Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

194-боб. Аввалги сафнинг фазилати ҳамда аввалги сафни тўлдириб жипслаш ва текис қилишга буюриш ҳақида

1081/1. Жобир ибн Самурадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузуримизга чиқиб: «Фаришталар Раббилари ҳузурида саф тортгани каби сизлар ҳам саф тортмайсизларми?» дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, фаришталар Раббилари ҳузурида қандай саф тортишади?» десак, у зот: «Аввалги сафни тўлдириб ва сафни жипс қилишади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1082/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар одамлар азон ва аввалги сафнинг фазилатини билишганида эди, уни қўлга киритиш учун қуръа ташлашга мажбур бўлиб қолишса, қуръани ташлаб бўлса ҳам у фазилатни олишга ҳаракат қилишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1083/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эркаклар сафининг яхшиси аввалги сафдир. Охирги саф эса ёмонидир. Аёллар сафининг яхшиси охиридир. Аввалги саф эса ёмонидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1084/4. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобаларининг орқа (саф)да турганларини кўриб): «Олдинга ўтинглар. Бас, менга иқтидо қилинглар. Орқангиздагилар сизларга иқтидо қилсин. Баъзи тоифа кишилар доим ортда қолишади. Аллоҳ ҳам уларни ортда қолдиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1085/5. Абу Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  намоз (олдидан) елкаларимизни ушлаб: «Баробар туринглар. Ҳар турли бўлиб турманглар. Қалбларингиз ҳам ҳар турли бўлиб қолади. Менга балоғатга етган ақллиларингиз яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлари турсин. Сўнгра уларга яқинлари турсин», деб айтардилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

1086/6. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сафларингизни баробар қилинглар. Чунки сафни баробар қилиш намознинг мукаммал бўлишига сабабчидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Имом Бухорий ривоятларида: «Сафларни баробар қилиш намозни қоим этишдир», дейилган.

 

1087/7. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бир куни намозга такбир айтилганида Расулуллоҳ  с.а.в.  бизларга юзларини қаратдилар-да: «Сафларингизни текислаб, жипслаштиринглар. Чунки мен сизларни орқамдан ҳам кўраман», дедилар. Имом Бухорий шу лафз билан имом Муслим мана шу маънода ривоят қилганлар.

 

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятларида: «Бизлар сафда турсак, елкамиз ёнимиздагининг елкасига, оёғимиз ёнимиздагининг оёғига ёпишиб турар эди», дейилган.

 

1088/8. Нўъмон ибн Баширдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло (қалбларингизни ихтилофли қилиб, ораларингизга ғазаб-адоватни солиб қўйиш билан) юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  сафларимизни гўёки камон ўқларини тергандек текислаб қўярдилар. Бизнинг тушунганимизни кўргунларича шундай қилдилар. Кейин бир куни (намозга киришиш учун) такбир айтаман, деб турганларида, бир киши кўкрагини (бошқаларникига қараганда) бироз чиқариб турганини кўриб, «Эй Аллоҳнинг бандалари, сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар».

 

1089/9. Баро ибн Озибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  сафнинг орасига кириб, бу томондан нариги томонгача юрдилар-да олд томонларимизни ва елкаларимизни қўллари билан баробар қилиб: «Сафларингизни ҳар турли қилманглар. Агар ҳар турли қилсанглар, Аллоҳ қалбларингизни мухолиф қилиб қўяди», дедилар. Ва яна у зот: «Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари аввалги сафдагиларга дуою салавот айтурлар», деб айтардилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

1090/10. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сафларингизни тўғриланглар. Елкаларингизни баробар қилинглар. Сафдаги очиқ жойларни тўлдиринглар. Биродарларингиз сафни қўллари билан тўғрилайман, дейишса, уларга мулойим бўлинг. Ҳамда шайтон учун сафда бўш жой қолдирманг. Ким сафни етказса, Аллоҳ ҳам уни етказади. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам ундан узилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

1091/11. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сафларингизни жисплаштиринглар ва унинг орасини яқин қилинглар ҳамда елкаларингизни текисланглар. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, мен шайтонларни сафларнинг очиқ ерида кичкина қора қўзичоқлар каби ўтиб турганини кўраман», дедилар. Абу Довуд ривоятлари. Бу ҳадис Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳдир.

 

1092/12. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Олдинги сафни тўлдиринглар. Сўнгра ундан кейинги сафни тўлдиринглар. Тўлмайдиган саф охирги саф бўлсин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

1093/13. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари сафнинг ўнг томонидагиларга дуою салавот айтурлар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

1094/14. Бародан р.а. ривоят қилинади. Агар биз Расулуллоҳнинг  с.а.в.  орқаларида намоз ўқийдиган бўлсак, у зотнинг ўнг томонларида туришни яхши кўрар эдик. У зот юзларини бизга қаратиб, қуйидагича айтган сўзларини эшитдик: «Эй Раббим, бандаларингни қайта тирилтирадиган ёки Маҳшаргоҳга тўплайдиган кунда азобингдан сақла!». Имом Муслим ривоятлари. 

 

1095/15. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Имомларингизни ўртага олинглар. Ҳамда сафдаги очиқ жойларни тўлдиринглар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио