Ал-жомиъ ас-саҳиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Одам ёллаб ишлатиш ҳақида китоб

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

1-боб. Солиҳ одамни ёллаб ишлатиш ҳақида

Аллоҳ таолонинг қавли:
«Эй отажон, уни (Мусони ишга) ёллангиз, зеро сиз ёллаган шахс энг яхши, кучли, ишончлидир» («Қасас» сураси, 26-оят).

Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузўрларига икки ашъарий бирлан бирга келиб: «Билишимча, булар амал сўраб келишган», — дедим. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Биз амал сўраб келган одамни амалимизга таъйин қилмасмиз!» — дедилар».

2-боб. Бир неча қийротга қўйчивонлик қилиш ҳақида

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар қўйчивонлик қилишган», — дедилар. Саҳобалар: «Сиз ҳам қўйчивонлик қилганмисиз, ё Расулаллоҳ?» — деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа, бир неча қийротга Макка аҳлининг қўйларини боқар эрдим», — дедилар».

3-боб. Зарурат туғилганда ки аҳли Исломдан бирор одам топилмаганда мушрикларни ҳам ёллаб ишлатишнинг жоизлиги ҳақида

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар яҳудийларини ёллаб ишлатганлар.

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:
«Жаноб Расулуллоҳ ва Абу Бакр (аввал) Бану ад-Дайл қавмига, кейинчалик Бану Абд ибн Адий қавмига мансуб бир одамни (у Қурайш кофирлари динида эрди) моҳир йўл кўрсатувчи бўлгани учун ўзларига йўл кўрсатувчи қилиб ёллашди-да, унга икки туяларини топшириб, у бирлан уч кечадан кейин Савр ғорида учрашишни ваъдалашишди. У учинчи кечанинг тонггида туяларни уларга (эсон-омон) топширди. Шу ердан улар Омир ибн Фуҳайра ва йўл кўрсатувчи бирлан бирга йўлга тушдилар. Йўл кўрсатувчи уларни соҳил бўйлаб бошлаб кетди».

4-боб. Агар киши бир одамни уч кун, бир ой ёки бир йилдан кейин ишлаб бериш шарти бирлан ёллаган бўлса, жоиздур. Фақат, иккаласи ваъдалашилган вақт келганда ўрталаридаги келишувга вафо қилмоқлари даркор бўлур

Бу ерда юқоридаги ҳадис такрорланган.

5-боб. Ғазот вақтида хизмат қилиши учун одам ёллаш ҳақида

Яъло ибн Умайя разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Мен Жаноб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Усра ғазотига чиқдим. Бул ғазотда иштирок қилганим менинг энг умидбахш амалларимдан эрди. Ўшал ғазот вақтида менга хизмат қилмоғи учун бир одамни ёллаган эрдим. У бир одам бирлан жанжаллашиб, бири иккинчисининг бармоғини тишлаб олди. Бармоғи тишланган одам тишлаган одамнинг оғзидан бармоғини тортиб олганда унинг курак тиши тушиб кетди. Кейин, иккаласи жанжаллашиб Жаноб Расулуллоҳни ҳузўрларига боришди. Ул зот: «Ул ўз бармоғини айғир каби чайнагин, деб оғзингга тиқмаган-ку!» — дедилар».

6-боб. Бир одамни ёллаб, унга қилинадирган иш муддатини айтган, аммо унинг қандай иш эканлигини айтмаган киши ҳақида

Аллоҳ таолонинг қавли: «(Шуайб) айтди:
 «(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Агар ўн йил тўла ишлаб берсанг, сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. ИншоАллоҳ, сен менинг солиҳ одам эканлигимни кўрурсан». (Мусо) деди: «Мана шу сен бирлан менинг ўртамиздаги битимдур). Икки муддатдан қай бирини адо этсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувохдир» («Ал-Қасас» сураси, 27-оят).

7-боб. Йиқилай деб турган деворни тиклаш учун одам ёллашнинг жоизлиги ҳақида

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сўнг, (Мусо ва Хизр алайҳиссалом) яна йўлга тушдилар, йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизр алайҳиссалом) қўллари бирлан уни тиклаб қўйдилар. Шунда Мусо алайхиссалом Хизр алайҳиссаломга: «Агар хоҳласангиз, шу меҳнатингаз учун ҳақ олишингаз мумкин», — дедилар».

8-боб. Куннинг ярмигача (пешингача) одам ёллаб ишлатиш хусусида

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Сизлар бирлан икки китоб аҳлини (яъни, яҳудий ва насороларни) қўйидагача қиёслаш мумкин:
Бир одам: «Ким эрталабдан куннинг ярмига қадар бир қийрот ҳақ учун менга ишлаб берур?» — деб одам ёлламоқчи бўлди. Шунда яҳудийлар (рози бўлиб) унга ёлланиб ишлашди. Кейин, у (яна): «Ким куннинг ярмидан асргача бир қийрот ҳақ учун менга ишлаб берур?» — деди. Шунда насоролар (рози бўлиб) унга ёлланиб ишлашди. Сўнг, у (яна): «Ким асрдан то Қуёш ботгунча икки қийрот ҳақ учун менга ишлаб берур?» — деди. Ана ўшал ёлланганлар сиз (мусулмонлар)дурсизлар. Шунда яҳудий ва насоролар ғазабланиб: «Биз кўп ишладик, аммо кам ҳақ оддик», — дейишди. Одам ёллаган киши уларга: «Мен ҳақингаздан уриб қолдимми?» — деди. Улар: «Йўқ, (ваъдалашилган ҳақни тўла-тўкис бердинг)», — дейишди. У: «Менинг фазлим шундай, уни ўзим истаган кишига ато этурман!» — деди».

9-боб. (Пешиндан) аср намозигача одам ёллаб ишлатиш ҳақида

Бу ерда юқоридаги ҳадис такрорланган.

10-боб. Ёллаб ишлатилган одамнинг ҳақини бермасликнинг гуноҳи ҳақида

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Мен Қиёмат куни қўйидаги уч тоифа одамнинг душманидурман: менинг номим бирла онт ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг (душманидурман)», — дейди».

11-боб. Асрдан тунгача одам ёллаб ишлатиш хусусида

Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар бир киши маълум ҳақ бадалига эрталабдан тунгача ишлаш шарти бирлан ёллаган қавмга ўхшайдилар. Улар (яҳудийлар) ўшал кишига ёллангач куннинг ярмига қадар ишладилар-да, (меҳнатга тоқат қилолмай, танбаллик қилиб ва аҳдларига хиёнат қилиб): «Сен биз бирлан шартлашган ҳаққа эҳтиёжимиз йўқ , (куннинг ярмига қадар) қилган ишимиз ҳам хайф бўлди», — дейишди. Шунда бояги киши уларга: «Бундай қилмангизлар, зиммангиздаги ишни ниҳоясига етказиб, ҳақингизни тўла-тўкис олингизлар!»— деди. Аммо, улар кўнмай, кетиб қолишди. Кейин бояги киши уларнинг ўрнига бошқа бир қавмни (насронийларни) ёллаб: «Куннинг қолган қисмида ишни ниҳоясига етказсангизлар, мен пешингача ишлаб кетиб қолганлар билан шартлашган ҳақни сизларга берурман», — деди. Улар ҳам аср вақтигача ишлагач, (аввалги қавм каби меҳнатга тоқат қилолмай, танбаллик қилиб ва ахдларига хиёнат қилиб): «Зое кетган ишимиз ҳам ўзингга сийлов, сен бизга ваъда қилган ҳақ ҳам ўзингга сийлов!» — дейишди. Шунда бояги киши уларга: «Зиммангиздаги ишни ниҳоясига етказингизлар, кеч киришига ҳеч қанча вақт қолгани йўқ, (кўпи кетиб, ози қолди, қирқига чидаб, бирига чидамайсизларми?)» — деди. Аммо, улар ҳам кўнмай, кетиб қолишди. Сўнг, бояги киши уларнинг ўрнига бўлак бир қавмни куннинг қолган қисмида ишлатиш учун ёллади. Улар қуёш ботгунга қадар ишлаб, (ишни поёнига етказишди-да), аввалги (меҳнатга чидамаган) иккала қавмнинг ҳақини олишга муяссар бўлишди. Бу — Аллоҳ таолонинг ҳидоятини ҳамда Аллоҳнинг Расули келтирган нарсаларни қабул қилган мусулмонлар бирлан Аллоҳ таолонинг буюрган нарсаларини тарк қилган яҳудий ва насронийларни ўзаро қиёсловчи бир мисолдур».

12-боб. Ёлланган одамнинг омонат қолдирган ҳақини ишлатиб, кўпайтириб қўйган ёки бировнинг молини ишлатиб, кўпайтириб қўйган киши ҳақида

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Уч киши йўлда кетаётган эрди. Бирдан ёмғир ёғиб қолиб, тоғдаги бир ғорга кириб беркинишди. Шу пайт, тоғдан бир катта тош думалаб тушиб, ғорнинг оғзини тўсиб қўйди. Шунда улар ўзаро : «Аллоҳ таоло йўлида бирор амали солиҳ қилган бўлсангизлар, ўшани ўртага қўйиб парвардигорга илтижо қилингизлар, зора у ғорнинг оғзини очса» — дейишди. Улардан бири: «Ё Аллоҳ, менинг кексайиб қолган ота-онам бор эрдилар. Ўзим эрсам қўйчивонлик қилар эрдим. Ҳар куни яйловдан қайтгач, қўйларни соғиб, сутини аввал ота-онамга, сўнг болаларим ва аҳли аёлимга берар эрдим. Бир куни яйловдан кечроқ қайтдим, қарасам, улар ухлаб қолишибди. Одатдагидек, қўйларни соғиб, сутини ота-онамнинг ҳузурларига олиб бордим-у, лекин уларни уйғотишга журъат қилолмай тепаларида туриб қолдим. Болаларим эрса (сут сўраб) оёқларим остида талпиниб йиғлашар эрди. Шу аҳволда тонг оттирдик. Ё Аллоҳ, агар билсанг, бу ишни сени юз-хотир қилиб қилган эрдим. Бизга ғорнинг оғзини бир оз очгил, токи биз осмонни кўрайлик!» — деб илтижо қилди. Шунда Аллоҳ таоло ғорнинг оғзини бир оз очди. Кейин, уларнинг иккинчиси: « Ё Аллоҳ, агар билсанг, мен амакимнинг қизларидан бирини эркаклар аёлларни яхши кургандек қаттиқ севар эрдим. У менга: «Юз динор бермагунингча мақсадга эриша олмайсан», — деди. Мен юз динор топиб унинг олдига бордим-да, ўзимни оёқлари орасига олиб эрдим: «Аллоҳ таолодан қўрқгил, муҳрни ҳалоллик бирлан очгил!» — деди. Шунда мен дарҳол ўрнимдан туриб, ундан нари кетдим. Ё Аллоҳ, агар билсанг, мен бу ишни сени юз-хотир қилганимдан қилган эрдим. Бизга ғорнинг оғзини (каттароқ) очгил!» — деди. Аллоҳ таоло ғор оғзининг учдан икки қисмини очди. Сўнг, улардан учинчиси: «Ё Аллоҳ, агар билсанг, мен бир кишини бир фарақ (3 соъ) маккажўхорига ёллаб эрдим. Иш тугагач, ҳақини бердим, аммо у олмай, (омонат) қолдириб кетди. Кейин, ўша (бир фарақ) маккажўхорини экиб, деҳқончилик қилдим, ҳосилини сотиб, пулига бир сигир ва молга қараб туриш учун бир хизматкор (қул) сотиб олдим. Бир куни ўша ёлланган одам келиб, ҳақини мендан талаб қилди. Мен: «Бор, анави сигир бирлан унинг боқувчисини олиб кетавер!»— дедим. У менга: «Менинг устимдан кулаётирсанми?» — деди. Мен: «Масхара қилаётганим йўқ, ўша сигир ва унинг боқувчиси сеники, уларни олиб кетавер!» — дедим. Ё Аллоҳ, агар билсанг, мен бу ишни сени юз-хотир қилганимдан қилиб эрдим. Ғорнинг оғзини бутунлай очгил!» — деди. Шунда Аллоҳ таоло ғорнинг оғзини бутунлай очди, улар ташқарига чиқиб, йўлларида давом этдилар».

13-боб. Ҳаммол бўлиб ёлланган, сўнг ҳаммолликдан топган нарсасини садақа қилган киши ҳамда ҳаммоллик қилиб ҳақ олиш ҳақида

Абу Масъуд Ал-Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз саҳобаларгаларга садақа қилишни буюрсалар, бозорга бориб, ҳаммоллик қилардик. Сўнг ҳақига бир мудд (егулик) олиб, уни садақа қилар эрдик. Ҳозир эрса баъзиларимизда юз минг динор бор».

14-боб. Уруш ерида (мусулмонларга тобеъ бўлмаган ерда яшовчи) мўъминнинг мушрокка ёлланиб ишламоғи мумкинми?

Хаббоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Мен темирчи эрдим, талай вақт Осой ибн Воилга ёлланиб ишладим. Унда анча ҳақим йиғилиб қолган бўлиб, уни талаб қилгани борган эрдим, у менга: «Агар Муҳаммаднинг динига куфр келтирсанг, қарзимни узаман, акс ҳолда мендан бир дирҳам ҳам ололмайсан!» — деди. Мен: «Сен ўлиб, қайта тирилгунингга қадар ҳам Муҳаммаднинг динига куфр келтирмасман!» — дедим. У: «Ҳали, мен ўлиб, қайта тириламанми?» — деди. Мен: «Ҳа», — дедим. У: «Ундай бўлса, (қайта тирилганимда) у дунёда ҳам менинг молу дунём ва болаларим бўлур. Ана ўшанда қарзимни узурман», — деди. Шундан сўнг, Аллоҳ таоло: «Бизнинг оятларимизга куфр келтириб, «У дунёда ҳам менинг молу дунём ва болаларим бўлур» дегувчи кимсани кўрдингизми? » деган оятни нозил қилди».

15-боб. Араб қабилалари (дан бирининг бошлиғи)ни «Фотиҳа» сураси бирлан дам солиб даволаган (саҳоба)га берилгани хусусида

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 « Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эвазига ҳақ оладирган нарсаларингиз ичида Аллоҳнинг Китоби ҳақлироқдур!» — деб марҳамат қилдилар».

Шаъбий:
 «Қуръон муаллими (фалон нарса ёҳуд фалон миқдорда пул берилишини) шарт қилиб қўймай, нима берилса, ўшани олмоғи лозим», — дедилар.

Ҳакам:
 «Мен бирор фақиҳнинг (Қуръон) муаллимининг ҳақ олмоғини рад қилганини эшитмаганман», — дейдилар.

Ҳасан (Қуръон) муаллимига ўн дирҳам берганлар.

Ибн Сирин (ал-Ҳудрий) разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир гуруҳ саҳобалари сафарга чиқиб, йўл-йўлакай араб қабилаларидан бирининг манзилига бориб тушди-да, меҳмон қилишларини сўрашди, лекин улар кўнишмади. Кейин ўша қабиланинг оқсоқолини чаён чақиб олди. Улар барча чораларни кўришди, лекин фойдаси бўлмади. Шунда улардан баъзилари: «Бизнинг манзилга келиб тушганларнинг бирортасида, эҳтимол, дори-дармон бордир? », — дейишди. Кейин улар саҳобалар ҳузурига келиб: «Эй одамлар, бизнинг оқсоқолимизни чаён чақиб олди, барча чораларни қилдик, лекин фойда бермади. Сизларнинг биронтангизда дори-дармон топиладими? » — деб сўрашди. Шунда саҳобалардан бири: «Ҳа, ҳудо ҳаққи, мен дуохонман, лекин сизлардан бизни меҳмон қилишларингизни сўраганимизда, кўнмадингизлар. Энди, токи бизга ҳақ тўламас экансизлар, дам солмайман», — дедилар. Ниҳоят ҳар икки томон бир пода қўйга келишишди. Бояги саҳоба бориб, «Сураи Фотиҳа»ни ўқиб дам сола бошладилар. Оқсоқол тўлғаниб ётган еридан туриб, юриб кетди. Сўнг, қабила аҳли келишилган қўйларни саҳобаларга бераётиб: «Қўйларни сизларга тақсимлаб берайликми? » — дейишган эрди, дам солган саҳоба: «Йўқ, бундай қилмангизлар, биз аввал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтайлик, сўнг, ул зот нимаики буюрсалар, шуни қилайлик» — дедилар. Кейин саҳобалар Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дам солган саҳобага: «Сураи Фотиҳа»ни даъво эканлиигни қаердан билдинг? Қўйларни менинг изнимсиз тақсимлаб олмай, тўғри қилибсизлар, уларни ўзаро тақсимлаб, менга ҳам улуш ажратингизлар! », — дедилар-да, кулиб қўйдалар.

16-боб. Қул бўйнидаги тўлов ҳақида

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Абу Тайба Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қортиқ солиб қон олди. Сўнг, ул зот унга бир ёки икки соъ хурмо беришни амр қилдилар ва унинг эгалари бирлан гаплашдилар, улар унинг бўйнидаги тўловни камайтирадиган бўлишди».

17-боб. Қортиқчига ҳақ бериш ҳақида

Ибн Аббос ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қортиқ солдириб, қортиқчига ҳақ бердилар».

Ибн Аббос ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қортиқ солдирдиларда, қортиқчига ҳақ бердилар. Агар қортиқчига ҳақ беришни макруҳ, деб билганларида эрди, унга ҳақ бермас эрдилар».

Амр ибн Омир ривоят қиладилар: «Анаснинг айтишларича, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тез-тез қортиқ солдириб турар ва доимо қортиқчига ҳақ тўлар эканлар».

18-боб. Қул эгаларига ўз қуллари бўйнидаги тўловни камайтирмоқни амр қилган зот ҳақларида

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қулни ҳузурларига чақириб, қортиқ солдирдилар. Сўнг, унга бир ёки икки соъ (ёхуд бир ёки икки мудд) хурмо беришни буюрдилар ҳамда унинг буйнидаги тўловни камайтирмоқни эгаларига тайинладилар».

19-боб. Фоҳишалик қилиб ва чўриларнинг баданини пуллаб кун кўришнинг макруҳлиги ҳақида

Иброҳим азаларда йиғлаб бериб ҳақ олмоқни, ашула (ва рақс тушиб) пул топмоқни макруҳ ҳисоблаганлар.

Аллоҳ таолонинг қавли:
 «Покликни истаган чўриларингизни ҳаети дунё нарсаларини деб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта, Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг, (ул чўриларни) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидур» («Нур» сураси, 33-оят).

Абу Масъуд ал-Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилир:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ит сотиб, фоҳишалик ва коҳинлик қилиб кун кўришдан қайтардилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Жаноб Расулуллоҳ чўриларнинг баданини пуллаб тирикчилик қилишни маън этдилар».

20-боб. Эркак ҳайвонни ижарага бериб ҳақ олиш хусусида

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эркак ҳайвонни (урғочи ҳайвонни қочириб олиш учун) ижарага бериб ҳақ олишдан қайтардилар».

21-боб. Бир киши иккинчи бир кишидан ижарага ер олса-ю, сўнг иккаласидан бири вафот этиб қолса...

Ибн Сирийн:
«Маййит оиласи ижара муддатини ниҳоясига етказиши шарт эмас», — дейдилар. Ал-Ҳакам, ал-Ҳасан ва Иёс ибн Муовия: «Ижара муддати охиригача етказилиши керак», дейдилар.

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи саллам Хайбар ерларини (яҳудийларга) тенг шерикликка ижарага бердилар ва бу тартиб Жаноб Расулуллоҳ даврларида ҳам, Абу Бакр ва Умар даврларида ҳам, (Муовия халифалигининг дастлабки даврида ҳам) ўзгармади».

Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ерларини ундан олинадиган ҳосилнинг тенг ярмини олиш шарти бирлан (ижарага) бердилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио