Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “У зот: “Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини фақат химор ила қабул қилади”, дедилар”. Абу Довуд шундай деди: “Бу ҳадисни Саид – яъни ибн Абу Аруба – Қатодадан, у Ҳасандан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади”.
Муҳаммаддан ривоят қилинади: “Албатта, Оиша Талҳаларнинг Талҳасининг онаси Софияникига борди. Унинг қизларига кўзи тушиб, шундай деди: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Ҳужрамда жория бор эди. Менга у зот изорларини ташладилар ва: “Буни икки бўлакка бўл! Ярмини бу (жорияга) бер, Умму Саламанинг ҳузуридаги қизчага ярмини бер!” дедилар. Мен уни дарҳақиқат ҳайз кўрган деб билардим ёки мен у иккисини дарҳақиқат ҳайз кўрган деб билардим”. Абу Довуд шундай деди: “Ҳудди шунингдек бу ҳадисни Ҳишом ибн Сириндан ривоят қилди”.
|