Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

95-боб.Бирор яхши ҳолат пайдо бўлса, хурсандлик ила хабарини бериб, табриклашнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Бас, (эй Муҳаммад), менинг бандаларимга сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг!» (Зумар сураси, 17-18-оятлар).

 

«Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат ва ризолик ҳамда улар учун бўладиган жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда доимий неъматлар бордир» (Тавба сураси, 21-оят).

 

«Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар» (Фуссилат сураси, 30-оят).

 

«Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Вас-соффат сураси, 101-оят).

 

«Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз — фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келдилар» (Ҳуд сураси, 69-оят).

 

«(Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лут қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди — хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд сураси, 71-оят).

 

«Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур»(Оли Имрон сураси, 39-оят).

 

«Фаришталар дедилар: «Ё Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўз томонидан бир Сўз ҳақида хушхабар берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлур» (Оли Имрон сураси, 45-оят), деб айтган.

 

707/1. Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Хадичага р.а. марвариддан қурилган жаннатдаги уйнинг хушхабарини бердилар. У ерда бефойда сўз ҳам, чарчаш ҳам бўлмайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

708/2. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот уйларида таҳорат қилиб, кўчага чиқдилар-да: «Бугун Расулуллоҳни  с.а.в.  топиб, у зот билан бирга бўламан», дедилар. Бас, масжидга келдилар-да, Расулуллоҳ  с.а.в.  қаерда эканликларини сўрадилар. Одамлар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  у томонга кетдилар», дейишди. Кейин мен у зотнинг изларидан сўраб-суриштириб, «Арис» номли қудуққача бордим. У зот ўша ерга борибдилар. Мен дарвоза олдида ўтирдим. У зот эса ҳожат чиқараётган эканлар. Кейин таҳорат қилдилар. Сўнгра мен у зотнинг ҳузурларига борсам, у зот «Арис» қудуғининг суффачасига ўтириб, оёқларини очиб, қудуққа осилтириб турган эканлар. Мен салом бердим-да, дарвоза олдига бориб: «Бугун Расулуллоҳга  с.а.в.  дарвозабон бўламан», дедим. Бир оздан кейин Абу Бакр р.а. келиб, дарвозани тақиллатдилар. Мен: «Бу ким?» дедим. «Абу Бакрман», дедилар. Мен: «Бир оз туринг», дедимда: «Эй Расулуллоҳ, Абу Бакр р.а. ҳузурингизга кириш учун изн сўраяптилар», десам, у зот: «Изн бер ва жаннатга киришининг хушхабарини бер», дедилар. Мен Абу Бакр р.а. ҳузурига бориб: «Киринг, Расулуллоҳ  с.а.в.  сизнинг жаннатга киришингиз хушхабарини бермоқдалар», дедим. Бас, Абу Бакр р.а. кириб, Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ўнг томонларида бирга ўтириб, бу зот ҳам худди Расулуллоҳ  с.а.в.  қилганларидек икки оёқларини ошиқларигача очиб, қудуққа осилтирдилар. Кейин мен қайтиб жойимга бордим. Ўз укамни уйда қолдириб келган эдим. Таҳорат қилиб, орқамдан етиб келмоқчи эди. Ичимда: «Агар Аллоҳ бу укамга яхшиликни хоҳлаган бўлса, етиб келар», дердим. Шу пайт бир киши келиб, дарвозани тақиллатиб қолди. Мен: «Ким бу?» десам, у: «Умар ибн Хаттобман», деди. Мен: «Бир оз кутиб туринг», дедим-да, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, салом бериб: «Умар ҳузурингизга кириш учун изн сўраяптилар», десам, у зот: «Унинг кириши учун изн бер ва жаннатга киришининг хушхабарини етказ», дедилар. Мен Умар р.а. ҳузурларига бориб: «Расулуллоҳ  с.а.в.  киришингиз учун изн бериб ва жаннатга киришингизнинг хушхабарини бермоқдалар», дедим. Умар р.а. ҳам Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга суффада чап томонларида туриб, оёқларини қудуққа осилтириб ўтирдилар. Кейин яна олдинги жойимга қайтиб бориб ўтирдим. Ва ичимда: «Агар Аллоҳ укамга яхшиликни хоҳласа, етиб келар», дедим. Шу пайт яна бир киши келиб, дарвозани тақиллатиб қолди. Мен: «Бу ким?» десам, у: «Усмон ибн Аффонман», деди. Мен: «Бир оз кутиб туринг», дедим-да, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, унинг хабарини бердим. У зот: «Унинг кириши учун изн бер ва бир оз мусибатларни тортиш билан бирга жаннатга киришининг хушхабарини бер», дедилар. Мен бориб: «Киринг, Расулуллоҳ  с.а.в.  бир оз мусибатларни тортиш билан бирга жаннатга киришингизнинг хушхабарини бермоқдалар», дедим. Кейин Усмон р.а. ҳам уларнинг ҳузурларига кирдилар. Кўрдиларки, қудуқ суффаси одамга тўлиб бўлган. Тўғриларидаги бошқа бир жойга бориб ўтирдилар. Саййид ибн Мусаййиб р.а.: «Уччовларининг қабрлари бир жойда бўлиб, Усмон р.а. нинг қабрлари алоҳида бўлади, деб таъвил қилдим», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ  с.а.в.  мени дарвозани пойлаб туришга буюрдилар. Усмонга (р.а) жаннат хушхабари берилганида, Аллоҳга ҳамд айтиб, Аллоҳ ўзи мададкор, деб айтганлари» зиёда қилинган.

 

709/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  атрофларида ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр р.а. ва Умар (р.а) ҳамда бир неча саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  орамиздан туриб кетдилар-да, тез қайтиб келавермадилар. У зотни йўқотиб қўйдикми, деб қўрқиб кетдик. Кейин ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб мен қўрқдим. Ахтаргани чиқиб, ансорийлардан бўлган Бани Нажжор қабиласининг девори ёнига бордим. Дарвозасини ахтариб, деворлари атрофини айландим. Лекин дарвозани топа олмадим. Қарасам, бир кичкина ариқ бор экан. Девор ташқарисидаги бир қудуқдан боғнинг ўртасига кираётган экан. У ердан бир оз қазидим-да, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кирдим. У зот: «Абу Ҳурайрами?» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Нима учун келдинг?» дедилар. Мен: «Сиз орамизда бирга ўтириб, кейин тез қайтиб келавермаганингиздан кейин сизни йўқотиб қўйдикми, деб қўрқиб кетдик. Биринчи қўрққан киши мен бўлдим. Мана бу девордан келдим. Ва худди тулки кавлагандек кавлаб кирдим. Анави кишилар ҳам орқамда туришибди». Расулуллоҳ  с.а.в.  икки кавушларини бериб: «Эй Абу Ҳурайра, бу кавушимни олгин-да, бу боғ ташқарисида Аллоҳ таолонинг якка ва ягоналигини чин қалбидан билиб, гувоҳлик берган кишига жаннат хушхабарини бергин», деб ҳадиснинг қолганини ҳам зикр қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

710/4. Ибн Шамосадан р.а. ривоят қилинади. Бизлар Амр ибн Осс

нинг р.а. ҳузурларига кирсак, у зот ўлим талвасасида ётган эканлар. Кўп йиғлаб, юзларини девор тарафга қилиб олдилар. Ўғиллари: «Эй отажон! Расулуллоҳ  с.а.в.  сиз ҳақингизда ундоқ ва бундоқ башорат қилмаганларми?» деганларида, у зот юзларини (биз томонга) буриб: «Бизларнинг энг афзал ҳисоблайдиган амалимиз «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулулоҳ»дир. Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Биринчиси: Мен Расулуллоҳни  с.а.в.  ҳаммадан кўпроқ ёмон кўрар эдим. Энг яхши кўрган нарсам: имкониятини топсаму у зотни қатл этсам. Агар мана шу ҳолатда вафот этганимда, дўзах аҳлидан бўлар эдим. Иккинчиси шуки: Қачонки Аллоҳ қалбимни Исломга мойил этганида Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, байъат қилишим учун қўлингизни беринг», десам, у зот қўлларини бердилар. Мен эса қўлимни тортиб олдим. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Амр, сенга нима бўлди?» дедилар. Мен: «Байъатдан олдин бир шартим бор», дедим. У зот: «Нима шартинг бор?» дедилар. Мен: «Гуноҳларим кечирилиши», дедим.У зот: «Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди? Ҳижрат ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди? Ҳажни адо этиш ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди?» дедилар. Ўша кундан бошлаб менинг назаримда ҳеч ким Расулуллоҳчалик  с.а.в.  ҳайбатли ва маҳбуб эмас эди. Мен у зотдан ҳайбатланганим сабабли кўзимни қувонтирадиган даражада у зот юзларига боқмадим. Агар бирор киши у зотнинг (қанақа эканликларини) сифатлаб беришимни сўраб қолса, уни айтиб бера олмайман. Чунки мен кўзимни қувонтирадиган даражада у зот юзларига қарамаганман. Агар мана шу ҳолатда ўлганимда, жаннат аҳлидан бўлишликни умид қилар эдим. Учинчиси: Кейин баъзи ишларга бошлиқ қилиндик. Ҳолим нима бўлишини билмайман. Агар вафот этадиган бўлсам, орқамдан йиғловчиларни ҳам, ўт ёқувчиларни ҳам эргаштирманг. Агар дафн қилсангизлар, тупроқни оз-оздан солинглар. Сўнгра қабрим тепасида бир туяни сўйиб, гўштини тақсимлагунча вақт туринглар. Мен сизларга ҳамроҳ бўлиб, Раббим элчисига нима деб жавоб беришимга тайёрланиб олайин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио