Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

57-Боб.Қаноатли, иффатли ҳамда рўзғорда, эҳсон қилишда тежамкор бўлиш ва зарурат туғилмаганда кишилардан нарса сўрашнинг кароҳияти ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

 

(Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни ўзларини ушлаган), бирор ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг (фақирликларини) сиймоларидан билиб оласиз. Улар одамлардан тиланиб туриб олмайдилар» (Бақара сураси, 273-оят).

 

«Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида — мўътадил бўлур» (Фурқон сураси, 67-оят).

 

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зорият сураси, 56-оят), деб айтган.

Бунга далил бўладиган ҳадисларнинг аксарияти юқоридаги икки бобда келди. Қолганлари эса қуйидаги ҳадислардир:

 

521/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мол-дунёси кўп бўлган киши бой дейилмайди. Балки ҳақиқий бой нафси тўқ бўлган кишидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

522/2. Абдуллоҳ ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки мусулмон бўлиб, кифоя қилгудек ризқланган бўлса ва Аллоҳ таоло ўша берган ризқига қаноатли этиб қўйган бўлса, батаҳқиқ ўша киши нажот топибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

523/3. Ҳаким ибн Ҳизомдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳдан  с.а.в.  бир нарса сўраган эдим. У зот сўраган нарсамни бердилар. Кейин яна сўраган эдим. Яна бердилар. Учинчи бор сўраган эдим, яна бериб: «Эй Ҳаким, бу мол-дунё ям-яшил, гўзал нарсадир. Ким уни сахийлик (бошқаларга ҳам бериш) ниятида олса, у нарсасига барака берилади. Кимки уни ўзида ушлаб қолиш ниятида олса, у нарсасига барака берилмайди ҳамда у киши еб тўймас бўлиб қолади. Юқори қўл (эҳсон қилувчи) паст қўлдан (тиланчидан) яхшидир», дегандилар, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, сиздан кейин вафот этгунимча ҳеч бир кишидан бирор нарса сўрамайман», дедим. Абу Бакр Сиддиқ р.а. халифалик пайтларида ҳадя бериш учун Ҳакимни р.а. чақирганларида, Ҳаким р.а. уни қабул этишдан бош тортдилар. Кейин Умар ибн Хаттоб ҳадя бериш учун Ҳакимни р.а. чақиртирган эдилар, бу зот яна уни қабул этишдан бош тортдилар. Шунда Умар р.а.: «Эй мусулмонлар жамоаси, Ҳакимнинг р.а. қилаётган ишига гувоҳ бўлинглар. Мен унга: «Аллоҳ ўлжалардан ажратган ҳаққингни олгин», десам, у олишдан бош тортмоқда», дедилар. Мана шу тарзда Ҳаким р.а. Расулуллоҳдан  с.а.в.  кейин то вафотларигача ҳеч кимдан бирор нарса сўрамадилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

524/4. Абу Бурда р.а. Абу Мусодан р.а. ривоят қиладилар. «Биз олти киши Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга ғазотга чиқдик. Ўзимиз билан битта туя бўлиб, уни навбат билан минар эдик. Оёқларимиз ёрилиб кетди. Менинг ҳам оёғим кесилиб, тирноғим тушиб кетди. Биз оёқларимизга латта боғлаб олдик. Оёқларимизга латта боғлаганимиз учун бу уруш «Зотурриқоъ» (Яъни ямоқ ғазоти) деб номланган. Абу Бурда айтадилар: Абу Мусо р.а. аввалига бу ҳадисни ҳадис омонати учун гапириб бердилар. Кейин кариҳ кўриб: «Нимага айтдим экан?» дедилар. Гўёки (сир) нарсани тарқатиб юбордиммикин, деб ўйлаб шундоқ дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

525/5. Амр ибн Тағлибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига мол-дунё ёки асирлар келтирилди. Расулуллоҳ  с.а.в.  у нарсалардан баъзи кишиларга бериб, баъзиларига бермадилар. Кейин Расулуллоҳга  с.а.в.  берилмаганлар ранжишгани хабари етиб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  Аллоҳга ҳамду сано айтиб: «Аммо баъд, Аллоҳга қасамки, мен баъзиларга бераман ва баъзиларга бермайман. Бермаган кишиларим мен учун берган кишиларимдан кўра яхшироқдир. Мен қалбида сабрсизлик, ҳирс бор кишиларга бердим. Аммо Аллоҳ қалбига беҳожатлик ва яхшиликлар битган кишиларга бермадим. Ана ўшалардан бири Амр ибн Таблиғдир», дедилар. Амр ибн Таблиғ р.а.: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ  с.а.в.  айтган мана шу сўзлар мен учун қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар (қизил туя ўша пайтда араблардаги энг қимматбаҳо нарса эди... — Тарж). Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Мол ва мато инсоннинг мукаррамлиги ҳамда мавқеини белгиловчи нарса эмаслиги маълум бўлади.

 

526/6. Ҳаким ибн Ҳизомдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Баланд қўл паст қўлдан яхшидир (яъни садақа қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир). Садақани қўл остингдагилардан бошла. Садақанинг энг яхшиси — кишининг ўзидан кейин бойлик қилиб қолдирган нарсасидир. Ким камсуқум бўлса, Аллоҳ уни камсуқум қилиб қўяди. Ким ўзини беҳожат қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. Имом Муслим ривоятлари бундан қисқароқ бўлиб келган.

 

527/7. Абу Суфён Сахр ибн Ҳарбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир нарса сўрашда берувчини ўз ҳолига қўймай тиланманглар. Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз мендан бирор нарса сўраб, бунда ҳаддан ошса, мен ундан норози бўлиб қолсам, берган нарсамда барака бўлмайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

528/8. Абу Абдураҳмон Авф ибн Молик Ашжаъийдан р.а. ривоят қилинади. Биз тўққиз ёки саккиз ёки етти нафар киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида эдик. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дедилар. Биз ўша кунларда янги байъат қилган эдик. Ва: «Эй Расулуллоҳ! Биз сизга байъат қилганмиз-ку?» дедик. Расулуллоҳ  с.а.в.  яна: «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дегандилар, биз қўлларимизни узатиб: «Эй Расулуллоҳ, байъат қилганмизку? Қайси нарсага байъат қиламиз?», дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат ҳамда итоат қилиш, беш вақт намоз ўқиш», деб овозларини бироз пасайтирдилар ва: «Одамлардан бирор нарса сўраманглар», дедилар. Авф ибн Молик р.а.: «Мен байъат қилган кишиларнинг баъзиларини кўрдим, улардан бирорталарининг қамчилари ерга тушиб кетса, бирор кишига олиб бер, дейишмас эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

529/9. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан бирингиз тиланчиликда бардавом бўлса, ҳаттоки у киши Аллоҳ таолога юзида гўшт йўқ ҳолатда йўлиқади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

530/10. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  минбарда туриб, садақа ва тиланчиликдан сақланиш ҳақида гапираётганларида: «Юқори қўл пастки қўлдан яхшидир. Юқори қўл инфоқ қилувчи ва пастки қўл тиланчидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

531/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки одамлардан моли кўпайиш учун тиланчилик қилса, у одам ўзи учун чўғни сўрабди. Бас, шундоқ экан хоҳласа, чўғнинг кўпини ёки озини сўрасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

532/12. Самура ибн Жундубдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Тиланчилик кишининг ўз юз терисини шилиш, деганидир. Фақат Аллоҳ фарз этган закот ва шунга ўхшаш нарсаларда султоннинг талаб қилиши ҳамда чорасиз қолинганда бундан мустасно», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

533/13. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимга муҳтожлик етса, у ўша муҳтожлигини одамларга шикоят қилса, у кишидан муҳтожлик аримайди. Кимки ўша муҳтожлигини Аллоҳга арз қилса, тезда ёки бироздан кейин унга ризқ ато қилинади», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

534/14. Савбондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафилдурман», деганларида: «Мен сўрамасликка кафолат бераман», дедим. Ҳақиқатда Савбон р.а. ҳеч бир кишидан бирор нарса сўрамадилар. Абу Довуд саҳиҳ иснод ила ривоят қилганлар.

 

535/15. Абу Бишр Қабийса ибн Мухориқдан р.а. ривоят қилинади: «Мен икки жамоат орасини ислоҳ қилиб, катта маблағ тўловини бўйнимга олиб, шу тўлов хусусида сўраш учун Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борсам, у зот: «Садақалар келгунича шу ерда тургин. Агар келса, ундан сенга беришларни амр этамиз» дедилар. Сўнгра у зот: «Эй Қабийса, тиланчилик уч кишидан бошқаларга ҳалол бўлмайди. 1. Бир кишининг (сен каби) товонга жавобгар бўлган маблағни қўлга киритиш учун тиланиши. Агар қўлга киритса, тиланчиликдан ўзини тияди. 2. Бир кишга, молида фалокат етсаю, у киши муҳтож бўлиб қолиб, эҳтиёжларини таъминлайдиган даражада тиланиши. 3. Бир кишига қашшоқлик етиб қолса ва ўша кишининг қавмидан бўлган ақлли уч киши: «Ҳақиқатда мана шу кишига қашшоқлик етган деб», гувоҳлик беришса, бу киши ҳам рўзғорини бутлайдиган даражада тиланчилик қилиши жоиз. Аммо бундан бошқасида, эй Қабийса, тиланчилик қилиш ҳаром. Унинг соҳиби ҳаромни еган бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

536/16. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луқма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши ҳақиқий мискин эмас. Лекин ҳақиқий мискин ўзини беҳожат қиладиган нарса топа олмаса ва садақа бериш учун унинг аҳволидан бошқаларнинг хабарлари бўлмаса ҳамда ўзи ҳам тиланиб юрмайдиган кишидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио