Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

14-БОБ.Тоат-ибодатда ўрта ҳол бўлиш баёни

Аллоҳ таоло:

 

«Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун нозил қилмадик» (Тоҳа сураси, 2-оят);

 

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишни истамайди» (Бақара сураси, 185-оят), деб айтган.

 

142/1. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Оиша р.а. ҳузурларига кирсалар, бир хотин у ерда эди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу ким?» дедилар. Оиша р.а. бу фалончи хотин, деб унинг намозни кўп ўқишини зикр қилдилар. Расулуллоҳ: «Бас қил, тоқатинг етадиган нарсани лозим тут. Аллоҳга қасамки, улар малол кўришмагунча Аллоҳ малол кўрмайди. Аллоҳ таолога динда яхши амал қилувчи унда бардавом бўлганидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

143/2. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Уч нафар киши Расулуллоҳ  с.а.в. нинг хотинлари уйларига келиб, у зотнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Қачонки, ибодатлари ҳақида хабар берилганида, улар (ўзларининг амалларини) оз санаб: «Биз қаерда-ю у зот (қаердалар), ҳолбуки у зотнинг аввалги-ю кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса», деб улардан бири: «Мен ҳамиша кечаси намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод рўза тутиб, (кундузи) оғзимни очмайман», деди. Учинчиси: «Аёллардан четланиб, ҳечам уйланмайман», деб гапириб турганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  улар ҳузурига келиб: «Сизлар шундай-шундай, деб айтдингларми? Аллоҳга қасамки, барчаларингизга нисбатан Аллоҳдан қўрқувчи ва тақво қилувчингизман. Лекин (гоҳида) рўза тутаман ва (гоҳида) оғзим очиқ бўлади. (Гоҳида) намоз ўқийман ва гоҳида ухлайман. Ва хотинларга уйланаман ҳам. Кимки суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

144/3. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ноўрин қаттиқлик қилиб, чуқур кетувчилар ҳалок бўлишди», деб уч марта айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

145/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта дин осондир. Бирор киши дин билан тортишса (йўллари кўп бўлгани сабабли), уни енгиб қўяди. Бас, шундай экан, ўрта ҳол бўлган тўғри йўлни лозим тутиб, мўътадилига яқин бўлинглар. Ибодатнинг бардавом бўлиши учун кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирида (ёрдам сўранглар)», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида: «Тўғри йўлни лозим тутиб, мўътадилига яқин бўлинглар. Кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирида сайр қилиб юринглар, мўътадиллик билан мақсадларингизга етасизлар», дейилган.

(Ҳадисдаги «... Кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирги қисмида сайр қилиб юринглар»нинг маъноси худди билимдон, малакали мусофир мана шу зикр қилинган пайтларда юриб, бошқа вақтда ўзи ҳам, улови ҳам дам олиб, қийинчиликсиз мақсад қилган жойига етиб олгани каби сизлар ҳам қалбларингиз турли нарсалардан фориғ бўлиб, фаол бўлиб, ибодатдан лаззат олиб, малол кўрмайдиган мана шу вақтларда Аллоҳдан тоатга ёрдам талаб қилсангиз, мақсадларингизга етасизлар, деганидир.)

 

146/5. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  масжидга кирсалар, икки устун орасида чўзиб қўйилган ип турибди. Шунда у зот: «Бу қандай ип?» дедилар. Улар: «Зайнабга р.а. тегишли ипдир. Агар унда (намозга туришда) дангасалик пайдо бўлса, ипга осилади», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу ипни ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз фаоллиги пайтида намоз ўқисин. Агар дангасалик пайдо бўлса, ором олсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

147/6. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан бирингиз намоз ўқиётган пайтда уйқуси келиб мудроқ босса, токи уйқуси кетгунича ором олсин. Чунки мудроқлик пайтида намоз ўқиса, истиғфор айтяптими, (дуоибад қилиб) ўзини сўкяптими, билмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

148/7. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Самурадан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  билан намоз ўқир эдим. У зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ўртача бўлар эди (яъни, узун ҳам эмас ва қисқа ҳам эмас)». Имом Муслим ривоятлари.

 

149/8. Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Салмон р.а. билан Абу Дардони р.а. бир-бирларига биродар қилиб қўйдилар. Салмон р.а. Абу Дардонинг р.а. зиёратларига келиб, (у зотнинг хотинлари) Умму Дардони иш кийимида кўрдилар. Салмон: «Сенга нима бўлди?» деганларида, Умму Дардо: «Биродаринг Абу Дардонинг дунё билан иши бўлмай қолган», деди. Абу Дардо р.а. келиб, Салмонга таом ҳозирладилар. Ва: «Таомдан егин, мен рўзадорман», дедилар. Салмон: «Сен бундан емагунингча мен ҳам емайман», деганларида, Абу Дардо ундан едилар. Қачонки, кечаси бўлганида Абу Дардо (намоз ўқиш учун) ўринларидан турдилар. Салмон р.а. у кишига: «Ўтиб ухлагин», дедилар. Абу Дардо ухладилар. Сўнгра яна (намоз ўқиш учун) Абу Дардо р.а. ўринларидан турдилар. Салмон р.а. ухлагин, дедилар. Кечанинг охири бўлганида Салмон р.а.: «Энди тургин», дедилар. Бас, икковлари бир бўлиб намоз ўқишди. Салмон р.а. Абу Дардога: «Албатта сенинг устингда Раббингнинг ҳамда нафсинг ва аҳлингнинг ҳаққи бордир. Сен барчасининг эгасига ўз ҳаққини бергин-да», дедилар. Абу Дардо Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган нарсаларни зикр қилганларида, у зот: «Салмон тўғри айтибди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

150/9. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. «Менинг «Ҳаётимнинг ҳаммасида кундузи рўза тутиб, кечаси қоим бўламан», деб айтган сўзим Расулуллоҳ  с.а.в. га етказилибди. Шунда у зот: «Сен (ҳақиқатда) мана шу гапларни айтдингми?» дедилар. Мен: «Ота-онам сизга фидо, эй Расулуллоҳ, ҳақиқатда бу сўзларни айтдим», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сен буларни қилишга қодир эмассан. Рўза тутгин, оғзингни ҳам очгин. Ухлагин, қоим ҳам бўлгин. Бир ойда уч кун рўза ҳам тутгин. Чунки битта яхшиликка ўн баробар савоб берилур. Сен бу билан замоннинг барчасида рўза тутган бўласан», дедилар. Мен: «Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан», десам, у зот: «Ундай бўлса, бир кун рўза тутиб, икки кун оғзинг очиқ бўлсин», дедилар. Мен: «Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан», десам, у зот: «Ундай бўлса, бир кун рўза тутиб, бир кун оғзинг очиқ бўлсин. Мана шу рўзаларнинг энг тўғриси бўлган Довуд алайҳисаломнинг рўзаларидир», дедилар. (Бошқа бир ривоятда: «У (Довуднинг рўзалари) рўзаларнинг афзалидир», дейилган.) Мен: «Бундан афзалига ҳам тоқат қила оламан», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бундан афзали йўқдир», дедилар. У зот айтган уч кунни қабул қилганим менга аҳли ва молимдан яхшироқдир».

Яна бир бошқа ривоятда қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менга етказилишича, сен: «Кундузи рўза ва кечаси (намоз билан) қоим бўламан», дебсан», деганларида, «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули, шундай»,  дедим. У зот: «Бундай қилмагин. Рўза ҳам тут, оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Ухлагин ҳам, намоз билан қоим ҳам бўл. Чунки жасадингнинг, кўзингнинг, хотинингнинг ҳамда меҳмонларингнинг сенинг устингда ҳаққи бордир. Албатта ҳар ойда уч кун рўза тутишинг сенга кифоя қилади. Чунки ҳар бир яхшилик ўн баробар қилиб берилади. Бу билан (яъни, ҳар ойда уч кун рўза тутишинг билан) умрингнинг ҳаммасида рўза тутган бўласан», дедилар. Мен қаттиқроқ бўлишини хоҳлагандим, бас, менга кучайтирилди. Мен: «Қувватим етарли бор», дедим. У зот: «Аллоҳнинг пайғамбари Довуднинг рўзасидек рўза тутгин. Бундан зиёда қилмагин», деганларида, мен: «Довуднинг рўзалари қанақа эди?» десам, у зот: «Умрнинг ярмидаги (рўза)», деб айтдилар», дедилар Абдуллоҳ. Абдуллоҳнинг р.а. ёшлари улғайгач: «Кошкийди, мен Расулуллоҳ  с.а.в. нинг рухсатларини қабул қилган бўлсам эди», дедилар.

Яна бир бошқа ривоятда мана бундай дейилади: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менга етказилишича, сен умрингнинг ҳаммасида рўза тутиб, ҳар кеча Қуръон ўқирмишсан?» деганларида, мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули! Бу билан мен фақат яхшиликни хоҳлайман», дедим. Шунда у зот: «Сен Аллоҳнинг пайғамбари Довуднинг рўзаси каби рўза тутгин. Чунки у инсонларнинг энг ибодат қилувчиси эди. Ва Қуръонни ҳар ойда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар йигирма кунда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар ўн кунда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар етти кунда (хатм қилиб) ўқигин, бунга зиёда қилмагин», дедилар. Мен қаттиқроқ бўлишини хоҳлаган эдим, бас, менга кучайтирилди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сен билмайсан, балки умринг узун бўлар», деб менга айтдилар. Мен у зот айтган ёшга етиб улғайгач: «Кошкийди, Расулуллоҳ  с.а.в.  рухсатларини қабул қилган бўлсам эди», деб айтдим».

Яна бир бошқа ривоятда: «Болаларингнинг сенинг устингда ҳаққи бордир», дейилган.

Яна бир бошқа ривоятда: «Расулулллоҳ  с.а.в. : «Ким умр бўйи рўза тутса, рўзаси йўқдир», деб уч марта айтдилар», дейилган.

Яна бир бошқа ривоятда: «Аллоҳ таолога рўзаларнинг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир. Аллоҳ таолога намозларнинг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг намозларидир. Кечанинг ярмида ухлаб, учдан бирида туриб, ибодат ила машғул бўлиб, олтидан бирида яна ухлардилар. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғизлари очиқ бўлар эди. Агар душманга йўлиқсалар, қочмас эдилар», дейилган.

Яна бир бошқа ривоятда қуйидагича келтирилади: «Абдуллоҳ р.а. «Отам мени обрўли бир кишининг қизига уйлантириб қўйдилар. Отам келинидан ҳол-аҳвол ва менинг муомалам ҳақида ҳам сўрадилар. Келин: «(Ўғлингиз) одамларнинг энг яхшиси эканлар-у, аммо келганимдан бери кўрпани босмас ва пардани изламас эканлар (яъни, шаръий қовушишдан ўзларини тияр эканлар)», деди. Бу ҳолат узайиб кетганида, унинг отаси Расулуллоҳ  с.а.в. га зикр қилди. У зот: «Абдуллоҳни менга йўлиқтиринглар», дедилар. Мен у зотга бу сўзлардан кейин учрашдим. У зот: «Қандай рўза тутасан?» дедилар. Мен: «Ҳар куни», дедим. «Қандай хатм қиласан?» дедилар. Мен: «Ҳар кечада», дедим ...» дедилар. Кейин юқоридаги (рўзанинг ҳамда хатмнинг афзалликларини) зикр қилдилар. Абдуллоҳ р.а. кечқурун енгил бўлиши учун ўқийдиган еттидан бир Қуръонларини кундузи уйдагиларга ўқиб берардилар. Агар қувватли бўлишни хоҳласалар, баъзи кунларда оғизларини очиб (қазо қилиб), уни ҳисоблаб қўярдилар, худди ўшани кейин Расулуллоҳга айтган нарсаларидан фарқланиб қолишини кариҳ кўрганлари учун қазосини тутардилар.

Буларнинг ҳаммаси саҳиҳ бўлиб, аксарияти икки «Саҳиҳ» китобида, озроғи иккисининг бирида келтирилган.

 

151/10. Абу Рибъий Ҳанзала ибн Рабийъ ал-Усаййидийдан р.а. ривоят қилинади (бу зот Расулуллоҳ  с.а.в. нинг котибларидан бири эдилар): «Абу Бакр р.а. менга йўлиқиб: «Эй Ҳанзала, аҳволинг қандай?» дедилар. Мен: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ, нима деяпсан?» деб айтдилар. Мен: «Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида бўлганимизда бизга жаннат ва дўзахни эслатсалар, гўёки кўз билан кўргандек бўламиз. Агар у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, хотинларимиз, болаларимиз ва рўзғорларимизга машғул бўлсак, (муҳим гапларнинг) кўпини унутамиз», дедим. Абу Бакр р.а.: «Биз ҳам шу нарсага мубталомиз», дедилар. Бас, Абу Бакр ва мен йўлга равона бўлиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кирдик. «Эй Аллоҳнинг расули! Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу нима деганинг?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули! Сизнинг ҳузурингизда эканимизда бизга жаннат ва дўзахни эслатсангиз, гўёки кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Агар сизнинг ҳузурингиздан чиқиб, хотинларимиз, болаларимиз ва рўзғорларимизга машғул бўлсак, (муҳим гапларнинг) кўпини унутамиз», дедим. Шунда у зот: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг ҳузуримдаги нарсада ва Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлсангизлар, фаришталар сизлар билан тўшагингиз ва йўлларингизда қўл бериб сўрашиб, салом-алик қилишади. Лекин, эй Ҳанзала, гоҳи пайт ундай ва гоҳи пайт бундай», деб уч марта айтдилар (яъни, бир пайт ибодат қилиш ва бошқа бир пайт фоний дунёда инсон муҳтож бўладиган рўзғор ишларига машғул бўлишидир)». Имом Муслим ривоятлари.

 

152/11. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  хутба қилиб турувдилар, бир тик турган кишига (кўзлари тушиб) у ҳақда сўрадилар. Улар: «Бу Абу Исроил деган киши бўлиб, қуёшда туриб сояланмасликка, ўтирмасликка, гапирмасликка ва рўза тутишликка назр қилган», дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Унга буюринглар, гапирсин, соялансин, ўтирсин ҳамда рўзасини тамомласин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио