Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

13-БОБ. Яхшиликнинг йўллари кўп эканлиги баёни

Аллоҳ таоло:

 

«Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир» (Бақара сураси, 215-оят);

 

«Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади» (Бақара сураси, 197-оят);

 

«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур» (Залзала сураси, 7-оят);

 

«Ким бирон яхшилик қилса,  бас, ўзи учун (яъни, ўз фойдасига қилган) бўлур» (Жосия сураси, 15-оят) деб айтган.

 

117/1. Абу Зарр Жундуб ибн Жунодадан р.а. ривоят қилинади. «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал афзал?» десам, у зот: «Аллоҳга имон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Қайси қулни озод қилиш яхшироқ?» десам, у зот: «Эгалари ҳузурида яхшироғи ва нархи қиммат бўлганини», дедилар. «Агар буларни қила олмасам-чи?» десам, у зот: «Ҳунармандга ёрдам бер ёки ҳунари йўқни иш билан таъминла!» дедилар. «Бу ишларнинг баъзисини ҳам қила олмасам-чи?» десам, у зот: «Одамларга ёмонлик қилишдан тийилгин. Чунки у ҳам сендан бўлган садақадир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

118/2. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардаги ҳар бир бўғимингиз учун ҳар куни тонг отганида садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, «Субҳоналлоҳ», дейишингиз) садақадир. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) ҳам садақадир. Яхшиликка буюришингиз ҳамда ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Чошгоҳ (зуҳо) пайтидаги икки ракат ўқиган намозингиз буларнинг барчасига ўзи кифоя қилади», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

119/3. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташланишини яхши амаллар сирасидан топдим. Масжидга балғамини ташлаб кўмиб қўйилмаганини ёмон амаллар сирасидан топдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

120/4. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули, бадавлат кишилар ажр олишда ўзиб кетишди. Улар ҳам биз ўқигандек намоз ўқишади ва биз тутгандек рўза тутишади. Ва (камига) эҳтиёжларидан ортиқча молларини садақа ҳам қилишади», дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бермадими? Албатта ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбирингиз садақа, ҳар бир ҳамдингиз садақа, ҳар бир таҳлилингиз садақа. Яхшиликка буюришингиз садақа. Ёмонликдан қайтаришингиз садақа. Аёлингиз билан шаръий қовушишингиз ҳам садақа», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизлардан бирортамиз шаҳватини қондирса ҳам, савоб бўладими?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўша шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўладими? Шу сингари ҳалол йўл билан қондирса, савоб бўлади-да», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

121/5. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин. Агар биродарингга очиқ юз билан йўлиқиб бўлса ҳам», дедилар (яъни, биродарингга очиқ юз билан йўлиқиш ҳам яхшиликдир)». Имом Муслим ривоятлари.

122/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар кун қуёш чиқиши билан кишининг ҳар бир бўғимига садақа лозимдир. Икки кишининг орасини ислоҳ этиш ҳам садақадир. Уловига чиқаётганда кўтаришиб қўйилса ёки юкини юклашиб берилса, у ҳам садақадир. Мулойим сўз ҳам садақадир. Намозга юриб борилган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг Оишадан р.а. қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Одам болаларидан барча киши уч юз олтмиш бўғим билан яратилган. Кимки Аллоҳни улуғласа (Аллоҳу акбар, деса), Аллоҳга ҳамд айтса (Алҳамдулиллаҳ, деса), Аллоҳга таҳлил айтса (Ла илаҳа иллаллоҳ, деса), Аллоҳга тасбеҳ айтса (Субҳоналлоҳ, деса), Аллоҳга истиғфор айтса (Астағфируллоҳ, деса) ва кишиларнинг йўлидан тош ёки тикан ё суякка ўхшаш нарсаларни олиб ташласа ҳамда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарса, савоби уч юз олтмиштага етиб, ана шу кунда бу киши дўзахдан ўзини узоқ қилиб юрибди», дедилар.

 

123/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким эрталаб ва кечқурун масжидга борса, Аллоҳ таоло унга жаннатда ҳар эрта-кеч борганда зиёфат тайёрлаб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

124/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй муслима аёллар, бир аёл бошқа бир аёлга қўйнинг туёғини беришликдаги яхшиликни ҳам паст санаманглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

125/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Имоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам (шўъба) бўлаги бордир. Уларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Энг пасти йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам ўша имон бўлакларидан биридир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

126/10. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир киши йўлда кета туриб, чанқоғи кучайди-да, бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Сўнгра у ердан чиққанида бир ит (чанқаганидан) тилини чиқариб, тупроққа бағрини бериб ётарди. Шунда ҳалиги киши: «Бу итга ҳам менга бўлгани каби чанқоқлик етибди», деб қудуққа тушиб маҳсисига сув тўлдирди-да, уни оғзида ушлаб кўтарилди ва итни сув ила суғорди. Аллоҳ бу ишидан миннатдор бўлиб, унинг гуноҳини кечирди», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизга ҳайвонларда ҳам савоб борми?» дейишганида, у зот: «Ҳар бир хўл жигарли (тирик жонзот)да савоб бордир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида эса: «Аллоҳ ундан миннатдор бўлиб, гуноҳини кечириб, жаннатга киритди», дейилган.

Икковларининг яна бир бошқа ривоятларида: «Бир ит қудуқ атрофида чанқоқликдан ўлар ҳолатга келиб қолай, деб айланиб юрганида, Бани Исроилдан бир фоҳиша аёл маҳсисини ечди-да, сув олиб, уни суғорди. Шу амали сабабли гуноҳлари кечирилди», дейилган.

 

127/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда ҳузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда: «Бир киши йўлдан ўтаётиб, ўртадаги дарахт шохини (кўриб): «Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четлаштираман», деганида, у жаннатга киритилди», дейилган.

Икковларининг бошқа бир ривоятларида: «Бир киши кета туриб йўлда тиконли шохни кўриб, уни четга олиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини кечирди», дейилган.

 

128/12. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким чиройли таҳорат қилиб, сўнгра жума намозига бориб, (хутбага) жим туриб қулоқ тутса, ўша жума билан кейинги жума орасидаги ва бунга уч кун қўшиб (ҳаммаси бўлиб, ўн кун орасидаги) гуноҳлари кечирилади. Ким тошларни ушлаб (ўйнаса), бефойда (лағв) ишни бажарибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

129/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб юзини ювса, кўзи билан қилган барча хатолари юзидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, қўли орқали қилган барча хатолари қўлидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Ҳаттоки, гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади. Агар икки оёғини ювса, оёғи билан қилган барча хатолари сув билан бирга ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, ҳаттоки у гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

130/14. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Беш вақт оралиғидаги, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

131/15. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда у зот: «Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳ йўлидаги соқчилик кабидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

132/16. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бомдод ва аср намозларини ўқиса, жаннатга киради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

133/17. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар банда касал ёки мусофир бўлиб (бажараётган амалларини қила олмаса), унга муқим ва соғломлик пайтида амал қилганидек савоб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

134/18. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар бир яхшилик садақадир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. Муслим эса мана шу лафздаги ҳадисни Ҳузайфадан t ривоят қилганлар.

 

135/19. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор мусулмон киши кўчат ўтқазадиган бўлса, ундан ейилса ҳам, ўғирланса ҳам, камайтирилса ҳам, эгасига садақа бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятларида: «Мусулмон киши кўчат ўтқазса ва ундан одамлар, ҳайвонлар, қушлар еса, эгасига Қиёмат кунигача садақа бўлади», дейилган.

Яна бир бошқа ривоятларида: «Мусулмон киши кўчат ўтқазиб ва бирон экин экса, ундан одамлар, ҳайвонлар ва бирор нарса еса, эгасига садақа бўлади», дейилган. Бухорий ва Муслимлар барчасини Анасдан t ривоят қилишган.

 

136/20. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Бани Салама масжид яқинига кўчишни хоҳлашганида, бу хабар Расулуллоҳ  с.а.в. га етиб келди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлар масжид яқинига кўчиб келишни хоҳлаяпсизларми?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули, биз шуни хоҳлаяпмиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўз жойларингизни (қўлдан бой бермай) сақланг. Қадамларингизга (савоб) ёзилади. Ўз жойларингизни (қўлдан бой бермай) сақланг. Қадамларингизга (савоб) ёзилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Ҳар бир қадам учун даража бордир», дейилган.

Имом Бухорий ҳам шу маънодаги ҳадисни Анасдан р.а. ривоят қилганлар.

 

137/21. Абу Мунзир Убай ибн Каъбдан р.а. ривоят қилинади. «Бир киши (бу кишининг кимлигини билмайман) масжиддан узоқроқ жойда турарди-да, бирор намозни қолдирмас эди. У кишига «Агар бир эшак сотиб олиб, уни қоронғу зулматда ва қаттиқ иссиқ бўлганда миниб келсанг бўлмайдими?» деб айтганимда, у киши: «Манзилим масжид ёнида бўлиши мени хурсанд қилмайди. Мен масжидга боришимдаги ва аҳлимга қайтишимдаги қадамларимга (савоб) ёзилишини хоҳлайман», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  (буни эшитиб): «Аллоҳ таоло сенга бу нарсаларнинг ҳаммасини жамлаб берди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

Бошқа ривоятда: «Сенга умид қилган савобинг (берилди)», дейилган.

 

138/22. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қирқта хислат бор, уларнинг энг олийси – сутини соғиб ичиш учун эчкисини бермоқликдир. Кимки мана шу хислатлардан бирортасига савоб умидида ва ваъда қилинган нарсага ишонган ҳолда амал қилса, Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

139/23. Адий ибн Ҳотамдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хурмонинг ярмини (бериб бўлса ҳам) дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятларида қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларнинг ҳар бирингиз билан Раббингиз (Қиёматда) ўртага таржимон қўймай сўзлашади. У киши ўнг томонига қарайди. Қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қарайди. Қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Олдига қарайди. Рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, хурмонинг ярмини (бериб бўлса ҳам) дўзахдан сақланинглар. Ким буни ҳам топа олмаса, яхши сўзларни айтиб бўлса ҳам (дўзахдан ўзини сақласин)», дедилар».

 

140/24. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор овқатни еб ҳамд айтган, бирор ичимлик ичиб ҳамд айтган бандасидан Аллоҳ таоло албатта рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

141/25. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар бир мусулмонга садақа (қилиш) лозим», деганларида, «Агар уни топа олмаса-чи?» деб айтишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўмонликдан ўзини тийсин. Шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио