Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

247-боб. Зикр халқаларининг фазилати, унда бардавом бўлишга даъват ҳамда узрсиз уни тарк қилишдан қайтарилгани ҳақида

Аллоҳ таоло:

 

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, Унга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)» (Каҳф сураси, 28-оят), деб айтган.

 

 

1446/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳнинг фаришталари зикр аҳлларини қидириб йўлларда айланиб юришади. Агар Аллоҳни зикр қилиб юрган қавмни топишса, бир-бирларини чақириб, эҳтиёжларингизга керакли нарсага келинглар, дейишади. Ва ўша зикр қилувчиларни қанотлари билан ўраб, то дунё осмонигача етишади. Аллоҳ таоло билиб туриб: «Бандаларим нима дейишмоқда?» деб сўрайди. Фаришталар: «Бандаларинг тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), такбир (Аллоҳу акбар), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтиб Сени улуғлашмоқда», дейишади. Аллоҳ таоло: «Бандаларим Мени кўришганми?» деб сўрайди. Фаришталар: «Йўқ, Сени кўришмаган», дейишади. Аллоҳ таоло: «Агар кўришса, нима қилишар эди?» дейди. Фаришталар: «Агар кўришганида эди, яна ҳам кўпроқ ибодат қилишар ҳамда улуғлаш, тасбеҳ айтишни кўпайтиришар эди», дейишади. Аллоҳ таоло: «Улар Мендан нимани сўрашмоқда?» дейди. Фаришталар: «Бандаларинг жаннат сўрашади», дейишади. Аллоҳ таоло: «Жаннатни кўришганми?» дейди. Фаришталар: «Валлоҳи, эй Рабб, кўришмаган», дейишади. Аллоҳ таоло: «Агар кўришса, қандай бўлар эди?» дейди. Фаришталар: «Агар жаннатни кўришганида, бундан кўра ҳарис, талабгор бўлиб, рағбат қилишар эди», дейишади. Аллоҳ таоло: «Нима нарсадан паноҳ тилашмоқда?» деб сўрайди. Фаришталар: «Дўзахдан паноҳ тилашади», дейишади. Аллоҳ таоло: «Дўзахни кўришганми?» деб сўрайди. Фаришталар: «Йўқ, кўришмаган», дейишади. Аллоҳ таоло: «Агар кўришса, қандай бўлар эди?» дейди. Фаришталар: «Агар кўришганида эди, бундан-да қаттиқ қўрқиб қочишар эди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизлар гувоҳ бўлинглар, Мен уларнинг гуноҳларини кечирдим», дейди. Фаришталардан бири: «Уларнинг ичида фалон киши бу тоифадан эмас. Фақатгина ўзининг ҳожати учун келиб қўшилмоқда», дейди. Аллоҳ таоло: «У зикр аҳллари билан суҳбатдошдир. Зикр аҳллари билан бир ўтирганлар ҳаргиз бадбахт бўлишмайди», деб айтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

 

Имом Муслимнинг Абу Ҳурайрадан р.а. қилган ривоятида айтилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ таолонинг (саёҳат қилувчи Ҳафаза номли фаришталаридан бошқа) Фузало номли фаришталари бўлиб, улар зикр қилинувчи мажлисларни ахтариб юришади. Агар зикр қилинаётган мажлисни топишса, улар билан бирга ўтиришади. Бир-бирларини қанотлари билан ўраб, зикр қилувчилар ўтирган мажлис билан осмон ўртаси фаришталарга тўлиб кетади. Қачонки, мажлис аҳли тарқалиб кетишса, фаришталар ҳам осмонга кўтарилишади. Аллоҳ таоло билиб туриб: «Қаердан келдинглар?» деб сўрайди. Фаришталар: «Ердаги бандаларинг ҳузуридан. Улар сенга тасбеҳ, такбир, таҳлил ва ҳамд айтиб, Сендан (ҳожатларини) сўрашмоқда», дейишади. Аллоҳ таоло: «Мендан нимани сўрашмоқда?» деса, фаришталар: «Жаннатингни сўрашади», дейишади. Аллоҳ таоло: «Жаннатимни кўришганми?» деса, фаришталар: «Йўқ, эй Рабб», дейишади. Аллоҳ таоло: «Агар жаннатимни кўришса, қандай бўлар эди?» деса, фаришталар: «Сенинг паноҳингга қочишар эди», дейишади. Аллоҳ таоло: «Нимадан паноҳимга қочишади?» дейди. Фаришталар: «Эй Рабб, дўзахингдан», дейишади. Аллоҳ таоло: «Дўзахимни кўришганми?» дейди. Фаришталар: «Йўқ», дейишади. Аллоҳ таоло: «Агар дўзахимни кўришса, қандай бўлар эди?» дейди. Фаришталар: «Истиғфор айтишади», дейишади. Аллоҳ таоло: «Мен уларнинг гуноҳларини кечирдим. Сўраган нарсаларини бердим. Паноҳ тилаган нарсаларидан паноҳ бердим», дейди. Фаришталар: «Эй Рабб, уларнинг ичида хатокор фалончи бир банда бордир. У аҳли зикрлар олдиларидан ўта туриб улар билан бирга ўтириб қолди», дейишса, Аллоҳ таоло: «Унинг ҳам гуноҳларини кечирдим, чунки бу жамоа билан ўтирган одам бадбахт бўлмайди», дейди», дедилар.

 

1447/2. Абу Ҳурайра ва Абу Саиддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни фаришталар ўраб олишади ва раҳмат қоплайди. Устиларига хотиржамлик тушади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар (яъни, фаришталар) билан эслайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

 

1448/3. Абу Воқид Ҳорис ибн Авфдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  масжидда одамлар билан бирга ўтирган эдилар. Уч нафар киши келиб, иккиси Расулуллоҳга  с.а.в.  юзланди. Аммо бири (мажлисга қатнашмай) кетиб қолди. Яъни, иккиси Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида тўхтаб, уларнинг бири халқадан бўш жой топиб, у ерга ўтирди. Иккинчиси эса орқага ўтирди. Учинчиси орқа ўгириб кетиб қолди. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  фориғ бўлганларидан кейин: «Мен сизларга мана бу уч нафар киши ҳақида хабар берайми? Уларнинг бири Аллоҳга яқин бўлган эди, Аллоҳ ҳам унга яқин бўлди. Иккинчиси ҳаё қилган эди, Аллоҳ ҳам ҳаё қилди. Учинчиси (ўтиришдан) юз ўтирган эди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1449/4. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Муовия р.а. масжиддаги (зикр) халқаларидан бирига чиқиб: «Сизларни бундай ўтиришга нима нарса ундади?» деб сўраганларида, улар: «Аллоҳни зикр қилиш учун ўтирибмиз», дейишди. Муовия р.а.: «Аллоҳга қасамки, сизлар фақат шунинг учун ўтирдиларингми?» дегандилар, улар: «Ҳа, фақат шунинг учун ўтирдик», дейишди. Шунда Муовия р.а.: «Мен сизларга туҳмат қилиб қасам бермадим, лекин ҳеч ким Расулуллоҳга  с.а.в.  менчалик яқин эмас. Яқин бўлишимга қарамасдан у зотдан оз ҳадис ривоят қилганман. Бир куни саҳобалар халқа бўлиб ўтирганларида, Расулуллоҳ  с.а.в.  уларнинг олдиларига чиқиб: «Сизларни бундай ўтиришга нима нарса ундади?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳни зикр қилиш ва бизни Исломга ҳидоят қилганига ҳамд айтиш учун ўтирибмиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳга қасамки, мана шунинг учун ўтирдингларми? Мен сизларга туҳмат қилиб қасам бермадим. Лекин менга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Аллоҳ таоло сизлар билан фаришталарига фахрланаётганининг хабарини берди», дедилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио