Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

23-БОБ.Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш баёни

Аллоҳ таоло:

 

«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят);

 

«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят);

 

«(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят);

 

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар» (Тавба сураси, 71-оят);

 

«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш» (Моида сураси, 78–79-оятлар);

 

«Айтинг, (Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 29-оят);

 

«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг» (Ҳижр сураси, 94-оят);

 

«Бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик» (Аъроф сураси, 165-оят), деб айтган.

185/1. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки ножўя, ярамас ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (учинчиси) имонларнинг заифидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

186/2. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мендан олдинги умматга Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни юборса, уммати ичида унинг издошлари ва асҳоблари бўлиб, унинг суннатига амал қилиб, буйруқларига бўйсунишар эди. Улардан кейин ўринбосарлар келиб, ўзлари қилмаган нарсани (халққа) сўзлаб ва буюрилмаган ишларни (ўзлари) қилар эди. Кимки уларга қўли билан жиҳод қилса, у мўминдир. Кимки уларга тили билан жиҳод қилса, у ҳам мўминдир. Кимки уларга қалби билан жиҳод қилса, у ҳам мўминдир. Лекин бу (учинчисининг) ортида хантал уруғича ҳам имон йўқдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари. 

 

187/3. Абулвалид Убода ибн Сомитдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. га осонлигу қийинчиликда, роҳатда-ю кулфатда, биздан бошқани ортиқ кўрилса ҳам, ишларни ўз аҳлига топшириб тортишмасликка байъат қилдик. Лекин Аллоҳ томонидан ва ўзингиз томондан унинг кофирлигига очиқ-ойдин ҳужжат борлиги кўрилса, ундай эмас. Ва яна маломатчининг маломатидан Аллоҳ йўлида қўрқмасдан қаерда бўлса ҳам, ҳақни айтишга ҳам байъат қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

188/4. Нўъмон ибн Баширдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) «Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик», дейишар ди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. (Агар киши ўзи солиҳ бўлиб, аҳли ва болалари ҳамда унга эргашувчилар шариатга хилоф ишни қилишса, барчалари Аллоҳнинг азобига баробар дохил бўлишади. Чунки кемага тушганнинг жони бир-да ... – тарж.)

 

189/5. Умму Салама Ҳинд бинти Абу Умаййа Ҳузайфадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларга амирлар бошлиқ қилинади. Сизлар уларнинг баъзи амалларини шариатга мувофиқ ва баъзисини мухолиф топасизлар. Кимки уларни ёмон кўрса, ўзини оқлабди. Кимки уларни инкор қилса, омонда бўлибди. Лекин кимки улар қилаётган ишларга рози бўлиб эргашса (гуноҳкор бўлибди)», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, ундай бўлса, улар билан урушайликми?» дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Йўқ, модомики, ораларингизда намозни қоим қилишар экан (урушманглар)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

(Яъни, кимки қалби билан кариҳ кўриб, қўли ва тили билан инкор қилишга қодир бўлмаса, гуноҳлардан ўзини оқлаб, вазифасини адо қилибди. Кимки тоқати етганича инкор қилса, бу гуноҳлардан омонда бўлибди. Энди кимки уларнинг амалларидан рози бўлиб, уларга эргашса, гуноҳкор бўлибди.)

 

190/6. Уммул Ҳикам Зайнаб бинти Жаҳшдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бу онамиз ҳузурларига қўрққан ва ташвишланган ҳолатда кириб келиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ (таажжубланилганда шундай дейилади), яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой. Бу кунда Яъжуж ва Маъжуж тўсиғидан мана шунча очилгандир», деб бош бармоқ билан унинг ёнидаги ишора бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Шунда бу онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули! Орамизда солиҳлар бўлса ҳам, (ана шу кунда) ҳалок бўламизми?» деганларида, у зот: «Ҳа, қачонки, ёмон ишлар кўпайиб кетса (яхшилар кўп бўлса ҳам, умумий ҳалокат юзага келади)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

191/7. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, бунинг чораси йўқдир. Чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар бунга кўнмасангизлар, ўтиринглар-у фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Йўлнинг ҳаққи нима?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

192/8. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бир кишининг қўлида тилладан бўлган узукни кўриб, уни ечиб олдилар-да, улоқтириб юбордилар. Ва: «Сизлардан бирингиз билиб туриб оловдан бўлган чўғни тақиб олади-я», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  кетганларидан кейин одамлар ҳалиги кишига: «Узугингни олиб, ундан бошқа йўл билан фойдалангин», дейишганида, бу киши: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ  с.а.в.  улоқтирган нарсани асло олмайман», деди.

 

193/9. Абу Саид Ҳасан ал-Басрийдан р.а. ривоят қилинади. Оиз ибн Амр р.а. Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳузурига кириб: «Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ  с.а.в. дан эшитганман. Албатта бошлиқларнинг ёмони қўл остидагиларга озор етказадиганидир. Сен ана шунақа бўлишдан четлангин», дедилар. У: «Ўтиргин, сен Муҳаммад алайҳиссаломнинг кичик (яъни, элакдан ўтказилмаган) саҳобаларидансан», деди. У зот эса: «Уларнинг кичиги бўлганми? (Саҳобаларнинг ҳаммалари соф бўлишган), балки улардан кейин ва бошқаларда кичиги, деган нарса пайдо бўлган», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

(Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин, уларнинг барчалари соф эдилар. Имом Ҳусаннинг қотиллари Убайдуллоҳ Ибн Зиёддек золимнинг олдида ҳам ҳақни гапиришдан ҳеч нарса тўхтата олмас эди... -Тарж.)

 

194/10. Ҳузайфадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар. Бундай қилмайдиган бўлсангизлар, Аллоҳ таоло сизларга бир балони юборади. Сўнгра дуо қилсангизлар, дуоларингиз қабул қилинмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

195/11. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жиҳодларнинг афзали золим подшоҳ ҳузурида айтилган одил (ҳақ) сўздир», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

196/12. Абу Абдуллоҳ Ториқ ибн Шиҳоб ал-Бужалий ал-Аҳмасийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  (отлари) узангига оёқларини қўйиб турганларида, бир киши (келиб): «Жиҳодларнинг қайси бири афзал?» деди. Шунда у зот: «Золим подшоҳ ҳузурида айтилган ҳақ сўз», дедилар. Насаий саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

 

197/13. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бани Исроилга путур етиб бузилишининг биринчи сабаби бир одам бошқа бир (ёмон) кишига йўлиқиб: «Эй одам! Аллоҳдан қўрқ! Бу қилаётган (ёмон) ишингни ташлагин. Чунки бу ҳалол эмасдир», дейди. Кейин эртасига яна йўлиқса, у ўша (ёмон) ҳолатида бўлади. Лекин у билан емоқ, ичмоқ ва ўтирмоқдан ўзини ман қилмас эди (яъни, муомала қилиб юраверар эди). Мана шундай қилиб юраверишганидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси-ҳаволари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга имон келтирганларида эди, уларни – кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир» (Моида сураси, 78–81-оятлар), деб айтган. Сизларда бундай бўлмасин, сизлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар. Ҳамда золимнинг қўлидан тутиб, уни ҳаққа эгиб туринглар ва ҳақнинг устида уларни маҳкам тўхтатиб туринглар. Агар шундай қилмасангизлар, Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига уриб, бир хил қилиб қўяди. Ва Бани Исроилни лаънатланганидек сизларни ҳам лаънатлайди», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

Бу ҳасан иснодли бўлиб, лафзи Абу Довудникидир. Термизийнинг ривоятлари лафзида қуйидагича келган: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бани Исроил гуноҳларга кўмилиб кетганида уламолари уларни гуноҳ қилишдан қайтарди. Лекин улар бундан ўзларини тўхтатишмади. Қавм тўхтамаганидан кейин уламолари ҳам улар билан бир мажлисда ўтириб, бирга овқатланиб, ичиб (алоқани узмасдан аралишиб) юраверишди. Аллоҳ таоло ҳам уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди, улар исён ва ҳаддан ошганликлари сабабли Довуд ва Исо ибн Марям пайғамбарлар тилидан уларни лаънатлади. Расулуллоҳ  с.а.в.  суяниб ўтирган ҳолда, йўқ, бундай бўлманг! Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, золимларни ҳаққа мойил қилиб, унга уларни маҳкам эгинглар», деб айтдилар».

 

198/14. Абу Бакр Сиддиқдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Эй инсонлар, сизлар қуйидаги оятни ўқиганмисизлар? «Эй мўминлар, ўзингизни билинг! (Яъни, гуноҳлардан сақланинг!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида сураси, 105-оят). Чунки мен Расулуллоҳ  с.а.в. нинг: «Албатта кишиларда золимликни кўрсанглар-у, унинг қўлидан тутиб, (бу ишидан қайтармасанглар) тез фурсатда Аллоҳ таоло барчаларингни умумий бир азобга гирифтор қилади», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио