Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

65-Боб Ўлимни эслаш ҳамда орзуларни камайтириш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир» (Оли Имрон сураси, 185-оят),

 

«Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас» (Луқмон сураси, 34-оят),

 

«Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар», (Наҳл сураси, 61-оят),

 

«Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда) лардан бўлсам», деб қолишидан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз. (Чунки) Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 9-11-оятлар).

 

«Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат, бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» Бас қачон сур чалинганида (Яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ъам ыила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчидирлар. (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди, сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингиз?!». (Мўминун сураси, 99-106-оятлар).

 

«Ерда қанча йил турдинглар?» деди (Аллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин», (Аллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда), жуда оз турдингизлар (яъни сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир). Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)» (Мўминун сураси, 112-115-оятлар).

 

«Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри  сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти)  мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар» (Ҳадид сураси, 16-оят), деб айтган.

 

573/1. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  менинг елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар. Ибн Умар р.а. (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

574/2. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир мусулмон кишининг қўлида васият қиладиган нарсаси бўлатуриб, васият ёзмасдан икки кеча ўтказмоғи муносиб эмасдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бу ҳадис Бухорийнинг лафзлари бўлиб, Муслимнинг ривоятларидаги лафзда «уч кеча» бўлиб келган.

 

Ибн Умар р.а.: «Мен ушбу ҳадисни Расулуллоҳдан  с.а.в.  эшитганимдан бери, бирор кечани васиятим ёзилмаган ҳолда ўтказмадим», дедилар.

Фойда: Васиятни ёзишга шошилишга тарғиб бор. Чунки инсон қачон вафот этишини билмайди.

 

575/3. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бир чизиқ чизиб: «Бу инсон ва мана бу ажали. У мана шу ҳолатдалигида яқин бўлган ажали келиб, олиб кетади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

576/4. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  тўрт бурчак шакл чизиб, унинг ўртасидан учини ташқарига чиқариб яна бир чизиқ ўтказдилар. Сўнг ана шу ўртадан ўтган чизиқнинг ёнига калта чизиқлар тортдилар-да: «Мана бу ўртадан ўтган чизиқнинг тўртбурчак ичидаги қисми инсондир. Уни ўраб турган тўртбурчак эса инсоннинг ажалидир. Ўртадан ўтган чизиқнинг ташқарига чиққан қисми инсоннинг орзу-умидларидир. Мана бу калта чизиқлар ҳар хил ҳодисалар бўлиб, биридан қутулса, иккинчисига йўлиқади. Иккинчисидан қутулса, учинчисига йўлиқади (яъни бирор сабаб бўлиб ажали етади)», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

577/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Етти нарса (келишидан олдин) яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Бунда сизлар қуйидаги нарсаларни кутасизлар, холос: 1) Камбағаллик – ҳамма нарсани унуттириб юборади. 2) Бойлик – туғёнга кетишга сабабчи. 3) Беморлик – барча нарсани фасод қилади. 4) Қарилик – ҳамма нарсани хотирдан чиқариб юборади. 5) Ўлим – тамом қилиб тезлатувчи. 6) Дажжол – кутилаётган ғойиб нарсаларнинг энг ёмони. 7) Қиёмат – фалокатларнинг энг оғири ва аччиғидир», дедилар (инсон шу етти ҳодиса юз бермасидан олдин вақт ғаниматида охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим... – тарж.) Имом Термизий ривоятлари.

 

578/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қиланади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Лаззатларни кетказувчи ўлимни эслашни кўпайтиринглар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

579/7. Убай ибн Каъбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  кечанинг учдан бири ўтганида ўринларидан туриб: «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар. Исрофил алайҳиссалом биринчи сурни, кетидан иккинчисини чаладиган пайт келиб қолди. Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинч ила етиб келди, Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинч ила етиб келди», деб айтдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ундоқ бўлса мен сизга салавот айтишни кўпайтирайми? Кечанинг қанча қисмида сизга салавот айтайин», десам, у зот: «Хоҳлаганингча», дедилар. Мен: «Тўртдан бир қисмидами?» дедим. У зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ярмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Учдан икки қисмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ундоқ бўлса, мен кечанинг ҳаммасида сизга салавот айтайми?», десам у зот: «Агар шундай қилсанг-ку, Аллоҳ барча ғамларингга ўзи кифоя қилиб, гуноҳларингни кечириб юборади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Фойда: Расулуллоҳ  с.а.в. га салавот айтиб, дуо қилишнинг фазилати аён бўлади. Ва у зот умматларини Аллоҳ рози бўладиган йўлга иршод қилишга рағбатлантиришлари ҳамда киши агар ўз нафсига ғурурланишдан қўрқмаса бирор мақсад йўлида бажараётган яхши амалларини зикр қилиш жоизлиги ҳам аён бўлади.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио