Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

77-боб.Шариат ҳурмат этган нарсалар беҳурмат қилинганида ғазабланиш ва Аллоҳнинг динига ёрдам бериб, ҳимоя этишнинг фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж сураси, 30-оят).

 

«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад сураси, 7-оят), деб айтган.

 

648/1. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрийдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Мен фалон киши узун қироат қилгани учун бомдоддан ортда қоламан», деди. Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ўша кунги ғазабланганларидек бирорта мавъизада жаҳлилари чиққанини кўрмаганман. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй инсонлар! Сизларнинг баъзиларингиз одамларни жамоатдан қочирар экансизлар. Бундан кейин сизлардан қайси бирингиз имомлик қиладиган бўлса, намозини қисқа қилсин. Чунки унинг орқасида кекса ёшлилар, кичик ёшлилар ва ҳожатмандлар бордир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

649/2. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Мен токчаларимдан бирига юпқа парда тутиб қўйган эдим. Унинг суратлари бор эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  сафардан келиб, ногаҳон унга кўзлари тушиб қолиб, йиртиб ташладилар. Ва (ғазаблари келганидан) юзлари ўзгариб кетди. Ва у зот: «Эй Оиша, Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ҳаммадан кўп азобланадиган киши бир нарсани яратишда ўзларини Аллоҳга ўхшатган кишилардир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

650/3. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Махзумия қабиласидаги бир аёлнинг ўғирлик қилгани қурайшликларни ғамга солиб қўйди. Шунда улар: «Ким Расулуллоҳ  с.а.в.  билан (у аёл жазосининг ижро этилмаслиги ҳақида) гаплашади?» дейишганда, баъзилари: «Усома ибн Зайд бориб гаплашади. Чунки уни Расулуллоҳ  с.а.в.  яхши кўрадилар», дейишди. Бас, Усома р.а. шафеълик қилиб, бу ҳақда Расулуллоҳ  с.а.в.  билан гаплашганларида, у зот  с.а.в. : «Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган бир ҳадда, яъни жазосида шафеълик қиласанми?» дедилар-да, ўринларидан туриб, қуйидагича хутба айтдилар: «Сизлардан олдинги умматларнинг ҳалок бўлишларига сабаб, ораларида улуғ бир киши ўғирлик қилиб қўйса, жазони тарк қилишар, заиф, оддий одам ўғирлик қилса, ҳад (жазо) ижро этишар эди. Аллоҳ номига қасамки, Муҳаммад қизи Фотима ўғирлик қилса, унинг қўлини кесар эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

651/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  масжиднинг қибла томонида балғам кўриб қолдилар. Бу нарса у зотга жуда оғир ботди. Ҳаттоки унинг асорати юзларида кўринди. Бас, ўринларидан туриб, уни қўллари билан ишқаб кетказдилар-да: «Сизлардан бирортангиз намозда турадиган бўлса, у намозда Раббисига мурожаат қилади. Раббиси эса у билан қибла орасида бўлади. Шундоқ экан, сизлардан бирортангиз қибла томонга тупурмасин. Балки чап томонига ёки қадами остига тупурсин», деб, кейин чопонларининг бир томонига тупурдилар-да, уни бир-бирига ишқаб: «ёки мана шундоқ қилсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 Фойда: Чап томони ва оёғи остига тупуриши масжиддан ташқаридадир. Агар масжид ичида тупуришга мажбур бўлиб қолса, чопонининг бир тарафига тупуриб, ишқаб ташласин.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио