Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҲАЖ

Икки юз йигирма биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййадан, у Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким ҳажга бормоқчи бўлса, шошилсин (тез ҳаракат қилсин)», дея марҳамат қилдилар».

 

Икки юз йигирма иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан (р.а.) ривоят қилади. «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Ҳажга борган киши (гуноҳлари) кечирилгандир. Ҳажга борган киши муҳаррам ойи чиққунга қадар гуноҳини кечишни сўраса, унинг ҳам гуноҳлари авф этилади», дея марҳамат қилдилар».

 

Икки юз йигирма учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Қайсдан, у Ториқдан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади: Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Ҳажнинг энг афзали баланд овоз ва оқизишдир. Баланд овоз - талбия ва таҳлил айтиш ва  оқизиш эса, қурбонлик сўйишдир».

Бир ривоятда: «Ҳадй қурбонлиги сўйишдир», дейилган.

 

Икки юз йигирма тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Яҳёдан ривоят қилади. Яҳёга Нофий хабар берди. Нофий айтади: «Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) эшитдим: «Бир одам турди ва:

- Эй Аллоҳнинг расули! Таҳлил қаердан бошланади? - деб сўради.

Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:

- Мадина аҳолиси Зулхулайфадан бошлайди. Ироқ аҳолиси Ақиқдан бошлайди. Шом аҳли Жуҳфадан бошлайди. Нажд аҳли Қарндан бошлаб талбия айтишади».

 

Икки юз йигирма бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асвад ибн Язиддан (р.а.) ривоят қилади. Ал-Асвад ибн Язид (р.а.) айтди: «Ҳазрати Умар (р.а.) одамларга хутба қилдилар ва деди:

- Сиздан ким ҳаж қилмоқчи бўлса, Мийқотдан бошласин. Мийқот жойларини эса Набий (с.а.в.) белгилаб берганлар. Мадина аҳли ва мадиналик бўлмай, у ердан ўтганлар учун Зулхулайфа, Шом аҳли ва шомлик бўлмай, у ердан келганлар учун Жуҳфа мийқотдир. Нажд аҳлининг ва Нажд аҳлидан бўлмай, у ердан ҳажга келганларнинг мийқоти Қарндир. Яман аҳли учун ва яманлик бўлмай, у ердан келганларники Яламлам, Ироқ аҳли ва бошқа инсонларнинг мийқоти эса Зоти ирқдир».

 

Икки юз йигирма олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳ ибн Динордан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Бир саҳобий:

40    Ё Расулуллоҳ! Эҳромли қандай кийим кияди?- деди.

- Кўйлак, салла, камзул, шим (иштон), қалпоқ ва сариқ ранг билан бўялган кийим киёлмайди. Нали (тахта шиппаги - Тарж.) бўлмаса, маҳсиларнинг тўпиқларидан пастки қисмини кесиб кийсин, - дедилар Расули акрам (с.а.в.)».

 

Икки юз йигирма еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Амр ибн Динордан, у Жобир ибн Зайддан, у Ибни Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: Ибни Аббос (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Кимнинг изори (пой қисмини ўрайдиган мато) бўлмаса, саровил (иштон) кийсин. Нали йўқ киши эса маҳси кийсин».

 

Икки юз йигирма саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳимдан, у отасидан ривоят қилади. Иброҳимнинг отаси айтди: «Ибн Умардан (р.а.)

228Эҳромдаги киши хушбўйлик суртадими?- деб сўрадим.

- Хушбўйлик суртишдан кўра қатрон (қора, бадбўй суюқлик. - Тарж.) суртиш мен учун яхшироқдир, - дея жавоб берди Ибн Умар (р.а.).

Оиша онамизнинг (р.а.) олдига келдим ва унга буни айтдим. Оиша онамиз (р.а.) бундай дедилар:

- Мен Расулуллоҳга (с.а.в.) хушбўйлик суртдим. Ул зот (с.а.в.) завжаларини айланиб чиқдилар, кейин эса эҳромга кирдилар».

Бир ривоятда: «Мен Ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) хушбўйлик сурардим. У киши аёлларини айланиб чиқар, кейин эса эҳромга кирар эдилар», дейилади.

 

Икки юз йигирма тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳобига ҳаж эҳромини ечиб, умрага эҳром боғлашларини буюрдилар».

 

Икки юз ўттизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади: Жобир (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Видо ҳажида буюрган амалларни айтганларидан сўнг Суроқа ибн Молик сўради:

- Ё Расулуллоҳ! Умрамиздан бизга хабар беринг. Бу умра бизга махсусми (хосми) ёки ҳаммагами?

- Хаммага,- дедилар Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)»

 

Икки юз ўттиз биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ал-Ҳайсамдан, у бир одамдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтишларича, ҳайзли эканлар, Маккага таматтуъ ҳажини адо этиш учун борадилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) Оиша онамизга умрани тарк этишларини айтадилар. Оиша онамиз (р.а.) умрани тарк қилдилар.

 

Икки юз ўттиз икккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади: «Оиша онамиз (р.а.) ҳайзли бўлганларида Маккага ҳажжи таматтуъ қилиш учун бордилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) умрани тарк этишини айтадилар. Умрани тарк этдилар. Ҳаж қилишни бошладилар. Ҳажни тугатганларида акалари Абдураҳмон билан Танъимга боришни буюрдилар».

 

Икки юз ўттиз учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у бир одамдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Оиша онамиз (р.а.) умрани тарк қилганлари учун бир сигир сўйдилар».

 

Икки юз ўттиз тўртинчи  ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдумаликдан, у Рубъи ибн Ҳаррошдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) менга умрани тарк этганимга жазо ўлароқ, қурбонлик сўйишни буюрдилар».

 

Икки юз ўттиз бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз(р.а.) айтдилар: «(Мен): «Эй Аллоҳнинг набийси, инсонлар ҳаж ва умра қилишяпти, мен эса ҳаж қиляпман», дедим. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) Абдураҳмон ибн Абу Бакрга: «У билан бор. Эҳромга кирсин, умрани тугатгач, тезда ёнимга келсин. Ақобада уни кутаман», деб буюрдилар».

 

Икки юз ўттиз олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Абу Қатодадан ривоят қилади. Абу Қатода айтди: «Набийнинг (с.а.в.) асҳобидан бир жамоа билан йўлга чиқдим. Жамоа ичида мендан бошқа эҳромга кирмаган йўқ эди. Бир туяқушни кўриб қолдим. Отимга қараб юрдим ва отга миндим. Шошилганимдан таёғимни ололмаган эдим. Уларга: «Менга таёғимни беринг», дедим. Улар бермадилар. Мен тушдим ва ўзим олдим. Туяқушни қидирдим, бироқ тополмадим. Унинг ўрнига эшак овладим. Уни мен ва улар едик».

 

Икки юз ўттиз еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Усмон ибн Муҳаммаддан, у Талҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилади. Талҳа ибн Убайдуллоҳ айтди: «Эҳромга кирмаган кимса овлаган ҳайвон гўштини эҳромдаги кишининг ейиши борасида музокара қилдик. Расулуллоҳ (с.а.в.) ухлар эдилар. Овозимиз баланд чиққани учун Расулуллоҳ (с.а.в.) уйғондилар. «Қайси мавзуда музокара қиляпсизлар?» дея сўрадилар. «Эҳромда бўлмаган кимса овлаган нарсани эҳромдаги киши ейишлиги ҳақида», дедик биз. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни ейишимизни айтдилар».

 

Икки юз ўттиз саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Эҳромли киши сичқон, илон, ит, калхат ва чаён ўлдириши мумкин».

 

Икки юз ўттиз тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Саммокдан, у Ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Маймуна бинти Ҳорисни эҳромда бўлганларида никоҳларига олдилар (унга уйландилар)».

 

Икки юз қирқинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) эҳромда бўлганларида қон олдирдилар».

 

Икки юз қирқ биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳни (с.а.в.) Ҳажар ул-Асвадни истилом қилишларини кўрганимдан бери уни истилом этишни тарк қилмадим».

 

Икки юз қирқ иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Тавоф асносида ҳар сафар Рукнул Яманийга борганимда у ерда Жаброилга дуч келаман», дея марҳамат қилдилар».

 

Икки юз қирқ учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилади. Ато ибн Рабоҳ айтади: «Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўралди:

229Ё Расулуллоҳ! Сиз нега Рукнул Яманийни кўп истилом қиласиз?

Марҳамат қилдиларки:

- У ерга ҳар борганимда Жаброил у ерда турганини, уни истилом қилганини ва гуноҳини кечишни Аллоҳ таолодан сўрашини кўраман».

 

Икки юз қирқ тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳ ибн Динордан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Рукнул Яманий билан Ҳажар ул-асвад орасида Аллоҳ расули (с.а.в.) шундай дуо қилар эдилар: «Эй Аллоҳим! Кофирликдан, фақирликдан, хорликдан, дунё ва охиратда шармандали ўринлардан Ўзинг паноҳ бергин».

 

Икки юз қирқ бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) хасталикларида уловлари устида туриб Каъбани тавоф этдилар ва рукунларни истилом қилдилар».

Бир ривоятда нақл этилишича, Набий (с.а.в.) хасталикларида уловлари устида Сафо ва Марва орасида саъй қилдилар.

 

Икки юз қирқ олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) Ҳажар ул-асваддан бошлаб унга айланиб келгунга қадар рамл қилардилар. (елкаларини қимирлатиб, тез юрар эдилар)».

 

Икки юз қирқ еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Яҳё ибн Абу Ҳаййа  Абу Жанобдан, у Ҳонийдан, у Зайддан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Арафотдан қайтиб Жамъа (Муздалифа)га тушганимизда такбир айтди ва биз у билан шом намозини ўқидик. Шом намозидан кейин у олдинга чиқди ва  икки ракат намоз ўқиди, сўнг сув олиб келтирди,  уни устига сепиб ётоқларига кирди. Биз эса ўтириб узоқ вақт намозни кутдик. Ниҳоят:

- Эй Абу Абдураҳмон! Намоз нима бўлади? (Намозни ўқимаймизми? - Тарж.) - дедик.

- Қайси намоз?

- Хуфтон намози-да.

Абу Абдураҳмон:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) ўқиганлари каби мен ўқиб олдим,  деди».

- Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган бир ҳадисда Ибн Умар (р.а.) айтади: «Набий (с.а.в.) шом билан хуфтон намозини жам этдилар (бирлаштириб ўқидилар)».

 

Икки юз қирқ саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Адийдан, у Абдуллоҳ ибн Язиддан, у Абу Аййубдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Аййуб (р.а.) айтадилар: «Муздалифада Расулуллоҳ (с.а.в.) билан видо ҳажида шом намози билан хуфтон намозини ўқидим».

 

Икки юз қирқ тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Исҳоқдан, у Абдуллоҳ ибн Язид Хитмийдан, у Абу Аййубдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Аййуб (р.а.) дейдиларки: «Расулуллоҳ (с.а.в.) шом ва хуфтон намозини бир азон ва бир такбир билан жам қилиб ўқидилар».

 

 Икки юз эллигинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Саламадан, у Ҳасан Аранийдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (с.а.в.) хонадон аҳли заифаларини Муздалифадан Минога аввал юбордилар. Уларга: «Қуёш чиққунга қадар шайтонга тош отманглар», дея буюрдилар».

 

 Икки юз эллик биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) хонадон аҳли заифаларини Муздалифадан Минога юбордилар. Уларга, қуёш чиққунга қадар шайтонга тош отманглар, дедилар».

 

Икки юз эллик иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: «Набий (с.а.в.) шайтонга тош отиш (ақоба) амалини қилгунга қадар талбия айтдилар».

Бир ривоятда (Ибн Аббосдан (р.а.) келган ривоятда) қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Фазл ибн Аббосни (р.а.) уловларининг орқасига миндириб олдилар. Фазл келишган бир йигит эди. Аёлларга қарай бошлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг юзини буриб қўяр эдилар. У зот (с.а.в.) шайтонга тош отгунга қадар талбия айтишда давом этдилар».

 

Икки юз эллик учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдул Каримдан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) қурбонлик туяни ҳайдаб бораётган бир одамни кўрдилар ва унга: «Туяга мин», деб айтдилар».

 

Икки юз эллик тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Субай ибн Маъбаддан ривоят қилади. Субай ибн Маъбад дейди: «Ҳаж қилиш учун Жазирадан йўлга чиқдим. Узайбадаги машҳур икки олим - Салмон ибн Робиа ва Зайд ибн Сухон ёнидан ўтдим. Менинг умра ва ҳаж учун бир йўла талбия айтаётганимни эшитиб, улардан бири: «Бу одам туясидан-да адашганроқдир», деди. Иккинчиси эса: «Бу одам шу-шундан ҳам адашганроқдир», деди.

Мен давом этдим. Ибодатим арконларини адо этганимдан сўнг мўминлар амири ҳазрати Умарнинг (р.а.) олдиларига бориб бўлган воқеани сўйлаб бердим: «Мен узоқ масофадан, олис юртдан бу ерга келдим. Аллоҳ таоло менга ҳаж қилишни насиб этди. Умра ва ҳажни бирга адо этишни истаб, бу иккиси учун талбия айтдим. Салмон ибн Робиа ва Зайд ибн Сухон (олдилари) ёнидан ўтдим. Мен ҳаж ва умра учун бирга талбия айтганимни эшитиб улардан бирлари: «Бу одам туясидан-да адашган», иккинчиси эса: «Бу кимса шу-шундан ҳам адашган», деди». Ҳазрати Умар (р.а.): «Кейин нима бўлди?» дедилар. Мен: «Умрага тавоф ва саъй қилдим, сўнг қайтиб яна тавоф ва саъй қилдим ва эҳромда қолдим. Ҳожилар нима бажарса мен ҳам адо этдим, ибодатларнинг қолганларини ҳам тўлиқ бажардим», дедим. «Сен Набийнинг (с.а.в.) суннатига кўра ҳаракат қилибсан», дедилар ҳазрати Умар (р.а.)».

Субай ибн Маъбаддан қилинган яна бир ривоятда бундай нақл этилади: «Мен христианликдан қайтиб, эндигина мусулмон бўлган бир кимса эдим. Умар ибн Хаттоб замонларида ҳаж қилиш учун Куфага келдим. Салмон ибн Робиа ва Зайд ибн Сухонлар фақат ҳаж учун талбия айтишди. Субай эса ҳар иккиси (ҳаж ва умра) учун талбия айтди.  Улар: «Ҳайф-е сенга. Расулуллоҳ (с.а.в.) таматтуъ ҳажини таъқиқлаганлар сен эса таматтуъ қилмоқдасан. Сен туядан ҳам адашгансан», дейишди. Бу гапдан сўнг Субай ибн Маъбад: «Яхшиси, биргаликда ҳазрати Умар (р.а.) олдиларига борайлик», дея таклиф айтди.

Субай Маккага келгач, Байтни тавоф этди. Сафо ва Марва орасида умра учун саъй қилди. Сўнг Ҳарами Шарифга қайтди. Таъқиқлардан бирортасини қилмади. Кейин Байтни тавоф этди. Ҳаж учун Сафо ва Марва орасида саъй қилди. Ҳарами Шарифда қолди, ман эилган нарсалардан сақланди. Арафотга борди. Ҳажини тугатиб, нахр куни эҳромдан чиқди. Қурбон (ҳайити. - Тарж.) куни таматтуъ ҳажи учун қурбонлик сўйди.

Ҳаждан қайтаётганларида ҳазрати Умарнинг (р.а.) ёнларига келдилар. Зайд ибн Сухон бундай деди: «Эй мўминлар амири, сиз таматтуъ ҳажини ман этган бўлсангиз ҳам, Субай ибн Маъбад таматтуъ ҳажи қилди». Ҳазрати Умар (р.а.): «Нима қилдинг, эй Субай?» дея сўрадилар. Субай ибн Маъбад: «Эй мўминлар амири, ҳаж ва умрага таҳлил айтдим. Маккага келгач, Байтни тавоф қилдим. Умрам учун Сафо ва Марва орасида саъй қилдим. Сўнгра Ҳарами Шарифга қайтдим. Эҳром ҳолида қолиб ман этилган ишларни қилмадим. Кейин ҳажим учун Сафо ва Марва орасида саъй қилдим. Бу амалларни бажаргач, Ҳарами Шарифда қолдим. Нахр куни Қурбонлик сўйдим, қурбонликдан сўнг эҳромдан чиқдим», дея жавоб берди. Ҳазрати Умар (р.а.) унинг елкасига секингина уриб: «Сен Набийнинг (с.а.в.) суннатига биноан иш қилибсан», дедилар.

Бир ривоятда эса қуйидагича келтирилади: «Субай ибн Маъбад Салмон ибн Робиа ва Зайд ибн Сухон билан бирга ҳажга борди. Субай ибн Маъбад ҳам ҳаж, ҳам умра учун эҳромга кирди. Салмон ва Зайд эса фақатгина ҳаж учун эҳромга кирдилар. У иккаласи Субайни бу қилган иши учун койидилар ва унга: «Туянгдан-да адашган экансан, ҳам ҳаж, ҳам умра учун эҳромга кирдинг. Ваҳоланки, мўминларнинг амири ҳаж ва умрага бирга эҳромга киришни ман этганлар», дейишди. Субай ибн Маъбад: «Ҳазрати Умар (р.а.) ҳузурларига боринг мен ҳам бораман», деди. Маккага бордилар. Субай умра учун Байтни тавоф қилди. Сафо ва Марва орасида саъй этди. Сўнгра қайтиб, такрор ҳаж учун Байтни тавоф этди. Сафо ва Марва орасида саъй қилди. Кейин у ерда иқомат этди (яшади). Эҳромни бузадиган бирор нуқсонга йўл қўймади. Қурбон куни бўлгач, қурби етган бир қўй сўйди. Ҳаж ибодатларини битиргандан кейин Мадинага кириб ўтдилар. Ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурига бордилар. Салмон ва Зайд: «Субай ҳаж ва умрани бирга қилди», дейишди. «Нима қилдинг, эй Субай?» деб сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.). Субай: «Маккага келдим. Умрам учун тавоф қилдим. Сафо ва Марва орасида саъй қилдим. Сўнгра қайтдим. Ҳажим учун Каъбани тавоф этдим. Сафо ва Марва орасида саъй қилдим», деб жавоб берди. «Кейин нима қилдинг?» дея сўрадилар ҳазрати Умар (р.а). «Масжиди Ҳарамда қолдим. Менга (эҳромли кишига. - Тарж.) ҳаром бўлган бирор ишни қилмадим. Қурбон куни келгач, қурбим  етган бир қўй сўйдим», деди. Ҳазрати Умар (р.а.) унинг елкасига секингина урдилар ва: «Сен Набийнинг (с.а.в.) суннатига биноан ҳаракат этибсан», дедилар».

 

Икки юз эллик бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Рамазон (ойи)да умра қилиш ҳажга тенгдир», деб марҳамат этдилар».

 

Икки юз эллик олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) Макканинг фатҳи куни Қасва номли қорамтир кулранг туялари устида ёйларини таққан ва бошларида қора салла ўраган ҳолда эдилар».

 

Икки юз эллик еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) дедилар: «Ҳазрати Пайғамбарнинг қабрларини мана бундай зиёрат этиш суннатдир: қибла тарафдан ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) қабрларига, келиб орқани қиблага, юзни қабрга қаратиб: «Ассалому алайка айюҳаннабий ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» (Аллоҳнинг саломи, раҳмати, баракоти сизга бўлсин, эй Набий!), дейсиз».

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио