) мисол сифатида етарлидир», десам, у зот: «Сен бир калима айтдингки, агар у денгиз сувига аралаштириб юборилса, таъми ёки ҳиди ўзгариб кетарди», дедилар. Ва яна у зотга бир инсонни ҳикоя қилдим. Шунда у зот: «Менда у ёки бу нарса бўлатуриб, бошқа бировни гапиришни яхши кўрмайман», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Бу ҳадис ғийбатчиларга энг катта дашном берувчи ҳадисдир. Мана шу даражада ғийбатни ёмонлашда етук бўлган бошқа бирор ҳадисни билмайман.

 

«Ва у Расулуллоҳ  с.а.в.  (Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм сураси, 3–4-оятлар).

 

1525/16. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен осмонга кўтарилганимда (яъни, Меърож кечасида) бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен: «Эй Жаброил, анавилар ким?» десам, у зот: «Улар шундай шахсларки, кишилар гўштини еб (яъни, ғийбат қилиб), обрўларига бўҳтон қилишарди», дедилар», деб айтдилар. Абу Довуд ривояти.

 

1526/17. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг қонига, обрўсига ва молига (тажовуз қилиши) ҳаромдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио