Сунани Доримий

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба минбарининг соғинчли ноласи билан икром қилинганликлари ҳақидаги боб

31 - Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо ёғочига (суяниб) хутба қилар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар қилиб олганларида ёғоч маҳзун бўлиб қолди, шунда уни силаб қўйдилар».

32 - Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилсалар, узоқ турар эдилар. Узоқ туриш У зоти муборак учун анча машаққат уйғотар эди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хурмо ёғочи келтирилди ва ерни ковлаб, у ёғочни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига тикка қилиб ўрнатдилар. Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ вақт тик турган ҳолда хутба қилиб, чарчоқ У зотга ғолиб келиб қолса, ҳалиги хурмо ёғочига суяниб олар эдилар. Ушбу ҳолатни кузатиб турган мадиналик бир киши ёнида турган бир кишига қараб:
«Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан фойдаланадиган бир нарсада мени мақташларини билсам эди, У зотга бир минбар қуриб берар эдим. Хоҳласалар, ўтирар эдилар,  хоҳламасалар тик турар эдилар» деди.
Ушбу хабар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етгач, «Уни чақиринглар», дедилар. Сўнг уни чақириб, ҳозир Мадинада (масжидларида) фойдаланилаётган мана бу уч-тўрт поғонали минбарни ясаб бериш таклиф қилинди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсада роҳат топдилар. Ҳалиги эски ёғоч, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилиб, янги ясалган минбарга суянганларини кўргач, худди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларини ташлаб кетганларида (ўша туя) хафа бўлганидек хафа бўлди.
Ибн Бурда яна отасидан ривоят қилади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги эски ёғочнинг У зотга бўлган муштоқликларини эшитгач, унинг устига қўлларини қўйиб:
«Агар хоҳласанг, ўз жойингга олиб бориб, экиб қўяман. Илгари қандай бўлсанг, ўшандай ўсаверасан. Ёки хоҳласанг, сени жаннат боғларига экиб қўяман. Жаннат сувларидан ва булоқларидан ичиб, тананг яшнаб, меваларинг мўл бўлади. Сенинг меваларингдан, хурмоларингдан Аллоҳнинг авлиёлари ейдиган қилиб қўяман», дедилар».
Ибн Бурда яна отасининг қуйидагиларни эшитганлигини айтади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, шундай қиламан», деб икки марта айтганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан (ёғочнинг қай бирини ихтиёр қилганлиги) сўралди». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ёғоч жаннатга экишимни ихтиёр қилди», дедилар».

33 - Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ясалмасдан аввал хурмо ёғочига (суяниб) турар эдилар. Минбар ясалгач, ёғочнинг хафа бўлганлигини ҳатто бизлар ҳам эшитганмиз. Ўшанда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнкага қўлларини қўйганлар. Тўнка жим бўлган».

34-Жобир ибн Абдуллоҳ Ал Ансорийдан ривоят қилади:"Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам минбар ясалмасдан илгари бир ёғоч ёнида туриб ҳутба қиларди. Росулуллоҳ минбар ясалиб  унга ўтиргач ҳалиги ёғоч туя каби ингради сўнг росулуллоҳ унинг устига қўлларини қўйган эди у жим бўлди.

35 - Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёғочни тарк этганларида ёғоч худди дард тутган туя каби инграган эди».

36 - Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо ёғочидан бўлган устун олдида намоз ўқир ва хутба қилар эдилар. Ўшанда масжид шийпон қилинган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари:
«Ё Росулуллоҳ, сизга бир минбар ясаб берайликми? Сиз Жумъа кунлари унинг устида туриб хутба қилсангиз, ҳамма одамлар сизни кўриб, хутбангизни эшитишади», дедилар
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Майли», дедилар. Шунда саҳобалар уч пағонали минбар ясаб бердилар. Минбар ясалиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаб берган жойга қўйилди».
Ровий айтади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар томон юрган эдилар, ҳалиги хурмо ёғочи унинг ёнидан ўтиб кетаётганларини кўриб, ўкинди, ҳатто ёрилиб кетди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнига қайтдилар ва муборак қўллари билан силаган эдилар, ёғоч сокин бўлди. Росулуллоҳ яна минбарга қайтдилар».
Ровий яна айтади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқисалар, ўша ёғоч ёнида ўқир эдилар. Масжид бузилганида Убай ибн Каъб ўша ёғочни (табаррук қилиб) олиб кетган эди. Ёғочни қуртлар еб, майдаланиб, чириб кетгунча унда (уйида) турди».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо ёғочи ёнида туриб, хутба қилар эдилар. Шунда Румлик бир киши:
«Мен сизга хутба ўқийдиган минбар ясаб берайми?» деди. Сўнг у киши мана бу сизлар кўриб турган минбарни ясаб берди».
Абу Саъид:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устига чиқиб, хутба қилишни бошлаганларида ҳалиги ёғоч худди туя бўталоғини қизғаниб инграгандек ингради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аста пастга тушиб, муборак қўллари билан уни тутган эдилар, у сокин бўлди. Сўнгра унга бир чуқур ковлаб, кўмиб қўйишни буюрдилар».

38 – Ас-Соъқ розияллоҳу анҳу:
«Мен Ҳасандан эшитганман» дейдилар:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида бир хурмо ёғочига суяниб, одамларга гапирар эдилар. Атрофларида одамлар кўпайганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммага эшиттиришни хоҳладилар ва дедилар:
«Менга устига чиқадиган баландроқ бир нарса ясаб беринглар». Саҳобалар:
«Эй Аллоҳнинг Набийси, қандай нарса?» дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусо алайҳиссалом минбари каби», дедилар».
Ҳасан айтади:
«Аллоҳга қасамки, (минбар ясалгач) ҳалиги ёғоч ингради».
Ҳасан яна деди:
«Субҳаналлоҳ, буни эшитган қавмнинг қалблари шунчалик қаттиқми?»
Абу Муҳаммад айтади:
«Ҳасан ёғочга ишора қилди».

39 - Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ясалмасидан илгари бир хурмо ёғочига (суяниб) хутба қилар эдилар. Минбар ясалиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўчгач, ҳалиги ёғоч нола қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қучоқлаб, оғушларига олган эдилар, у сокин бўлди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар мен уни қучиб юпатмасам, то Қиёматгача нола қилар эди», дедилар».

40 - Анас розияллоҳу анҳу ҳам худди шундай ҳадисни ривоят қилганлар.

41 - Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ёнида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турадиган ёғоч нола қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, унга муборак қўлларини қўйган эдилар, ёғоч сокин бўлди».

42 - Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунлари масжидга ўрнатилган бир хурмо ёғочига суяниб туриб, одамларга хутба қилар эдилар. Бир румий киши келиб:
«Сизга ўтирганингизда худди тик тургандек бўладиган бир нарса ясаб берайми?» деди ва икки поғонали минбар ясаб берди ва учинчисини ўтирадиган қилиб қўйди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша минбарга ўтирганларида ҳалиги ёғоч худди хўкиз ўкиргандек ўкинди. Ҳатто масжид хафаликдан ларзага келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушдилар ва ўкинаётган ёғочни қучоқладилар. Ёғоч жим бўлди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муҳаммаднинг нафси Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар мен уни қучоқламасам, у Қиёматга қадар шу ҳолатда (ўкинч билан) қолар эди», дедилар ва уни кўмиб қўйишга буюрдилар. Бас, у кўмилди».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио