Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

25-БОБ.Омонатни адо этишга буйруқ

Аллоҳ таоло:

 

«Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо сураси, 58-оят);

 

«Албатта Биз бу омонатни (яъни, Ислом шариатидаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга рўбарў қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди» (Аҳзоб сураси, 72-оят), деб айтган.

 

200/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мунофиқнинг аломати учтадир. Агар сўзласа, ёлғон гапиради. Агар ваъда берса, унга хилоф қилади. Агар омонат қўйилса, хиёнат қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, унинг мусулмон эканини гумон қилинса ҳам...» дейилган.

201/2. Ҳузайфа ибн Ямондан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  иккита гап айтдилар. Уларнинг бирини кўрдим. Иккинчисини (қачон бўлар экан, деб) кутиб турибман. Аввалгиси – имон кишилар қалбининг тубига тушади. Кейин Қуръон тушади. Улар Қуръон ва суннатни ўрганадилар. Иккинчиси – кишилардан имон кўтарилади. Одам бироз ухлаганида, унинг қалбидан имон кўтарилиб, озгина изи қолади, холос. Сўнгра яна бироз ухласа, унинг қалбидан имон кўтарилиб, унинг изи қавариб кетганга ўхшайди. Бунинг мисоли худди оёғингни чўққа солсанг, у шишиб кўтарилганини кўрасан-у, лекин унда бирор нарса бўлмаганга ўхшайди. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  оёқларига тошларни мисол учун ташладилар-да, сўнгра қуйидагиларни айтдилар: «Одамлар субҳда туриб, бир-бирлари билан олди-сотти қилишади. Ва омонатни адо қиладиган бирор киши топиша олмайди. Ҳаттоки, ишончли киши қолмаганидан аҳвол шу даражага етадики, фалон маҳаллада ишончли киши бор ёки фалон киши ақлли, ўткир фикрли, субутли, дейилади. Унинг қалбида эса хантал уруғи мисқолича ҳам имон йўқдир». Ҳузайфа: «Менинг устимга шундай замон келдики, мен ким билан олди-сотти қилсам, парво қилмас эдим. Агар мусулмон бўлса, менга хиёнат этишидан унинг дини тўсарди. Агар насроний ёки яҳудий бўлса, менга хиёнат қилишидан унинг бошлиғи тўсарди. Аммо бугунги кунда фалончи ва фалончидан ташқари бошқа ҳеч ким билан олди-сотти қила олмайман», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

202/3. Ҳузайфа ва Абу Ҳурайралардан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда кишиларни жамлайди. Мўминлар тик туришганида жаннат уларга яқинлаштирилади. Булар Одам алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Эй отажон, сиз бизларга жаннатни очдириб беринг», дейишади. Одам алайҳиссалом: «Ахир жаннатдан оталарингизни хатоси чиқариб юборди-ку! Мен бу мартабанинг аҳли эмасман. Сизлар ўғлим Иброҳим халилуллоҳ ҳузурига боринглар», деб айтадилар. Улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига бориб (юқоридаги таклифни айтишганида) бу зот: «Мен сизлар айтган нарсанинг аҳли эмасман. Менинг Аллоҳга халил (дўст) бўлишим воситачи (Жаброил) орқалидир. Сизлар Мусо алайҳиссалом ҳузурига боринглар. Чунки у зот Аллоҳ билан сўзлашгандирлар», дейдилар. Улар Мусо алайҳиссалом ҳузурларига бориб, (юқоридаги таклифни айтишганида) бу зот ҳам: «Мен сизлар айтган нарсанинг аҳли эмасман. Сизлар Аллоҳнинг калимаси ва руҳи Исо алайҳиссалом ҳузурига боринглар», дейдилар. Улар Исо алайҳиссалом ҳузурларига боришса, бу зот ҳам: «У нарсанинг аҳли эмасман», деганларидан кейин улар Менинг ҳузуримга боришади. Менга изн берилганида ўрнимдан тураман. Имон ва қариндошлик юборилади. Бу иккови Сирот кўпригининг икки томонида – ўнг ва чапида турғизилади. Кейин аввалги жамоатларингиз чақмоқ каби Сиротдан ўтишади», деганларида, мен: «Ота-онам фидо бўлсин, қайси нарса чақмоқ каби ўтади?» десам, у зот: «Кўрмайсизларми, қанчалик тез ўтиб, кўз очиб-юмгунича қайтиб келади», дедилар, сўнгра: «Шамол каби ўтади. Сўнгра қуш каби ўтади. Кўп кишиларни кўприкдан амаллари олиб ўтади. Набийларингиз эса Сирот кўприги устида туриб: «Эй Раббим, омонда қил, омонда қил», деб турадилар. Ҳатто, бандаларни амаллари кўприкдан олиб ўтишга ожиз бўлиб қоладиган даражага етади. Киши юриб ўтишга қурби етмай, судралиб ўтади. Кўприкнинг икки томонида тиконли илгич осилган бўлиб, буюрилган кишини илиб олишга амр қилингандир. Тирналанган киши омонда қолур. Илиниб қолган киши эса дўзахга равона бўлур», дедилар. Абу Ҳурайранинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, жаҳаннамнинг чуқурлиги етмиш йиллик йўлдир». Имом Муслим ривоятлари.

203/4. Абу Хубайб Абдуллоҳ ибн Зубайрдан р.а. ривоят қилинади. «Отам Зубайр ибн Аввом Жамал (воқеаси) куни тўхтаб мени чақирдилар. Мен ёнларига бориб турдим. «Эй ўғилчам, бугун золим ёки мазлумларгина ўлдирилур. Мен эса бугун мазлум ҳолдагина ўлдирилмоғимни афзал кўраман. Менинг энг катта ғамим қарзим устидадир. Сен қандай қарайсан? Қарзимиздан молимиз ортадими?» деб, сўнгра яна: «Эй ўғилчам, молимизни сотиб, қарзимизни узгин», дедилар. Ва учдан бир қисмини васият қилдилар. Яъни, (бош ўғиллари) Абдуллоҳнинг болаларига учдан бирини васият қилдилар. «Агар қарзни узганингдан кейин ортса, ана шундай қилгин», дедилар». Ҳишомнинг айтишларича, Абдуллоҳнинг фарзандлари, оталари Зубайрнинг болалари Ҳубайб, Аббодлар билан тенгқур эди. Ана шу пайтда Зубайрнинг тўққиз ўғил ва тўққиз қизлари бор эди. Абдуллоҳ айтдилар: «Отам менга қарзларини васият қилатуриб: «Эй ўғилчам, агар қарзни узишда ожиз бўлиб қолсанг, мавлоимдан ёрдам сўрагин», дедилар. Аллоҳга қасамки, отам мавлоим, дейиш билан нимани ирода қилганларини билмасдан: «Эй отажон! Мавлоингиз ким?» десам, отам: «У Аллоҳдир», дедилар. Мен, қачонки, қарзни узишда қийинчиликка йўлиқсам: «Эй Зубайрнинг мавлоси, унинг қарзидан нажот бергил», десам, бас, У зот унга нажот берар эди. Отам Зубайр ўша урушда ўлдирилдилар. Ва Мадинада бир дарахтзор ҳамда ўн бир ҳовли, Басрада икки ҳовли, Кўфада бир ҳовли, Мисрда ҳам бир ҳовлидан ташқари бирор динор ҳам ва дирҳам ҳам қолдирмадилар. Бу зотнинг қарздор бўлиб қолишларига сабаб кишилар бирор омонатни ҳузурларига олиб келишса, уни қарз шаклида қабул қилиб олардилар. «Агар омонат деб қабул қилсам, унинг (вақт ўтиши билан) ўз қийматини йўқотишидан қўрқаман», деб айтардилар. Зубайр р.а. бирор ерга волий бўлишга ёки солиқ йиғувчи бўлишга интилмадилар. Фақатгина Расулуллоҳ  с.а.в. , Умар, Усмонлар р.а. билан бирга ғазот қилишга ошиқар эдилар. Мен отамнинг барча қарзларини ҳисобласам, икки миллион икки юз минг бўлди. (Ўша кунларда) Ҳаким ибн Ҳизом йўлиқиб: «Эй жияним, акамнинг қарзи қанча экан?» деди. Мен уни яшириб (камайтирган ҳолда) «Юз минг», дедим. Шунда Ҳаким: «Аллоҳга қасамки, молларингиз бу миқдордаги қарзни қоплай олмайди», деди. Мен: «Икки миллион икки юз минг бўлса-чи?» десам, Ҳаким: «Бундай миқдордаги қарзни тўлай олмайсизлар. Агар тўлашда ожиз бўлиб қолсангиз, мендан ёрдам сўранглар», деди».

Зубайр (юқорида айтилган) дарахтзорни икки юз етмиш мингга сотиб олган эдилар. Абдуллоҳ эса уни бир миллион олти юз мингга сотиб юборди. Сўнгра Абдуллоҳ ўринларидан туриб, «Кимнинг отам Зубайрда ҳаққи бўлса, бизни дарахтзордан топсин», деб эълон қилди. (Биринчи бўлиб) Абдуллоҳ ибн Жаъфар келди. Зубайр ундан тўрт юз минг қарз эди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Абдуллоҳ ибн Зубайрга: «Агар хоҳласанг, қарзимдан кечаман», деганди, Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Йўқ», деди. У: «Агар истасангизлар, муҳлатини ўзларингиз хоҳлаганингизча узайтираман», деганида, Абдуллоҳ ибн Зубайр яна: «Йўқ», дедилар. Шунда у: «Ундай бўлса, дарахтзордан бир бўлак ер ажратиб беринглар», деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Манави ердан анави ергача сизники», деди. (Шу алфозда) Абдуллоҳ ибн Зубайр ўша дарахтзордан сотиб-сотиб, оталарининг қарзларини уза бошладилар. Ниҳоят, тўрт ярим улуш қолди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Зубайр Муовиянинг ҳузурига бордилар. У зотнинг ҳузурида Амр ибн Усмон, Мунзир ибн Зубайр ва Ибн Замъалар бор эди. Муовия Абдуллоҳ ибн Зубайрга: «Дарахтзорни қанчага нархладинг?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Ҳар бир улушини юз мингдан», деди. Муовия: «Неча улуш қолди?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Тўрт ярим улуш», деди. Шунда Мунзир ибн Зубайр: «Унинг бир улушини юз мингга олдим», деди. Амр ибн Усмон: «Мен ҳам бир улушини юз мингга олдим», деди. Ибн Замъа: «Мен ҳам бир улушини юз мингга олдим», деди. Муовия: «Қанчаси қолди?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Бир ярим улуш», деди. Муовия: «Ўша бир ярим улушни бир юз эллик мингга мен олдим», деди. (Шу билан дарахтзор бир миллион олти юз мингга сотилди. Лекин Зубайрнинг қарзларини тўла тўкис узиш учун яна олти юз минг етмас эди. Шу боисдан) Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳам ўз ҳиссаларини Муовияга олти юз мингга сотдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр оталарининг қарзларини узиб бўлганларидан кейин Зубайрнинг авлодлари келиб: «Энди бизларнинг меросимизни тақсим қилиб беринг», дейишди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Аллоҳга қасамки, мен тўрт йилгача (ҳаж мавсумида) «Кимнинг Зубайрда қарзи бўлса, келсин, биз уни берамиз», деб жарчи қўймагунимча, сизларга меросларингизни тақсим қилиб бермайман», дедилар. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳар йили халойиққа овоза қилдилар. (Ҳеч ким келмаганидан кейин) тўрт йил ўтгач, меросларни тақсимлаб бердилар. Лекин учдан бирини олиб қўйдилар. Зубайрнинг р.а. тўртта хотини бор эди. Ҳар бир хотинга бир миллион икки юз мингдан улуш тегди. Зубайрнинг барча мол-мулки эллик миллион икки юз минг эди. Имом Бухорий ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио