Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

56-Боб.Оч юриш, содда ҳаёт кечириш, ейиш, ичиш, кийинишнинг озига ҳам қаноат қилиш ҳамда нафс хоҳиши ва шаҳвоний нарсаларни тарк этиш хусусида

Аллоҳ таоло: «Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта, ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар. Магар тавба қилиб, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас» (Марям сураси, 59-60-оятлар).

 

«Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти-дунёни истайдиган кимсалар: «Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир», дедилар. Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку!», дедилар (Қасос сураси, 79-80-оятлар).

 

«Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар» (Такасур сураси, 8-оят).

 

«Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни охиратда) у учун ўзи мазаммат-маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз» (Исро сураси, 18-оят), деб айтган.

 

490/1. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бу онамиз: «Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида оилаларидагилар пайдар-пай икки кун арпа нонидан тўйиб ейишмади», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда: «Муҳаммад алайҳиссалом оилалари Мадинага келишганидан токи у зот вафот этгунларига қадар кетма-кет уч кун буғдойли таомни тўйиб ейишмади», дейилган.

 

491/2. Урвадан р.а. ривоят қилинади. Оиша р.а.: «Аллоҳга қасамки, эй синглимнинг ўғли, бизлар биринчи янги ойни, кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини кўрардик. Яъни учта янги ойнинг бошини икки ойда кўрардик. Ана шу муддат мобайнида Расулуллоҳ  с.а.в.  хонадонларининг бирортасида таом учун ўт ёқилмасди», деганларида, мен: «Эй холажон! Унда қандоқ қилиб ҳаёт кечирар эдинглар», десам, у зот: «Икки қора (оддий) неъмат, яъни хурмо ва сув ҳамда Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ансорийлардан бўлган қўшнилари юборадиган сутлари билан эди. Ансорларга одамлар сутини ичиб туришлари учун соғиладиган ҳайвон бериб туришган эди. У зот эса бизни ўша сут ила сийлардилар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

492/3. Абу Саид ал-Мақбурийдан р.а. ривоят қилинади. Абу Ҳурайра р.а. бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг олдиларида пиширилган қўй гўшти бор эди. Улар Абу Ҳурайрани р.а. ҳам ўша гўштга таклиф қилишди. Абу Ҳурайра р.а. эса емоқликни рад қилиб: «Расулуллоҳ  с.а.в.  дунёдан ўтдилар. Лекин қоринлари арпа нонига ҳам тўймаган эди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

493/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этгунларига қадар хонтахтада овқатланмадилар ва юмшоғ нон емадилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Расулуллоҳ  с.а.в.  дунё аҳллари қиладиган ишлардан юз ўгириб, зоҳидликнинг энг чиройли намунасини кўрсатдилар. Бу ишлари камбағал ва мискинларни ўкситмаслик учун эди. Лекин бундай қилиш одамларга вожиб эмас.  

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятларида: «Расулуллоҳ  с.а.в.  жуни иссиқ сув билан олиниб, бутунича пиширилган қўйни кўзлари билан кўрмадилар», дейилган.

Фойда: Бу каби кичик қўйнинг жунини юлиб, уни бутунича пишириш исроф қилиб ҳаддан ошувчиларнинг амалидир.

 

494/5. Нўъмон ибн Баширдан р.а. ривоят қилинади: «Мен набийингиз Муҳаммад  с.а.в.  қоринларини тўйдириш учун ёмон хурмони ҳам топа олмаганларини кўрдим», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

495/6. Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ  с.а.в.  пайғамбар этиб юборилганларидан то вафот этгунларига қадар оқ нон кўрмадилар», дедилар. Бу зотга: «Расулуллоҳ  с.а.в.  замонларида элак бўлганми?» дейилганида: «Расулуллоҳ  с.а.в.  пайғамбар қилиб юборилганларидан то вафот этгунларига қадар элак кўрмаганлар», дедилар. «Унда элакдан ўтказилмаган арпани қандоқ тановул қилардинглар?» дейилганида, у зот: «Арпани ун қилиб, сўнг уни пуфлар эдик, шунда унинг кепаклари учиб кетарди. Қолганини хамир қилиб, истеъмол қилар эдик», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

496/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  кунларнинг бирида ёки кечаларнинг бирида кўчага чиққанларида, Абу Бакр ва Умарни р.а. учратдилар. Уларга: «Сизларни бу соатда уйингиздан нима олиб чиқди?», деганларида, икковлари: «Эй Аллоҳнинг Расули, очлик», деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, мени ҳам сизларни олиб чиққан нарса олиб чиқди. Туринглар», дедилар. Улар у зот билан туриб, ансорийлардан бир кишиникига боришди. Боришса, у уйида йўқ экан. Унинг хотини буларни кўриб: «Хуш келибсизлар, марҳабо», деб айтди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Фалон киши (яъни, эринг) қаерда?» дедилар. У аёл: «Бизга ичимлик суви олгани кетди», деди. Шу пайт ҳалиги ансорий келиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ва икки биродарларини кўриб: «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бугун мендан кўра меҳмон жиҳатидан ҳурматлироқ киши йўқ», деди. Ва кетиб, хурмоси бор бир новда кўтариб келди. Унда пишмаган, қуритилган ва ҳўл хурмо бор эди. У: «Енглар», деб илтифот қилиб, қўлига пичоқ олувди, Расулуллоҳ  с.а.в.  унга: «Қўйгин, сут бериб турган жониворни сўймагин», дедилар. Кейин хонадон соҳиби бир қўй сўйди. Улар бу қўйдан ва ҳалиги новдадаги хурмодан еб, ичимликлар ичишди. Қачонки қоринлари тўйиб ва сувга ташналиклари кетганидан кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  Абу Бакр ва Умарга р.а.: «Жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, Қиёмат куни бу неъматлар ҳақида сўроққа тутиласизлар. Сизларни очлик уйларингиздан чиқарган эди. Сизлар эса бу неъматларга эришиб қайтмоқдасизлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бу ерда меҳмон қилган ансорийнинг исми Абул Ҳайсам ибн Таййиҳондир. Бу ҳадисни Имом Муслимдан ташқари, Термизий ва бошқалар ҳам ривоят қилишган.

 

497/8. Холид ибн Умар ал-Адавийдан р.а. ривоят қилинади. Утба ибн ўазвон Басранинг амири эдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, қуйидагича хутба қилдилар: «Аммо баъд! Албатта, дунё ўзининг фоний эканлигини эълон қилди. Ва тезлик ила йўлга тушди. Унда бирор қизиқарли нарса қолмади. Фақатгина идиш тагида қолувчи сарқит каби бир нарса қолдики, уни эгаси қўлга киритиб жамлайди. Албатта, сизлар бир диёрга кўчасизларки, у ерда заволлик йўқ. Сизлар ўзингиздаги бор нарсани яхшиси ила у ерга кўчинглар. Бизга хабар берилдики, агар жаҳаннам қирғоғидан бир тош улоқтирилса, у етмиш йилда ҳам қаърига етмайди. Аллоҳга қасамки, мана шу жаҳаннам тўлдирилади. Сизлар бу айтилган сўзлардан ажабланяпсизларми? Ва яна хабар берилдики, жаннатнинг икки эшиги ораси қирқ йиллик йўлдир. Шундоқ кун келадики, одамлар издиҳом бўлганидан у ерда ҳам тўлиб кетади. Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга иймон келтирганларнинг еттинчисидирман. Биз овқатланишимиз учун дарахт баргидан бошқа нарса йўқ эди. Биз уни ейаверганимиздан оғизларимиз атрофи шилиниб кетар эди. Бир куни мен устки кийим топиб олдим. Уни ўртасидан бўлиб, Саъд ибн Моликка бердим. Ярмини ўзимга иштон қилиб олдим. Саъд ҳам ўзига теккан ярмини иштон қилиб олди. Ўша пайтдагиларнинг барчалари бугун бир шаҳарга амирдир. Мен эса Аллоҳ ҳузурида кичик бўлатуриб ўзимни юқори санашдан Аллоҳ номи ила паноҳ тилайман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

498/9. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Оиша р.а. бизнинг ҳузуримизга бир кўйлак ва дағал иштон олиб чиқиб: «Расулуллоҳ  с.а.в.  мана шу иккаласини кийиб вафот этдилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

499/10. Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Мен араблар ичида биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида ўқ отган кишиман. Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  бирга ғазот қилардик. Лекин тановул қилгани акас дарахтларининг икки нави баргидан бошқа таомимиз йўқ эди. Бизлардан биримиз уни еб, таҳорат ушатадиган бўлса, худди қўй ахлат чиқаргандек (қумалоқ бўлиб) тушарди. У қоришиб кетмас эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

500/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссалом оилалари ризқини ҳаёт кечирадиган даражада кифоя этувчи қилгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: Кишига Аллоҳдан ризқини кифоя этгудек даражада қилишини сўрашнинг жоизлиги келиб чиқади. Бундан Расулуллоҳ  с.а.в.  камбағал бўлишни сўраганлари ҳам маълум бўлади.

 

501/12. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, мен очликдан жигаримни ерга қўйиб ётар ва қорнимга тош боғлаб маҳкамлаб юрар эдим. Кунларнинг бирида кишилар юрадиган йўлда ўтирдим. Ногаҳон Расулуллоҳ  с.а.в.  олдимдан ўтиб қолдилар. Мени кўриб, кулиб қўйдилар. Ҳамда юзимдаги хафалик ва нафсимдаги очликни билиб: «Эй Або Ҳирр» (Абу Ҳурайранинг қисқартмаси), дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!», дедим. У зот: «Менга эргаш», дедилар. Мен у зотга эргашдим. У зот уйларига кириб, изн сўрадилар. Кейин менга изн бердилар. Мен ичкарига кирсам, у зот қадаҳда сут топдилар. Ва: «Бу сут қаердан келди?» дедилар. Улар: «Фалончи киши ёки фалончи аёл ҳадя қилди», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Аҳли суффа ҳузурига бориб, уларни менинг ҳузуримга олиб кел», дедилар. Аҳли суффа Ислом меҳмонлари  эди. Уларнинг аҳли аёллари, мол-дунёлари ва суянадиган кишилари йўқ эди. Агар бирор садақа келадиган бўлса, Расулуллоҳ  с.а.в.  садақани емасдан ўшаларга юборардилар. Агар ҳадя келадиган бўлса, уларга ҳам жўнатардилар ҳамда ўзларига олиб қолиб, уларни бунда шерик қилардилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  уларни чақиртирганлари мени бироз хафа қилди. Дилимда: «Бу сут Аҳли суффага нима ҳам бўларди? Бу сутдан бир ҳўплам ичиб бўлса ҳам, бироз куч тўплашга мен ҳақлиман», дедим. Улар келишганида, у зот менга амр қиладилар. Мен эса уларга сутни тортиқ қиламан. Бу сутдан менга нима тегади? Энди мен учун Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилишдан бошқа чора йўқ эди. Кейин уларнинг ҳузурларига бориб, чақириб келдим. Улар келиб киришга изн сўрашди. Изн берилган эди, уйнинг ичидан ўз ўринларини топишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. У зот: «Мана буни олиб, уларга тортиқ қилгин», дедилар. Абу Ҳурайра: «Мен сути бор қадаҳни олиб бир кишига узатдим. У ичиб тўйди. Кейин қадаҳни бошқасига узатдим. У ҳам ичиб тўйди. Ҳаттоки Расулуллоҳга  с.а.в.  етиб тўхтадим. Қавмнинг барчалари ичиб тўйишди. Расулуллоҳ  с.а.в.  қадаҳни олиб қўлларига қўйдиларда, менга қараб табассум қилиб: «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!», дедим. У зот: «Ичмаган мен ва сен қолдик, холос», дедилар. Мен эса: «Тўғри гапирдингиз эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Ўтириб ичгин», дедилар. Мен ўтириб, у сутдан ичдим. У зот: «Ичгин», дедилар. Мен у сутдан яна ичдим. У зот: «Ичгин», деб айтишда бардавом бўлдилар, мен эса: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни ичиш учун бошқа жой қолмади», дедим. Шунда у зот: «Уни менга узатгин», дедилар. Мен қадаҳни узатган эдим, у зот Аллоҳга ҳамд айтиб, «бисмиллоҳ»ни зикр қилиб, сутнинг қолганини ичиб қўйдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

502/13. Муҳаммад ибн Сирийндан р.а. ривоят қилинади. Абу Ҳурайра р.а.: «Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  минбарлари ила Оиша р.а. ҳужралари ўртасида ҳушимдан кетиб йиқилиб ётар эдим. Йўлдан ўтувчилар келиб, мени жинни деб ўйлаб, оёқларини бўйнимга қўйишар эди. Ваҳоланки менда очликдан бошқа жиннилик ҳам, бошқа нарса ҳам йўқ эди», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

503/14. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этганларида бир яҳудийга ўттиз соъ арпага гаровга қўйган, урушда кийиладиган совутларигина бор эди, холос», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

504/15. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  урушда кийиладиган совутларини арпа муқобилида гаровга қўйдилар. Ўша кунларда мен у зот ҳузурларига арпа нони ва ҳидланган эритилган ёғ олиб келдим. Ва у зотнинг: «Тонг отганда ҳам, кеч кирганда ҳам Муҳаммаднинг бирорта уйида бир соъ таомдан бошқа бирор нарса йўқдир», деб айтганларини эшитдим. Ўша пайтда тўққизта уйлари бор эди. Имом Бухорий ривоятлари.

 

505/16. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. «Мен етмишга яқин аҳли суффани кўрдим, лекин уларнинг бирортасида чопон йўқ эди. Уларда фақат ё иштон, ё кўйлак бўлиб, кўйлакни бўйинларига боғлаб олишарди. У тўпиқларининг ярмигача ёки ошиқларининг ярмигача етар эди. Авратлари очилиб қолмаслиги учун қўллари билан ушлаб туришар эди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

506/17. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  тўшаклари теридан бўлиб, орасига хурмо дарахти пўстлоғидан солинган эди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

507/18. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга ўтирган эдик, ансорийлардан бир киши келиб, у зотга салом бердида, орқасига қайтиб кета бошлади. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй биродар, ансорий дўстим Саъд ибн Убоданинг аҳволи қандай?» дегандилар, у ансорий: «Дуруст», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким унинг ҳолидан хабар олгани боради?» деб, ўринларидан турдилар. Биз ҳам у зот билан бирга турдик. Биз ўша пайтда ўн нафардан кўпроқ эдик. Бирортамизда кавуш ҳам, махси ҳам, дўппи ҳам, кўйлак ҳам йўқ эди. Бизлар шўр ерларни босиб ўтиб, Саъд ибн Убоданинг ҳузурларига бордик. Атрофларида ўтирган қавмлари орқага ўтишди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ва у зот билан бирга борган саҳобалар эса Саъд ибн Убодага яқин ўтиришди. Имом Муслим ривоятлари.

 

508/19. Имрон ибн Ҳусайндан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларнинг яхшиларингиз менга асрдош бўлган одамлардир. Сўнг улардан кейингилар ва яна улардан кейингилардир (Ушбу ҳадис ровийси Имрон р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.  «улардан кейингилар», деб икки марта айтдиларми ёки уч марта айтдиларми, била олмадим», дедилар). Улардан кейин бир қавм келадики, гувоҳликка чақирилмай туриб, гувоҳлик беришади. Хиёнатчи бўлиб, омонатдор бўлишмайди. Назр қилишади-да унга вафо этишмайди. Уларда семизлик пайдо бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

509/20. Абу Умомадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. Агар бермасдан ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмон. Кифоя қилгудек ризққа қаноат қилсанг, маломат этилмайсан. Эҳсон қилишни ўз қўл остингдагилардан бошлагин», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

510/21. Убайдуллоҳ ибн Муҳсин Ансорий ал-Хатмийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки нафси омон, хотиржам ва жасади саломат ҳамда ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, гўёки дунёни тўлалигича ўзига бўйсундирибди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

511/22. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки мусулмон бўлиб, эҳтиёжига етарли ризқ берилган бўлса ҳамда Аллоҳ таоло берган нарсасида қаноатли бўлса, батаҳқиқ нажот топибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

512/23. Абу Муҳаммад Фазола ибн Убайд Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир киши Исломга ҳидоят қилинган бўлса ҳамда эҳтиёжига етарли ризқ берилиб, у киши ўша ризққа қаноат этган бўлса, бунча ҳам яхши», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

513/24. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ  с.а.в.  кечаларни кетма-кет оч ўтказардилар. Оилаларининг бирор егулиги бўлмас эди. Кўпинча ейдиган нонлари арпа унидан тайёрланган бўлар эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

514/25. Фазола ибн Убайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  агар одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсалар, кишилар очликдан намозда туриб йиқилиб тушишар эди. Ана шу йиқилганлар аҳли суффа эдилар. Ҳаттоки буни кўрган аъробийлар: «Мана шу йиқилганлар жиннилардир», дейишар эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  намозни ўқигандан кейин, уларнинг ҳузурларига бориб: «Эй биродарлар, агар сизлар Аллоҳнинг ҳузурида ўзингиз учун тайёрлаб қўйилган нарсаларни билганингизда эди, бундан ҳам зиёда оч ва муҳтож қолишни яхши кўрган бўлар эдинглар», деб айтардилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

515/26. Абу Курайма Миқдод ибн Маъдий Карибадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одамнинг қорнидан кўра ёмонроқ тўлдирадиган идиши йўқдир. Одам болаларига белини тиклаш учун бир неча луқма таом кифоя қилади. Агар зиёда емасликнинг иложи бўлмаса, учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учун бўш қолсин» дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

516/27. Абу Умома Иёс ибн Саълаба Ансорий ал-Ҳорисийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобалари кунларнинг бирида бу зотнинг ҳузурларида дунёни зикр қилишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эшитмадингларми? Эшитмадингларми? Албатта, кўримсиз оддий кийимларни кийиш, албатта, кўримсиз оддий кийимларни кийиш (яъни, дабдаба кийимларни тарк этиш) иймондандир», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

517/28. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  Қурайш карвонини тўсиш учун Абу Убайда бошчилигида бизни улар томонга юбордилар. Йўлда ейиш учун бизга битта халтада хурмо бердилар. Ундан бошқа нарса топа олмадилар. Бошлиғимиз Абу Убайда бизга битта-биттадан хурмо берардилар. Буни эшитиб турганлар: «Эй Жобир, ўша бир дона хурмони қандоқ қилиб ер эдинглар?» деб сўрашганида, Жобир р.а.: «Биз у хурмони худди ёш гўдак онаси кўкрагини эмгани каби шимиб, устидан сув ичардик. Ўшанинг ўзи бизга то кечгача етар эди. Бундан ташқари асоларимиз билан баргларни тўкиб, сувда ҳўллаб тановул қилар эдик», дедилар. Кейин яна у зот: «Биз денгиз қирғоғида кетаётган эдик. Ўша қирғоқда қум уюмига ўхшайдиган нарсани топдик. Унинг олдига борсак, кашалот (тиши ўткир йиртқич кит) экан. Аввалига бошлиғимиз Абу Убайда: «Бу ўлган, еманглар», дедилар. Кейин: «Уни еяверинглар. Чунки биз Аллоҳ Расулининг элчилари ҳамда Аллоҳнинг йўлидаги кишилармиз. Буни ейишга мажбурсизлар. Бемалол тановул қилаверинглар», дедилар. Биз уч юз нафар киши унинг устида бир ой турдик. Ҳатто ундан тановул қилиб семириб ҳам кетдик. Ўшанда кўзи косасидан кўзага ёғ олар эдик. Ва ундан ҳўкиз бўлагича ёки миқдорича (гўштларни) кесиб олар эдик. Бошлиғимиз Абу Убайда биздан ўн уч кишини китнинг кўзи косасига ўтқазиб қўйдилар. Ва қовурғаларидан бирини олиб, тираб қўйдилар. Кейин катта туяни эгарлаб, унинг остидан ўтказдилар (у туя ўтиб кетди). Биз унинг гўштидан қуритиб, йўлга олиб кетдик. Қачонки Мадинага етиб келиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кириб, бу жонивор ҳақида зикр қилганимизда, у зот: «Бу Аллоҳнинг сизларга юборган ризқидир», деб: «Ўша гўштдан ўзинглар билан олиб келган бўлсанглар, менга ҳам беринглар», дедилар. Биз ўша гўштдан Расулуллоҳга  с.а.в.  юборганимизда, у зот ундан едилар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

518/29. Асмо бинти Язиддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  кўйлакларининг енги билакларигача, яъни кафтлари билан билаклари ўртасигача эди», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

 

519/30. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Биз Ҳандақ куни чуқур қазиётганимизда қаттиқ ери чиқиб қолди. Саҳобалар Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Бу ернинг қаттиқ жойи чиқиб қолди», дейишганида, у зот: «Мен ўзим тушаман», дедилар. Сўнгра ўринларидан турганларида қоринларига тош боғланган эди. (Расулуллоҳ  с.а.в.  овқат топа олмай шундоқ қилардилар). Биз уч кун бирор нарса тотимаган эдик. У зот чўқморни олиб, ҳалиги қаттиқ ерни у билан ургандилар, у қумга айланиб майдаланиб кетди. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уйимга боришга ижозат беринг», дедим. Кейин уйимга бориб хотинимга: «Бугун Расулуллоҳда  с.а.в.  бир ҳолатни кўрдимки, унга ҳеч ҳам чидаб бўлмайди. Сенинг ҳузурингда бирор егулик борми?» десам, хотиним: «Менда арпа ва эчки бор», деди. Мен ўша эчкини сўйдим ва арпани майдалаб, ун қилдим. Ҳамда гўштни қозонга солдим. Кейин хамир кўпиб, ўчоқдаги қозон таоми пишай, деганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен озгина таом тайёрлаган эдим. Ўзлари ва бир-икки кишини олиб, қадам ранжида қилсалар», дедим, у зот: «Таоминг қанча?» дедилар. Мен унинг миқдорини айтдим. У зот: «Яхши, кўп экан. Сен хотинингга айтгин. Биз боргунимизча қозондаги овқатни сузмасин. Ва тандирдаги нонни узмасин», деб, саҳобаларига «Туринглар», деб айтдилар. Ўша жойдаги муҳожир ва ансорийлар туришди. Мен хотиним ҳузурига кириб: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин! Расулуллоҳ  с.а.в. , муҳожирлар, ансорийлар ва улар билан бирга бўлган кишилар бу ерга келишди», десам, хотиним: «Расулуллоҳ  с.а.в.  сендан нима борлигини сўрадиларми?», деган эди, мен: «Ҳа», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобаларига: «Киринглар, сиқилишмасдан ўтиринглар», деб, нонни синдириб, устига гўшт қўйиб, қозон ва тандирнинг устини ёпиб қўярдилар. Агар ундан бирор нарса олсалар, мана шундоқ нон синдириб, овқатдан сузишда бардавом бўлдилар. Ҳаттоки тўйиб, таомларидан ортиб ҳам қолди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бундан ўзинг ҳам егин ва ҳадя ҳам қилгин. Чунки одамларга очлик етди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Бошқа ривоятда Жобир р.а. қуйидагича сўзладилар: «Чуқур қазилган куни Расулуллоҳни  с.а.в.  оч ҳолда кўрдим. Кейин хотиним олдига бориб: «Сенда егулик бирор нарса борми? Чунки мен Расулуллоҳнинг  с.а.в.  қаттиқ оч қолганларини кўрдим», десам, хотинимда, халтада бир соъ арпа бор экан, уни олиб чиқди. Ва уйимизда бир жонивор бор экан, уни сўйдим. Хотиним арпани майдалаб, ун қилди. Мен гўштни қозонга солиб, кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига жўнадим. Хотиним эса: «Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга кўпчиликни олиб келиб, мени шарманда қилиб қўйманг», деб қолди. У зот ҳузурларига келиб, секин паст овозда: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз бир жонивор сўйиб ҳамда бир соъ арпани майдалаб, ун қилиб таом ҳозирлаган эдик. Ўзингиз ва сиз билан бирга бир неча нафар киши қадам ранжида қилсанглар», десам, у зот баланд овозда: «Эй Ҳандақ аҳллари, келинглар, биродарингиз Жобир сизларга зиёфат уюштирибдилар», дедилар. Кейин у зот менга: «Биз боргунимизча қозондаги таомни сузманглар ва хамирларингизни нон қилиб пиширманглар», дедилар. Кейин мен уйга келдим. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳам, кишилар ҳам етиб келишди. Мен хотиним олдига кирсам, у: «Сиз ундоқ, сиз бундоқ», дея гапира бошлади. Мен: «Сен менга нима деган бўлсанг, уни Расулуллоҳга  с.а.в.  айтдим», дедим. Хотиним хамирни олиб келганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  унга туфлаб ва барака тилаб, дуо қилдилар. Кейин қозон олдига бориб, унга ҳам туфлаб, барака тилаб, дуо қилдилар. Кейин у зот хотинимга: «Сен нон ёпувчи бир хотинни чақириб кел, сен билан нон ёпсин. Қозондан таомни сузиб тур. Лекин қозонни ўчоқ тепасидан туширмагин», дедилар. Жобир р.а.: «Ўша куни ташриф буюрган саҳобалар минг нафар эди. Аллоҳга қасамки, барчалари тўйиб еб, ҳаттоки ундан қолдириб кетишди. Қозонимиз аввалгидек қайнар ва хамиримиз аввалгидек нон қилиб пиширилар эди», дедилар.

 

520/31. Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Абу Талҳа хотинлари Умму Сулаймга: «Бугун мен Расулуллоҳнинг  с.а.в.  овозларини заиф ҳолатда эшитяпман. Менга маълум бўлдики, у зотда очлик асорати бордир. Сенинг ҳузурингда егулик бирор нарса борми?» деганларида, Умму Сулайм: «Ҳа», деб, арпадан тайёрланган нон бериб, ўзларидан битта рўмолни чиқариб, ноннинг ярмини ўраб, сўнгра кийимимни тагига қўйиб, қолган ярмини ўзимга бердилар. Анас р.а.: «Кейин мени Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига юбордилар. Мен борсам, Расулуллоҳ  с.а.в.  масжидда намоз ўқиб ўтирган эканлар. У зот билан одамлар ҳам бор эди. Мен ҳам улар олдига борсам, у зот: «Сени Абу Талҳа жўнатдими?», дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. «Таом учунми?» дегандилар, мен: «Ҳа», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в.  атрофдагиларга: «Юринглар» дегандилар, улар бирга йўлга равона бўлишди. Мен ҳам уларнинг олдиларида юриб келдим. Қачонки Абу Талҳанинг олдиларига келиб, улар етиб келишгани хабарини берганимда, Абу Талҳа хотинлари Умму Сулаймга: «Расулуллоҳ  с.а.в.  одамлар билан келаётган эканлар. Бизда эса егулик нарса йўқдир», дегандилар, Умму Сулайм: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади», дедилар. Кейин Абу Талҳа Расулуллоҳ  с.а.в.  истиқболларига чиқиб, бирга уйга киришди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Умму Сулайм, ўзингиздаги егулик нима бўлса, келтиринг», дедилар. Умму Сулайм Анасдан р.а. бериб юборган ҳалиги нонни олиб келдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  буюрувдилар, нон ушатилди. Ва Умму Сулайм теридан тайёрланган ёғ идиш олиб келиб, ундан асал ва ёғ аралаштирилган нонхўрак сиқиб чиқардилар. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  унга нималарнидир ўқидилар-да: «Ўн кишининг киришига изн беринглар», дедилар. Уларга изн берилган эди, ундан еб, тўйиб у ердан чиқиб кетишди. Кейин яна: «Ўн кишининг киришига изн беринглар», дедилар. Уларга ҳам изн берилган эди, ундан еб, тўйиб у ердан чиқиб кетишди. Кейин яна: «Ўн кишининг киришига изн беринглар», дедилар. Ҳаттоки қавмдаги барчалари еб тўйишди. Ўшанда улар етмиш ёки саксон киши эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Бошқа ривоятда: «Ўн киши кириб ва чиқишида бардавом бўлишди, ҳаттоки ҳеч бир киши қолмасдан ҳаммалари кириб, еб, тўйиб чиқиб кетишди. Сўнгра овқатлангандан кейин қолган овқатни тўплашганди, аввал қандоқ бўлса, шундоқлигича эди», дейилган.

 

Яна бошқа ривоятда: «Ўн киши-ўн кишидан кириб ейишди, ҳаттоки саксон киши мана шу тарзда еб тўйишди. Сўнгра Расулуллоҳ  с.а.в.  ва оилалари ҳам ундан еб тўйишганидан кейин ҳам ортиб қолди», дейилган.

 

Яна бошқа бир ривоятда: «Улар қўшниларигача орттириб етадиган даражада ейишди», дейилган.

 

Анасдан р.а. қилинган ривоятда: «Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борсам, у зот саҳобалар билан бирга ўтирган эканлар. Ва ўша пайт қоринларини белбоғ билан танғиб олибдилар. Мен саҳобаларнинг баъзиларидан: «Нима учун Расулуллоҳ  с.а.в.  қоринларини белбоғ билан боғлаб олганлар?» десам, улар: «Очликдан», деб айтишди. Мен Умму Сулайм бинти Милҳоннинг эри Абу Талҳа р.а. ҳузурларига бориб: «Эй отажон! Мен Расулуллоҳнинг  с.а.в.  қоринларини белбоғ билан боғлаб олганларини кўриб, баъзи саҳобалардан нима учун бу зот бундай қилиб олганлар десам, улар: «Очликдан», деб айтишди», десам, отам Абу Талҳа онамнинг олдига кириб: «Ҳузурингда бирор нарса борми?» дегандилар, онам: «Ҳа, нон бурдалари ва хурмолар бор. Агар Расулуллоҳ  с.а.в.  якка ўзлари келсалар, тўйдира оламиз. Бордию бошқалар билан бирга келсалар, унда етмайди», деб ҳадиснинг қолганини зикр қилганлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио