Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

2- БОБ. Тавба баёни

Уламолар айтишларича, ҳар бир гуноҳга тавба қилиш вожибдир. Агар гуноҳ бирор инсонга тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бор: 1) Гуноҳдан чекиниш. 2) Қилган ишига пушаймон бўлиш. 3) Унга асло қайтмайман, деб қасд қилиш. Агар бу уч шартдан бири бўлмаса, тавбаси дуруст бўлмайди.

Агар гуноҳ инсонга тааллуқли бўлса, тўртта шарт бордир: учтаси юқорида баён қилинган шартлардир. Тўртинчиси – у инсоннинг ҳаққидан қутилсин. Агар мол ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, эгасига қайтарсин. Агар ҳад лозим бўлган туҳмат ва шуларга ўхшашларни қилса, уни тортсин, авф ҳосил қилсин. Агар ғийбат қилган бўлса, у кишидан (узр сўраб) ҳалоллаб олсин. Ҳар бир гуноҳидан тавба қилмоғи вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ҳақ аҳллари ҳузурида ўша гуноҳларидан тавбаси ҳосил бўлади. Қолган гуноҳлари (гарданида) қолаверади. Бунга Қуръондан, суннатдан, уммат ижмоъсидан келган далиллар бир-бирини қувватлайди.

Аллоҳ таоло айтади:

 

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят);

 

«Парвардигорларингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд сураси, 3-оят);

 

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим сураси, 8-оят).

 

13/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деб айтганларини эшитдим». Имом Бухорий ривоятлари.

 

14/2. Ағар ибн Ясар ал-Музанийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб истиғфор айтинглар. Чунки мен бир кунда юз марта тавба қиламан», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

15/3. Расулуллоҳ  с.а.в.  ходимлари Абу Ҳамза Анас ибн Моликдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан сизлардан бирингиз чўлда йўқолган туясини топиб олганидаги хурсандчилигидан ҳам зиёда шод бўлур», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида, шу қадар хурсанд бўладики, сизлардан бирингизнинг миниб турган туяси қўлидан чиқиб қочса, овқати ва суви туяда бўлса, у киши туясидан умидини узиб, дарахт сояси остида ётганида, қарасаки, туяси олдида турган бўлса, унинг тизгинидан ушлаб: «Аллоҳим, Сен менинг бандамдирсан. Ва мен Сенинг роббингдирман», деб қаттиқ хурсанд бўлганидан мана шу тариқа хатога йўл қўяди. Банда тавба қилса Аллоҳ таолонинг хурсандчилиги бандасиникидан ортиқроқ бўлади», дейилади.

 

16/4. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кечқурун раҳмат қўлини ёзади. Ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кундузи раҳмат қўлини ёзади. Бу нарса қуёш мағрибдан чиқадиган кунгача давом этади», дедилар. (Қуёш мағрибдан чиқадиган кун–Қиёматдир, яъни қуёш машриқдан чиқар экан, тавба эшиклари очиқдир. Ўки руҳ халқумга етгунича тавба эшиклари очиқдир.) Имом Муслим ривоятлари.

 

17/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

18/6. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло бандасининг тавбасини ғарғара келгунича қабул қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

19/7. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади. «Сафван ибн Ассол р.а. ҳузурларига икки маҳсига масҳ тортиш хусусида сўраш учун бордим. У зот: «Эй Зирр, сени нима нарса (бу ерга) олиб келди?» дедилар. Шунда мен: «Илм талаби», дедим. У зот: «Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади», дедилар. Мен: «Катта таҳорат ва сийгандан кейин маҳсиларга масҳ тортиш ҳақида қалбимда тараддудланиш асорати бор. Сиз эса Расулуллоҳнинг  с.а.в.  саҳобаларидансиз. Мен ҳузурингизга «Расулуллоҳдан  с.а.в.  бу ҳақда бирор нарса эшитганингиз борми?» деб сўраш учун келдим», десам, у зот: «Ҳа, агар сафарда ёки мусофир бўлсак, уч кеча ва кундуз маҳсиларимизни ечмай, масҳ тортишимизни буюрдилар. Жунубликдан ташқари катта бўшаниш, бавл қилиш ҳамда уйғонгандан кейин масҳ тортар эдик», дедилар. Мен: «Сиз муҳаббат тўғрисида Расулуллоҳдан  с.а.в.  бирор нарса эшитганмисиз?» десам, у зот: «Ҳа, биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга эдик. Бир пайт ҳузурларида ўтирсак, баланд овозли бир саҳройи араб келиб: «Эй Муҳаммад», деб чақирди. У зот унинг овозига ўхшатиб: «Ҳа, нима дейсан?» дедилар. Мен эса унга: «Сенинг ҳолингга вой бўлсин, овозингни пастлатгин, чунки Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида овозни баландлатишдан ҳамма қайтарилган», дедим. Саҳройи араб: «Аллоҳга қасамки, овозимни пастлатмайман», деб Расулуллоҳдан  с.а.в. : «Киши бир қавмни яхши кўради-да, уларга эргашмаган бўлади, шунда нима бўлади?» деб сўраганида, у зот: «Киши Қиёмат куни яхши кўрган кишилари билан бирга бўлади», дедилар. У зот гапиришда давом этиб, бир дарвозани зикр қилдилар. У дарвозанинг кенглигида отлиқ қирқ ёки етмиш йил юради. Ровийлардан бири Суфённинг р.а. айтишларича, у дарвоза Шом томонда бўлиб, Аллоҳ таоло осмон ва Ерни яратган куни халқ қилгандир. У дарвоза тавба қилувчилар учун доимо очиқ бўлиб, қуёш мағрибдан чиқмагунича ёпилмайди», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

 

20/8. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир одам тўқсон тўққиз кишини ўлдирган эди. У одамлардан ер юзидаги энг олим кишини сўради. Улар бир роҳибни кўрсатишди. У роҳиб ҳузурига бориб тўқсон тўққизта одам ўлдирганини айтиб, тавба қилса, тавбаси қабул бўладими-йўқми, шу ҳақда сўраганида, роҳиб: «Йўқ», деди. У роҳибни ҳам ўлдириб, ўлдирган одамлар сонини юзтага етказди. Сўнгра яна: «Ер юзида барчадан олимроқ киши ким?» деб сўради. Унга яна бир олим киши кўрсатилди. Олимнинг олдига бориб у: «Юз кишини ўлдирдим, тавбам қабул бўладими?» деганида, олим: «Ҳа, ким У билан тавбанг орасини тўса олар эди? Сен фалон-фалон ерга бор. У ерда кишилар Аллоҳ таолога ибодат қилишади. Сен ҳам улар билан бирга ибодат қил. Ўз ерингга қайтмагин. Чунки у ёмон жойдир», деди. Бу сўзларни эшитган бечора йўлга тушди. Ярим йўлга етганида унга ўлим хабари келиб, раҳмат ва азоб фаришталари жанжаллаша бошлашди. Раҳмат фаришталари: «У қалби билан Аллоҳга юзланиб тавба қилган ҳолда», дейишди. Азоб фаришталари эса: «У ҳеч ҳам яхши амал қилмаган», дейишди. Шунда одам суратидаги фаришта келиб, уларнинг ораларида ҳакамлик қила бошлади. У: «Шу жойдан туриб икки ер орасидаги масофани ўлчанглар. Қайси бирига яқин бўлса, у ҳам ўшалардандир», деди. Икки ер оралиғи ўлчанди. Хоҳлаб (кетиб) турган тарафи яқин эди. Шундай қилиб, унинг жонини раҳмат фаришталари олишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа бир саҳиҳ ривоятда: «Яхши юртга бир қарич яқин экан. У ўша шаҳар аҳлидан саналибди», дейилади.

Яна бир бошқа саҳиҳ ривоятда эса қуйидагича айтилади: «Аллоҳ таоло келган тарафдаги ерга узоқ бўл деб, бораётган тарафдаги ерга яқин бўл, деб ваҳий қилди. Ва: «Икковининг орасини ўлчанглар», деди. Натижада бораётган томонига келаётган тарафидан кўра бир қарич яқин экан. Сўнг у мағфират қилинди».

Бошқа ривоятда: «Кўкраги билан судралиб, ўзини ўша томонга олди», дейилган.

 

21/9. Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Моликдан р.а. ривоят қилинади. (Абдуллоҳ оталари Каъб ибн Моликнинг кўзлари ожиз бўлиб қолганида етаклаб юрардилар.) Каъб ибн Молик Табук ғазотида Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга бормай қолганларини қуйидагича сўзлаб берадилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  қатнашган ғазотларнинг Табукдан бошқа ҳаммасидан қолмадим. Лекин Бадр ғазотига ҳам бормасдан қолгандим. Бироқ унда бормай қолганлардан бирор киши итоб қилинмади. Чунки Расулуллоҳ  с.а.в.  ва мусулмонлар Қурайш карвонини тўсиш ниятида чиқишган эди. Ҳатто, Аллоҳ таоло улар билан душманларининг орасини ваъда қилмаган ҳолда бир ерга жам қилиб қўйди. Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан «Ақаба» кечасида бирга бўлдим. Бу кун биз Исломга мустаҳкам аҳд-паймон қилдик. Агар Бадр воқеаси кишилар орасида машҳур бўлса ҳам, мен Табук воқеасини ундан кам, деб билмайман. Табук ғазотида Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга бормай қолганимнинг боиси бу вақтда ниҳоятда кучли ва бадавлат эдим. Аллоҳга қасамки, бундан аввал туямни иккита қилмаган эдим. Бу ғазотда икки туям бор эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  бир ғазотга боришни хоҳласалар, бошқа бирига борадигандек қилиб кўрсатардилар. Бу ғазотда борадиган тарафларини аниқ қилиб кўрсатдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  унга ниҳоятда қаттиқ иссиқда чиқдилар. Сафар узоқ бўлиб, чўл ерлардан ўтиш керак эди. Сўнг кўп сонли душманга рўбарў бўлиш керак эди. Мусулмонлар яхши тайёгарлик кўриб, ғамларини еб олишлари учун уларга қайси томонга кетаётганларининг хабарини бердилар. Мусулмонлар ҳам кўп жамланишди. Уларнинг сонлари ёзилмаган эди. Аммо беркиниб қолай, дейдиган киши деярли йўқ эди. Агар бўлса ҳам, билар эдики, унинг беркингани Аллоҳ томонидан ваҳий тушмаса, маҳфийлигича қолиб кетар эди. Расулуллоҳнинг  с.а.в.  бу ғазотлари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара кишига ёқадиган пайтга тўғри келди. Менда бундай роҳатларга мойиллик бор эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ва мусулмонлар тайёргарлик кўришди. Мен ҳам эрта тонгда у зот билан тайёргарлик қилиш учун борардим-да, лекин бирор нарса қилмасдан қайтиб келар эдим. Лекин хоҳласам, мен ҳам ана шунга қодир эдим. Хизматда бардавом бўлдим. Кишилар жиддий тайёргарликда давом этишди. Расулуллоҳ  с.а.в.  ва у зот билан бирга мусулмонлар жўнашди. Мен эса бирор нарсага тайёрланмаган эдим. Сўнгра яна эрта тонгда келиб бирор нарса қилмай, қайтдим. Охири улар тезлаб кетишди, мен эса ғазотни қўлдан бой бериб қўйдим. Сафарга чиқиб, уларга етиб олишни қасд қилдим. Бу менга насиб қилмади. Расулуллоҳ  с.а.в.  кетганларидан кейин одамлар олдига чиқдим, бирор соғ мусулмон кишини кўрмадим. Кўчада фақат мунофиқлар ва Аллоҳ узрли қилган заифларни кўрардим, холос. Расулуллоҳ  с.а.в.  Табукка етиб боргунларича мени эсламабдилар. Қачонки, Табукда одамлар орасида ўтириб: «Каъб ибн Моликка нима бўлди?» деб сўрасалар, Бани Саламадан бир киши: «Эй Расулуллоҳ, унинг кийимлари ҳамда икки ёнига назар солиши (яъни, бойлиги) бу ерга келишидан тўсиб қўйди», деди. Муоз ибн Жабал унга: «Мунча ҳам ёмон сўз айтдинг! Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, биз ундан фақат яхшиликни биламиз», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  сукут қилиб шу ҳолда тургандилар, бир оққа бурканган кишини кўрдилар. Уни сароб йўққа чиқариб турарди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Абу Хайсама бўлмагин яна?» дедилар. У ҳақиқатда Абу Хайсама ал-Ансорий эди. Бу киши бир соъ хурмо садақа қилганида мунофиқлар айблашган эди». Яна Каъб айтадилар: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  Табукдан қайтганликлари хабари келганида мени ғам боса бошлади. Ва ёлғон (узрлар) ўйлай бошладим. «Нима билан эртага у зотнинг ғазабларидан чиқаман?» деб ўзимга айтар эдим. Ва хонадонимдаги ақлли кишилардан ёрдам сўрар эдим. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  келганликлари хабари тарқалганида мендан ботил тадбирлар кетди. Билдимки, мен бу зотдан асло қутула олмас эканман. Охири рост гапиришга қасд қилдим. Расулуллоҳ  с.а.в.  эрта тонгда етиб келдилар. Одати шарифлари-агар сафардан келсалар, аввал масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра кишилар билан мулоқот қилиш учун ўтирардилар. Бу сафар ҳам шундай қилдилар. Ўтирганларида Табукка бормасдан қолганлар келиб, у зотга узр айтиб қасам ича бошлашди. Улар саксон неча киши эдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  уларнинг зоҳирий узрларини қабул қилиб, улардан байъат олиб, уларга истиғфор айтдилар. Ва ички ҳолатларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб салом бердим. У зот эса менга ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен юриб келиб, олдиларида ўтирдим. У зот менга «Нима сабабдан биз билан бормай қолдинг ёки боришга улов сотиб олмадингми?» деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа дунё аҳлидан бирортасининг ҳузурида ўтирган бўлсам-ку, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетар эдим. Чунки мен фасоҳатли сўзамол кишиман. Лекин биламан, Аллоҳга қасамки, агар бу кун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлаверасиз. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ мендан сизни ғазаблантириб қўяди. Агар сизга рост гапни айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Албатта, мен Аллоҳдан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасамки, менда узр йўқдир. Сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан кучли ва бадавлат эдим», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу киши ҳақиқатда рост гапирди. Тургин, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кутиб тур», дедилар. Бани Саламадан бўлган кишилар менинг орқамдан эргашиб, «Аллоҳга қасам, биз сени бундан олдин гуноҳ қилганингни билмаймиз. Сен бошқа ғазотга бормаганлар каби узр айтмадинг. Расулуллоҳнинг  с.а.в.  истиғфорлари сенинг гуноҳингга кифоя қилади», дейишди. Улар мени маломат қилишда давом этишди, ҳатто мен Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига қайтиб бориб ёлғон гапиришни хоҳладим. Сўнгра уларга: «Бу каби сўз билан мендан бошқа ҳам бирор киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келдими?» десам, улар: «Ҳа, икки киши келиб, сен айтган сўзларни айтди. Сенга айтилган жавоб уларга ҳам айтилди», дейишди. «Улар ким экан?» десам, улар: «Мурора ибн Рабийъ ал-Амрий ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифийлар», дейишди. Менга икки солиҳ кишини зикр қилишдики, ҳар иккови ҳам Бадр иштирокчилари бўлиб, иқтидо қилишга муносибдир, деб қилган қароримдан қайтмадим. Расулуллоҳ  с.а.в.  ғазотга бормай қолганлар орасидан биз уч киши билан сўзлашишни ман қилдилар. Ва бу ҳукм ила халқ биздан четланди. Ҳатто, ер ҳам мен билган ердан ўзгача бўлиб қолди. Биз мана шу ҳолатда эллик кеча турдик. Аммо икки шеригим ожизлашиб кетишди. Улар уйларида ўлтириб олиб фақат йиғлашарди. Мен эса қавмнинг ёши ва бардошлиси бўлганим учун (кўчага) чиқиб, мусулмонлар билан бирга намозда иштирок этар эдим. Ва яна бозорларни айланардим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди. Яна Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борар эдим. У зот намоздан кейин бўладиган мажлисда ўлтирганларида, бориб салом берардим-да, ўзимга ўзим: «У зот саломга алик олаётиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» деб, у зотга яқин туриб намоз ўқирдим. Шу аснода ўғринча назар солардим. Агар намозга юзлансам, у зот менга назар солардилар. Агар у зот томонга қарасам, мендан юз ўгириб олардилар. Қачонки, кишиларнинг жафолари менга нисбатан узайиб кетганда мен учун севимли бўлган амакимнинг ўғли Абу Қатоданинг боғи деворидан тирмашиб тушдим-да, унга салом бердим. Аллоҳга қасам, у ҳам саломимга алик олмади. Мен унга: «Эй Абу Қатода, Аллоҳнинг номи ила сендан сўрайман, мен Аллоҳ ва расулини яхши кўришимни биласанми?» десам, у сукут қилди. Иккинчи бор сўрадим. Сукут қилди. Учинчи бор сўраганимда: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», деганди, мен икки кўзимдан ёшимни оқизиб, девордан тирмашиб орқамга қайтиб кетдим. Мен Мадина бозорларида юрсам, Мадинага дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У менинг олдимга келиб ўассон подшоҳи томонидан битилган бир мактубни узатди. Унда қуйидагилар битилган эди: «Бизга хабар етдики, сенинг дўстинг (бошлиғинг) сенга жафо қилибди. Аллоҳ хўрлик ва зое бўлинадиган ерда туришни мажбур қилмаган. Бизнинг ҳузуримизга кел, биз сенга (ғамхўрлик қилиб) тасалли берамиз». Бу мактубни ўқиган пайтимда «Бу ҳам мусибат-балоларнинг бир кўринишидир», дедим. Мактубни тандирга ташлаб ёқиб юбордим. Қирқ кун ҳам ўтдики, ваҳий тўхтаб қолган эди. Ногаҳон Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларидан бир элчи келиб: «Расулуллоҳ  с.а.в.  хотинингдан алоҳида бўлмоқни буюряптилар», деди. Мен: «Талоқ қилайми? Нима қилай?» дедим. У: «Фақат алоҳида бўлиб, яқинлашма», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  бу ҳукмни икки биродаримга ҳам юборган эдилар. Мен хотинимга: «Сен ўз уйингга бориб, то Аллоҳ томонидан ҳукм тушгунча у ерда тургин», дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Ҳилол ибн Умайя бечора қари киши бўлиб, хизматкори ҳам йўқ. Мен унинг хизматини қилишимдан норозимисиз?» деса, у зот: «Йўқ, лекин у сенга яқинлик қилмасин», дедилар. Буни эшитган хотин: «Аллоҳга қасам, бунга ҳаракат қилишга қудрати ҳам йўқ. У бечора ана шу иш бўлгандан бери шу кунгача йиғлаш билан овора», деди. Менинг ҳам аҳлларимдан баъзилари: «Сен ҳам Ҳилол ибн Умайянинг хотини сўрагани каби хотинингнинг хизмати тўғрисида Расулуллоҳдан  с.а.в.  изн сўра», дейишди. Мен: «Изн сўрамайман. Чунки Расулуллоҳ  с.а.в.  нима деб айтишларини билмайман. Мен ёш йигит бўлсам», дедим. Мана шу ҳолатда яна ўн кун турдим. Гаплашиш ман қилинган куннинг эллигинчисида уйимнинг тепасида бомдод намозини ўқидим. Ана шу ўлтирган ҳолимда Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, ер кенг бўлишига қарамай, торайиб кетгандек бўлиб турган бир пайтда ногаҳон Саль тепалигига чиқиб олиб (Абу Бакр Сиддиқ) баланд овози ила: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари», деб бақираётганини эшитдим. Ўша заҳоти хурсандчилик соати келганини билиб, саждага йиқилдим. Расулуллоҳ  с.а.в.  бомдод намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мен ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини беришга шошилишибди. Бир киши менинг олдимга от минган ҳолда чопиб келди. Яна бир киши Аслам қабиласидан пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб баланд овоз ила башорат берди. Унинг овози отдан ҳам тезроқ эди. Менинг ҳузуримга хушхабар олиб келиб бақирган кишига хурсанд бўлганимдан устимдаги икки кийимимни ечиб, унга кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунларда у икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим. Энди мен икки кийимни қарзга олиб, Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мени табриклашарди. Улар менга: «Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани ила табриклаймиз», дейишар эди. Мен масжидга кирдим. Расулуллоҳ  с.а.в.  ўтирган эканлар. Атрофларида эса одамлар ўтиришибди. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ р.а. мен томон югуриб, мен билан қўл бериб сўрашиб табрикладилар. Аллоҳга қасамки, Талҳадан р.а. бошқа муҳожирлардан бирор киши турмади. Сўнг Расулуллоҳга  с.а.в.  салом берсам, у зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб кетди. У зот: «Туғилганингдан бери ўтган кунларнинг яхшиси билан хурсандлик хабарини бераман», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, бу хушхабар сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми?» десам, у зот: «Йўқ, бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  агар хурсанд бўлсалар, шу даражада юзлари нурланиб кетардики, гуёки ой парчасига ўхшаб қоларди. Биз буни билар эдик. Шу пайт Расулуллоҳ  с.а.в.  олдиларида ўтириб: «Эй Аллоҳнинг расули, мен бу тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан», десам, у зот: «Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Бу сен учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Хайбардаги улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг расули, албатта Аллоҳ менинг ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси шу бўлсинки, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапирай. Аллоҳга қасамки, рост сўзлаганим учун Аллоҳ менга берган фазл-инъомини ҳеч кимга қилмаганини биламан», дедим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳга  с.а.в.  бу сўзларни зикр қилганимдан бери бу кунгача бирор калима ёлғон ишлатишни қасд қилмадим. Аллоҳ қолган умримда ҳам ёлғондан сақлашини умид қиламан». Каъб ибн Молик Аллоҳнинг қуйидаги оятларни нозил қилганлигини ҳам айтиб ўтганлар:

«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни, тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз» (Тавба сураси, 117-119-оятлар).

Каъб р.а. яна давом этадилар: «Аллоҳ таоло мени Исломга ҳидоят қилганидан кейинги берган неъматларининг энг каттаси Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида рост гапиришга муваффақ қилганидир. Агар ёлғон сўзлаганимда мен бошқа ёлғон сўзлаб ҳалок бўлганлар каби ҳалок бўлардим, чунки Аллоҳ таоло ваҳий нозил қилаётган пайтда ёлғон гапирганларни бирор кишига айтмайдиган ёмон ваъидлар ила тилга оляпти:

«Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларининг (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди» (Тавба сураси, 95-96-оятлар).

Биз уч нафарнинг ишимиз кейинга сурилган эди. Бошқалар қасам ичиб байъат қилишганида Расулуллоҳ  с.а.в.  улардан буни қабул қилиб, уларга мағфират талаб қилгандилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  бизни кейинга қолдирдилар, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Ўша уч кишининг (тавбаларини қабул қилдики) ...» (Тавба сураси, 118-оят) сўзи билан ҳукм қилди. Бу сўздаги «орқада қолганлар»дан мақсад ғазотдан орқада қолганимиз эмас, балки қасам ичиб узр айтиб, узрлари қабул қилинганлардан авф этилишида орқада қолганимиздир» Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ  с.а.в.  Табук ғазотига пайшанба куни чиқдилар, у зот ғазотга пайшанба куни чиқишни яхши кўрардилар», дейилади.

Ва яна бошқа бир ривоятда айтилади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  сафардан келадиган бўлсалар, кундузи чошгоҳ вақтида келиб аввал масжидга борар, икки ракат намоз ўқиб, кейин ўтирардилар».

 

22/10. Имрон ибн Ҳусайн ал-Хузоийдан р.а. ривоят қилинади. Жуҳайна қабиласидан бўлган бир аёл зинодан ҳомиладор бўлиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келди. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, менга ҳад (шаръий жазо) лозим бўлди. У жазони менда қоим қилинг», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг валийсини чақириб: «Унга чиройли муомалада бўл. Агар боласини туғса, менинг ҳузуримга у аёлни олиб келгин», дедилар. Валийси Расулуллоҳ  с.а.в.  айтганларини қилди. Аёл келтирилгач, Расулуллоҳ  с.а.в.  у хотиннинг кийимларини боғлаб, тошбўрон қилишга буюрдилар, ҳукм ижро этилди. Сўнгра Расулуллоҳ  с.а.в.  унга жаноза намози ўқидилар. Буни кўрган Умар р.а.: «Эй Аллоҳнинг расули, зино қилган аёлга ҳам намоз ўқийсизми?» деганларида, у зот: «Бу аёл шу даражада тавба қилдики, агар Мадина аҳлларидан етмиштаси орасида бу тақсим қилинса, уларга мўл-кўл бўларди. Сен ўз нафсини Аллоҳ азза ва жаллага фидо қилгандан ҳам афзал кишини кўрганмисан?» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

23/11. Ибн Аббос ва Анас ибн Моликдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар одам боласининг бир водий тилласи бўлса, у киши икки водий тиллоси бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини қабр тупроғидан бошқа нарса тўлдира олмайди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

24/12. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло икки кишининг ҳолига куладики, уларнинг бири иккинчисини ўлдиради. Ва иккиси ҳам жаннатга киради. Бири мусулмон бўлиб, Аллоҳ йўлида урушиб ўлдирилади. Иккинчиси ўлдиргани учун Аллоҳга тавба қилиб, мусулмон бўлиб, у ҳам шаҳид бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио