Сунани Абу Довуд

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Сажда ва рукуъда белини тўғри қилмайдиган кишининг намози ҳақида

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунча кишининг намози қониқарли бўлмас”, дедилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига жавоб бердилар ва:
“Қайтиб, намоз ўқи, албатта сен намоз ўқиганинг йўқ”, дедилар. Киши қайтиб, олдин ўқиганидек намоз ўқиди. Сўнгра келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Ва алайкас салом”, дедилар. Сўнгра:
“Қайтиб, намоз ўқи. Албатта, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Ҳатто ана шуни уч марта бажарди. Шунда ҳалиги одам:
“Сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг”, деди.
У зот:
“Қачон намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил, кейин хотиржам бўлгунингча рукуъ қил, сўнгра мўътадил қиём ҳолда бўлгунча  туриб тиклан, сўнгра сажда ҳолида хотиржам бўлгунча сажда қил, кейин ўтирган ҳолда хотиржам бўлгунча ўтир. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундоқ қил”, дедилар”.
Қаънабий айтади: «Саъийд ибн Абу Саъйид Мақбурий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганида охирида у зот:
“Бас, қачон шуни қилсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан”, дедилар. Яна унда: “Қачон намозга турсанг, таҳоратни комил қил”, дедилар.

Алий ибн Яҳё ибн Халлод амакисидан ривоят қилади:
“Бир киши масжидга кирди”, деб шунга ўхшашини зикр қилди. Унда шуни айтди:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, одамлардан бирортасининг намози таҳорат олмагунча ва таҳоратни ўрнига қўймагунча бутун бўлмайди. Сўнгра такбир айтади ва Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду сано айтади. Қуръондан муяссар бўлганини қироат қилади. Сўнгра “Аллоҳу акбар” дейди. Кейин бўғинлари хотиржам бўлгунча рукуъ қилади. Сўнгра токи тик бўлгач “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейди. Кейин “Аллоҳу акбар” дейди. Сўнгра бўғинлари хотиржам бўлгунча сажда қилади. Кейин “Аллоҳу акбар” дейди ва ўтирган ҳолда бўлгунча бошини кўтаради.  Кейин “Аллоҳу акбар” дейди. Сўнгра бўғинлари хотиржам бўлгунча сажда қилади. Кейин бошини кўтариб такбир айтади. Қачон ана шуларни бажарса, намози тўлиқ бўлади”, дедилар”.

Рифоъа ибн Рофеъ шунинг маъносидагини ривоят қилиб айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, бирингизнинг намози Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек, таҳоратни комил қилмагунча, юзини ва икки қўлини тирсаклари билан қўшиб ювмагунча, бошига масҳ тортмагунча, оёқларини тўфиқлари билан қўшиб ювмагунча бутун бўлмайди. Сўнгра Аллоҳ азза ва жаллани улуғлаб такбир айтади ва унга ҳамд айтади. Кейин Қуръондан унга изн берилгани ва муяссар бўлганини қироат қилади”, дедилар. Ҳаммоднинг ҳадисига ўхшашини зикр қилди.
“Сўнгра такбир айтиб, сажда қилади-да, юзини ерга (Ҳаммом: “Кўпинча “Пешонасини” дедилар”, деди.) ҳатто бўғинлари хотиржам бўлиб истироҳат олгунча қўяди. Кейин такбир айтиб текис орқасига ўтиради ва сулбини тўғирлайди” дедилар. Намозни худди шундай тўрт ракатини ҳатто фориғ бўлгунча сифатладилар. “Бирингизнинг намози ана шуларни бажармагунча тўлиқ бўлмайди”, дедилар”. 

 Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу ушбу қиссани ривоят қилади:
“Қачон турсанг қиблага юзланиб такбир айт. Сўнг “Уммул Қуръон” (Фотиҳа сураси)ни ва Аллоҳ ўқишингни хоҳлаганини қироат қил. қачон рукуъ қилсанг икки кафтингни икки тиззангга қўй ва белингни ёз. Қачон сажда қилсанг сажданг учун мустаҳкам жой қил. Қачон (саждадан бошингни) кўтарсанг чап сонингга ўтир”, дедилар.

Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу қиссани ривоят қилади:
“У зот: “Қачон сен намозингга турсанг, Аллоҳ таолони улуғлаб такбир айт. Сўнг Қуръондан сенга муяссар бўлганини қироат қил. Қачон намоз орасида ўтирсанг, хотиржам бўл. Чап сонингни тўшаб сўнгра ташаҳҳудни айт. Кейин қачон турсанг ҳатто намозингдан фориғ бўлгунча ана шунга ўхшашини (қил)”, дедилар.

Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек, таҳорат қил, сўнгра ташаҳҳудни айтиб, қиём тур. Кейин такбир айт. Агар сен билан бирга Қуръон бўлса, уни ўқи. Магар Аллоҳга ҳамд, Унга такбир ва таҳлил айт”, дедилар. 
“Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан”, дедилар.

Абдурраҳмон ибн Шибл розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарға чўқишдан, йиртқич ётишдан ва кишининг масжидда худди туя жой қилиб олганидек, жой қилиб олишидан қайтардилар”. Бу Қутайбанинг лафзидир.

Солим Баррод айтади:
“Биз Уқба ибн Омир Ансорий Абу Масъуднинг олдига бориб унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларидан бизга ҳадис айтиб бер”, дедик. У масжидда олдимизда туриб такбир айтди. Рукуъ қилганда икки қўлини тиззаларига қўйди ва бармоқларини ана ўшандан пастроқ қилди. Тирсаклари орасини очиқ қилди. Ҳатто ҳар бир нарса ундан қарор топадиган бўлди. Сўнгра: “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб турди. Ҳатто ҳар бир нарса ундан қарор топадиган бўлди. Кейин такбир айтди ва сажда қилди ва икки кафтини ерга қўйди. Сўнгра  тирсаклари орасини очиқ қилди. Ҳатто ҳар бир нарса ундан қарор топадиган бўлди. Кейин бошини кўтариб ўтирди. Ҳатто ҳар бир нарса ундан қарор топадиган бўлди. Яна худди ўшандай қилди. Сўнгра шу ракатга ўхшаш тўрт ракатни ўқиб, намозини ўқиди. Кейин: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди шундай намоз ўқиётганларини кўрганмиз”, деди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио