Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

78-боб.Бошлиқлар ўз қўл остидагиларга мулойим, хайрихоҳ ва шафқатли бўлишлари, уларни алдаш, қўполлик қилиш, ҳожатмандларидан ғафлатда бўлишдан қайтариқ ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)» (Шуаро сураси, 215-оят),

 

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур» (Наҳл сураси, 90-оят), деб айтган.

 

652/1. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Барчаларингиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз. Имом ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Киши ўз аҳлига ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Хотин эрининг уйида ҳомийдир ва қўл остидагиларга масъулдир. Хизматкор бошлиғи молида ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Барчангиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: Ҳар бир шахснинг жамият олдидаги масъулияти, ҳар бир эркакнинг аҳли ҳузуридаги масъулияти, ҳар бир аёлнинг эри хонадонидаги масъулияти ва барча инсонларнинг бошқа кишилар олдидаги масъулияти бор.

 

653/2. Абу Яъло Маъқал ибн Ясордан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор бандани Аллоҳ таоло бир жамоага бошлиқ қилсаю, у ўз қўл остидагиларни алдаб бу дунёдан ўтса, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Бошлиқ ўз қўл остидагиларга жонкуярлик қилмаган ҳолда ўлса, жаннат ҳидини ҳидламайди», дейилган.

Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Қайси бир амир мусулмонлар ишида бошлиқ бўлсаю, уларга жонкуяр ва хайрихоҳ бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди», дейилган.

 

654/3. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  менинг уйимдалик пайтларида қуйидагича сўзларни айтардилар: «Аллоҳим, кимни умматимнинг ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга бешафқат бўлса, Сен ҳам унга бешафқат бўлгин. Кимни умматимнинг бирор ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга мулойим бўлса, Сен ҳам унга мулойим бўлгин». Имом Муслим ривоятлари.

 

655/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бани Исроил жамоасига пайғамбарлар бошлиқ бўлар эди. Қачон бир пайғамбар вафот этса, ўрнига бошқа пайғамбар қолар эди. Мендан кейин эса пайғамбар йўқдир. Балки мендан кейин яқин кунларда халифалар бўлиб, улар кўпайиб кетишади», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўша кун келса, бизга нимани буюрасиз?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аввал кимга байъат қилган бўлсангиз, ўшанга вафодор туринг. Кейин ўша аввалгининг ҳаққини адо қилиб беринг. Ўзингизнинг ҳаққингизни эса Аллоҳдан сўранг. Чунки Аллоҳ бошлиқ этиб тайинлаганлардан ўзи сўроқ-савол қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

656/5. Оиз ибн Амрдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳузурига кириб: «Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳдан  с.а.в.  эшитганман. Албатта, бошлиқларнинг ёмони қўл остидагиларга озор етказадиганидир. Сен ана шунақа бўлишдан четлангин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

657/6. Абу Марям ал-Аздийдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот Муовияга р.а.: «Мен Расулуллоҳдан  с.а.в. : «Кимни Аллоҳ мусулмонлар ишида бошлиқ қилсаю, у ўзи билан мусулмонлар орасини тўсиб турувчи қўриқчи қўйса, шу туфайли мусулмонлар ўз ҳожатлари, эҳтиёжлари ва камбағалликларини айта олишмаса, Аллоҳ таоло ҳам Қиёмат куни ўша бошлиқнинг ҳожатини ва арз-додини тингламайди», деганларини эшитдим», деб айтдилар. Муовия бу ҳадисни эшитганларидан кейин одамларнинг ҳожатини чиқарадиган бўлдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио