Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

253-боб. Авлиёлар кароматлари ва уларнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъматларга эришиш) буюк саодатдир» (Юнус сураси, 62–64-оятлар);

 

«Мана шу (қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин» (Марям сураси, 25-оят);

 

«Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – хужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Оли Имрон сураси, 37-оят);

 

«(Йигитлар) модомики, улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган экансиз, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг-сероб қилур ва сизларнинг ишларингизни ўнглар. Қуёш чиқишида уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини кўрурсан» (Каҳф сураси, 16–17-оятлар), деб айтган.

 

 

1502/1. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абу Бакрдан р.а. ривоят қилинади. Аҳли суффадаги кишилар камбағаллардан ташкил топган эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  кунларнинг бирида: «Кимнинг икки кишилик таоми бўлса, (аҳли суффадагилардан бирини олиб) уч киши бўлиб борсин. Кимнинг тўрт кишилик таоми бўлса, беш-олти киши бўлиб борсин» (ёки шунга ўхшаш сўзларни) айтдилар. Бу сўздан кейин Абу Бакр р.а. улардан учтасини олиб келдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  эса ўнтасини олиб кетдилар. Абу  Бакр р.а. кечки овқатни Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида тановул қилиб, сўнгра хуфтон намозини ўқиб бўлгунча ўша ерда турдилар. Кейин кечанинг Аллоҳ ҳохлаганча қисми ўтганидан кейин келганларида хотинлари: «Меҳмонларингиз хизматида бўлишдан нима тўхтатиб қўйди?» деди. Абу Бакр р.а.: «Нима, уларга овқат бермадингларми?» дедилар. Хотинлари: «Биз уларга овқат тортиқ этдик, лекин улар (хонадон соҳиби) келмагунча емаймиз, дейишди», деди. (Шунда) Абдураҳмон ибн Абу Бакр р.а. айтадилар: «Мен бориб беркиниб олдим. Отам: «Эй пасткаш, бурни кесилгур», деб дашном бериб мени сўкдилар. Меҳмонларга: «Олинглар, енглар. Аллоҳга қасамки, бундан ҳечам емайман», дедилар. Аллоҳга қасамки, ундан бирор луқма олинса, яна остидан кўпайиб зиёдалашар эди. Ҳаттоки, улар ундан еб тўйишди. Ва олдингидан ҳам таомлари кўпайиб қолган эди». Абу Бакр р.а. таомга боқиб хотинларига қарата: «Эй бани фирослик, бу нима?» деганларида, хотинлари: «Кўзимнинг қувончи ҳаққи! Бу таом аввалги ҳолатига қараганда уч баробар кўпдир», деди. Абу Бакр р.а.: «Ана шу таомдан емайман, деб қасам ичишим шайтондандир», дедилар. Сўнгра ундан бир луқма едилар. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига олиб бордилар. У таом Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида тонггача турди. (Яна Абдураҳмон ибн Абу Бакр р.а. айтадилар): «Шу кунларда биз билан бир қавм ўртасида шартнома бўлиб, унинг муддати тугаган эди. Ўша ердагилар ўн иккига бўлиндик. Ҳар биримиз билан бир қанча киши бор эди. Қанча одам борлигини Аллоҳ билади. Ўшаларнинг ҳаммаси у таомдан ейишди».

Бошқа ривоятда келтирилишича, Абу Бакр р.а. у овқатдан емайман, деб қасам ичдилар. Хотинлари ҳам емайман, деб қасам ичди. Меҳмонлар ҳам (хонадон соҳиблари) ейишмагунча емаймиз, деб қасам ичишди. Абу Бакр р.а.: «Бу  қасам шайтондандир», деб овқатни олиб келишни буюрдилар. Қачонки, овқат олиб келинганида, ундан едилар. Улар ҳам ейишди. Бирор луқма олинса, остидан кўпайиб зиёдалашаверар эди. Абу Бакр р.а.: «Эй бани фирослик, бу нима?» деганларида, хотинлари: «Кўзимнинг қувончи ҳаққи! Ҳозир бу таом еганимизнинг аввалги ҳолатидан ҳам кўпайгандир», деди. Улар бу таомдан ейишди. Ҳамда Расулуллоҳга  с.а.в.  бундан юбордилар. Ва Расулуллоҳ  с.а.в.  ундан еганларини зикр қилдилар.

 

Бошқа ривоятда айтилишича эса, Абу Бакр р.а. ўғиллари Абдураҳмонга: «Меҳмонларингни уйга олиб боргин. Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бораман. Мен бормасдан меҳмонларнинг овқатларини бергин», дедилар. Абдураҳмон меҳмонларни олиб келиб уйдаги таомни келтирди ва: «Бундан енглар», деди. Меҳмонлар: «Хонадон соҳиби қани?» дейишди. Абдураҳмон яна: «Олинглар, енглар», деди. Меҳмонлар: «Хонадон соҳиби келмагунча емаймиз», дейишди. Абдураҳмон: «Зиёфатларингизни биздан қабул қилиб олинглар. Чунки хонадон соҳиби келсалар, сизлар овқатланмаганингизни кўриб ғазаблари келади», деганида, меҳмонлар қабул қилишмади. «Билдимки, отам келсалар, (бу қилган ишим учун) мендан хафа бўлардилар. Отам келганларида, мен яшириниб олдим. Отам: «Меҳмонларга нима тайёрладинглар?» деб сўраганларида, уйдагилар (бўлиб ўтган воқеадан) хабар беришди. Отам: «Эй Абдураҳмон», дедилар. Мен жим турдим. Кейин яна: «Эй Абдураҳмон», дедилар. Мен жим турдим. Отам: «Эй пасткаш, қасам ичаманки, агар овозимни эшитаётган бўлсанг, чиқ», дедилар. Мен чиқиб: «Меҳмонлардан сўранг», дедим. Меҳмонлар: «Ўғлинг рост гапиряпти. Бизга овқат олиб келди», дейишди». Абу Бакр р.а.: «Сизлар мени кутдингларми? Аллоҳга қасамки, мен бу кеча овқатланмайман», дедилар. Қолган кишилар ҳам: «Аллоҳга қасамки, сен овқатланмагунингча биз ҳам тановул қилмаймиз», дейишди. Абу Бакр р.а.: «Вой бўлсин! Нима учун зиёфатларингизни биздан қабул қилмайсизлар?» деб таомни келтиришни буюрдилар. Қачонки, у келтирилганида, овқатга қўлларини қўйиб «Бисмиллаҳ», деб аввалги қасам шайтондандир, дедилар. У зот овқат ейишни бошладилар, улар ҳам ейишни бошлашди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1503/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  «Сизлардан аввал ўтган умматлардан (пайғамбар бўлмаса ҳам, пайғамбарлар каби) сўзлайдиганлари бор эди. Агар умматимда шундай илҳомланган киши бор бўлса, ўша Умардир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Имом Муслим ҳам худди шу лафздаги ҳадисни Оишадан р.а. ривоят қилганлар.

 

1504/3. Жобир ибн Самурадан р.а. ривоят қилинади. Куфа аҳли Умарга р.а. Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. шикоят қилишганида, бу кишини ишдан бўшатиб, уларга Амморни бошлиқ этиб тайинладилар. Уларнинг арз қилишларича, Саъд ибн Абу Ваққос намозни чиройли суратда адо этмайди. Умар р.а. у зотга: «Эй Абу Исҳоқ! Улар сизни чиройли суратда намозни адо қилмайди, деб гумон қилишмоқда», десалар, Саъд: «Аллоҳ номига қасамки, мен уларга Расулуллоҳнинг  с.а.в.  намозларини ўқиб беряпман, ундан ҳеч нарсани камайтирмаяпман. Ва хуфтон намозининг аввалги икки ракатида узун сура ўқиб, кейинги икки ракатида қисқа қилмоқдаман», дедилар. Умар р.а.: «Бу сизнинг гумонингиз, эй Абу Исҳоқ», деб бу ҳақда суриштириш учун бир киши ёки бир неча кишини Куфага юбордилар. Улар бирор масжид қолдирмасдан бу ҳақда сўрашганида, барчалари Саъднинг яхшиликларини айтиб мақташди. Қачонки, бир масжидга киришганида, Абу Саъда Усома ибн Қатода исмли шахс туриб: «Агар сиз суриштирадиган бўлсангиз, албатта Саъд ибн Абу Ваққос сариййа (уруш)ларга бормайди, ўлжани тенг тақсимламайди. Қозиликда одиллик қилмайди», деди. Буни эшитган Саъд ибн Абу Ваққос р.а.: «Аллоҳга қасамки, мен сени уч нарса ила дуоибад қиламан: Аллоҳим, агар мана шу қулинг ёлғончи ва ўзини кўрсатиб риё учун буни қилган бўлса, умрини узоқ, камбағаллигини узун ва ўзини фитнага дучор қилгин», дедилар. Мана шундан кейин шайх: «Саъднинг дуоибади менга етиб фитнага дучор бўлдим», деб айтди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Жобир ибн Самурадан ривоят қилган ровий Абдулмалик ибн Умайр шундай дейди: «Мен у шайхни қариб кетганидан икки қоши икки кўзи устига тушган ҳолда кўрдим. У йўлда учраган қизларга кўз қисар эди».

 

1505/4. Урва ибн Зубайрдан р.а. ривоят қилинади. Саид ибн Зайд р.а. билан Арво бинти Авс хусуматлашиб Марвон ибн Ҳакам ҳузурига келишди. У аёл еридан бир парчасини Саид ибн Зайд олганини даъво қилди. Саид: «Мен Расулуллоҳдан  с.а.в.  бунинг ёмонлиги ҳақида эшитганимдан кейин ҳам еридан бир парча олармидим?» деганида, «Расулуллоҳдан  с.а.в.  нима эшитгансан?» деди Марвон. Шунда Саид: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким зулм билан ердан бир қаричига эга бўлиб олса, етти (қават) ерга ўралади», деганларини эшитганман», деди. Буни эшитган Марвон: «Бундан кейин сендан далил-исбот сўрамайман», деди. Саид эса: «Аллоҳим, агар бу аёл ёлғончи бўлса, кўзини кўр қилиб ўз ерида ўлдиргин», деди. Айтишларича, бу аёлнинг кўзи ўлишидан олдин кўр бўлди, ўз ерида кета туриб бир чуқурга тушиб вафот этди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1506/5. Жобир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади: «Уҳуд куни кечаси отам мени чақириб: «Гумонимча, бугун Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобалари ичида биринчи ўлдирилган киши мен бўлсам керак. Ўзимдан кейин Расулуллоҳни  с.а.в.  ҳисобга олмаганда сендан кўра азизроқ киши йўқдир. Албатта менинг бўйнимда қарзларим бор. Сен уларни узгин. Ака-укаларингга яхши муомалада бўлгин», дедилар. Ҳақиқатда ўша куни биринчи ўлдирилган киши отамиз бўлдилар. Мен отамни бир кишига қўшиб қабрга дафн этдим. Кейин қилган ишимдан кўнглим таскин топмади. Олти ой ўтгандан кейин қайта қазиб олдим. Отам қабрга қўйган кунимдагидек қулоқларидан бошқа аъзолари ўзгармаган ҳолатда турибдилар. Мен танҳо ўзларини қабрга қўйдим». Имом Бухорий ривояти.

 

1507/6. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Саҳобалардан иккитаси Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларидан зулумот кечада чиқишганида олдиларида чироқ каби иккита нур бор эди. Қачонки, ҳар иккилари бир-бирларидан алоҳида бўлишган эди, ўша нур ҳам алоҳида бўлиб иккига бўлинди. Ҳаттоки, икковлари уйларига нур билан боришди. Имом Бухорий ривояти.

Бу икки саҳобадан бирларининг исми Усайд ибн Ҳузайр, иккинчисининг исмлари Аббод ибн Бишрдир.

 

1508/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ўн нафар кишини хабар олиб келиш учун юбордилар. Уларга Осим ибн Собит Ансорийни бошлиқ этиб тайинладилар. Улар йўлга чиқиб, Макка билан Усфон оралиғидаги Худат деган жойда кетишаётганида Ҳузайл қабиласидан Бани Лиҳён, деб аталувчи қавмга буларнинг кетишаётгани маълум бўлди. Улар юзга яқин чавандоз билан ахтариб изларидан тушишди. Осим ва унинг биродарларига Бани Лиҳённинг издан тушгани хабари етиб келганида, улар бир маконга қочиб чиқишди. Бани Лиҳён эса уларни ўраб олди ва: «Пастга тушинглар, қўлларингизни беринглар. Биз сизлардан бирортангизни ўлдирмасликка аҳд берамиз», дейишди. Осим ибн Собит р.а.: «Эй қавм, мен кофирнинг аҳдига (ишониб) пастга тушмайман. Аллоҳим, биз ҳаққимизда набиййингга хабар бер», дедилар. Душманлар камондан ўқ уза бошлашди ва Осимни ўлдиришди. Улардан уч нафари душманнинг аҳдига ишониб (пастга) тушишди. Улар Ҳубайб, Зайд ибн Дасина ва бошқа бир киши (унинг исми Абдуллоҳ ибн Ториқ) эди. Қачонки, душман қўлга туширганидан кейин камонлари ипини ечиб уларни боғлай бошлади. Бу ҳолатни кўрган учинчи киши: «Мана шу биринчи хиёнатдир. Аллоҳ номига қасамки, мен сизлар билан бирга кетмайман. Балки ўлганларга эргашаман, (яъни) мен ҳам шаҳидлар каби ўлишни хоҳлайман», деди. Душманлар уни тортиб судрашди. Бу зот (яъни, Абдуллоҳ ибн Ториқ) бирга юришдан бош тортган эди, душманлар ўлдириб юборишди. Лекин Ҳубайб ва Зайд ибн Дасиналарни олиб бориб Маккада сотиб юборишди. Ҳубайбни Ҳорис ибн Омир ибн Навфалнинг болалари сотиб олишди. Чунки Ҳубайб Бадр куни Ҳорисни қатл  этган эди. Ҳубайб уларнинг ҳузурида асир бўлиб қолди. Ҳориснинг болалари уни ўлдиришга келишиб олишди. Кунларнинг бирида Ҳубайб покланиш учун Ҳорис қизларининг биридан устара сўради. У хотин устара келтирди. Ўша хотиннинг бир ёш боласи ўйнаб-ўйнаб, онаси бехабар ҳолда Ҳубайбнинг олдига келиб қолди. Онаси қараса, боласи Ҳубайбнинг тиззасида турибди. Қўлида эса ҳалиги устара. Онаси қаттиқ қўрқиб кетди. Ҳубайб онаси қўрқиб кетганини кўриб: «Боламни ўлдиради, деб қўрқяпсанми? Ҳаргиз бундай қилмайман», деди. Шунда у хотин: «Аллоҳ номига қасамки, Ҳубайбдан кўра яхшироқ асир кўрмаганман. Ва яна Аллоҳ номига қасамки, мен унинг қўлида бир шингил узум кўрдим. Қўллари боғлиқ бўлиб, ундан тановул қилаётган эди. Ўша кунларда Маккада узум йўқ эди. Бу Аллоҳнинг Ҳубайбга ато қилган ризқи эди», деб айтди.

Қачонки, Ҳубайбни Ҳарамнинг чегарасидан ташқарига ўлдириш учун олиб чиқишганида, икки ракат намоз ўқигунча ҳоли қўйишларини сўради. Ҳоли қўйишганида икки ракат намоз ўқиб: «Аллоҳ номига қасамки, сизлар мени қўрққанидан намозимни узун қилди, деб гумон қилмаганингларда эди, бундан ҳам зиёда қилган бўлар эдим. Аллоҳим, уларнинг ададларини ҳисоблаб, бирорта қолдирмасдан барчаларини ҳалок қилгин», деб қуйидаги байтни ҳам айтди:

«Қандай ўлишимнинг не қизиғи бор,

Мусулмон ҳолимда шаҳид бўлсам, бас!

Ўлимим Аллоҳнинг йўлида бўлгач,

Унинг измида-ку ҳар қандай нафас».

Ҳубайб ҳар бир шаҳид этилган мусулмон учун қатлдан олдин икки ракат намоз ўқишни суннат қилиб кетган зот эди.

Расулуллоҳ  с.а.в.  буларга етган мусибат хабарини саҳобаларига маълум қилдилар.

Қурайшликлар Осим ибн Собитнинг ўлганини эшитиб, бирор аъзосини бўлса ҳам, олиб келиш учун бир неча одам юборишди. Чунки Осим Қурайшнинг катталаридан бирини қатл этган эди. Аллоҳ таоло Осим мурдасига ғуж-ғуж асалариларни юборди. Улар Осимнинг мурдасини (душманлар етказиши мумкин бўлган зарардан) ҳимоя қилишди. Душманлар бирор аъзосини кесишга қодир бўлишмади. Имом Бухорий ривояти.

 

Бу бобга тегишли саҳиҳ ҳадислар юқорида ҳам ўтди. Масалан, Роҳиб билан сеҳргар ўртасида қатновчи бола воқеаси, Журайж воқеаси, ғорнинг оғзи харсанг тош билан ёпилиб қолгани ҳақидаги ҳикоя ва бир кишининг булутдан чиққан «Фалон кишининг боғини суғоргин», деган овозни эшитгани ҳақидаги воқеа каби ва бунга ўхшаш ҳадислар.

 

1509/8. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Қачонки, Умар р.а. бирор нарса ҳақида гумонимча, бундай бўлса керак, десалар, албатта ўйлаганларидек бўлар эди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио