Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

80-боб.Гуноҳга буюришмаса, бошлиқларга итоат қилишнинг вожиблиги, агар гуноҳга буюришса, итоатда бўлишнинг ҳаромлиги тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз» (Нисо сураси, 59-оят), деб айтган.

 

662/1. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар бир мусулмон киши, агар гуноҳга буюрилмаса, бошлиғининг сўзига, яхши кўрса ҳам, ёмон кўрса ҳам, эшитиб итоат қилиши лозим. Агар бордию, гуноҳ бўлса, эшитиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқ», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

663/2. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ  с.а.в. нинг айтган сўзларини эшитиб, итоат этишга байъат қилсак, у зот: «Агар тоқатларингиз етадиган нарсага ҳукм қилинса», дер эдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: Агар бошлиқ тоқат етадиган ишга буюрса итоат қилинади. Аксинча итоат йўқдир.

 

664/3. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким бошлиғига итоат қилишдан бош тортса, Қиёмат куни ҳужжати йўқ ҳолатда йўлиқади. Кимки мусулмонлар жамоатига боғланмай ўлса, жоҳилият давридагилардек ўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Кимки жамоатдан ажраган ҳолда вафот этса, жоҳилият замонасидагилардек ўлади», дедилар.

 

665/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар сизларга майиздай қора ҳабаший қул бошлиқ қилинса ҳам, эшитиб итоат қилинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

666/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бошлиғингга қийинчиликда ҳам, енгилчиликда ҳам, хурсандликда ҳам, хафаликда ҳам, ҳаққингни бермаганида ҳам, эшитиб итоат қил!» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

667/6. Абдуллоҳ ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга сафарда юриб, бир манзилга тушдик. У ерда кимдир капасини тузатаётган эди. Ва кимдир ўқ отиш мусобақаси ила машғул эди. Ва яна кимдир ҳайвонларини ўтлатаётган эди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в.  жарчиларидан бири жар солиб, жамоат намозига чақирди. Биз у зот ҳузурларига жамландик. У зот: «Мендан олдин бирор пайғамбар келган бўлса, билган яхшиликка ўз умматини далолат қилиб, билган ёмонликдан ўз умматини огоҳлантириш унинг зиммасидадир. Албатта, бу умматнинг аввалги авлодига офият насиб қилингандир. Умматнинг охирги авлодига эса балолар ва инкор қилинадиган ишлар бўлади. Шунақа фитналар бўладики, баъзиси (катта бўлганидан) баъзисини текислаб кетади. Ва яна бир фитна пайдо бўладики, мўмин киши уни кўрганда мана шу ҳалок қилади, дейди. Кейин ундан бу фитна кетади. Ва яна ҳар хил фитна бўлади. Мўмин киши: «Бу мени ҳалок қилади. Бу мени ҳалок қилади», дейди. Ким дўзахдан узоқлашиб, жаннатга киришни истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириб ўлсин. Ва ўзига қандай муомала қилинишини яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомала қилсин. Ким бир имомга қўлини бериб, чин қалбдан байъат қилган бўлса, қодир бўлгунича итоат этсин. Агар иккинчи имом чиқиб, ўша байъат қилган биринчи имоми билан низо қилса, ўша иккинчисининг гарданига уринглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

668/7. Абу Ҳунайда Воил ибн Ҳужрдан р.а. ривоят қилинади. Салама ибн Язид ал-Жаъфий р.а. Расулуллоҳдан  с.а.в. : «Эй Аллоҳнинг набийси, агар бизнинг тепамизга ўз ҳақларини биздан талаб қилиб, бизларнинг ҳаққимизни адо этмайдиган амирлар келишса, нима қилмоғимизни буюрасиз?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ  с.а.в.  жавоб бермай, юзларини ўгирдилар. Кейин яна сўраганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Шунда ҳам сизлар уларнинг сўзларини эшитиб, итоат қилинглар. Чунки улар ўз вазифаларига масъулдирлар. Сизлар ҳам ўз вазифангиз (яъни итоат этиш)га масъулдирсиз», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

669/8. Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мендан кейин лаганбардорлик, ҳамда инкор қилинадиган ношаръий ишларни кўрасизлар!» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, шундай кун келса, нима қилишга буюрасиз?» дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Устингизда бўлган ҳақларни адо этинглар. Ва ўз ҳақларингизни Аллоҳдан талаб қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

670/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ Аллоҳга осийлик қилибди. Ким амирига итоат қилса, батаҳқиқ менга итоат қилибди. Ким амирига осийлик қилса, батаҳқиқ менга осийлик қилибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

671/10. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким амирининг ишида бирор нарсани кариҳ кўрса, сабр қилсин. Чунки амирининг итоатидан бирор қарич ташқарига чиқса, жоҳилиятда ўлган каби вафот этади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

672/11. Абу Бакрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким подшоҳини хўрласа, Аллоҳ ҳам уни хўрлайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио