Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

33-БОБ.Етимлар, қизлар, бошқа заиф, бечора, қалби синиқ кишиларга яхшилик, шафқат қилиш ҳамда тавозуъли ва камтар бўлиш ҳақида

Аллоҳ таоло айтади:

 

«Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг!)» (Ҳижр сураси, 88-оят);

 

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)» (Каҳф сураси, 28-оят);

 

«Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг. Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!» (Зуҳо сураси, 9–10-оятлар);

 

«Динни (охиратдаги жазони) ёлғон дейдиган кимсани(нг қандай кимса эканлигини) кўрдингизми-билдингизми? Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир» (Моъувн сураси, 1–3-оятлар).

261/1. Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. ривоят қилинади. «Биз олти нафар киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида эдик. Мушриклар Расулуллоҳ  с.а.в. га: «Ҳу анави (бечораҳол) кишиларни ҳайданг. Улар бизнинг (мажлисларимизда қатнашишга) ботина олишмасин», дейишди. Ўша бечораҳол кишилар мен, Ибн Масъуд, Ҳузайл қабиласидан бир киши, Билол ва яна икки киши эдик. Бу икки кишининг исмини келтира олмайман. Расулуллоҳ  с.а.в.  дилларига Аллоҳ таоло хоҳлаган бир хаёл келди. У хаёлни ўзларига гапириб кўрдилар. Ва Аллоҳ таоло «Эртаю кеч Парвардигорларининг юзини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг» (Анъом сураси, 52-оят) оятини нозил қилди». Имом Муслим ривоятлари.

 

262/2. Абу Ҳубайра Оиз ибн Амр ал-Музанийдан р.а. ривоят қилинади. (Бу зот «Ризвон» байъатида иштирок этган саҳобалардан эдилар.) Бир куни Абу Суфён (ҳали Исломга кирмасидан олдин) Салмон, Суҳайб, Билол ва бир неча бошқа саҳобалар ҳузурларига келганида, улар: «Аллоҳнинг қиличи Аллоҳ душмани гарданидан олмади-да», дейишди. Абу Бакр р.а.: «Бу сўзни Қурайшнинг шайхи ва саййидига нисбатан ишлатяпсизларми?» деб, сўнгра Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб бунинг хабарини берганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Абу Бакр, уларни ғазаблантирган бўлишинг мумкин. Агар шундай бўлса, Раббингни ғазаблантиргансан», дедилар. Абу Бакр р.а. уларнинг ҳузурларига бориб: «Эй биродарлар, сизларни ғазаблантирдимми?» деганларида, саҳобалар: «Йўқ! Эй биродар, Аллоҳ сени мағфират қилсин», дейишди. Имом Муслим ривоятлари.

 

263/3. Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен етимни ўз қарамоғига олган киши билан – икковимиз жаннатда мана шундай бўламиз», деб ишора ва ўрта бармоқларининг орасини очиб кўрсатдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

264/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хоҳ ўзига қарашли, хоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз», дедилар. Мана шу ҳадис ровийларидан бири Молик ибн Анас ишора ва ўрта бармоқларини кўрсатдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

265/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлар битта-иккита хурмо, бир-икки луқма таом берсангиз, ўша билан кифояланувчи киши мискин эмас, камбағал бўлишига қарамасдан тиланчилик қилишдан ўзини тийган одам ҳақиқий мискин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Буларнинг бошқа ривоятларида: «Одамларнинг атрофида тиланиб, бир-икки луқма, битта-иккита хурмо билан кифояланувчи киши мискин эмас. Лекин ҳақиқий мискин ҳожатига керакли нарсани топа олмайди. Садақа берай, дейилса, унинг ҳолати билинмайди. Ва одамлардан тиланиб юрмайди», дейилган.

 

266/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бева ва мискин аҳволидан хабар олиб ёрдамлашувчи киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга ўхшайди. Намозда қоим ва рўзада доим бўлган кишига ўхшаш, деб ҳисоблайман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

267/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Таомларнинг ёмони бир тўйнинг таомики, унга ўзи келган киши киргизилмайди ва хоҳламаган киши таклиф қилинади. Кимки таомга чақирилса-ю унга ижобат қилмаса, Аллоҳ ва расулига осий бўлибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Икки «Саҳиҳ» китобидаги Абу Ҳурайрадан р.а. қилинган бошқа ривоятда: «Таомларнинг ёмони бир тўй таомики, унга бойлар таклиф қилиниб, камбағаллар тарк қилинади», дейилган.

 

268/8. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, Қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади», деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

269/9. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини (етаклаб) бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан ташқари бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, бу аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига бериб, ўзи у хурмодан емади. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: «Кимки мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), у қиз фарзандларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

270/10. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Менинг ҳузуримга икки қизини (етаклаб) бир мискин аёл келди. Мен у мискин аёлга учта хурмо бердим. У эса икки қизига биттадан бериб, ўзи биттасини ейиш учун энди оғзига олиб борувди, ҳалиги икки қиз яна беринг, деб сўраб қолишди. Аёл ўзи ейишни хоҳлаб турган хурмони иккига бўлиб, уларга берди. Бу иши мени ҳайрон қолдириб, уни Расулуллоҳга айтсам, у зот  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ таоло унга жаннатни вожиб қилиб, дўзахдан халос этибди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

271/11. Абу Шурайҳ Хувайлид ибн Амр ал-Хузоъийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Икки заифни, яъни етим ва аёлнинг ҳаққини зое қилишингиздан огоҳлантираман», дедилар. Имом Насаий яхши иснод ила ривоят қилганлар.

 

272/12. Мусъаб ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. ривоят қилинади. Саъд р.а. бошқа саҳобалардан даражада баланд бўлсам керак, деб хаёл қилганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларга келиб турган ёрдам ва етиб турган ризқлар заиф биродарларингиз туфайлидир», дедилар. Имом Бухорий мурсал ҳолда ривоят қилганлар.

Чунки Мусъаб ибн Саъд тобеъинлардан эди. Лекин Ҳофиз Абу Бакр Барқоний «Саҳиҳ»ларида бу санадни Мусъабга етказганлар.

 

273/13. Абу Дардо Уваймирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мени заифларингиз ичидан ахтаринглар. Чунки заифларингиз туфайли ғалаба қозониб ризқланурсизлар», дедилар. Абу Довуд яхши иснод билан ривоят қилганлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио