Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

27-БОБ.Мусулмонларнинг ҳурматларини улуғлаш ва уларнинг ҳақларини баён этиш ҳамда уларга раҳм-шафқат қилиш баёнида

Аллоҳ таоло:

 

«Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж сураси, 30-оят);

 

«Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж сураси, 32-оят);

 

«Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг)» (Ҳижр сураси, 88-оят);

 

«Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида сураси, 32-оят), деб айтган.

 

223/1. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин мўмин учун худди иморатдаги бир-бирига суяниб мустаҳкам турган (устунлар)га ўхшайди», деб бармоқларини бир-бирига киргиздилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

224/2. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бизларнинг масжидларимиз ёки бозорларимиздан ўтиб кетаётганида, у билан бирга (ўқдонида) ўқ бўлса, уни маҳкамлаб ушласин ёки (қилич, ханжар) тиғини кафти ила ушлаб юрсин. Зеро, у сабабидан мусулмонлардан бирортасига озор етмасин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

225/3. Нўъмон ибн Баширдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари ва меҳрибонликлари худди жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа (аъзолари) безовталаниб, иситмага мубтало бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

226/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида шу пайт Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унга қарата: «Ким раҳм қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳм қилинмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

227/5. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Аъробийлардан бир неча киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Сизлар ёш гўдакларингизни ўпасизларми?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа», дедилар. Аъробийлар: «Лекин Аллоҳга қасамки, биз уларни ўпмаймиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ қалбларингиздан раҳматни тортиб олса, мен ўрнига солиб қўя олармидим?!», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

228/6. Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

229/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар сизлардан бирингиз кишиларга имом бўлиб намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки уларнинг орасида заифлар, беморлар ва кекса ёшдагилар бордир. Агар ўзи учун (танҳо) ўқиса, хоҳлаганича узун қилаверсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда «Уларнинг ичида ҳожатмандлари бордир» бўлиб келган.

 

230/8. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  баъзи амалларни бажаришни яхши кўрсалар ҳам, уни тарк қилардилар. Чунки халқ ўша нарсага амал қила бошласа, уларга фарз бўлиб қолишидан хавф қилардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

231/9. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобаларга раҳм қилиб, рўзани бир-бирига боғлашдан (яъни, икки рўзанинг ўртасида ифторлик қилмасликдан) ман қилдилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз боғлайсиз-ку?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен кўринишда сизлар каби эмасман. Ётганимда Раббим мени овқат ҳамда ичимлик билан таъминлайди» (яъни, еган ва ичганнинг қувватини менда ҳосил қилади), дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

232/10. Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Намозга туриб узун қилишни хоҳлайман-да, гўдакнинг йиғиси овозини эшитиб, онасига машаққат бўлмаслиги учун намозимни енгил (қисқа) қиламан», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

233/11. Жундуб ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонидадир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин. Чунки Аллоҳ кимни аҳдини зое қилган ҳолда топса, уни юзи ила жаҳаннам оловига ташлайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари. (Яъни, субҳи намозини ва қолганларини ҳам ўқиган кишига ёмонлик қилишдан огоҳлантириляпти.)

 

234/12. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Кимки мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло Қиёмат ғам-ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг ҳам (айбини) беркитади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

235/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, ёлғон сўзламайди ва ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон обрўсига, молига, қонига тажовуз қилиши ҳаромдир. Тақво бу ерда (яъни, қалбда). Мусулмон биродарини ҳақир ҳисобламоғи кишининг ёмон шахс эканлигига кифоя қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

236/14. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир-бирларингизга ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни, сотиб олиш нияти йўқ, лекин баҳоси ошиши учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда», деб қалбларига уч марта ишора қилдилар. Яна: «Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмон эканига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

237/15. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун яхши кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.    

 

238/16. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хоҳ золим, хоҳ мазлум бўлсин, биродарингга ёрдам бер», деганларида, бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, мазлумга-ку ёрдам бераман, золимга қандай қилиб ёрдам бераман?» деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Зулмдан уни тўхтатсанг, ана ўша ёрдамдир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

239/17. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мусулмоннинг бошқа бир мусулмон устида бешта ҳаққи бордир: 1. Саломига алик олиш. 2. Касал бўлса, бориб кўриш. 3. Ўлса, жанозасига қатнашиш. 4. Таом ёки бирор нарсага чақирса, бориш. 5. Акса уриб «Алҳамдулиллаҳ», деса, «Ярҳамукаллоҳ», деб жавоб бериш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича келтирилади: «Мусулмоннинг бошқа бир мусулмон устида олтита ҳаққи бордир: 1. Агар йўлиқса, салом беради. 2. Агар (таом ёки бошқа нарсага) чақирса, боради. 3. Агар насиҳат талаб қилса, у учун насиҳат қилади. 4. Агар акса уриб «Алҳамдулиллаҳ», деса, «Ярҳамукаллоҳ», дейди. 5. Агар касал бўлса, бориб зиёрат қилади. 6. Агар ўлса, жанозасида иштирок этади».

 

240/18. Абу Умора Баро ибн Озибдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтардилар. Буюрганлари: 1) касални зиёрат қилиш; 2) жанозада иштирок этиш; 3) акса уриб «Алҳамдулиллаҳ», деса, «Ярҳамукаллоҳ», деб жавоб бериш; 4) қасамни бажариш; 5) мазлумга ёрдам бериш; 6) (таом ёки бошқа нарсага) чақирувчига жавоб бериш; 7) саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйиш.

Қайтарганлари: 1) тилла узук тақмоқ; 2) кумуш идишда ичмоқ; 3) туя эгарларига кимхоб ёки ипакдан тўшамоқ; 4) ипак ва каноп аралаштирилган либосни киймоқ; 5) ипакни киймоқ; 6) қалин ипакни киймоқ; 7) юпқа ипакни киймоқ». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда аввалги етти нарса қаторига «Йўқолган нарсани топганда билдириш» жумласи ҳам қўшилган.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио