Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

40-БОБ.Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошлардан хабар олиш ҳақида

Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:

 

«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо сураси, 36-оят);

 

«Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)» (Нисо сураси, 1-оят);

 

«Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар» (Раъд сураси, 21-оят);

 

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни, ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир)» (Анкабут сураси, 8-оят);

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)» (Исро сураси, 23–24-оятлар);

 

«Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур), уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин». (Луқмон сураси, 14-оят).

 

313/1. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. дан «Қайси амал Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрасам, у зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайсиниси?» десам, у зот: «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайсиниси?» десам, у зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

 

314/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бола отасининг ҳаққини адо қила олмайди. Фақатгина отасини қул ҳолатида топиб, уни сотиб олиб озод қилгандагина, ҳаққини адо қила олади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

315/3. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қариндош-уруғчилик алоқаларини тикласин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

316/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ таоло махлуқотни яратишни тамомлагандан кейин қариндошлик риштаси ўрнидан туриб: «Бу жой (қариндошликдан) узилиб кетишдан паноҳ тиланадиган мақомми?» деб айтганида, Аллоҳ таоло: «Ҳа, сен қариндошлик алоқаларини боғлайдиган кишилар билан боғланмоқлигимга ва алоқани узувчилардан Мен ҳам узилмоқлигимга розимисан?» деганида, қариндошлик риштаси: «Ҳа, майли», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Мана бу марҳамат сен учундир», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар хоҳласанглар, Аллоҳнинг «Агар (имондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23-оятлар), деган оятини ўқинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

Имом Бухорийнинг ривоятларида қуйидагича келтирилган: «Аллоҳ таоло қариндошлик риштасига: «Ким сенга етишса, Мен ҳам етишаман. Ким сендан алоқани узса, Мен ҳам алоқани узаман», деб айтди».

317/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?» деганида, у зот: «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Отанг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

Бошқа бир ривоятда: «Эй Аллоҳнинг расули, чиройли муомала қилиш учун ким ҳақлироқ?» дейилганида, у зот айтганлар: «Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, сўнгра отанг, сўнгра яқин-яқинларинг ҳақлидир», дейилган.

 

318/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким ота-онасини қариган пайтларида топса-ю икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга кира олмаса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин!» дедилар. Имом Муслим ривоятлари. 

 

319/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, менинг қариндошларим бор. Уларга силаи раҳм қилсам ҳам, алоқани узишаверади. Уларга яхшилик қилсам ҳам, ёмонлик қилишаверади. Уларга ҳалимлик қилсам ҳам, жоҳиллик қилишаверади», деганида, у зот: «Агар айтганинг рост бўлса, уларнинг оғизларига иссиқ кулни солган бўласан. Модомики, мана шу ҳолатда бўлар экансан, Аллоҳ томонидан бир мададкор уларнинг зиддига сен билан бирга бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бу ердаги «иссиқ кулни оғизларига солган бўласан» сўзининг маъноси – иссиқ кулни оғзига солган киши қанчалик азият чекса, уларга ҳам шунчалик азоб бўлади, деганидир. Аммо яхшилик қилувчи кишига ҳеч нарса бўлмайди.

 

320/8. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким ризқи кенг бўлишини ҳамда умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

321/9. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Абу Талҳа р.а. Мадинада ансорлар ичида хурмоси кўп бадавлат кишилардан эдилар. Бу зотнинг энг маҳбуб мол-мулклари масжиди Набавиййанинг рўпарасидаги Байраҳо номли боғлари эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  бу ерга кириб, ширин, чучук сувларидан ичиб турардилар. Қачонки, «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» ояти нозил бўлганида, Абу Талҳа р.а. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» оятини туширибди. Менга мол-мулкимнинг энг суюклиси Байраҳодир. Мен бу боғимни Аллоҳ учун садақа қилдим. Унинг савоб ва ҳиссасини Аллоҳ ҳузуридан умид қиламан. Эй Аллоҳнинг расули! Буни қаерга муносиб кўрсангиз, ўша ерга сарфланг», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Балли, яша! Мана шу фойдали ва ютуққа эриштирувчи молдир. Мен сен айтган сўзларни эшитдим. Бу ҳақда фикрим шуки, сен бу боғни ўз қариндошларинг ва яқинларинг ўртасида тақсимлаб бер», дедилар. Абу Талҳа: «Эй Аллоҳнинг расули, айтганингизни (бажонидил) қиламан», деб ўша боғларини қариндошлари ва жиянларига тақсимлаб бердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

322/9. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в. га юзланиб: «Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ота-онангдан бирорталари тирикми?» дедилар. У киши: «Ҳа, икковлари ҳам тирик», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?» дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бу ҳадисдаги лафз имом Муслимникидир. Икковларининг бошқа ривоятларида: «Бир киши келиб жиҳод учун изн сўради. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ота-онанг тирикми?» дедилар. У киши: «Ҳа», деган эди у зот: «Улар (га яхшилик қилиш) билан жиҳод айла», дедилар», дейилади.

 

323/10. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир қариндошидан яхшилик кўргандагина борди-келди қилган одам силаи раҳм қилувчи эмас. Балки ёмонлик кўрганда ҳам борди-келди қилаверадиган киши силаи раҳм қилувчи, дейилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

324/11. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қариндошлик риштаси Аршга осилган ҳолда туради ва у: «Ким менга етишса, Аллоҳ ҳам унга етишсин. Ким мендан алоқани узса, Аллоҳ ҳам ундан алоқани узсин», деб айтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

325/12. Мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади. Бу киши Расулуллоҳ  с.а.в. дан изн сўрамай туриб, бир чўрини озод қилиб юбордилар. Қачонки, навбат кечаларида Расулуллоҳ  с.а.в.  бу онамиз ҳузурларига келганларида, «Эй Аллоҳнинг расули, мен чўримни озод қилдим. Бу ҳақда хабарингиз борми?» дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Шундай қилдингизми?» дедилар. Бу онамиз: «Ҳа», деганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар буни тоғаларингизга берганингизда савоби кўпроқ бўлар эди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

326/13. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  замонларида менинг ҳузуримга (ҳали Исломга кирмаган) мушрик онам келди. Мен Расулуллоҳ  с.а.в. дан фатво сўраб: «Онам мендан бир нарса умидида уйимга келибди. Унга силаи раҳм юзасидан эҳсон қилаверайми?» десам, у зот: «Ҳа, онангга силаи раҳм қилавергин», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

327/14. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг р.а. хотинлари Зайнаб ас-Сақафийядан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй хотинлар жамоаси, тақинчоқларингиздан бўлса ҳам, садақа қилинглар», деганларида, мен эрим Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ҳузурларига келиб: «Сиз камбағал ва қўли қисқа кишисиз. Расулуллоҳ  с.а.в.  эса бизга садақа қилишни буюрдилар. Сиз у зот ҳузурларига бориб сўранг-чи, агар сизга садақа беришим жоиз бўлса, уни берайин. Агар жоиз бўлмаса, бошқа кишига берай», дедим. Шунда эрим Абдуллоҳ: «Ўзингиз бора қолинг», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига жўнадим. Борсам, дарвозалари олдида бир ансория аёл ҳам турган экан. Унинг ҳожати ҳам менинг ҳожатим каби экан. Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ҳайбатлари кучли эди. Шу пайт Билол р.а. ҳузуримизга чиқиб қолдилар. Биз унга: «Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ҳузурларига бориб икки хотин масала сўраш учун келганликларининг хабарини бер. Яъни, ўз эрларига ва қўйниларидаги етимларга молларидан садақа беришлари жоизми? Шуни айтгин-да, аммо бизларнинг ким эканимизни сўзлама», дедик. Билол р.а. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кириб, бу ҳақда сўраганларида, у зот: «У иккови ким?» дедилар. Билол: «Ансория бир аёл ва Зайнаб», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қайси Зайнаб?» дедилар. Билол р.а.: «Абдуллоҳнинг хотини», деганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Уларга икки ажр берилади. Бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

328/15. Абу Суфён Сахр ибн Ҳарбдан р.а. ривоят қилинади. Ҳирақл қиссасидаги узун ҳадисда келтирилишича, Ҳирақл Абу Суфёндан: «Янги Пайғамбар нималарга буюрмоқда?» деб сўраганида, Абу Суфён: «Якка Аллоҳга ибодат қилишга, Унга бирор нарсани шерик қилмасликка, оталаримиз айтган нарсани тарк қилишга, намоз ўқишга, ростгўй бўлишга, иффатлиликка, силаи раҳмга буюрмоқда», деб айтди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

329/16. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлар яқин кунларда бир ерни фатҳ қиласизлар. У ерда Қийрот (калимаси) ишлатилади», дедилар.

Бошқа ривоятда: «Яқин кунларда Миср фатҳ қилинади. У ер Қийрот деб номланади. У ер аҳлига яхшилик қилиш васиятини мендан олинглар. Чунки уларга аҳдлашув ва қариндошлик томонимиз бор», дейилади.

Яна бошқа бир ривоятда: «Агар у ерни фатҳ қилсангизлар, у ер аҳлига чиройли муомалада бўлинглар. Чунки аҳдлашув ва қариндошлик ёки аҳдлашув ва қудачилик томонимиз бор», дейилган. Имом Муслим ривоятлари.

 Уламолар: «Қариндошлик томони – Исмоил алайҳиссалом оналари Ҳожар ўша ерлик бўлганлар. Қудачилик томони – Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ўғиллари Иброҳимнинг оналари Мория ўша ерлик бўлган», деб айтишган.

330/17. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Қачонки, «Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг» ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  Қурайш жамоасини чақирдилар. Улар жамланишганида умумий ва хос ҳолатда уларга қарата: «Эй Абдушамс ва Каъб ибн Луъай болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Мурра ибн Каъб болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Абдуманноф болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Ҳошим болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Абдулмутталиб болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Фотима, ўз жонингни дўзахдан қутқаргин. Чунки мен бирор нарсага эга эмасман. Фақат қариндошлик ришталари борки, мен унинг ҳаққини адо қиламан холос», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

331/18. Абу Абдуллоҳ Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. нинг сир ҳолатда эмас, балки жаҳрий ҳолатда: «Фалончи болалари оиласи менинг дўстларим эмас. Балки Аллоҳ ва солиҳ мўминлар менинг дўстимдир. Лекин улар билан қариндошлик ришталари борки, мен унинг ҳаққини адо қиламан», деб айтганларини эшитдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи Бухорийники.

 

332/19. Абу Аюб Холид ибн Зайд ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули! Менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирор нарсани шерик қилмайсан, намозни адо этасан, закотни (ҳақдорларга) берасан ҳамда силаи-раҳм қиласан», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

333/20. Салмон ибн Омирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан бирингиз оғзини очадиган бўлса, хурмо билан очсин. Чунки бунда барака бордир. Агар хурмо топа олмаса сув билан очсин. Чунки у покдир. Мискинга қилинган садақа ҳам садақа ҳисобланади. Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

334/21. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. «Менинг никоҳимда бир хотиним бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Отам Умар эса уни ёмон кўрардилар. Ва менга: «Хотинингнинг талоғини бер», дедилар. Мен эса кўнмадим. Кейин отам Умар Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, бу ҳақда хабар бердилар. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳам: «Хотинингнинг талоғини бергин», деб айтдилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

335/22. Абу Дардодан р.а. ривоят қилинади. «Бир киши келиб: «Менинг никоҳимда бир хотиним бор. Волидам уни талоқ қилишимни буюрмоқда, нима қилай?» деб сўради. Мен: «Расулуллоҳ  с.а.в. дан: «Ота (она) жаннат эшикларининг марказидир. Агар хоҳласанг, бу эшикни зое қил. Ёки муҳофаза эт», деб айтганларини эшитганман», деб жавоб бердим». Имом Термизий ривояти.

336/23. Баро ибн Озибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хола она ўрнидадир», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.

Бу бобга тегишли машҳур саҳиҳ ҳадислар жуда кўп, лекин қисқароқ бўлиши учун келтириб ўтирмадик. Булардан энг муҳими – Амр ибн Абаса: «Нубувватнинг биринчи пайтлари Маккада Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кириб: «Сиз кимсиз?» дедим. У зот: «Набийман», дедилар. Мен: «Набий деганингиз нима ўзи?» дедим. У зот: «Аллоҳ мени мана шундай қилиб юборди», дедилар. Мен: «Қайси нарса билан юборди?» дедим. У зот: «Силаи раҳм қилишга, бутларни синдиришга, Аллоҳнинг тавҳидига ва Унга бирор нарсани шерик қилмаслик (рисоласи) ила юборди», дедилар», деб қолганини зикр қилдилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио