Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

55-БОБ.Дунёда зоҳид бўлиш ва уни (жамлашни) озайтириш ҳамда камбағалликнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло айтади:

 

«Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган бир сувга ўхшайди, бас, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер набототи у билан аралашиб, ҳатто ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз» (Юнус сураси, 24-оят);

 

«(Эй Муҳаммад, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, (аввал – киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)» (Қаҳф сураси, 45–46-оятлар);

«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, уни нг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.) Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир» (Ҳадид сураси, 20-оят);

 

«Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир» (Оли Имрон сураси, 14-оят);

 

«Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир сураси, 5-оят);

 

«(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)» (Такосур сураси, 1–5-оятлар);

 

«Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)» (Анкабут сураси, 64-оят).

456/1. Амр ибн Авф Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Абу Убайда ал-Жарроҳни Баҳрайнга жизя (солиқ)ларни олиб келиш учун юбордилар. Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол-дунё билан қайтдилар. Абу Убайданинг келгани ҳақидаги хабарни ансорийлар эшитиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга бомдод намозини ўқиш учун тўпланиб келишди. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  намозни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзма-юз бўлиб қараб кулиб қўйдилар. Сўнгра: «Сизлар Абу Убайда Баҳрайндан нимадир олиб келганини эшитган бўлсангизлар керак-а?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули», дейишди. Шунда у зот: «Хушнуд бўладиган нарсаларингизни орзу қилиб умид этаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунёга кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

457/2. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  минбарда ўтирдилар. Биз эса атрофларида ўтирдик. Шунда у зот: «Ўлимдан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсам дунё ўз гўзаллигу ажойиботларини очиб, сизлар ўшанга (маҳлиё) бўлишингиздир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

458/3. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта дунё кўм-кўк, гўзалдир. Аллоҳ эса унда сизларни тасарруф этувчи қилди. Ва сизлар дунёда қандай амал қилишингизга қарайди. Бас, дунёдан сақланинглар. Ҳамда аёллардан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

459/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  дуоларида: «Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

460/5. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Вафот этган киши билан қабристонга уч нарса бирга боради. Улар: аҳли, мол-дунёси ва амали. Лекин иккови, яъни аҳли ва моли қайтиб келиб, биттаси, яъни амали бирга қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

461/6. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қиёмат куни ҳаёти дунёдалик пайтида роҳат-фароғатда яшаган, дўзахга ҳукм қилинган кишини олиб келиб, дўзахга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор роҳат-фароғат кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим, эй Рабб!» дейди. Ва яна ҳаёти дунёдалик пайтида камбағаллик ва мусибатда яшаган, жаннатга ҳукм қилинган кишини олиб келиб жаннатга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор қийинчилик кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим. Менинг ҳаётимда бирор қийинчилик бўлмаган», деб айтади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

462/7. Муставрид ибн Шаддоддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сувга қарасин, ўша қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

463/8. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бир куни бозорда кетаётганларида қулоғи кичкина бўлган ўлимтик бир эчкининг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар эса бу зотнинг атрофларида эди. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг қулоғидан ушлаб: «Сизларнинг қайси бирингиз буни бир дирҳамга сотиб олишни яхши кўради?» дегандилар, саҳобалар: «Биз уни сотиб олишни яхши кўрмаймиз. Буни нима ҳам қилардик?» дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в.  яна: «Бу сизларга бўлишини яхши кўрасизларми?» дегандилар, улар: «Аллоҳга қасамки, агар бу тирик бўлганда ҳам қулоғи кичиклиги сабаб айби бор экан. Энди ўлигига эгалик қилишни ким ҳам яхши кўрарди?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳга қасамки, бу дунё Аллоҳ ҳузурида сизларга мана бу ўлимтик эчки қадрсиз бўлганидан ҳам зиёда қадрсиздир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

464/9. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга Мадинанинг тошлоқ ерларида кетаётган эдим, Уҳуд тоғи рўпарамиздан чиқиб қолди. Шунда у зот: «Эй Абу Зарр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг расули», дедим. У зот: «Агар мана шу Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, унинг менинг ҳузуримда уч кеча бўлса ҳам қолиши хушнуд этмайди. Фақат қарзимга тўламоғим учун етарлисини қолдириб, қолганини Аллоҳ таолонинг бандалари учун ундай ва бундай ҳамда мана бундай қилиб сарф этинглар, деган бўлар эдим», дедилар-да, ўнг ва чап ҳамда орқа томонларига ишора қилдилар, сўнгра йўлга равона бўлиб «Бу дунёда мол-дунёси кўп бадавлат кишилар Қиёмат куни (савоб жиҳатидан) қашшоқдирлар. Лекин мол-дунёсини ундай ва бундай ҳамда мана бундай, яъни ўнг ва чап ҳамда орқаларидан эҳсон қилувчилар ундай эмаслар. Улар кам сонли бўлишади», дедилар, кейин: «Мен келг унимча ўрнингдан жилмай тур», деб тун қоронғусида кўздан ғойиб бўлдилар. Бироздан кейин бегона бир товушни эшитиб Расулуллоҳ  с.а.в. га бирор нарса бўлмадимикан, деб хавотир олдим. Олдиларига бормоқчи бўлдим-у, аммо «Ўрнингдан жилмай тур», деб айтган сўзлари ёдимга тушиб бормадим. Қачонки, қайтиб келганларидан сўнг: «Эй Расулуллоҳ, бир овозни эшитиб хавотир олдим», деб воқеани эслатдим. У зот: «Ҳақиқатда эшитдингми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. У зот: «Бу Жаброил алайҳиссалом эди. Менга келиб: «Умматларингдан қайси бири Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга киради», деб айтди», дедилар. Шунда мен: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳамми?» десам, у зот: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Бухорийники.

 

465/10. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

466/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўзингиздан паст (табақадаги)ларга қарайверинглар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафз.

Аммо Имом Бухорий ривоятларида: «Агар сизлардан бирингиз мол-дунё ва ҳусн-жамолда юқоридаги кишига қараса, ўзидан паст бўлган кишига ҳам қарасин», дейилган. (Яъни, аввалгини кўриб ўксиган бўлса, кейингини кўриб шукр қилади.)

 

467/12. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Динор ва дирҳам ҳамда бахмал ва кимхоб, яъни кийимларга ўзини қул қилганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, рози бўлишади. Бермасанг, рози бўлишмайди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

468/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. «Мен етмишга яқин аҳли суффаларни кўрдим-у, лекин уларнинг бирортасида чопон йўқ эди. Уларда фақат ё иштон, ё кўйлак бўлиб, у кўйлакни бўйинларига боғлаб олишар эди. У тўпиқларининг ярмигача ёки ошиқларининг ярмигача етар эди. Авратлари очилиб қолмаслиги учун қўллари билан ушлаб туришар эди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

469/14. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дунё мўминнинг қамоқхонаси, кофирнинг эса жаннатидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

470/15. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  менинг елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар». Ибн Умар р.а. (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадиснинг шарҳида қуйидагича маъно айтишган: «Дунёга суяниб, уни ватан қилиб олма. Унда узоқ қолишни ва унга аҳамиятли бўлишни ўйлама. Дунёга алоқадорлигинг худди ватанида бўлмаган ғарибнинг алоқаси каби бўлсин. Ва ўз аҳлига қайтишни хоҳлаб юрган ғариб ўша турган жойида бирор нарсага машғул бўлмагани каби сен ҳам дунёга машғул бўлма».

 

471/16. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дунёдан ўзингни тийгин, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан ўзингни тийгин, улар сени яхши кўришади», дедилар. Ибн Можа ва бошқалар ҳасан иснод билан ривоят қилишган.

 

472/17. Нўъмон ибн Баширдан р.а. ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб р.а. кишилар дунёдан эга бўлган нарсаларини зикр қилатуриб: «Мен Расулуллоҳ  с.а.в. нинг қоринларини тўйғазиш учун бирор эскиб қолган бўлса ҳам хурмо топа олмасдан кун бўйи букчайиб қолганларини кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

473/18. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этганларида уйим токчасидаги бироз арпадан бошқа егани бирор егулик йўқ эди. Бир қанча пайт ундан еб юрдим. Қачонки, уни чамалаган эдим, у тугаб қолди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

474/19. Жувайрия бинти Ҳориснинг укалари Амр ибн Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этаётганларида миниб юрган оқ хачирлари, силоҳлари, мусофирлар учун садақа қилиб ажратган ерларидан бошқа бирор динор ва дирҳам ҳамда бирор қул ва чўри ҳам қолдирганлари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

475/20. Хаббоб ибн Аратдан р.а. ривоят қилинади. «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга Аллоҳнинг розилигини талаб этиб ҳижрат қилдик. Ажримиз эса Аллоҳнинг зиммасида эди. Биздан баъзилар ажридан ҳеч бир нарса емай, оламдан ўтиб кетишди. Улардан бири Мусъаб ибн Умайр эдилар. Бу зот Уҳуд ғазотида шаҳид бўлдилар. Биттагина жундан тўқилган рангли кийимлари бор эди, холос. Агар уни бошларига ёпсак, оёқлари очилиб қолар эди, агар уни оёқларига ёпсак, бошлари очилиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в.  (уни) бошларига ёпишни, оёқларига эса изхир номли ўсимликни қўйишни буюрдилар. Ва яна баъзиларимизнинг мевалари ҳосилга кириб, дунёдан ўз насибаларига эга бўлишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

476/21. Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қадри бўлганида эди, кофирларга бир ҳўплам сувни ҳам бермас эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

477/22. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

478/23. Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кўчмас мулкларга (ер-сув) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

479/24. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. «Қамишдан бўлган уйимизни ислоҳ этаётганимизда Расулуллоҳ  с.а.в.  олдимиздан ўтиб қолдилар. Ва: «Бу нима?» дегандилар, биз: «Қулаб кетган деворни ислоҳ қилмоқдамиз», дедик. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ишни бундан ҳам тезроқ деб биламан», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

480/25. Каъб ибн Иёздан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

481/26. Усмон ибн Аффондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одам болаларининг қуйидаги нарсалардан бошқа ҳеч бир ҳаққи йўқдир: яшайдиган уйи, авратини тўсадиган кийими, ноннинг ўзи ҳамда сув», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

482/27. Абдуллоҳ ибн Шиххирдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борсам, у зот «Алҳакумут такосуру» сурасини ўқиётган эканлар. Шунда у зот: «Одам боласи молим, молим, дейди. Эй одам боласи, молингдан еб тугатганинг ва кийиб эскитганинг ҳамда садақа қилиб сарф этганинг ўзингникидир (қолгани эса бошқаларникидир)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

483/28. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в. га: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деди. Шунда у зот: «Нима деяётганингга қарагин», дедилар. У яна: «Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деб уч марта айтди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ундай бўлса, камбағаллик кийимини лозим тут. Чунки мени яхши кўрган кишига камбағаллик сел охирига бориб улгурмасидан ҳам тезроқ етиб боради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

484/29. Каъб ибн Моликдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қўйлар орасига иккита оч бўри қўйиб юборилганида, уларни қай тарзда барбод қилса, кишини мол-дунё ва шараф-иззатга бўлган ҳирси ундан ҳам кўпроқ фасод қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

485/30. Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  бўйра устида ухлаган эдилар, икки ёнларига унинг изи тушиб қолибди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга тўшак солиб берамиз», дегандик, у зот: «Дунё билан менинг нима алоқам бор?! Дунёда мен худди дарахт остида бироз сояланиб, кейин у ерни ташлаб кетадиган йўловчига ўхшайман», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

 

486/31. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

487/32. Ибн Аббос р.а. ва Имрон ибн Ҳусайнлардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннатга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти камбағаллар экан. Ҳамда дўзахга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти аёллар экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

488/33. Усома ибн Зайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат дарвозаси олдида туриб қарасам, у ерга кираётганларнинг кўплари бечора-мискинлар экан. Бойлар эса ташқарида ушлаб турилибди. Лекин дўзах аҳлларини эса дўзахга ташлаш буюрилибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

489/34. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сўзларнинг энг тўғриси Лабид исмли шоирнинг: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳдан бошқа барча нарса ботил, яъни бекордир», деб айтган сўзидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио