Сунани Доримий

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомлари баракотли бўлганлиги ҳақидаги боб

43 - Абдулвоҳид ибн Айман ал-Маккий розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:
«Мен Жобир ибн Абдуллоҳга:
«Менга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларингдан айтиб бер, мен сендан (кейин одамларга) айтиб бераман», дедим». Жобир:
«Биз Хандақ ғазотида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хандақ қазиб, уч кун таомсиз қолдик ва ер қазишга ҳолимиз қолмади. Биз ернинг энг қаттиқ қатламига етганимизда мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Росулуллоҳ, ернинг қаттиқ қатлами чиқди», дедим. Бас, бизлар унга сув сепиб, юмшатдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турган эдилар, қоринларига тош боғланган экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисранг ёки белкуракни олдилар-да, уч марта юқорига кўтариб, сўнг қаттиқ ерга урган эдилар, ер тўзиб (ердан қум сачраб), белкуракни қайтарди. Мен буни кўргач:
«Ё Росулуллоҳ, менга рухсат беринг», деган эдим, менга рухсат бердилар. Мен ҳотинимнинг ёнига келиб:
«Онанг йўқотиб қўйгур, мен Росулуллоҳнинг аҳволларини кўриб, чидай олмадим. Сенда егулук бирор нарса йўқми?» дедим.
Хотиним:
«Менда озгина арпа билан бир улоқча бор», деди. Биз арпани ун қилиб, ҳайвонни сўйдик. Уни тузлаб, идишга жойлаб, арпадан хамир қоридик. Сўнг мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга қайтиб келиб, бир соат турдим-да, яна иккинчи марта рухсат сўрадим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бердилар. Келсам, хамир етилиб, тайёр бўлган экан. Уни нон қилишга буюрдим ва қозонни ўчоққа осдим. Сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб:
«Бизда озгина таом бор. Сиз ва сиз билан бир-икки киши мен билан бирга борса, етса керак», дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У қанча?» дедилар. Мен:
«Озроқ арпа билан бир улоқча», дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, хотинингга айт, мен боргунимча қозонни ўчоқдан олмасин, нонни ҳам тандирдан узмай турсин», дедилар-да, сўнг одамларга:
«Туринглар, Жобирнинг уйига», дедилар.
Жобир дейди:
«Шундай уялдимки, буни Аллоҳдан бошқа билмайди. Бас, хотинимга дедим:
«Онанг йўқотиб қўйгур, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма асҳоблари билан келяптилар». Хотиним:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиздан қанча таом борлигини сўрамадиларми?» деди. Мен:
«Сўрадилар», дедим. Хотиним:
«Аллоҳ ва Росули билгувчироқ. Сиз қанча таом борлигини айтган бўлсангиз, бас», деди. Мен анча ўзимга келиб олиб:
«Ҳа, тўғри айтасан», дедим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва кирдилар. Сўнг саҳобаларга:
«Зичлашмай, кенгроқ бўлинглар», дедилар. Сўнг тандир ва қозон ёнига чўкдилар. Бас, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мен тандирдан нонни ва қозондан гўшнти олиб, бўлиб, тақсимлаб берардик.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир товоққа етти-саккиз киши ўтирсин», дедилар. Улар еб бўлгач, тандирни ва қозонни очсак, аввалгидан ҳам (кўпайиб) тўлиб турар эди. Биз ҳар сафар қозонни очганимизда у тўлалигича тураверди. Ҳаммамиз тўйдик, ҳатто таомдан озгинаси ортиб ҳам қолди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ҳаддан ташқари оч, енглар ва улашинглар», дедилар. Бизлар ўша куни роса тўйиб еб, улашдик».
Ровий айтади:
«Менга айтишларича, улар саккиз юз ёки уч юз киши бўлган экан. Саккиз юзми ёки уч юзми, аниқ билмай қолдим».

44 - Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толха Умму Сулаймга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун егулик таом тайёрлашни буюрди». Анас ибн Молик:
«Абу Толха мени Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига юборди. Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига келиб:
«Мени Абу Толха юборди», дедим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавимга:
«Туринглар», деб йўлга тушдилар ва қавм ҳам бирга юрдилар. Анас ибн Молик:
«Ё Росулуллоҳ, Абу Толха фақат сизга таом пиширган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳотиржам бўлавер», дедилар. Анас ибн Молик:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм билан бордилар. Таом келтирилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомга қўлларини қўйдилар-да:
«Ўн кишини айт, кирсин», дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бисмиллаҳ, деб енглар», дедилар. Улар еб, тўйдилар ва турдилар. Сўнг:
«Яна ўн кишини киргиз», дедилар. Сўнг аввалгидек қўлларини таомга қўйдилар ва:
«Яна ўн киши кирсин», дедилар. Ўн кишини киргизди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бисмиллаҳ, деб енглар», деган эдилар, улар ҳам тўйиб едилар. Шундай қилиб, саксон кишини тўйдирдилар. Сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уй аҳллари ҳам ундан едилар ва ортиб ҳам қолди».

45 - Абу Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қозонда таом пиширдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга (қўйнинг) қўлини олиб кел», дедилар. Чунки Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг қўлини яхши кўрар эдилар. Бас, Абу Убайд қўй олиб келдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яна олиб кел», дедилар. Абу Убайд қўл олиб келдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яна олиб кел», дедилар. Абу Убайд:
«Ўзи қўйнинг нечта қўли бор?» дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сўрамасдан бораверганингда, мен неча бор сўрасам, (Аллоҳ тарафидан) берилаверарди», дедилар».

46 - Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ва менинг отам) мушрикларга қарши жангга чиқдилар. Бас, отам Абдуллоҳ менга:
«Эй Жобир, сенинг (биз билан бирга чиқишингнинг) ҳожати йўқ. Сен Мадина нозирлари билан қолиб, бизнинг ишимизнинг (охири) нима бўлишини кузатиб турасан. Дарҳақиқат, Аллоҳга қасамки, ортимдан қизларимни қолдириб кетаётган бўлмаганимда, менинг ёнимда ўлдирилишингни истаган бўлардим», дедилар.
Мен Мадина нозирлари билан қолдим. Тўсатдан аммам отам ва тоғамни қабристонимизга дафн қилиш учун келиб қолди. Шунда бир киши келиб, нидо қилди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  сизларга мақтулларни (маййитларни) қайтариб, қандай қатл қилинган бўлсалар, шундайлигича дафн қилишни буюрдилар».
Бизлар уларни қайтариб, қандай қатл қилинган бўлсалар, шундайлигича дафн қилдик.
Замонлар ўтиб, Муъовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида тўсатдан бир киши келиб, менга:
«Эй Жобир ибн Абдуллоҳ, Муъовиянинг ишчилари (ишлаётган пайтда) сенинг отангнинг асари (яъни, жуссаси) очилиб қолганлигини кўришганини айтишяпти», деб, қайтиб кетди. Улардан бир тоифаси нафари (мен билан бирга) чиқди. Мен у ерга бориб, отамнинг жуссасини қандай дафн қилган бўлсам, шундайлигича топдим. Унинг жангда етган жароҳатларидан бошқа ҳеч қаери ўзгармаган экан».
Жобир айтади:
«Сўнг отамни қайтадан кўмдим. Отамнинг устида хурмо қарзи қолган экан. Қарз берганларнинг баъзилари мендан қарзни тўлашимни талаб қилиб, жуда қийнаб юборишди. Бас, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
«Ё Росулуллоҳ, ўзингизга маълум, менинг отам фалон куни фалон урушда шаҳид бўлган эди. Энди унинг хурмодан қарзи бор экан, қарз берган кишилар менга «отангнинг қарзини тўла», дейишяпти. Менга ёрдам берсангиз. Мен «Росулуллоҳнинг олдиларига борсам, шояд менга бу йилги пишадиган хурмоларидан кўрсатиб берсалар, қарзимга берардим», деган умидда келдим», дедим. Росулуллоҳ:
«Ҳа, мен тез орада, кундуз куни сенинг олдингга бораман», дедилар».
Жобир айтади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаворийлари ўзларининг фидойилари билан келдилар. Сўнг сояга ўтириб, бизга салом бериб, киришга изн сўрадилар. Сўнг кирдилар».
Жобир айтади:
«Мен хотинимга «Бугун менинг олдимга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Сен У зотга асло кўринма, У зотга бирор нарсада озор берма ва ҳеч нарсани гапирма», дедим. Хотиним Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун тўшак солиб, болиш қўйган эди, У зот ётиб, ухладилар».
Жобир айтади:
«Мен хизматчимга «Мана бу қўйни сўй, у семизгина экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан уйғониб қолмасларидан тез-тез сўй. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонгунларича мен сен билан бирга бўламан», дедим».
Жобир айтади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонсалар, таҳоратга сув сўрайдилар. Мен шундан хавотирландимки, У зот туриб, таҳорат олмасларидан аввал гўштни пишириб, олдиларига қўйишим керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонгач «Эй Жобир, таҳоратга сув келтир», дедилар».
Жобир айтади:
«Ҳа, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонмасларидан аввал гўштни олдиларига қўйдим». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қараб:
«Худди бизнинг гўштни яхши кўришимизни билгандек иш қилибсан. Абу Бакрни чақир», дедилар. Сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаворийларини фидойиларини чақирдилар.
Овқат келтириб қўйилди.
Таомга муборак қўлларини қўйиб: «Бисмиллаҳ (Аллоҳнинг исми билан) енглар», дедилар. Улар еб, тўйдилар. Ҳатто кўпгина гўшт ортиб ҳам қолди».
Жобир айтади:
«Аллоҳга қасамки, Бани Салама мажлиси унга (яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга) у уларнинг кўзларидан ҳам суюклироқ деб ўйлайдилар. Чунки улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етиб қолишидан қўрқиб, У зотга яқин юрар эдилар. Сўнг Росулуллоҳ (кетиш учун) турдилар. Асҳоблари У зотнинг олдиларида юриб чиқар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Орқамни малоикаларга бўшатинг», дер эдилар.
Жобир яна айтади:
«Мен уларга эргашиб, эшик остонасигача кузатдим. Бас, хотиним чиқди. У ёпинган ҳолда эди. Хотиним:
«Ё Росулуллоҳ, менга ва эримга дуо қилинг», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга ва эрингга Аллоҳнинг саловоти бўлсин», дедилар».
Сўнг Жобир деди:
Сўнг: «Фалончини чақиринглар» дедилар.
«Мендан қарзини қистаётган кишини ҳам дуо қилинг», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз берган кишига:
«Келаси хурмо теримигача Жобирнинг отаси олган қарзни унут», дедилар. Қарз берган киши:
«Мен бундай қилолмайман», деди».
Жобир айтади:
«У хўрсиниб:
«У етимларимнинг моли эди», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жобир қани?» дедилар.
«Мен шу ердаман», дедим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга (хурмодан) тортиб бер, албатта, Аллоҳ таоло тезда унинг (ҳаққини) етказади (қайтаради)», дедилар ва бошларини осмонга кўтарган эдилар, қуёш заволга етганлигини кўрдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Бакр, намоз», дедилар».
Жобир айтади:
«Улар масжидга кетдилар, мен ҳалиги кишига:
«Хуржунингни яқин олиб кел», дедим ва ажва хурмосидан тортиб бердим. Аллоҳ унга етказди ва қанча-қанча хурмо ортиб ҳам қолди. Мен ҳаяжонланиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига келдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлгач, дедим:
«Мен ҳақдор кишига хурмодан тортиб бердим. Дарҳақиқат, Аллоҳ етказди, ҳатто хурмодан шунча-шунча ортиб ҳам қолди». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умар ибн Хаттоб қаерда?», дедилар».
Жобир айтади:
«Умар (масжид ичида эди) эмаклаб келди». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Умар, сен Жобир ибн Абдуллоҳдан ҳақдор кишиси ва унга берган хурмоси хақида сўрамайсанми?» дедилар. Умар:
«Нима учун сўрайман? Ахир сизнинг «Албатта Аллоҳ етказади», деганингизни эшитдим-ку», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сўзни уч марта қайтардилар. Умар:
«Мен сўрамайман (балки Аллоҳ етказганига ишонаман)», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умардан учинчи бор сўраганларида ҳам жавоб бермагач, Жобирга:
«Сенинг ҳақдоринг ва (тўлаган) хурмойинг ҳақида (Умарга) айтиб бер», дедилар. Мен:
«Аллоҳ етказди ва хурмодан бир қанча ортиб ҳам қолди», дедим».
Жобир айтади:
«Сўнг уйга қайтдим ва хотинимга:
«Мен сенга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга келсалар, гапирма демаганмидим?» дедим. Хотиним:
«Аллоҳ таоло Ўз Росулини менинг уйимга юборсаю мен ундан ўзимга ва эримга дуо ҳам сўрамай, чиқариб юборади, деб ўйлаганмидинг?» деди».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио