Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

54-БОБ.Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ҳамда Унга интилишнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло:

 

«Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур» (Исро сураси, 109-оят);

«(Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми? (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?» (Нажм сураси, 59–61-оятлар) деб айтган.

446/1. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасини ўқиб «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш оқмоқда экан». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

447/2. Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  бизга хутба айтдилар. Бу каби хутбани ҳеч эшитмаган эдим. У зот: «Агар сизлар мен билган нарсани англаганларингизда эди, оз кулиб кўп йиғлаган бўлардингизлар», дедилар. Бу хутбани эшитган саҳобалар юзларини беркитиб пиқиллаб йиғлашар эди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

448/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳаттоки сут кўкракка қайтмагунича дўзахга кирмайди (яъни, сут кўкракка қайтиши қай даражада мумкин бўлмаса, мўминнинг дўзахга кириши мумкин эмас). Ва яна Аллоҳнинг йўлидаги ғубор билан жаҳаннам тутуни бир ерда жамланмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

449/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло етти тоифа кишини соя йўқ Кунда ўз соясидан (Қиёмат ҳароратида Аршнинг соясидан) паноҳ берур: 1) одил подшоҳ; 2) Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит; 3) масжидга қалби муаллақ бўлган киши, яъни масжиддан чиқиб, то унга қайтгунча қалби боғлиқ бўлувчи; 4) Аллоҳ йўлида дўст бўлувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; 5) бир кишини ҳусну жамолда тенгги йўқ аёл (ёмон ниятда) ўз нафсига чақирса, у киши Аллоҳдан қўрқаман, деб жавоб қилса; 6) бир киши бирор садақа қилса, ўша берган садақасини шу даражада махфий қилсаки, ўнг қўли билан берганини чап қўли сезмаса; 7) бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

450/5. Абдуллоҳ ибн Шаххирдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Шу даражада йиғлаётгандиларки, ичларидан худди қозон қайнагандаги каби товуш чиқар эди». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. 

451/6. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Убай ибн Каъбга: «Аллоҳ таоло «Лам якуниллазийна кафарув» сурасини сенга ўқиб беришимни амр этди», деганларида, Убай ибн Каъб: «Аллоҳ менинг номимни зикр қилдими?» дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа», дедилар. Буни эшитган Убай р.а. йиғлаб юбордилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Убай ибн Каъб йиғлай бошлади», дейилган.

452/7. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  вафотларидан кейин Абу Бакр р.а. Умарга р.а.: «Юргин, худди Расулуллоҳ  с.а.в.  Умму Айманни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», дедилар. Кейин икковлари Умму Айман ҳузурига боришганида, Умму Айман йиғлаб юборди. Шунда икковлари: «Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ  с.а.в. га (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши эканини билмайсанми?!» дейишганида, Умму Айман: «Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ  с.а.в. га яхши эканини биламан. Лекин мени йиғлатаётган нарса (бу зот вафот этишлари билан) осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолганидир», деди. Умму Айманнинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди. Имом Муслим ривоятлари.

453/8. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. нинг касалликлари кучайганда «Намозга чиқинг», дейилди. У зот: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин», дедилар. Шунда Оиша р.а.: «Отам Абу Бакр кўнгли бўш кишилар. Агар Қуръон ўқисалар, йиғи устун келади», дегандилар, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Унга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин», дедилар.

Бошқа ривоятда: «Оиша р.а.: «Отам Абу Бакр агар сизнинг ўрнингизда имом бўлиб турсалар, йиғлаб юборадилар. Ва кишилар (нима ўқиётганини) эшитишмайди», дедилар», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

454/9. Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авфдан р.а. ривоят қилинади. «Отам Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳузурларига таом келтирилди. Ўшанда рўзадор эдилар. Ва бу зот: «Мусъаб ибн Умайр шаҳид ҳолатда ўлдирилдилар. Мендан яхши эдилар. Кафанлаш учун бир чопондан бошқа нарса топилмади. Агар ўша чопон бошларига ёпилса, оёқлари очилиб қолар эди. Агар оёқлари ёпилса, бошлари очилиб қолар эди. Бу зотдан кейин бизга дунё ҳар қанча ато қилинди. Яъни, фаравонлик бўла бошлади. Яхшиликларимиз охиратга захира қилинмасдан шу дунёнинг ўзидаёқ бериб қўйилдими, деб қўрқамиз», дедилар-да, йиғлаб юбордилар. Ва овқатланишни ҳам тарк қилдилар». Имом Бухорий ривоятлари.

455/10. Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таолога икки томчи ва икки оёқ изидан маҳбуброқ нарса йўқдир. Улар: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган ёш томчиси ва Аллоҳ йўлида тўкилган қон томчиси. Ҳамда Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳ фарзларидан бирини адо этиш учун босилган қадам изи», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Бу бобга тааллуқли ҳадислар жуда кўпдир. Ирбоз ибн Сориядан р.а. ривоят қилинган 157-рақамли ҳадис ҳам бу бобга далилдир.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио