Риёзус-солиҳийн

Кейинги >  

1-БОБ Барча амаллардаги сўзлар ва ҳолларнинг махфий ҳамда ошкораларида ихлос билан ният зарурлиги ҳақида

Аллоҳ таоло:«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир». (Баййина сураси, 5-оят);

«Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж сураси 37-оят);

 

«Айтинг (эй Муҳаммад), дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур» (Оли Имрон сураси, 29-оят), деб айтган.

 

1/1. Амирул мўминин Абу Ҳафс Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта амаллар ният биландир. Ва ҳар кишига қилган нияти учун берилур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули (ризоси) учун бўлса, Аллоҳ ва расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё топмоқ учун ёки бирор хотинга уйланиш учун бўлса, у кишининг ҳижрати ният қилган нарсаси учун бўлади», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Бу ҳадисни муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ал-Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий ан-Нисобурийлар ривоят қилишди.

 

2/2. Мўминлар онаси Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бир тоифа аскарлар Каъбага ҳамла қилиш учун келишади. Улар саҳроли ерга келишганида аввалгилари-ю охиргиларини ер ютади», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, уларнинг аввалги-ю охиргиларини қандай қилиб ер ютади? Ҳолбуки, уларнинг ораларида бозорчилар ва улардан ташқари кишилар ҳам бор-ку?!» десам, у зот: «Ер барчаларини баробар ютади. Сўнгра Қиёмат куни ҳамма ўз ниятига мувофиқ тирилтирилади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Лафз Бухорийники.

 

3/3. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Макка фатҳ бўлгандан кейин ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният боқий қолади. Агар жиҳод учун чақирилсангизлар, унга чиқинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бунинг маъноси шуки, Маккадан ҳижрат қилиш йўқдир. Чунки у куфр диёри эмас, балки Ислом диёридир.

 

4/4. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга ғазотларнинг бирида эдик. Шунда у зот: «Мадинада бир  қанча одамлар қолдиларки, қайси ердан юрсангизлар ёки қайси майдондан ўтсангизлар, улар сизлар билан биргадирлар. Чунки уларни (бу ерга сизлар билан бирга келишдан) беморликлари тўхтатиб қўйди», дедилар». Бошқа бир ривоятда эса: «Улар ажр ва савобда сизларга шерикдирлар», дейилади. Имом Муслим ривоятлари.

 

Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Биз Табук ғазотидан Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга қайтиб келаётган эдик. У зот: «Мадинада биз билан бирга кела олмай қолган бир қанча кишилар бор. Бирор дара ёки водийдан ўтсак, улар ҳам биз билан бирга бўлурлар. Чунки (биз билан ғазотга чиқишдан) узрларигина тўхтатиб қўйган, холос», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.

 

5/5. Абу Язид Маън ибн Язид ибн Ахнасдан р.а. ривоят қилинади. (У зот, оталари ва боболари саҳобалардан эди). У кишинг отаси Язид садақа қилиш ниятида бир қанча динорларни чиқариб, масжидда бир киши ҳузурига қўйди. «Мен келиб, у динорларни олиб, уйга қайтдим. Отам: «Аллоҳга қасамки, мен (бу садақанинг) сенга берилишини ният қилмаган эдим», дедилар. Бу ҳақда жанжаллашиб, Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бордик. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Язид, сен ният қилганингга савоб оласан. Эй Маън, олган нарсаларинг сенинг ҳаққингдир», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.

 

6/6. Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. ривоят қилинади. (Бу зот жаннатга кириши башорат қилинган Ашараи мубашшаранинг биридирлар.)  Ҳажжату вадоъда «Расулуллоҳ  с.а.в.  касалим оғирлашганда, ҳолимни сўрагани келдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, кўриб турганингиздек, касалим шу даражага етди. Мен бадавлат кишиман. Битта қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан икки қисмини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, ярмини садақа қилаверайми?» десам, у зот яна: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, учдан бирини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Учдан бири! Учдан бири ҳам кўпдир. Сен ўз меросхўрларингни бадавлат қолдириб кетишинг, бошқаларга боқиманда, тиланчи қилиб кетганингдан яхшироқдир. Албатта сен Аллоҳнинг розилиги учун бирор нарсани инфоқ қилсанг, унга ҳам савоб оласан. Ҳаттоки, ўз хотинингнинг оғзига таом солсанг, шунга ҳам ажр оласан», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, дўстларимдан кейин қоламанми?» десам, у зот: «Эй Саъд, агар сен дўстларингдан кейин қолиб, Аллоҳ розилигини талаб қилиб бирор амал қилсанг, даражанг янада зиёда бўлади. Мен умид қиламанки, сен яшайсан. Бир тоифа кишилар сендан фойдаланиб ва яна бир қанчасига сендан нуқсон етади», деб қуйидагича дуо қилдилар: «Аллоҳим, саҳобаларим ҳижратларини охирига етказгин, уларни орқаларига қайтармагин». Лекин бечора Саъд ибн Хавлага Расулуллоҳ  с.а.в.  раҳм-шафқат қиладилар. Бу киши Маккада вафот этадилар. (Яъни Саъд мбн Хавла Макка фатҳэтилмасиндан олдин ҳижрат тугамай туриб Маккага қайтиб кетадилар) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

7/7. Абу Ҳурайра Абдураҳмон ибн Сахрдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта Аллоҳ жисмларингиз ва суратларингизга қарамайди. Лекин У зот қалбларингизга қарайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

8/8. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳдан  с.а.в. : «Баҳодирларча урушган ва қавмининг ҳимояси учун курашган ҳамда одамлар кўриши учун жанг қилган кишиларнинг қайси бири Аллоҳ йўлида бўлади?» деб сўралганда, у зот: «Кимки Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун урушса, у киши Аллоҳнинг йўлидадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

9/9. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис ас-Сақафийдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар икки мусулмон бир-бирига қиличлари билан дуч келсалар, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, ўлдирувчи-ку тушунарли. Ўлдирилган нимага (дўзахга тушади)?» десам, у зот: «Чунки у дўстини ўлдиришни хоҳлар эди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

10/10. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишининг жамоат билан ўқиган намози бозорда ва уйида ўқиган намозидан йигирма неча баробар зиёдадир. У шундай бўладики, бирор киши таҳорат қилса ва уни чиройли адо этса, сўнг масжидга келса, ана шу келиши фақат намоз учунгина бўлса ҳамда намозгина уни жойидан турғизса, то масжидга боргунича ҳар бир қадами учун бир даража берилиб, гуноҳлари ўчирилади. Агар масжидга кирса, намоз ичида турганлик савобини олади. Сизлардан бирингиз намоз ўқиган ерида ўтириб қолса, фаришталар унинг ҳаққига қуйидагича дуода бўлишади: «Аллоҳим, унга раҳм қил. Аллоҳим, унинг гуноҳларини кечир. Аллоҳим, бу банданинг тавбасини қабул эт, модомики, бу банданг у ерда бирор кишига озор бермаса ва таҳорати кетмаса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи Муслимники.

 

11/11. Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: кимки бир яхши амални қасд қилса-ю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло унинг учун Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар қасд қилса-ю адо этса, Аллоҳ таоло унга ўн яхши амалдан етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални қасд қилса-ю уни бажармаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни қасд қилса-ю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

12/12. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳдан  с.а.в.  қуйидаги сўзларни эшитдим: «Сизлардан аввал ўтган одамларнинг уч нафари йўлга отланишди. Юра-юра, бир ғордан паноҳ топдилар. Улар ичкарига киришган эди, тоғдан бир харсанг тош кўчиб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Шунда улар: «Бу харсанг тошдан фақатгина солиҳ амалларимизни васила қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилишимизгина нажот беради», дейишди. Улардан бири: «Аллоҳим, менинг жуда қари ота-онам бор эди. Улардан олдин хотиним ва болаларимга сут бермас эдим. Кунларнинг бирида гиёҳ излаб узоқроққа кетиб қолдим. Қайтиб келсам, ота-онам ухлаб қолишибди. Уларни уйғотишни ва хотиним ҳамда болаларимга улардан олдин сут беришни кариҳ кўрдим. Қадаҳни қўлимга ушлаб, ота-онамнинг уйғонишларини кутиб турдим, ниҳоят тонг ўз нурини таратди. Болалар очликдан оёғимга ёпишиб бақиришарди. Охири ота-онам уйғониб, сутларини ичишди. Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу ташвишни биздан аритгин», деганида харсанг тош бироз очилди-ю, лекин ундан чиқиб бўлмас эди.

Иккинчиси: «Аллоҳим, биласан, бир амакимнинг қизи бор эди. У менга барча инсонлардан севимли эди. (Бошқа бир ривоятда: «Киши хотинини яхши кўргандан ҳам кўра уни қаттиқроқ яхши кўрар эдим», дейилади.) Бир бор мен уни ўзимга чақирдим (яъни, қўшилиш ниятида). У қабул қилмади. Қаҳатчилик бўлган йилларнинг бирида унинг ўзи ҳузуримга келди. Мен ўзи билан менинг орамни холи қолдириш (яъни, хоҳлаганимни қилавериш) шарти билан бир юз йигирма тилло бердим. У бу шартга кўнди. Мен ундан хоҳлаган нарсамни ҳосил қилишга қодир бўлган чоғимда (бошқа бир ривоятда: «Икки оёғи орасига ўтирганимда...» дейилади), у менга: «Аллоҳдан қўрқ. Бокиралигимни ҳақ билан (яъни, никоҳ билан) буз!» деганини эшитиб, у менга одамларнинг энг маҳбуби бўлишига қарамасдан, ўзимни ундан тортдим ва берган тиллоларимни унда қолдирдим». Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу кулфатни биздан аритгин», деганида харсанг тош бироз очилди-ю лекин ундан чиқиб бўлмас эди.

Учинчи одам: «Аллоҳим, мен бир қанча мардикорларни ёллаб ишлатдим. Уларнинг ҳаммаларига ҳақларини бердим. Фақатгина бир киши ҳаққини олмай, ташлаб кетди. У қолдирган ҳақ самара бериб, кўп мол-давлат келтирди. Бир мунча вақт ўтгандан кейин у келиб: «Эй Аллоҳнинг қули, ҳаққимни бер», деди. Мен: «Мана бу кўзинг олдида турган туя, сигир, қўй ва ғуломлар сенинг ҳаққинг», дедим. У: «Эй Аллоҳнинг қули, мени масхара қилма!» деди. Мен: «Сени масхара қилмаяпман», дедим. У бирор нарсани қолдирмай, барчасини олди. Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу балодан бизни қутқаргин», деганида харсанг тош бутунлай йўл очиб, ҳаммалари ғордан чиқишди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио