Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

32-БОБ.Заиф, камбағал ва овоза бўлмаган мусулмонларнинг фазилати

Аллоҳ таоло:

 

«Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)», деб айтган (Каҳф сураси, 28-оят).

 

253/1. Ҳориса ибн Ваҳбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларга аҳли жаннат кимлар эканлигини айтайми? Улар ҳар бир заиф ва одамлар назарига илмайдиган бечораҳол кишилардир. Агар бу заиф киши Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, қасамининг устидан чиқади. Огоҳ бўлинглар! Сизларга аҳли дўзах кимлар эканини айтайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

254/2. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  олдиларидан ўтиб кетди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ёнларида ўтирган бошқа бир кишига: «Ўтиб кетган шахс ҳақида қандай фикрдасан?» деганларида, у киши: «Бу одамларнинг олий табақалисидир. Агар мана шу киши совчи бўлса, қизингизни узатмоқликка ҳақлидир. Агар воситачи бўлса, шафеъ бўлишга ҳақлидир», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  жим турдилар. Сўнгра олдиларидан бошқа бир киши ўтди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ёнларидаги кишига: «Бу ҳақда нима дейсан?» дедилар. У киши: «Бу ўтиб кетган киши мусулмонларнинг камбағалидир. Агар совчи бўлса, қизни узатмасликка, воситачи бўлса, шафеъ бўлмасликка ва агар гапирса, сўзини эшитмасликка ҳақлидир», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу камбағалнинг битта ўзи ер юзини тўлдирувчи олий табақали кишилардан яхшидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

255/3. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат ва дўзах мартаба талашиб хусуматлашишди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда заиф ва мискинлар бўлади», деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

256/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қиёмат куни жисми катта ва семиз кишилар келишади. Уларнинг Аллоҳ ҳузурида пашша қанотича ҳам вазнлари бўлмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

257/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир қора аёл (ёки ёш йигит) масжидни супуриб юрар эди. У кўринмай қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  у ҳақда саҳобалардан сўраганларида, улар: «Ўлди», деб айтишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менга бу ҳақда билдирмадингларми?» дедилар. Саҳобалар унинг ишини енгил санаб хабар беришмаган эди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мени унинг қабрига олиб боринглар», деб айтдилар. Саҳобалар у зотни ўша аёл (ёки йигит) қабрига олиб боришди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унга намоз ўқидилар. Сўнгра: «Албатта бу қабрлар аҳлини зулмат қоплагандир. Аллоҳ таоло менинг дуоим ила уларни нурлантириб туради», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

258/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир қанча сочи тўзиган, чанг босган ва эшиклардан қувилган кишилар борки, агар улар Аллоҳ номига қасам ичиб бир нарсани бўлсин ёки бўлмасин, деса, Аллоҳ уни рўёбга чиқаради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

259/7. Усомадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат эшиги олдида турдим. У ерга кираётганларнинг кўпи бечоралар экан. Лекин давлатмандлар (бечоралардан кейин кирсин, деб) тўхтатиб қўйилибди. Дўзахийлар дўзахга кирсин, деб буюрилди. Мен дўзах эшиги олдида туриб кўрдимки, дўзахга кирувчиларнинг аксари аёллар экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

260/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бешикда туриб гапирганлар учтадир. 1) Исо ибн Марям; 2) Ҳазрат Журайж (замонидаги бир гўдак). Журайж обид киши эди. Ва ибодат қиладиган кулбаси бор эди. Бир куни ўша ерда намоз ўқиётганида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Онаси эса орқасига қайтиб кетди. Эртаси кун онаси келганида Журайж яна намоз ўқиётган эди. Онаси: «Эй Журайж!» деб чақирди. Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Учинчи кун онаси келганида Журайж яна намоз ўқиётган эди. Онаси: «Эй Журайж!» деб чақирди. Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Шунда онаси: «Зинокор аёлнинг юзига боқмагунча ўлдирмагин» (яъни, ўлишдан олдин бир туҳматга гирифтор бўлмагунча ўлдирмагин), деб дуоибад қилди. Бани Исроил қавмидагилар Журайж ва унинг ибодатини эслашди. Ва суюқоёқ бир аёл бор эди. Унинг гўзаллиги зарбулмасал қилинар эди. Бу аёл: «Агар хоҳласангизлар, Журайжга фитна ишлатаман», деди. Ва ўзини Журайжга намойиш қилди. Лекин Журайж у аёлга нигоҳини ташлаб ҳам қўймади. Кейин у хотин Журайжнинг ибодат қиладиган кулбасига бориб турадиган бир чўпонни илинтириб, у билан ношаръий алоқада бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолди. Қачонки, унинг боласи туғилганида «Мана шу гўдак Журайжнинг пушти камаридан бўлган», деди. Кишилар Журайжнинг ҳузурига бориб, уни кулбасидан туширдилар-да, ибодатхонасини бузиб ташлаб, Журайжни дўппослаб кетишди. Журайж: «Нимага бундай қиляпсизлар?» деди. Кишилар: «Сен мана бу бузуқ аёл билан зино қилибсан. Ва оқибатда сендан мана бу болани орттирибди», дейишди. Журайж: «Гўдак қаерда?» деди. Бас, улар болани олиб келишди. Журайж: «Мени ҳоли қолдиринглар, намоз ўқиб олай», деди. Қачонки, намозни ўқиб тугатганидан кейин гўдакнинг олдига борди-да, қорнига бармоғи билан уриб: «Эй болакай, отанг ким?» деди. Шунда бола тилга кириб, фалончи чўпон, деди. Кишилар Журайжга юзланиб, уни ўпиб, қўлларини баданига суртишди. Ва: «Сенга тиллодан ибодат қиладиган кулба қуриб берамиз», дейишди. Журайж: «Йўқ! Аввал қандай бўлса, ўшандай қилиб лойдан қуриб беринглар», деди. Улар қуриб беришди.

 3) Бир гўдак эди. У онасини эмиб кетаётган эди. Ногаҳон олдиларидан чопқир, гавдали ва чиройли уловга миниб кетаётган бир киши ўтиб кетди. Шунда онаси: «Аллоҳим, ўғлимни ҳам бу кишига ўхшаш қилгин», деди. Бу сўзларни эшитган гўдак кўкрак эмишни тўхтатди-да, у кишига юзланиб назарини қаратди. Ва: «Аллоҳим, мени у кишига ўхшаш қилмагин», деди-да, кўкрагига қайтиб, яна эма бошлади. (Абу Ҳурайра р.а.: «Ўшанда жаноб Расулуллоҳнинг бола онаси кўкрагини қандай эмганини тушунтириш учун ўз бармоқларини сўриб кўрсатганлари ҳамон кўз олдимда», дедилар.) Сўнгра она-бола бир чўри олдидан ўтиб қолишди. Кишилар зино қилдинг, ўғирладинг, деб уни уришаётган эди. У чўри эса: «Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил», яъни «Аллоҳ менга кифоячидир. У мунча ҳам яхши вакил», дер эди. Боланинг онаси: «Аллоҳим, ўғлимни бу чўрига ўхшаш қилмагин», деган эди, бола яна эмишни тўхтатди-да, у чўрига қараб «Аллоҳим, мени шу чўри каби қилгин», деди. Она-бола мана шу ерда савол-жавоб қилишди. Она: «Чиройли, ҳайъатли киши ўтиб кетди. Мен: «Аллоҳим, ўғлимни бу киши каби қилгин», десам, сен: «Аллоҳим, мени у киши каби қилмагин», дединг. Чўри олдидан ўтаётганимизда кишилар уни зино қилдинг, ўғирладинг, деб айтиб дўппослашаётганида, мен: «Аллоҳим, ўғлимни у каби қилмагин», десам, сен: «Аллоҳим, мени у каби қилгин», деб айтдинг», деганида, боласи: «Бу уловдаги киши золимдир. Шунинг учун «Аллоҳим, мени бу киши каби қилмагин», дедим. Ана бу чўрини ўғирлик қилдинг, дейишаётган эди. Аслида, у ўғри эмас эди. Зино қилдинг, дейишаётган эди. Аслида, зино қилмаган эди. Мен: «У чўри каби ўғирлик, зино қилмайдиганлардан қилгин», дедим», деб айтди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио