Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

26-БОБ.Зулм қилиш ҳаромлиги ҳамда ҳақни ҳақдорга қайтаришга буйруқ

Аллоҳ таоло:

 

«Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (ўофир сураси, 18-оят);

 

«Золимлар учун бирон ёрдамчи йўқдир» (Ҳаж сураси, 71-оят), деб айтган.

Бу мавзуимизга 11-бобдаги Абу Зардан р.а. ривоят қилинган 111-рақамли ҳадис ҳам далил бўлади.

 

204/1. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Зулмдан четланинглар. Чунки у Қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки у сизлардан аввалги умматларнинг ҳалокатга учрашига ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

205/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қиёмат куни бўлганида ҳақлар ўз эгасига қайтарилади (яъни, золимдан мазлумнинг ҳаққи олиб берилади). Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйнинг қасоси олиб берилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

206/3. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. «Бизлар видолашув ҳажи нима эканини билмасдан, у ҳақда гаплашиб турганимизда, Расулуллоҳ  с.а.в.  бизнинг олдимизда эдилар. Бу зот Аллоҳга ҳамд ва сано айтиб, кейин Масиҳ уд-Дажжолни муболаға ила зикр қилдилар. Ва: «Аллоҳ бирор пайғамбар юборадиган бўлса, албатта бу пайғамбар ўз умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарлар ҳам ундан огоҳлантиришган. Агар Дажжол чиқадиган бўлса, унинг баъзи ҳолатлари махфий бўлиши мумкин. Аммо бу ҳақиқат сизлардан махфий эмаски, албатта Раббингиз бир кўзли эмас. Лекин Дажжол бир кўзли бўлиб, ўнг кўзи кўрмайди. Гўёки унинг кўзи сувда қалқиб турган узумга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бу кун ва бу ойингизда (қон тўкишни) ҳаром қилгани каби қонларингиз ва молларингизга тажовуз қилишни ҳам ҳаром қилди. Огоҳ бўлинглар. Омонатни сизларга етказдимми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳим, гувоҳ бўл», деб уч марта айтдилар. Ва яна у зот: «Сизларнинг ҳолингизга вой бўлсин. Яна сизлар мендан кейин кофир бўлиб, бир-бирингизнинг гарданингизга (қилич) уриб юрманглар», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари. Баъзи лафзлар Имом Муслимники.

 

207/4. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бир қарич ерга эгалик қилиш билан зулм қилса, етти (қават) ер бўйнига ўраб қўйилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

208/5. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло золимга (зулмдан тўхташи учун) муҳлат беради. Агар энди жазолайдиган бўлса, уни жазодан халос этмайди», деб қуйидаги оятни ўқидилар:

«Парвардигорингиз (аҳли) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд сураси, 102-оят). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

209/6. Муоздан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  мени бир жойга юбораётиб: «Сен аҳли китоб бўлган қавмнинг ҳузурига кетяпсан. Агар борсанг, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ» шаҳодатига чақир. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиргин. Агар бунга ҳам итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиб, камбағалларига бериладиган садақани фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, закот олаётганингда уларнинг яхши молларини танлаб олишдан сақлангин. Ҳамда мазлумнинг дуосидан қўрққин. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида парда бўлмайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

210/7. Абу Ҳумайд Абдураҳмон ибн Саъд ас-Соъидийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Азд қабиласидан бўлган Ибн Лутбиййа исмли бир кишини садақаларни йиғиб келиш учун бошлиқ қилиб тайинладилар. Бу киши қайтиб келиб: «Бу сизларга аталган садақадир. Мана буниси эса менга ҳадя қилинди», деди. Буни эшитган Расулуллоҳ  с.а.в.  минбарга чиқиб Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнгра: «Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ мени бошлиқ қилган нарсага тайинласам, у киши келиб: «Бу сизларга, мана буниси менга ҳадя қилинди», деб айтяпти. Агар ростгўй бўлса, ота-онасининг уйида ўтирсин-чи, ҳадя келармикин?! Аллоҳга қасамки, бирортангиз бирор нарсани ноҳақ олмасин. Агар оладиган бўлса, Қиёмат куни ўша нарсани кўтарган ҳолда Аллоҳ таолога йўлиқади. Яна сизларни бақираётган туяни ёки бўкираётган молни ёки маъраётган қўйни кўтариб Аллоҳга йўлиқаётганингизда кўрмайин», деб қўлларини кўтарган эдилар, қўлтиқларининг оқи кўриниб кетди. Ва яна: «Аллоҳим, етказдимми?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

211/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки биродарининг обрўси ёки бошқа бирор нарсасига зулм қилса, динор ва дирҳамлар (фойда) бўлмайдиган Кун келишидан олдин мана шу кунда рози қилсин. (Агар бундай қилмайдиган бўлса, Қиёмат куни) золимнинг яхши амали бўлса, зулмининг миқдорича мазлумга олиб берилади. Агар яхшилиги бўлмаса, мазлумнинг ёмонлигидан олиб, золимга юкланади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

212/9. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қўлидан ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган киши мусулмон, деб айтилади. Аллоҳ ман қилган нарсадан четланган киши муҳожир, деб айтилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

213/10. Ва яна ўша зотдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. нинг юкларини кўтариб юрувчи Киркира исмли бир киши вафот этганида Расулуллоҳ  с.а.в. : «У дўзахдадир», дедилар. Саҳобалар (у вафот этганида) олдига боришса, унда ўлжа тақсимланмасидан олдин ўғирлаб олинган бир кийимни кўришди. Имом Бухорий ривоятлари.

214/11. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта йил Аллоҳ ер ва осмонларни яратган кундаги шаклидек айланиб турибди. Бир йил ўн икки ойдир. Ундан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойдир. Улар Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам, Ражаб ойларидир. Буларнинг учтаси кетма-кет келиб, тўртинчиси Жумодиссоний билан Шаъбон орасида келувчи Ражаби-Музар ойидир», деб сўнгра: «Ҳозир қайси ой?» дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедик. Расулуллоҳ  с.а.в.  сукут қилиб, жим бўлиб қолдилар. Ҳаттоки, биз у зот уни ўзининг исмидан бошқаси ила номласалар керак, деб ўйладик. «Ҳозир Зулҳижжа ойи эмасми?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу қайси шаҳар?» дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедик. Расулуллоҳ  с.а.в.  сукут қилиб, жим бўлиб қолдилар. Ҳаттоки, биз у зот уни ўзининг исмидан бошқаси ила номласалар керак, деб ўйладик. «Бу Балад ул-ҳаром (Макка) шаҳри эмасми?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу қайси кун?» дедилар. Биз: «Аллоҳ ва расули билувчироқ», дедик. Расулуллоҳ  с.а.в.  сукут қилиб, жим бўлиб қолдилар. Ҳаттоки, биз у зот уни ўзининг исмидан бошқаси ила номласалар керак, деб ўйладик. «Бу кун Қурбонлик куни эмасми?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу кун, бу шаҳар ва бу ойда (қон тўкишни) ҳаром қилгани каби қонларингиз ва молларингиз ҳамда обрўларингизга тажовуз қилишни ҳаром қилди. Сизлар тез кунда Раббингизга йўлиқиб, (бу дунёда) қилган амалларингиз ҳақида сўраласиз. Огоҳ бўлинглар, яна мендан кейин баъзиларингиз баъзиларингизнинг гарданига (қилич билан) уриб кофир бўлиб кетмасин. Огоҳ бўлинглар! Бу жойда ҳозир бўлганлар бўлмаганларга бу сўзларимни етказсин. Шоядки, етказилган кишилардан баъзилари ўзлари эшитган кишиларидан кўра хотирасида сақловчироқдир», деб, сўнгра: «Етказдимми?» дегандилар, биз: «Ҳа, етказдингиз», дедик. Шунда у зот: «Аллоҳ, Ўзинг гувоҳ бўл», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

215/12. Абу Умома Иёс ибн Саълаба ал-Ҳорисийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки мусулмон кишининг ҳаққини қасам ичиб еб кетса, Аллоҳ таоло унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилади», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, озгина нарса бўлса ҳамми?» деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар (мисвок учун ишлатиладиган) арок дарахтининг шохи бўлса ҳам», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

216/13. Адий ибн Умайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бирор ишга бошлиқ бўлса-да, у киши нинадек ёки каттароқ нарсани яширса, ўша олган нарсаси билан Қиёмат куни келади», деганларида, ансорийлардан бўлган бир қора киши ўрнидан туриб: «Гўёки уни кўриб тургандайман, эй Аллоҳнинг расули, мендан истеъфоимни қабул қилиб олинг», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сенга нима бўлди?» дегандилар, у киши: «Сизнинг ундай ва бундай деб айтганингизни эшитдим-ку ахир», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳозир яна қайтариб айтаман. Кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, ози ва кўпини (яширмай) олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.    

 

217/14. Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. Хайбар уруши бўлган куни Расулуллоҳ  с.а.в. нинг саҳобаларидан бир неча нафари «Фалончи шаҳид ва пистончи ҳам шаҳид», деб бир кишининг олдидан ўтаётиб: «Бу фалончи ҳам шаҳиддир», дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Йўқ! Бундай эмас. Чунки ўлжа тақсимланмасидан олдин бир тўн ёки бир кийимни яширгани сабабли уни дўзахда кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

218/15. Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобалар орасида туриб, Аллоҳга имон келтириш ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш амалларнинг энг афзали эканини айтганларида, бир киши ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг расули, агар Аллоҳнинг йўлида урушсам, хатоларим ўчириб юбориладими?» деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа, агар сабр қилиб, савоб умидида олға юриб, орқага чекинмасдан Аллоҳ йўлида урушадиган бўлсанг», дея туриб: «Нима деб айтдинг?» дедилар. Ҳалиги киши яна: «Агар Аллоҳнинг йўлида уруш қилсам, хатоларим ўчириб юбориладими?» деб айтган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа, агар сабр қилиб, савоб умидида олға юриб, орқага чекинмасдан урушсанг, қарзингдан ташқари барча хатоларинг ўчирилади. Чунки Жаброил алайҳиссалом менга мана шундай хабар берганлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

219/16. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Синган киши кимлигини биласизларми?» деганларида, саҳобалар: «Биздаги синган киши тушунчаси пули ва матоси йўқ кимсадир», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менинг умматимдаги синган киши Қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади-да, лекин уни сўккан, буни зинода айблаган, бировнинг молини еган, қонини тўккан ҳамда ургани сабабли унга ва бунга (яъни, юқоридаги мазлумларнинг барчасига) яхшиликлари улашиб берилади. Агар яхшилиги зиммасидаги ҳақни адо қилмасдан олдин тугаб қолса, у ҳолда ҳақдорларнинг ёмонликларидан унинг устига ташлаб, сўнгра жаҳаннамга улоқтирилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

220/17. Умму Саламадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен ҳам бир инсондирман. Сизлар менинг ҳузуримга хусуматлашиб келасизлар. Балки баъзингиз баъзингиздан кўра сўзга усталиги сабаб ҳужжатини тушунарли қилиб кўрсатар. Мен эса қандай эшитган бўлсам, ўшанга қараб ҳукм қиламан. Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилсам, дўзахдан бир парчасини ҳукм қилган бўламан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

221/18. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин киши агар ноҳақ қон тўкмаса, динида кенг ҳолда яшашда бардавом бўлади», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

222/19. Ҳамзанинг р.а. хотинлари Хавла бинти Омир ал-Ансориййадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишилар Аллоҳнинг молида ноҳақ тасарруф қилишар экан, бас, уларга Қиёмат куни дўзах бўлади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио