Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

НИКОҲ БЎЛИМИ

Икки юз эллик саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Қосимдан, Қосим отасидан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ айтдилар: "Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга никоҳ хутбасини ўргатдилар. У қуйидагичадир: "Ҳамд Аллоҳгадир. Биз Аллоҳга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, гуноҳимизни кечишини сўраймиз. Ундан ҳидоят тилаймиз. Аллоҳ таоло кимни ҳидоятга эриштирса, уни адаштирувчи ҳеч ким йўқ. Аллоҳ таоло кимни адаштирса, уни ҳидоятга эриштирувчи кимса йўқ. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (с.а.в.) Унинг қули ва расули эканига биз иқрормиз.

Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан, лозим бўлганидек қўрқинг. Фақат мусулмон бўлган ҳолда ўлинг. Аллоҳдан қўрқинг! Бир бирингиздан нарсаларни Унинг номини айтиб сўрайсиз. Силаи раҳмни узманг. У сизни кузатиб турувчидир.

Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинг ва тўғри сўзни гапиринг. Аллоҳ сизнинг амалларингизни ислоҳ этади ва гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳ ва расулига итоат этса, шубҳасиз, у нажот топади".

 

Икки юз эллик тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Зиёддан, у Абдуллоҳ ибн Ҳарсдан, у Абу Мусодан (р.а.) ривоят қилади. Абу Мусо (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уйланинг (турмуш қуринг), мен сизнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида мақтанаман», дея марҳамат этдилар».

 

Икки юз олтмишинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳ ибн Динордан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ёш (бокира, дуркун - Тарж.) қизларга уйланинглар. Зеро улар серпушт, оғизларининг ҳиди ёқимли, ахлоқлари гўзалдир», дея марҳамат этдилар».

 

Икки юз олтмиш биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади. Иброҳим айтди: «Менга Мадина аҳлидан кекса бир киши хабар берди. У эса Зайд ибн Собитдан ривоят қилди. Зайд ибн Собит ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларига келганда Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ундан:

- Уйландингми? - деб сўрадилар.

- Йўқ, - деб жавоб берди у.

- Уйлангин, иффатли бўлгайсан (ҳаромлардан сақлангайсан). Бироқ беш аёлга уйланма: "Шаҳбара", "Наҳбара", "Лаҳбара", "Ҳабдара", "Лафут", - дедилар Расули акрам (с.а.в.).

- Ё Расулуллоҳ, бу айтганларингизнинг бирортасини билмайман.

Расули акрам айтдилар:

- Шабҳара - йирик жуссали, мовий кўзли аёл, наҳбара - заиф (ориқ - Тарж.), ингичка, узун бўйли аёл, лаҳбара - шаҳвати йўқ, ёши ўтган аёл, ҳабдара - бўйи қисқа ёқимсиз аёл, лафут - сендан бошқа (аввалги) эридан бола кўрган (тул) аёл».

Шайбоний айтадики: "Абу Ҳанифа бу ҳадисни ривоят этаркан, узоқ кулди".

 

Икки юз олтмиш иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдул Маликдан, у шомлик бир одамдан, у ҳазрати Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилди: «Бир одам келди ва:

230Ё Расулуллоҳ, мен фалончига уйланаман, - деди.

Аллоҳнинг расули (с.а.в.) унга уйланишдан қайтардилар. Ҳалиги одам яна ва яна келди. Расули акрам (с.а.в.) яна наҳй қилдилар ва бундай дедилар:

- Қора, аммо туғадиган аёл менга чиройли, туғмас аёлдан севимлироқ, яхшироқдир».

 

Икки юз олтмиш  учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқама ибн Марсаддан, у Ибн Бурайдадан ривоят қилади. Ибн Бурайда нақл қилди: «Бир куни саҳобалар Аллоҳ расулининг (с.а.в.) ёнларида бало ҳақида суҳбатлашдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бало (хосиятсизлик. - Тарж.) уйда, аёлда, отдадир. Уйнинг балоси тор бўлиши, отнинг балоси саркаш (қайсар) бўлиши, аёлнинг балоси бепушт бўлишидир", дея марҳамат қилдилар».

Ҳасан ибн Суфён мана бу ифодани қўшган: "Ёмон ахлоқли ва бепушт бўлишидир".

Бир ривоятда: "Агар бало (хосиятсизлик) бўлса, уйда, отда ва аёлда бўлади. Уйнинг балоси тор бўлишидир. Аёлнинг балоси бадхулқ ва бепушт бўлишидир. Отнинг балоси саркаш бўлишидир", дейилади.

 

Икки юз олтмиш тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ато ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: "Набий (с.а.в.) қизи Фотимага: "Али сени эслаяпти (сўраяпти, сенга уйланмоқчи)", дедилар».

 

Икки юз олтмиш бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Шайбондан, у Яҳёдан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларидан бирини турмушга чиқармоқчи бўлсалар: «Фалон эркак фалон қизни эслаяпти», дер эдилар, сўнгра уни узатардилар».

Бир ривоятда Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: "Набийнинг (с.а.в.) қизларидан бирига уйланмоқчи бўлинса (биров қизларининг қўлини сўраб келса. - Тарж.), ул зот (с.а.в.) ўша қизларининг хонасига келар, "Фалон киши фалон қизни эсга оляпти", дер эдилар. Кейин ўша қизларини турмушга берар эдилар".

Яна бир ривоят қуйидагичадир: "Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қизларидан бирига совчи келганида, унинг хонасига борар, "Фалон кимса фалон қизни эсламоқда", дер, кейин кетардилар ва никоҳ ўқир эдилар".

 

Икки юз олмиш олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) айтдилар: «Оиша онамиз (р.а.) ўз ёнида ўстирган етим қизни турмушга берди. Қизнинг сепини эса Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз молларидан тайёрладилар».

 

Икки юз олмиш еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Шайбон ибн Абдураҳмондан, у Яҳё ибн Абу Касийрдан, у   Муҳожирдан, у  ибн Икримадан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бокира қиз фақат рухсати (розилиги. - Тарж.) олингандан кейин турмушга берилади. Бокиранинг розилиги жим туришидир. Тул хотин фақат изни оғзаки (аёлнинг ўз оғзидан) олингандан сўнг турмушга берилади", деб марҳамат қилдилар".

Бошқа бир ривоятда айтилади: "Бокира қиз фақат изни (рухсати) олингандан кейин турмушга берилади. Бокиранинг изни жим туришидир (сукут сақлаши). Тул хотин эса унинг оғзаки изни олингандан сўнггина узатилади".

Яна бир ривоятда: "Бокира рухсати олинмагунча никоҳланмайди. Жим турса, бу рухсат (рози. - Тарж.), демакдир. Тул аёл эса оғзаки изн олинмагунча никоҳланмайди", дейилади.

 

Икки юз олтмиш саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдулазиздан, у Мужоҳиддан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Бир хотиннинг эри ўлган эди. Боласининг амакиси (яъни, қайнакаси. - Тарж.) келди ва унга турмушга чиқишни таклиф қилди. Қизнинг отаси қизини унга беришдан бош тортди. Аёл ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ёнларига келди. Воқеани айтди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг отасига хабар юбордилар. Қизнинг отаси келди.

- Бу аёл (қизинг. - Тарж.) нима деяпти? - дея сўрадилар Расулуллоҳ (с.а.в.).

- Тўғри гапиряпти, бироқ мен уни у одамдан ҳам хайрли бирисига бердим, - деди ота.

Шунда Аллоҳ расули (с.а.в.) бу турмушни (никоҳни. - Тарж.) бекор қилдилар. У аёлни боласининг амакисига (никоҳлаб) бердилар".

Ибн Аббосдан (р.а.) бўлган бошқа бир ривоятда айтилади: "Асмонинг ўзига боласининг амакиси ва бошқа бир одам отасига совчи бўлишди. Асмонинг отаси Асмони у одамга никоҳлаб берди. Қиз ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) келиб бу ҳолатдан шикоят қилди. Расули акрам (с.а.в.) унинг бошқа одам билан бўлган никоҳини бекор қилдилар, боласининг амакисига турмушга бердилар".

Яна бир ривоятда қуйидагича келади: "Бир аёлнинг эри вафот этди. Боласининг амакиси аёлга совчи бўлиб келди. Бироқ қизнинг отаси қизининг розилигисиз уни бошқа бир одамга турмушга берди. Қиз ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларига борди ва бу воқеани тушунтирди. Ҳазрати Пайғамбар қизнинг отасини чақиртирдилар ва:

- Уни (қизингни. - Тарж.) янада хайрли бирисига узатдингми? - дея сўрадилар.

У:

- Янада хайрли бирисига узатдим, - дея жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) аёл билан ҳалиги одамни ажратдилар, у аёлни боласининг амакисига никоҳладилар".

Бир ривоятда эса қуйидагича келтирилади: "Бир аёлнинг эри вафот этди. Унинг бир ўғил фарзанди бор эди. Боланинг амакиси у аёлга совчи бўлиб отаси олдига борди. Аёл отасига: "Мени у одамга турмушга беринг", деди. Қизнинг отаси бундан бош тортди. Аёлнинг розилигини олмай, уни бошқа бир одамга берди. Аёл эса ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига борди. Бўлиб ўтганларни ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) қизнинг отасидан сўрадилар. У:

- Мен қизимни боласининг амакисидан-да хайрли бир кишига узатдим, - дея жавоб берди.

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) аёл билан у турмушга чиққан одамнинг орасини ажратди. У аёлни боласининг амакисига никоҳлаб бердилар". 

 

Икки юз олмиш тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййа Уъфийдан, у Абу Саид Худрийдан ривоят қилади. Абу Саид Худрий айтди: "Расули акрам (с.а.в.): "Аёл аммаси ва холасининг устига никоҳланмайди (амма ва хола жияни билан бирга бир кишининг никоҳи остида турмайди)", дедилар".

 

Икки юз етмишинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Шабийдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аёл аммасининг ва холасининг устига никоҳланмайди. Катта кичикнинг устига никоҳланмайди. (Хола - синглисининг қизи, амма эса ака ё укасининг қизи устига никоҳланмайди)", деб марҳамат қилдилар".

 

Икки юз етмиш биринчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Зуҳрийдан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтади: "Набий (с.а.в.) мутъа никоҳини ман этдилар".

 

Икки юз етмиш иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: "Набий (с.а.в.) Ҳайбар куни мутъа никоҳини ман қилдилар".

 

Икки юз етмиш учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳорибдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: "Набий (с.а.в.) аёллар билан мутъа никоҳ қилишни ман этдилар".

 

Икки юз етмиш тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Зуҳрийдан, у Саррот аҳлидан (бўлган) бир одамдан ривоят қилади: "Набий (с.а.в.) Макканинг фатҳи кунида аёллар билан мутъа никоҳ қилишни ман этдилар".

Бир ривоятда: "Макка фатҳ қилинган йили қайтардилар", дейилади.

 

Икки юз етмиш бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Юнус ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, у Рабеъ ибн Сабрата Жуҳанийдан, у отасидан ривоят қилади: "Набий (с.а.в.) Макканинг фатҳи кунида аёллар билан мутъа никоҳ қилишни таъқиқладилар".

Бир ривоятда «Ҳаж қилинган йили мутъани ман қилдилар», дейилади.

 

Икки юз етмиш олтинчи ҳадис ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳайбар жанги бўлиб ўтган йили хонаки эшакларнинг гўштларини ейишдан ва аёллар билан мутъа никоҳ қилишдан қайтардилар".

 

Икки юз етмиш еттинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан ривоят қилади. Алқама (р.а.) айтдилар: "Абдуллоҳ ибн Масъуддан азл ҳақида сўралди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳ таоло кафолатини олган нарса қоянинг устига қўйилсада, албатта чиқади", дедилар", деди".

 

Икки юз етмиш саккизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Абу Ҳайсамдан, у Юсуф ибн Моҳакдан, у ҳазрати Пайғамбарнинг (с..а.в.) завжалари Ҳафсадан (р.а.) ривоят қилади: "Бир аёл Ҳафса онамиз ёнларига келди ва деди:

- Эрим менга ёнбошлатиб яқинлашади. Мен буни ёқтирмайман.

Бу гап Расули акрамга (с.а.в.) етди. У зот:

- Қинга бўлса, зарари йўқ,- дедилар.

Икки юз етмиш тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Ҳамид Аъраждан, Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Зарр (р.а.) айтдилар: "Набий (с.а.в.): "Хотинларнинг орқаларига яқинлик қилиш ҳаромдир", дедилар".

 

Икки юз саксонинчи  ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муъндан ривоят қилади. Абу Авф Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қилиб ёзганида кўрдим: "Хотинларнинг орқаларига яқинлашишдан қайтарилдик".

 

Икки юз саксон биринчи  ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абу Минҳалдан, у Қаъқоъ Ҳашанийдан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтади: "Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): "Хотинларнинг орқаларига яқинлашмоқ ҳаромдир", дедилар".

 

Икки юз саксон иккинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммод ибн Абу Салимдан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилади. Ҳазрати Умар (р.а.) айтдилар: "Набий (с.а.в.): "Бола ётоқ соҳибига тегишлидир (оиддир). Зино қилган тошбўрон қилинади", дедилар".


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио