Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

3-БОБ. Сабр баёни

Аллоҳ таолоЭй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз» (Оли-Имрон сураси, 200-оят);

 

«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бас, сабр қилувчиларга хушхабар бергин» (Бақара сураси, 155-оят);

 

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар сураси, 10-оят);

 

«Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай, Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят);

 

«Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир» (Бақара сураси, 153-оят);

 

«Албатта Биз то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча сизларни имтиҳон қилурмиз», (Муҳаммад сураси, 31-оят), деб айтган.

 

25/1. Абу Молик Ҳорис ибн Осим ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳ» ер билан осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар кимса тонг оттириб нафсини савдо қилади. Бу билан уни озод қилади ёки ҳалок қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

26/2. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрийдан ривоят қилинади. Ансорийлардан бўлган кишилар Расулуллоҳ  с.а.в. дан (нарсалар) сўрашди. Расулуллоҳ  с.а.в.  уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги бор нарса тугади. Ва: «Бирор яхши нарса бўлса, мен сизлардан дариғ тутмайман. Кимки (тамаъдан йироқ бўлиб) ўзини иффатли тутса, Аллоҳ уни офиятда қилади. Кимки ўзини ҳожатсиз қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди. Кимки бардошли бўлса, Аллоҳ уни ҳақиқий сабрли қилиб қўяди. Бирор кишига сабрдан кўра улуғ ва яхши нарса берилмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

27/3. Абу Яҳё Суҳайб ибн Синондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўминнинг иши ажабланарли, ҳайратомуздир. Ҳамма иши унга яхшилик келтираверади. Бу мўминларга хос бўлиб, улардан бошқаларда ундай эмас. Агар унга хурсанд қилувчи нарса етса, шукр қилади. Бу у учун яхшидир. Агар зарар берувчи нарса етса, сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхши бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

28/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ўлим талвасасидаги оғриқлари кучайганида Фотима р.а.: «Вой, отамни азият чулғаяпти», дедилар. Буни эшитган Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу кундан кейин отангга ғам, азият йўқдир», дедилар. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этганларида Фотима р.а.: «Эй отажон! Парвардигор чақириғига лаббай, дедингиз. Эй отажон! Фирдавс жаннати борар жойингиздир. Эй отажон! Жаброил алайҳиссаломга сизнинг ўлимингиз хабарини берурмиз», дедилар. У зот дафн қилинганларидан кейин Фотима р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.  устиларидан тупроқ сочиб ҳам нафсларингиз хушнуд бўлаверди-я», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

29/5. Абу Зайд Усама ибн Зайд ибн Ҳорисадан р.а. ривоят қилинади. (Бу зот Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ходимлари ва севимли кишиларидир.) Расулуллоҳ  с.а.в. нинг қизлари оталари ҳузурларига (бир одамни) юбориб: «Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизнинг олдимизга келинг», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  қизларига салом йўллаб: «Албатта олиш ҳам, бериш ҳам Аллоҳ учундир. Ҳар бир нарсанинг Унинг ҳузурида белгиланган вақти бордир. (Қизим) сабр қилсин ва савобини умид қилиб турсин», дедилар. Қизлари яна одам жўнатиб, у зот келишларини онт ичиб сўрадилар. Расулуллоҳ охири ўринларидан турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва яна бир қанча кишилар бор эди. Ҳалиги гўдак Расулуллоҳ  с.а.в. га узатилди. У зот гўдакни қучоқларига олдилар. Гўдак эса ўлим талвасасида эди. Буни кўриб Расулуллоҳ  с.а.в. нинг кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Эй Аллоҳнинг расули, бу нима? (Яъни, йиғлашдан қайтарар эдингиз-ку!)» дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уни бандаларининг қалбларида пайдо қилгандир», дедилар.

Бошқа ривоятларида: «Бандаларидан хоҳлаган кишисининг қалбида буни пайдо қилади. Албатта, Аллоҳ раҳмли бандаларига раҳм қилади», деб айтилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

30/6. Суҳайбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан аввал ўтган умматларда бир подшоҳ бор эди. Унинг бир сеҳргари бўлиб, ёши улғайганида подшоҳга қуйидагича мурожаат қилди: «Мен қариб қолдим. Менга бирор ёш одам юборгин. Унга сеҳргарликни ўргатаман». Подшоҳ унга бир болани сеҳр ўргатиш учун юборди. У боланинг йўлида бир роҳиб (ибодат қилувчи) бор эди. Кунларнинг бирида бола унинг ҳузурида ўтириб, сўзларини эшитиб, ҳайратда қолди. Бола агар сеҳргар олдига борса, роҳибга ҳам учраб, унинг ҳузурида бироз ўтирар эди. Бир куни сеҳргар ҳузурига борганида, у (кеч қолгани учун) болани урди. Бола эса бу ҳолдан роҳибга шикоят қилди. Роҳиб: «Агар сеҳргардан қўрқсанг, аҳлим мени ушлаб қолгани учун (кечикдим), дегин. Агар аҳлингдан қўрқсанг, сеҳргар мени ушлаб қолгани учун кечикдим, дегин», деди. Кунлар шу алфозда давом этди. Бир куни бола катта бир жониворни учратди. У жонивор кишиларнинг йўлини тўсиб олган эди. Шунда у: «Бу кун сеҳргар афзалми ёки роҳиб афзалми, биламан!?» деб бир тошни олди-да, «Аллоҳим, агар роҳиб иши Сенга сеҳргарнинг ишидан маҳбуброқ бўлса, бу жониворни ҳалок қилгин, кишилар ўтиб олишсин», деди. Бола тошни отиб уни ўлдирди ва кишилар ўтиб кетишди. Бола роҳибга келиб, бу ҳақда хабар берди. Роҳиб болага: «Эй болам, сен бугун мендан ҳам афзалсан. Сен бир мақомга етдинг. Сен тез кунларда (ҳар хил синовлар билан) синаласан. Агар шундай ҳолат бўлса, мени ҳеч кимга кўрсатмагин», деди. У бола туғма кўр, песларни тузатиб ва кишилардаги бошқа касалликларни даволар эди. Подшоҳнинг шерикларидан бирининг кўзи ожиз бўлиб қолиб, бу бола ҳақида хабар топди. Боланинг ҳузурига кўп ҳадялар билан келиб: «Агар менга шифо берсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман», деди. Буни эшитган бола: «Мен бирор кишига шифо бера олмайман. Шифони Аллоҳнинг Ўзи беради. Агар Аллоҳга иймон келтирсанг, Унга дуо қиламан, сенга шифо беради», деди. У киши Аллоҳга иймон келтирди. Ва Аллоҳ у кишига ҳам шифо берди. Бир  куни у киши одатдагидек подшоҳ ҳузурида ўтирганида, подшоҳ унга: «Кўзингни ким даволади?» деди. Шериги: «Раббим даволади», деди. Шунда подшоҳ: «Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деганида, у: «Раббим – сенинг Раббинг Аллоҳдир», деди. Подшоҳ уни азоблашда бардавом бўлди. Охири у киши болани кўрсатиб беришга мажбур бўлди. Подшоҳ болани тутиб келтирди. Ва унга: «Эй бола, сен сеҳргарликда шу даражага етибсанки, туғма кўр ва песларни тузатиб, ундай ва бундай ишларни қилаётган эмишсан?» деди. Бола: «Мен ҳеч кимни тузатаётганим йўқ. Албатта Аллоҳ шифо беряпти», деди. Подшоҳ уни азоблади ва бунда бардавом бўлди, у роҳибни кўрсатиб қўйди. Роҳиб ҳам (подшоҳ ҳузурига келтирилиб, унга) динингдан қайт, дейилди. Роҳиб бош тортди. Арра олиб келиниб унинг боши ўртасига қўйиб арраланди, бош иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳ шериги келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Арра бошининг ўртасига қўйилиб тортилганида, бўлиниб икки тарафга тушди. Сўнгра болани келтириб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Подшоҳ болани бир неча аъёнларига бериб: «Буни фалон, фалон тоққа олиб боринглар. Ва тепасига чиқинглар. Агар чўққига етсангиз (бир насиҳат қилиб кўринглар), динидан қайтса, қолдиринглар. Агар қайтмайдиган бўлса, уни ўша ердан улоқтириб юборинглар», деди. Аъёнлар (подшоҳ айтган) тоққа бориб, юқорига чиқдилар. Бола эса: «Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қилгин», деб илтижо қилганида, тоғ бир силкинди. Улар ундан қулаб тушишди. Бола (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деди. Бола: «Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди», деб айтди. Подшоҳ яна бир нечта аъёнларига болани топшириб: «Уни бир катта кемага ортинглар-да, денгиз ўртасига олиб боринглар. (Бир насиҳат қилиб кўринглар) агар динидан қайтса, қолдиринглар. Бўлмаса, уни (денгизга) ташлаб юборинглар», деди. Улар болани олиб боришганида яна у: «Аллоҳим, хоҳлаган нарсанг билан уларга Ўзинг кифоя қилгин», деди. Кема бирдан тўнтарилди-да, улар чўкиб кетишди. Бола яна (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима қилди?» деди. Бола: «Аллоҳ уларга Ўзи кифоя қилди, албатта сен мен буюрган нарсани қилмагунингча ўлдира олмайсан», деди. Подшоҳ: «У нима?» деди. Бола: «Одамларни бир тепаликка жамлаб, мени бир хурмо шохига осиб, ўқдонимдан бир ўқни олиб, уни камоннинг ўртасига қўйиб, «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб менга отасан. Агар мана шу айтганимни қилсанг, мени ўлдира оласан», деди.

Подшоҳ одамларни бир тепаликка тўплади. Болани бир хурмо шохига осиб, сўнгра унинг ўқдонидан бир ўқни олиб, камоннинг ўртасига қўйди, кейин «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб отганда, ўқ боланинг чаккасига тегди. У чаккасига қўлини қўйиб вафот этди. Шунда одамлар: «Боланинг Раббисига имон келтирдик», деб айтишди. Подшоҳ ҳузурига кишилар келиб: «Сен ўзинг хавфсираётган нарсага қарамайсанми? Аллоҳга қасамки, сен хавфсираётган нарса – одамларнинг имонга келиши бўляпти», дейишди. Подшоҳ кўчаларнинг оғзига чуқур кавлатишни буюрди. Чуқурлар кавлаб, унга ўт ёқилди. Ва у: «Кимки динидан қайтмаса, унга ташлансин», деди. Бу буйруқни бажардилар. Бир пайт қўлида ёш гўдаги бор бир хотин келди. У хотин ўтга тушишдан ўзини тортаётган эди. Ҳалиги гўдак: «Эй онажоним, сабр қилинг. Сиз ҳақ йўлдасиз», деди...», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

31/7. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб: «Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», дедилар. Шунда у аёл: «Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам», деди. Шунда у аёлга: «Бу киши Расулуллоҳ  с.а.в. дирлар», деб айтилди. У аёл Расулуллоҳ  с.а.в.  дарвозаларига келди. Лекин у зот ҳузурларида дарвозабонларини топмади. Аёл: «Сизни танимабман (Эй Расулуллоҳ)», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳақиқий сабр аввалги зарба пайтдагисидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Муслимнинг ривоятларида: «У хотин бир гўдак боласига йиғлаётган эди», деб келтирилган.

 

32/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман», деди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

33/9. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Оиша онамиз Расулуллоҳдан  с.а.в.  ўлат (вабо) ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу аввал азоб эди. Аллоҳ уни хоҳлаган кишиларига юборар эди. Энди уни мўминларга раҳмат қилди. Бирор банда ўлат бор ерда бўлиб қолса ва ўша шаҳарда савоб умидида сабр қилиб, Аллоҳ ёзиб-битиб қўйган мусибатдан бошқа нарса етмаслигини билса, у бандага шаҳиднинг ажри мислича савоб берилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

34/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Аллоҳ азза ва жалла: «Агар бирор бандамнинг икки кўзини шикастласам, у банда бунга сабр қилса, Мен эвазига жаннат билан тақдирлайман», деди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

35/11. Ато ибн Абу Рабоҳдан р.а. ривоят қилинади. «Ибн Аббос р.а.: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Ибн Аббос р.а.: «У қора хотин бўлиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келди ва: «Менинг тутқаноқ тутадиган касалим бор. Ўша касалим келса, баданим очилиб қолади. Аллоҳдан (кетказишини сўраб) менга дуо қилинг», деди. Шунда у зот: «Агар сабр қилишни хоҳласанг, сенга жаннат бўлади. Бўлмаса, дуо қиламан, шифо беради», дедилар. У аёл: «Сабр қиламан, лекин танам очилиб қолмаслиги хусусида Аллоҳга дуо қилинг», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в.  дуо қилдилар», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

36/12. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Мен гўёки Расулуллоҳ  с.а.в. га қараб тургандекман, у зот қуйидагича ҳикоя қилаётгандилар: «Пайғамбарлардан бирларини (уларга Аллоҳнинг дуо ва саломлари бўлсин) қавми уриб қонга белаб қўйишди. У пайғамбар юзларидан қонни артиб: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билмайдилар», деб айтардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

37/13. Абу Саид ва Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор мусулмон кишига заҳмат, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам етиб, ҳатто бир тикан санчилса ҳам, Аллоҳ унинг хатоларини ўша сабабли ўчиради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

38/14. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига кирсам, у зот иситмалаб ётган эканлар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз қаттиқ иситмалаяпсиз-а?» десам, у зот: «Ҳа, мен сизлардан икки киши иситмалагани каби иситма бўламан», дедилар. «Унда сизга икки ажр бўладими?» десам, «Ҳа, шу сингари бирор мусулмонга азият етса, тиконми ёки ундан каттароғи азоб берса, у билан ёмонликлари ўчирилиб, гуноҳлари худди дарахт баргидек тўкилиб кетади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

39/15. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни бирор мусибатга мубтало қилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

40/16. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан бирингизга зарар етганида ўлимни орзу қилмасин. Агар орзу қилиш чорасиз бўлиб қолса, «Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўлса, тирик қўй. Агар ўлим хайрли бўлса, жонимни ол», деб айтсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

41/17. Абу Абдуллоҳ Хаббоб ибн Аратдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  Каъба сояси остида кийимларига ўралиб, суяниб ётганларида, биз шикоят қилиб: «Бизга нусрат сўраб дуо қилмайсизми?», дедик. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан олдинги умматларни ушлаб, ерда чуқур қазиб, унга ташлаб, кейин арра келтирилиб, уларнинг бошига тортиб юбориларди ва у иккига бўлиниб кетарди. Ҳамда темир тароқ билан таралганида суягигача етиб қоларди. Мана шу азоблар уларни диндан тўсиб қўймас эди. Аллоҳ таоло бу ишни шу даражада камолотга етказадики, бир отлиқ киши Саньо шаҳридан Хазрамавтгача хавфсиз юраверади. Бунда фақат Аллоҳдан ва қўйларини бўри еб кетишидангина қўрқади. Лекин сизлар шошқалоқлик қиляпсизлар», деб айтдилар». Имом Бухорий ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Мушриклардан азият етганида биз Расулуллоҳ  с.а.в. га йўлиқдик. У зот кийимларига буркалиб суяниб ётардилар», деб келтирилган.

 

42/18. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Ҳунайн куни Расулуллоҳ  с.а.в.  ўлжаларни тақсимлашда баъзи кишиларга кўпроқ улуш ажратдилар. Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя, Уяйна ибн Ҳиснга ҳам шу миқдорда бердилар. Ҳамда арабларнинг улуғларига ҳам ана шу кунги тақсимда кўпроқ ўлжа бердилар. Шунда бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимотда адолат қилинмади ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деб айтди. Мен: «Аллоҳга қасамки, буни Расулуллоҳга етказаман», деб у зотга бу нарсаларнинг хабарини бердим. У зотнинг юзлари ўзгариб, қизилга ўхшаб кетди. Сўнгра: «Агар Аллоҳ ва расули адолат қилмаса, бошқа ким адолат қилади?» дедилар. Кейин: «Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни раҳматига олсин, бундан ҳам кўп азият етказилганда сабр қилгандилар», дедилар. Мен эса қайтиб бундан кейин Расулуллоҳга  с.а.в.  гап ташимайман, дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

 

43/19. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Аллоҳ бир бандасига яхшиликни хоҳласа, азобини бу дунёдаёқ бериб қўяди. Агар Аллоҳ бандасига ёмонликни хоҳласа, унинг гуноҳини ушлаб туриб, Қиёмат бўлганда тўла-тўкис қилиб (жазосини) беради. Улуғ мукофот катта нарса билан балоланганларга берилади. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Ким бунга рози бўлса, у учун розилик (ёзилади). Ким ғазаб қилса, унга ғазаб (ёзилади)», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

44/20. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Абу Талҳанинг бир ўғли бор эди. У касал эди. Абу Талҳа (қаергадир) чиқиб кетганида бола вафот этди. Абу Талҳа қайтиб келиб: «Болага нима бўлди?» деди. Боланинг онаси Умму Сулайм: «Аввалги ҳолатидан сокинликдадир», деди. Эрига кечки овқатни келтирди. У овқатини тановул қилиб, сўнгра шаръий қовушишди. Ундан фориғ бўлганида «Гўдакни кўмиб келинглар», деди. Абу Талҳа тонг отганида Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини берди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кечаси эр-хотинлик алоқаси қилдингларми?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳим, бу икковларига барака бер», деб дуо қилдилар. Хотин бир бола туғди. Абу Талҳа Анасга: «Болани кўтар, бу билан Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борасан», деб хурмочалар ҳам қўшиб бериб юборди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «У билан бирга бирор нарса борми?» деганларида, хурмочалар келтирилди. Расулуллоҳ  с.а.в.  уни олиб чайнадилар-да, гўдакнинг оғзига солдилар, сўнгра танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Бухорийнинг ривоятларида Ибн Уйайна айтдилар: «Ансорийлардан бўлган бир киши: «Мен тўққизта болани кўрдим, уларнинг барчалари Қуръон ўқувчи қорилар эди. Булар ўша Абдуллоҳнинг фарзандлари эди», деб айтди».

Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Абу Талҳанинг р.а. Умму Сулаймдан бўлган бир ўғли вафот этди. Умму Сулайм аҳлларига: «Абу Талҳага ўғли вафот этганини мендан бошқа ҳеч ким айтмасин», деди. Абу Талҳа р.а. келганида, хотини кечки овқатни олиб келди. Абу Талҳа р.а. ундан еб-ичди. Сўнгра хотини ўзини ҳар галгидан чиройли қилиб кўрсатди. Буни кўрган эр беихтиёр шаръий яқинлик қилди. Қачонки, Умму Сулайм эрининг тўйганини ҳамда хотинидан мақсади ҳосил бўлганини кўриб: «Эй Абу Талҳа, агар бир қавм омонатларини бир ҳовлига қўйсалар ва ўша омонатни кейин талаб қилишса, уни бермасликка ҳақлари борми?» деганида, у «Йўқ», деди. Шунда хотини: «Ундай бўлса, ўғлингнинг (ўлимига) савоб умидида сабр қил», деди. Абу Талҳа бундан ғазабланиб, «Нега бу ҳақда менга айтмадинг, кейин нопок ҳам бўлиб қолдим, энди бўлса, ўғлимнинг ўлими хабарини беряпсан?» деб Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ана шу кечаси бўлган нарсангизда Аллоҳ барака берсин», деб дуо қилдилар. У аёл (дуо баракасидан) ҳомиладор бўлди. Расулуллоҳ  с.а.в.  сафардаликларида бу аёл ҳам бирга эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  агар сафардан қайтиб, Мадинага келсалар, кечқурун аҳллари ҳузурига кирмасдилар. Мадинага яқинлашганларида бирдан у аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Абу Талҳа хотини сабабли тўхтаб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  эса йўлларида давом этдилар. Анаснинг р.а. айтишларича, Абу Талҳа: «Эй Раббим, Сен биласанки, мен Расулуллоҳ  с.а.в.  Мадинадан чиқсалар, у зот билан бирга чиқишни, агар у ерга кирсалар, бирга киришни ёқтираман. Кўриб турганингдек, ушланиб қолдим», деб арз қилди. Хотини Умму Сулайм бу сўзларни эшитиб: «Эй Абу Талҳа, мени ҳозир аввалгига ўхшаб тўлғоқ тутмаяпти, бирга кетаверинг», деди. Анас р.а.: «Ҳаммамиз бирга жўнадик. Қачонки, Мадинага борганларида Абу Талҳанинг хотинларини тўлғоқ тутиб, бир ўғил бола туғдилар. Онам менга: «Эй Анас, буни бирор киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига олиб бормагунича эмизмайди», дедилар. Тонг отганида болани кўтариб Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига олиб бордим», деб олдинги ҳадиснинг охири ила якун ясадилар», дейилади.

 

45/21. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир неча одамни куч билан енгадиган одам кучли эмас, балки жаҳли чиққанида ғазабини боса оладиган киши кучлидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

46/22. Сулаймон ибн Сураддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга ўтирган эдим, икки киши сўкишиб кетди. Бирининг юзи қизариб, бўйин томирлари шишиб кетди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен бир калимани биламан. Агар уни айтса, ундан мана бу топган нарсаси (ғазаби ва томир шишиши) кетади. Агар «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм», яъни «Лаънати шайтондан Аллоҳнинг номи ила паноҳ тилайман», деса, ундан бу етган нарсалар кетади», дедилар. Саҳобалар у кишига: «Расулуллоҳ  с.а.в.  лаънати шайтондан Аллоҳ номи ила паноҳ тилагин, деб айтдилар», дейишди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

47/23. Муоз ибн Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бажаришга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқни бошига чақириб, қора кўзли ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

48/24. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳга  с.а.в.  «Менга васият қилинг», деб сўраганида, у зот: «ўазаб қилма», дедилар. У киши (бу саволни) бир неча марта қайтарганида ҳам, у зот: «ўазаб қилма», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

49/25. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин киши ва мўмина аёлга нафси, фарзанди ва молига мусибат етиб туради. Ҳаттоки, уларнинг бундан гуноҳлари қолмасдан Аллоҳ таолога йўлиқишади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

50/26. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Уйайна ибн Ҳисн жияни Ҳурра ибн Қайсникига меҳмон бўлиб тушди. Жияни Ҳурра ибн Қайс Умарнинг р.а. яқин аъёнларидан бири эди. Умарнинг р.а. ҳамсуҳбат ва маслаҳатчилари хоҳ ўрта ёш, хоҳ йигит бўлишсин, қорилардан эди. Уйайна ибн Ҳисн жиянига: «Эй акамнинг ўғли, бу амирнинг ҳузурида сенинг ҳурматинг бор. Менга унинг олдига киришга изн олиб бер», деганида, у изн сўради. Умар р.а. унинг киришига рухсат бердилар. Уйайна ибн Ҳисн у зот ҳузурларига кириб: «Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасамки, бизга кўп нарса бермайсиз. Одиллик билан ҳукм қилмайсиз», деганида, Умар р.а. ғазабланиб, ҳатто уни урмоқликка ҳам қасд қилдилар. Шунда Ҳурра: «Эй мўминлар амири, албатта Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Авфни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг», деган. Бу киши ўша жоҳиллардандир», деди. Аллоҳга қасамки, Ҳурра бу оятни ўқиганида, у зот бундан ўтиб кетмадилар. Чунки Умар р.а. Аллоҳнинг китобида келган нарсада тўхтардилар (яъни, унга амал қилардилар). Имом Бухорий ривоятлари.

 

51/27. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мендан кейин худбин ва инкор қилинадиган ношаръий ишларни кўрасизлар!» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, ана шу кун келса, бизни нима қилишга буюрасиз?» дейишди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Устингизда бўлган ҳақларни адо этинглар. Ва ўз ҳақларингизни Аллоҳдан талаб қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

52/28. Абу Яҳё Усайд ибн Ҳузайрдан р.а. ривоят қилинади. Ансорийлардан бўлган бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, фалон кишини бошлиқ қилганингиз каби мени ҳам бошлиқ қилиб тайинланг», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлар мендан кейин худбинликларга йўлиқасизлар. Ҳавз (кавсар)да менга дуч келгунингизча сабр қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

53/29. Абу Иброҳим Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  душманга йўлиқадиган кунларининг бирида кутиб турдилар. Қуёш мойил бўлганида ўринларидан туриб: «Эй инсонлар! Душманга йўлиқишни орзу қилманглар. Аллоҳ таолодан офиятни сўранглар. Агар уларга дуч келадиган бўлиб қолсанглар, сабр қилинглар. Билингларки, жаннат қиличлар сояси остидадир», дедилар. Сўнгра у зот қуйидагича дуо қилдилар: «Эй Қуръон нозил қилувчи, эй булутларни юргизувчи, эй гуруҳларни мағлуб этувчи Аллоҳим! Уларни мағлуб қил. Ва уларнинг зарарига ҳамда бизнинг фойдамизга нусрат бер». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио