Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

НАМОЗ КИТОБИ

Етмиш тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Абдуллоҳдан, у Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Зарр (р.а.) намоз ўқиди. Намоз қироатини қисқа қилди. Руку ва саждаларни кўп қилди. Намозни тугатгач бир одам унга деди: «Сен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) энг яқин дўсти бўла туриб шундай намоз ўқийсанми?!»

Абу Зарр (р.а.) сўради:

«Руку ва саждаларни тўла адо этмадимми?». У:

«Аксинча, мукаммал қилдинг».

Абу Зарр (р.а.) деди: «Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бундай деганларини эшитган эдим: «Ким Аллоҳ таоло учун бир бора сажда қилса, у сабабидан жаннатда бир даража юксалтирилади». Мен ўзимга кўп даражалар берилишини, кўп даражалар ёзилишини истадим».

Иброҳимга бир киши шундай деди: «Рабзада Абу Заррнинг ёнидан ўтаётганда Абу Зарр қисқа қироат қилиб, руку ва сужуд сонини кўпайтириб намоз ўқиётган эди.  Абу Зарр (р.а.) салом бергач, унга деди: «Сен шунақа намоз ўқийсанми? Ахир сен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳамроҳисан-ку?!».

Абу Зарр (р.а.) айтди. «Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Ким Аллоҳ учун бир сажда қилса, у сабабидан Аллоҳ таоло жаннатда уни бир даража кўтаради», деганларини эшитдим. Шунинг учун  саждани кўпайтираман».

 

Саксонинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, Иброҳим  Абдуллоҳдан ривоят қилади. Абдуллоҳ айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Киндик билан тизза ораси аврат», дедилар.

 

Саксон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир уларга бир кўйлакда  имомликка ўтди. Унинг ортиқча кийимлари бўлсада бизга Расулуллоҳнинг (с.а.в.) суннатларини ўргатиш учун шундай қилган эдилар.

 

Саксон иккинчи ҳадис

 

Абу Қурра айтди: Ибни Журайҳ Абдураҳмондан нақл этади. Бир одам: «Ў Расулаллоҳ! Шу кимса бир кийим билан намоз ўқийди», деди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Ҳар бирингизда икки кўйлак борми?» дедилар.

Абу Қурра: «Мен Абу Ҳанифадан (р.а.) эшитдим. У Зуҳрийдан, у Саид ибн Мусаййабдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) бир кўйлакда  намоз ўқиш ҳақида сўради. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Ҳар бирингиз ҳам икки кўйлак тополмайди», дея марҳамат қилдилар.

 

Саксон учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кийимда намоз ўқидилар». Қавмлардан баъзилари Абу Зубайрга бундай деди: «Фарздан бошқа намозми?».

«Фарз ва фарздан бошқа  намозда», деди у.

 

Саксон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Талҳа ибн Нофидан, у  Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир айтди: «Расулуллоҳдан (с.а.в.): «Энг афзал амал нима?» дея сўралди. «Ўз вақтида ўқилган намоз», дея марҳамат қилдилар».

 

Саксон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибни Умар (р.а.) айтади: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Бомдод намозини тонгни ёриштириб ўқинг, бу катта савобга боисдир», дедилар».

 

Саксон олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Шайбондан, у Яҳёдан, у  Бурайдадан ривоят қилади. Бурайда (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аср намозини эрта вақтида ўқинг», дея марҳамат қилдилар.

Бир ривоятда Бурайда Асламий (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этдилар: «Кун булутли бўлганида аср намозини эрта вақтида ўқинг. Чунки қуёш ботиб, аср намозини вақтида ўқимаганнинг амали бекор кетади».

 

Саксон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Шайбондан, у Яҳёдан, у Ибни Бурайдадан ривоят қилади. Ибни Бурайда (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аср намозини вақтида ўқимаган киши, оиласига зулм қилгандек бўлибди», дедилар».

 

Саксон саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдумаликдан, у Қузоаъдан, у  Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади: Абу Саид (р.а.) айтдилар. «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча намоз ўқилмайди. Аср намозидан сўнг қуёш ботгунча намоз ўқилмайди. Икки кунда - Қурбон  ва фитр ҳайити кунлари рўза тутилмайди. Уч масжид - Масжиди Ҳарам, Масжиди Ақсо, ва менинг бу Масжидимдан бошқа жойга (савоб қасдида - Тарж.) сафар қилинмайди.  Аёл киши, ёнида бир маҳрами бўлмай икки кунлик йўлга сафар қилмасин», дея марҳамат қилдилар».

 

Саксон тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, Алқама  Ибни Бурайдадан ривоят қилади. Ибни Бурайда (р.а.) айтади: «Ансорийлардан бири  Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ёнларидан ўтганда Ул зотни хафа ҳолда кўрди. Бу ансорий овқатни кўпчилик дастурхони билан ерди. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) аҳволини кўриб,  маҳзун бўлиб,  овқатини емай ёнига келганларни қолдириб масжидга кирди, намоз ўқиркан  уни уйқу босди. Унга тушида бир одам бундай деди:

- Сен Расулуллоҳнинг маҳзунликлари сабабини билдингми?

- Йўқ.

- Намозга азон айтишни ўйлаяптилар. Ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) бор. Билолга азон айтишни буюрсинлар, - деди ва ансорийга азон чақиришни ўргатди:

«Аллоҳу акбар - тўрт марта

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ - икки марта

Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ - икки марта

Ҳаййа ъалал солаҳ - икки марта

Ҳаййа ъалал фалаҳ - икки марта.

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

Ла илаҳа иллаллоҳ».

Кейин шу тартибда иқоматни ўргатди. Кейингисида кишиларнинг азон ва такбирларидагидек «қод қоматис солаҳ» - икки марта. «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ» деди. Ансорий масжиддан чиқди ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) эшиклари олдида ўтирди. Абу Бакр (р.а.) унинг ёнидан ўтдилар. Ансорий Ҳазрати Абу Бакрга: «Ичкарига кириш учун менга рухсат олиб беринг», деди.

Ансорий кўрган тушни Абу Бакр ҳам кўрган ва Расулуллоҳга айтган эди. Сўнгра Абу Бакр ансорийга рухсат олди. У Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига кириб кўрган (туш)ни айтиб берди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бундай дедилар: «Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ҳам шунга ўхшашини менга сўзлади», дедилар ва Билолга шундай азон айтишни буюрдилар.

Бошқа бир ривоятда: «Ансорийлардан бири Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ёнларидан ўтганда Ул зотни хафа ҳолатда кўрди. Бу одамнинг озуқаси сероб бўлиб ўша оқшом кишиларга овқат берарди. Расулуллоҳни (с.а.в.) хафа эканликларини кўргач, овқатни қолдириб, уйнинг намоз ўқиладиган бўлимига намоз ўқиш учун ўтди. Иттифоқо, уйқу босди. Уйқу асносида биров келди ва бундай деди:

- Расулуллоҳни (с.а.в.) нима хафа қилганини биласанми?

- Йўқ.

Шунда у:

- У нидодир. Ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) бор, Билолга буюрсин, - деди ва менга азонни ўргата бошлади:

«Аллоҳу акбар - тўрт марта

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ - икки марта

Ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ - икки марта

Ҳаййа ъалал солаҳ - икки марта

Ҳаййа ъалал фалаҳ - икки марта

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

Ла илаҳа иллаллоҳ».

Кейин иқоматни ҳам шу тарзда ўргатди. Сўнг охирида икки марта кишиларнинг азон ва такбирларидагидек «Қод қоматис - солаҳ» деди. Ансорий уйғониб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб эшик олдида ўтирди. Шунда Абу Бакр (р.а.) келиб қолдилар. Ансорий унга: «Менга рухсат олиб беринг», деди. Абу Бакр кириб Расулуллоҳга у кўрган каби ҳолни айтдилар. Сўнг ансорий кириб кўрганини айтди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Абу Бакр бизга айтди, Билолга шуни айт», дедилар.

 

Тўқсонинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳдан ривоят қилади. Абдуллоҳ деди: «Мен Ибни Умардан (р.а.) эшитдим. Бундай деди: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) азон айтилаётганда муаззин айтаётган сўзларни такрорлар эдилар».

 

Тўқсон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.)  Абдуллоҳ ибн Абу Авфадан ривоят қилади: У: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бундай деганларини эшитдим», деди: «Ким Аллоҳ учун бедана уйидай бўлсада бир масжид бино қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатда  бир уй бино қилади».

 

Тўқсон иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ибни Бурайдадан, у  отасидан ривоят қилади. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) масжидда йўқолган туясини сўраб бақираётган киши овозини эшитиб: «Топмагин», дея дуо қилдилар.

Бир ривоятда, йўқолган нарсасини қидираётган одам гапини эшитиб бундай дедилар: «Топмагин. Бу масжидлар ибодат учун қурилган».

 

Тўқсон учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Осимдан, у отасидан, у  Воил  ибн Ҳужрдан (р.а.) ривоят қилади. У нақл этади: «Набий алайҳиссалом  қўлларини қулоқ юмшоғигача кўтарар эдилар». Воил бир ривоятда Расулуллоҳни намозда қўлларини қулоқлари юмшоғигача кўтарганларини кўрганини айтди.

 

Тўқсон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Осимдан, у Абдулжаббор ибн Воилдан, у  отасидан ривоят қилади. У: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) такбир пайтида қўлларини кўтарганларини,  (намоз охирида)  ўнг ва чап томонга салом берганларини кўрдим», деди.

 

Тўқсон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, Ҳаммод Иброҳимдан ривоят қилади. Иброҳим Воил ибн Ҳужр ҳақида Иброҳим бундай деди: «У аъробийдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ундан олдин асло намоз ўқимаган. У Абдуллоҳ ва биродарларидан билимдонроқми? Қўлларни кўтаришни эслаб улар эслолмайдиларми?»

Бир ривоятда Воил ибн Ҳужрнинг ҳадиси зикр этилганди. «Бир аъробийдир. Ундан олдин Набийнинг (с.а.в.) ундай намоз ўқиганини билмайман. УАбдуллоҳдан билимдонроқми?» деди.

Бошқа бир ривоятда Иброҳимнинг олдида Воил ибн Ҳужрнинг у Расулуллоҳнинг (с.а.в.) руку ва сажда пайтида қўлларини кўтарганларини кўргани ҳақидаги ҳадис зикр этилди. Иброҳим: «У  аъробийдир. Ислом шариатини билмайди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) билан бор-йўғи бир марта намоз ўқиган. Саноқсиз кишилар менга Абдуллоҳ ибн Масъуддан Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) фақат намоз бошланишида қўлларини кўтарганларини ривоят этган».

Абдуллоҳ буни Пайғамбардан (с.а.в.) нақл этган. Абдуллоҳ Ислом шариатининг билимдонидир.  Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ҳолини яхши ўрганган. Муқимликда ва сафарда доимо Ул зот (с.а.в.) билан бўлиб, бирга жуда кўп намоз ўқиганлар, деди.

 

Тўқсон олтинчи ҳадис

 

Суфён ибн Уйайна айтди: «Абу Ҳанифа (р.а.) ва Авзои Маккада «Буғдойчилар ҳовлисида бирга бўлишди. Авзои Абу Ҳанифага  деди:

25     Сизга нима бўлди, намозда рукуга бораётганда, рукудан тураётганда қўлларингизни кўтармаяпсиз?

Абу Ҳанифа бундай дедилар:

26    Бу борада Расулуллоҳдан  бир нарса собит бўлмагани учун.

Авзои айтдики:

- Нечун собит бўлмасин? Зуҳрий Салимдан, у  отасидан Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқишни бошлаётганда, рукуга бораётганларида ва ундан тураётганларида қўлларини кўтарганлари ривоят қилинган.

Бунга жавобан Абу Ҳанифа:

- Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқамадан, у Асваддан, у  Ибни Масъуддан Расулуллоҳ (с.а.в.) фақат намозни бошлаётганда қўлларини кўтаришлари, уни  такрор этмасликларини ривоят қилган,- дедилар.

Авзои:

- Мен сизга Зуҳрийдан, у Солимдан, у  отасидан ривоят қилганини айтаяпман. Сиз менга Ҳаммод Иброҳимдан ривоят қилди, деяпсиз,- деди.

 Абу Ҳанифа:

- Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқдир. Иброҳим Солимдан фақиҳроқ эди. Алқама фиқҳда Ибни Умардан кам эмас. Ибни Умар саҳобий бўлсалар, ё унда суҳбат фазилати бўлса, Асвадда кўп фазилатлар бор. Абдуллоҳ  Абдуллоҳдир, - дегач Авзои жим бўлди.

 

Тўқсон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Тарифдан, у Абу Суфёндан, у Абу Назрадан, у  Абу Саид  Ҳудрийдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.)  марҳамат этдилар: «Намознинг калити таҳоратдир. Такбир намозда бошқа ишларни ҳаром қилгучидир. Салом бошқа ишларга рухсатдир.

Ҳар икки ракатда салом бер, намоз  Фотиҳа ва ундан сўнг бир сура ўқилмаса мукаммал бўлмайди».

Муқри Абу Ҳанифадан (р.а.) шунга ўхшаш бир ҳадис ривоят этган. Унинг сўнггига: Муқри Абу Ҳанифадан «Икки ракатда салом бер нима деганинг?» деб сўрадим», дейди.

Абу Ҳанифа: «Ундан мақсад «Ташаҳҳуддир», дедилар Муқри: «Абу Ҳанифа тўғри айтди», деди. Бир ривоятда: «Намоз фақат Фотиҳа ва у билан бирга ўқиладиган оятлар билан мукаммал бўлади», дейилади.

 

Тўқсон саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ато ибн Абу Рабоҳдан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.)ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: «Мадинада Расулуллоҳнинг бир мунодийлари (жарчилари. - Тарж.) бундай деди: «Намоз фақат қироат билан, агар у «Фотиҳа» сураси бўлсада, бўлади.

 

Тўқсон тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас айтди: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.), Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Ҳазрати Умар (р.а.) «Бисмиллоҳ…»ни овоз чиқариб ўқишмас эдилар».

 

Юзинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан, у Язид ибн Абдуллоҳ ибн Муъаффалдан ривоят қилади: «У бир имомнинг орқасида намоз ўқиди. Имом «Бисмиллоҳ…»ни овоз чиқариб айтди. Намоз тугагач, имомга: «Эй Аллоҳнинг қули. Бу нағмангни биздан бартараф қил. Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) орқаларида, Ҳазрати Абу Бакр (р.а.), Ҳазрати Умар (р.а.), Ҳазрати Усмонларнинг (р.а.) орқасида намоз ўқиганман. «Бисмиллоҳ…»ни овоз чиқариб айтганларини эшитмаганман», деди. Булар саҳобийдир».

Тўпловчи айтади: «Бу ҳадисни бир жамоат Абу Ҳанифадан (р.а.), у  Абу Суфёндан,  у Язиддан, у  отасидан (р.а.), у Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят этган.  «Бисмиллоҳ..»ни ошкора айтганларини эшитмадим», деган хабари тўғридир. Чунки бу Абдуллоҳ ибн Муъаффалдан келган машҳур  хабардир».

 

Бир юз биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Адийдан, у Бародан ривоят қилади. Баро бундай дейди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга хуфтон намозини ўқидим. «Тийн» сурасини ўқидилар».

 

Бир юз иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) ва Муъси  Зиёддан, у  Қутба ибн Моликдан ривоят қилади. Қутба ибн Молик: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бомдод намозининг икки ракатининг бирида «Қоф» сураси, ўнинчи оятини ўқиганларини эшитдим», деди.

 

 

Бир юз учунчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Мусодан, у Абдуллоҳ ибн Шаддоддан, у  Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким имомга иқтидо этса, имомнинг қироати   унинг қироати бўлади», дедилар».

Бир ривоятда: «Саҳобадан бирлари Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) орқаларида пешин  ва аср намозида қироат қилди,  бир саҳоба  имо билан уни қироатдан қайтарди. Намоз тугагач унга: «Расули Акрамнинг (с.а.в.) орқаларида қироат қилишдан қайтарасанми?» деди. Сўнгра иккаласи бу  хусусда баҳслашдилар. Уларнинг баҳсини Пайғамбар (с.а.в.) эшитиб: «Ким имомнинг орқасида намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг қироати бўлади», дедилар.

Яна бир ривоятда: «Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) орқаларида қироат қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни бундан қайтардилар», дейилади.

Яна бир ривоятда айтилишича Расулуллоҳ (с.а.в.) кишилар билан намоз ўқидилар. У зот орқасида бир киши қироат қилди. Шунда  Расулуллоҳ (с.а.в.): «Менинг ортимда қайсингиз қироат қилди?»дедилар.

27    Мен ўқидим, эй Расулуллоҳ, - деди бир киши.

Расулуллоҳ (с.а.в.):

28    Ким имом ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг ҳам қироати бўлади, - дея марҳамат қилдилар.

Бошқа бир ривоятда: Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) пешин ва аср намозларини ўқиб чиққанларидан сўнг:

29    Сиздан ким Аъло сурасини  ўқиди? - деб сўрадилар.

Ҳеч ким индамагач, яна бир бор сўраганларида, жамоатдан бир киши:

30    Мен ўқидим, эй Аллоҳнинг расули, - деди.

Расули Акрам (с.а.в.) унга:

- Сени  мен билан Қуръонни тортишаётганинг ҳолда кўрдим, - дедилар.

 

Бир юз тўртинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Яфурдан, у Саъд ибн Моликдан ривоят қилади. Саъд ибн Молик бундай деди: «Биз намозда (рукуда. - Тарж.) қўлларимизни сонларимиз орасига қўярдик, сўнг тиззаларимизга қўйишга буюрилдик».

 

Бир юз бешинчи ҳадис

 

Ибн Аби Субуъи Ибн Талҳа айтади: «Абу Ҳанифанинг (р.а.) Атодан «Имом: «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дегач,  «Роббана лакал ҳамд», дейдими?» деб сўраётганини кўрдим.

31    Буни айтиши лозим эмас, - дея жавоб берди Ато».

Ибн Умардан ривоят қилинган бир ҳадисда шундай келган: «Набий (с.а.в.) бизга намоз ўқиб бердилар. Рукудан бош кўтарганларида: «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дедилар. Шунда орқаларидаги бири: «Роббана лакал ҳамду, ҳамдан касийран тоййибан мубарокан фиҳи», деди. Набий (с.а.в.) намозни тугатгандан сўнг жамоатга қараб:

32    Бу сўзни айтган ким эди? - дея уч марта сўрадилар.

Бир саҳобий:

33    Эй Аллоҳнинг Набийси, мен айтдим, - деди.

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.):

- Мени ҳақ ила юборган Аллоҳ таолога қасамки, сенга қайси биринчи бўлиб савоб ёзишга ва уни кўтаришга мусобақа қилаётган ўттиздан ортиқ фариштани кўрдим,- дея марҳамат этдилар».

 

Бир юз олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Осимдан, у  отасидан, у Воил ибн Ҳижрдан ривоят қилади. У: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) саждага боаётганларида тиззаларини қўлларидан олдин ерга қўярдилар. Саждадан тураётганларида қўлларини тиззаларидан олдин кўтарар эдилар», деди.

 

Бир юз еттинчи ҳадис

 

 Абу Ҳанифа (р.а.) Товусдан, у Ибн Аббосдан (р.а.)  ё бир неча саҳобадан ривоят қилади: «Набийга (с.а.в.) етти аъзо билан  сажда қилишга ваҳий этилди».

 

Бир юз саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Икримадан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббосдан (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: «Етти аъзо билан сажда қилишга, намозда соч ва кийимни тузатмасликка буюрилдим».

 

Бир юз тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан,  у Абу Назрадан, у Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Инсон етти аъзо:   пешонаси,  икки қўли , икки тизза ва икки оёқ учи билан сажда  қилади: Сажда қилганингизда ҳар бир аъзони  жойига қўйингиз. Руку қилганда эшак каби бошини эгиб белини чиқармасин (ортини текис тутсин. - Тарж.)», дея марҳамат қилдилар.

 

Бир юз ўнинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан, у Абу Назрадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сажда қилаётганингизда оёқларингизни чўзманг.  Инсон етти аъзоси билан: пешонаси, икки қўли, икки тиззаси,  икки оёқ панжалари билан сажда қилади», дедилар.

Бир ривоятда: «Сизлар  сажда қилганда белингизни чўзманг», дейилган.

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ (с.а.в.) саждада белини чўзишдан қайтарганлар», дейилади.

 

Бир юз ўн биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Жабла ибн Суҳаймдан, у Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким намоз ўқиса,  ит каби тирсакларини ерга тўшамасин», дедилар».

 

Бир юз ўн иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у  Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд айтади: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бомдод намозида фақат бир ой Қунут дуосини ўқидилар, бундан олдин ҳам кейин ҳам мушрикларни дуо бад қилганлари кўрилмади».

 

Бир юз ўн учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атийядан, Атийя Абу Саиддан  (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид (р.а.) айтади: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) фақат қирқ кун  Усайя ва Заквон аҳлини бади дуо қилиб, Қунут дуосини ўқидилар.  Сўнг вафотларига қадар бомдодда Қунут ўқимадилар».

 

Бир юз ўн тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Осимдан, у отасидан, у  Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилади. Воил ибн Ҳужр айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) намозда ўтирганларида чап оёқларини тўшаб  устига ўтирардилар, ўнг оёқларини эса тик тутар эдилар».

 

Бир юз ўн бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Ҳазрати  Ибни Умардан (р.а.):

34    Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида аёллар қандай намоз ўқирди? - дея сўралди.

Ҳазрати Умар (р.а.):

- Аёллар чордона қуриб ўтирар эдилар. Кейин сонлари устига (қуймичларида. - Тарж.) ўтиришга буюрилдилар, - дея жавоб берди».

Бир юз ўн олтинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Исҳоқдан, у Абу Бародан ривоят қилади. Абу Баро айтади: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бизга Қуръондан сура ўргатганларидек  намоздаги ташаҳҳудни ўргатар эдилар».

 

Бир юз ўн еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Қосимдан, Қосим отасидан, у  Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.): «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга намознинг хутбасини, яъни ташаҳҳудни ўргатдилар», дедилар.

 

Бир юз ўн саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Абу Воилдан, у Шақиқ ибн Саламадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ айтади: «Биз Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) орқаларида намоз ўқирдик ва «Ассалому алааллоҳ» дер эдик».

Бир ривоятда: «Мин ибодиҳи Ассаламу ъала Жибрийла ва Микоила» қўшилган.

Набий (с.а.в.) бизга бурилиб дедилар:

35     Аллоҳ таоло ўзи саломдир,  сиз ташаҳҳудга ўтирганда бундай денг:

«Аттаҳиййату лиллаҳи вас-салавату ват-тоййибату. Ассаламу ъалайка аййуҳан - набиййу ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Ассаламу ъалайна ва ъала ибадиллаҳис - солиҳийн. Ашҳаду ан Ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳ».

Бир ривоятда бундай дейилади:

«Ас-салому ъалаллоҳ, ас-салому ъала Жибрийла, ас-саламу ъала Расулуллоҳ», дейишарди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ас-саламу ъалаллоҳ деманг, балки:

«Аттаҳиййату лиллаҳи вас-салавату…», деб айтинг.

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ташаҳҳудни охиригача ўргатдилар», дейилган. Бир ривоятда «Бизга ўргатдилар», дейилади.

Яна бир ривоятда бундай келади: «Биз Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) билан намоз ўқиганимизда, намоз охирида ўтирганимизда: «Ас-саламу ъалаллоҳ, ас-саламу ъала Расулуллоҳ ва ъала малаъикатиҳи..», дер эдик. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бундай деманг, лекин: «Аттаҳиййату лиллаҳи вас-салавату ват-тоййибату…» денглар», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз ўн тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) бундай деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ўнг  томонларига: «Ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ», дея салом берар эдилар. Ўнг ва чап томонларига салом берганларида юзларининг ярми орқаларидан кўринар эди».

Бир ривоятда: «Ўнг ёноқларининг оқлиги кўринар эди», дейилади.

 

Бир юз йигрманчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Қосимдан, у отасидан, у  Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.) айтадики: «Расулуллоҳ (с.а.в.) икки марта, яъни ўнг ва чап томонларига салом берар эдилар».

 

Бир юз йигирма биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади. Иброҳим (р.а.) айтади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳузайфа, Абу Мусо (р.а.) ва бошқа асҳоблар бир уйда тўпландилар. Намоз вақти кирганида: «Олдинга (имомликка. - Тарж.) ўт, эй фалончи», дедилар. У киши эса олдинга ўтишдан бош тортди ва:

- Эй Абу Абдурраҳмон!.. Сиз олдинга ўтинг, - дейишди.

Шундан сўнг Абдурраҳмон имомликка ўтдилар ва  руку ва саждани мукаммал этиб, қисқа қилиб намоз ўқидилар. Намозни тугатганида жамоат:

- Абу Абдурраҳмон Расулуллоҳнинг (с.а.в.) намоз ўқишларини ёдда тутган экан, - деди».

 

Бир юз йигирма иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан, у Жобирдан, у Абу Саиддан ривоят қилади. Абу Саид (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига кирганда Ул зотни бир буйра устида намоз ўқиб, унинг устига сажда қилаётганларини  кўрди».

 

Бир юз йигирма учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтириб, тик туриб ва ўралиб намоз ўқидилар».

 

Бир юз йигирма тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан, у Ҳасандан (р.а.) ривоят қилади. Ҳасан (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) кўз  оғриғи сабабли ўралиб намоз ўқидилар».

 

Бир юз йигирма бешинчи ҳадис

 

Дамиғон қозиси Муҳаммад ибн Букай бундай деди: «Абу Ҳанифага (р.а.) «Касал ҳушини йўқотса  намоз вақти кирганда унга нима қилиш лозим?» дея мактуб ёздим. У киши менга: Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилиб ёздилар. «Жобир айтади: «Мен касал бўлганимда Набий (с.а.в.) мени кўришга келдилар. Ёнларида Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) бор эдилар. Намоз вақти кирган пайт касаллигим туфайли  ҳушимни йўқотдим. Расулуллоҳ (с.а.в.) таҳорат олдилар ва менга таҳорат сувидан сепдилар ва мендан: «Қандайсан, эй Жобир?» дея сўрадилар ва сўнгра: «Кучинг етунча имо-ишора билан бўлса-да, намоз ўқи», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз йигирма олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у  Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади.  Оиша онамиз (р.а.) айтадилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) жуда ҳолсиз, беҳуш бўлгач: «Абу Бакрга айтинг, одамларга (жамоатга… - Тарж.) намоз ўқиб берсин», дедилар.  «Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) тортинчоқлар. Ўзларича Сизнинг мақомингизга ўтишга ийманадилар», дейилди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Сизга буюрилган ишни қилинг», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз йигирма еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Оиша онамизидан (р.а.) ривоят қилади.Ҳазрати Оиша (р.а.) айтадилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) беҳуш, ҳолсиз бўлганларида: «Абу Бакрга айтинг, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар. Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр тортинчоқлар,  сизнинг мақомингизда туришга ийманадилар», дейилди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Абу Бакрга айтинг, одамларга намоз ўқиб берсин, эй Юсуфнинг суюкли йўлдошлари», дедилар ва бу сўзларини бир неча бор такрорладилар».

 

Бир юз йигирма саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у  Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтадилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) вафотлари олдидан  касалликларидан  бироз енгиллашганларида намоз вақти киргач. Ул зот (с.а.в.)  Оиша онамизга (р.а.): «Ҳазрати Абу Бакрга айтинг, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар. Оиша онамиз (р.а.) Абу Бакрга «Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жамоатга намоз ўқиб беришингизни буюряптилар», деб хабар юбордилар. У киши: «Э қизим, мен кекса, нозик одамман. Расулуллоҳни ўринларида кўрмасам,  чидай олмайман. Сен ва Ҳафса Расулуллоҳнинг ёнларига боринглар. Ҳазрати Умарга хабар юборадилар. У жамоатга намоз ўқиб беради», дедилар. Мен айтганларини қилдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сизлар Юсуфнинг йўлдошларисиз, ҳазрати Абу Бакрга буюринг, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар». Азон айтилганида ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) муаззиннинг «Ҳаййа алас солаҳ» деяётганини эшитдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мени турғизинглар», дедилар.  Оиша онамиз разийаллоҳу анҳо: «Мен ҳазрати Абу Бакрга жамоатга намоз ўқиб беришларини айтдим. Сиз узрлисиз», дедилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Мени турғизинглар,  намоз  кўзимнинг қувончи этилган», дея марҳамат қилдилар. Икки киши орасида  турғазилдилар, оёқлари ерда судралар эди. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) келганларидан бохабар бўлгач, орқага ўтдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга ишора қилдилар ва Абу Бакрнинг (р.а.) чап томонига ўтирдилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) унинг олдида такбир айтдилар , ҳазрати Абу Бакр (р.а.) У зотнинг такбирларини баланд овозда такрорлар эди.  Жамоат намоз тугагунча ҳазрати Абу Бакрнинг (р.а.) такбири билан такбир айтди. Расулуллоҳ вафотларига қадар бу намоздан бошқа  жамоатга  намоз ўқиб бермадилар. Абу Бакр имом бўлдилар. Расулуллоҳ вафотларига қадар оғридилар.

 

Бир юз йигирма тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан (р.а.) ривоят қилади. Иброҳим (р.а.): «Қавмга зинодан туғилган фарзанд, қул, бадавий Қуръон ўқишни билса, имомлик қилиши мумкин», дедилар.

 

Бир юз ўттизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Икримадан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтади: «Набий (с.а.в.) бир одамга имомлик қилиб намоз ўқидилар. У одам Расулуллоҳнинг орқаларида, унинг орқасида аёл намоз ўқиди. Расулуллоҳ намозни улар билан жамоат бўлиб  ўқидилар».

 

Бир юз ўттиз биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ато ибн Ясордан, у Абу Саид Худрийдан ривоят қилади. Абу Саид Худрий (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ таоло ва фаришталари сафларини тўла қилиб намоз ўқиганларга салот ва салом айтади», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз ўттиз иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтадики: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқиса, унинг учун икки халослик бор: бири - мунофиқликдан халослик, иккинчиси  - ширкдан халослик», дедилар.

 

Бир юз ўттиз учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким қирқ кун жамоат билан узлуксиз намоз ўқиса, унга (номаи аъмолига. - Тарж.) мунофиқликдан ва ширкдан халослик ёзилади».

 

Бир юз ўттиз тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Шабийдан (р.а.), у ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.): «Набий (с.а.в.) аёлларнинг бомдод ва шом намозларига боришларига рухсат бердилар», дедилар. Шунда  бир одам: «Бу  рухсатни суъистеъмол қилишлари мумкин», деди. Ибн Умар (р.а.): «Мен сенга «Аллоҳнинг расулидан (с.а.в.) нақл қиляпман. Сен бўлсанг, бундай дейсан», дедилар.

 

Бир юз ўттиз бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Зуҳрийдан, у Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилади. «Аллоҳнинг расули (с.а.в.): «Кечки овқат ҳозир бўлиб, муаззин хуфтонга азон айтса, аввал овқатни енглар», деб марҳамат қилдилар».

 

Бир юз ўттиз олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Жобир ибн Асвад ёхуд Асвад ибн Жобирдан, у  отасидан (р.а.) ривоят қилади. «Икки киши Пайғамбар (с.а.в.) замонларида пешин намозини уйларида ўқидилар. Зеро, улар  жамоат  намозни ўқиб бўлган  деб ўйлашган эди. Сўнг бу икки одам масжидга келдилар. Бу пайт Расулуллоҳ (с.а.в.) намозда эдилар. У иккиси жамоатга қўшилиб намоз ўқишни ўзларига мумкин эмас, деб ўйлаб масжиднинг бир четига ўтирдилар. Намоз тугагач Расулуллоҳ (с.а.в.) иккисини кўрдилар ва уларга одам юбордилар. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келганда ўзлари ҳақида бирор ёмон нарса бўлган, деган гумонда титрай бошладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) улардан  сўрадилар. Улар  бўлган воқеани айтиб беришди.  Расули акрам (с.а.в.): «Агар шундай бўлса одамлар билан бирга намоз ўқинг, биринчи ўқиган намозингиз билан фарзни адо этган бўласиз», дея марҳамат қилдилар». Бу ҳадисни кўпчилик Абу Ҳанифадан (р.а.) ривоят қилган. Ҳайсамнинг бу ҳадисни Расулуллоҳга (с.а.в.) боғлаганларини айтишган.

 

Бир юз ўттиз еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Яҳё ибн Саиддан, у Амрадан, у эса  Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади.  Оиша онамиз (р.а.) айтадилар: «Инсонлар жума намозига  уст-бошлари чанг-тупроқ бўлиб  терлаб боришар эди. Уларга: «Ким жума намозига борса, ғусл қилсин», дейилди».

Бир ривоятда: «Инсонлар ерда ишлашарди. Устлари тер ва чанг-тупроқ ҳолда масжидга боришарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга: «Жумага келганингизда ғусл олиб келинглар», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз ўттиз саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Мансур ва Муҳаммад ибн Бишр Нофеъдан, у Ибн Умардан (р.а.)  Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Намозга келган кишига ғусл вожибдир», деб марҳамат қилганларини ривоят этишган.

 

Бир юз ўттиз тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййадан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) жума куни минбарга чиққанларида хутбадан аввал бир оз ўтирар эдилар».

 

Бир юз қирқинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у бир кишидан ривоят қилади.. У киши Расулуллоҳнинг (с.а.в.) жума куни хутбалари қандай бўлишини Ибн Масъуддан (р.а.) сўради. Ибн Масъуд унга: «Жума сурасини ўқийсанми?» деди. «Ўқийман, бироқ ёдламаганман», деди ҳалиги киши. Ибн Масъуд (р.а.) «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгуни кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетадилар ва Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қиладилар…» оятини ўқиб берди.

 

Бир юз қирқ биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил  Куфиййидан, у Ёқуб ибн Юсуф ибн Зиёддан, у Абу Жунодадан, у Иброҳимдан, у Саид ибн Жубайрдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) жума намозида «Жума» ва «Мунофиқун» сураларини ўқир эдилар».

 

Бир юз қирқ иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳимдан, у Ҳубайб ибн Солимдан, у Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилади. Нўъмон ибн Башир айтдики: «Пайғамбар (с.а.в.) Жума ва Ҳайит  намозларида  «Аъло» ва «Ғошия» сураларини ўқир эдилар».

 

Бир юз қирқ учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Қайсдан, у Ториқдан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳар жума кечаси Аллоҳ таоло махлуқларини уч марта назорат қилади», деб марҳамат қилдилар».

 

Бир юз қирқ тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Ҳасандан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким жума куни вафот этса, қабр азобидан сақланади», деб марҳамат қилдилар».

 

Бир юз қирқ бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Умму Атиййадан  эшитган кишидан ривоят қилади: Умму Атиййа  айтади: «Аёлларга икки ҳайит намозига чиқишга рухсат берилди. Ҳатто икки ёш қиз бир либос кийиб чиқарди. Ҳайз кўрганлар ҳам чиқардилар. Улар одамлар ёнида ўтириб  бирга дуо қилишарди, аммо намоз ўқимас эдилар».

 

Бир юз қирқ отлинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдулкаримдан, у Умму Атиййадан ривоят қилади. Умму Атиййа айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) биз аёлларга Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити намозларига чиқишга рухсат берардилар».

Бир ривоятда Умму Атиййа айтади: «Икки ҳайитда ҳайзда бўлган аёллар ҳам чиқиб, аёлларнинг ёнига ўтириб дуо қилишар эди».

Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бизларга Қурбон ҳайити  ва Фитр куни намоз ўқиладиган жойга ўраниб - ҳайз кўрганлар ҳам қўшилиб - чиқишимизни буюрдилар. Бироқ ҳайз кўрганлар  ажралиб, ибодат қилаётганларни ва уларнинг дуоларини кўриб турардилар.

Бир аёл: «Ё Расулуллоҳ! Бирортамизнинг жилбобимиз бўлмаса…» деганида, Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Қардоши жилбобини кийгизсин», дедилар».

 

Бир юз қирқ еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Адийдан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: Ибн Аббос (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳайит куни намозгоҳга чиқдилар. Намоздан олдин ҳам кейин ҳам бирор нафл намоз ўқимадилар».

 

Бир юз қирқ саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилади. Анас бундай деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан пешин намозини тўрт ракат ўқидик. Зулҳулайфада эса аср намозини икки ракат қилиб ўқидик».

 

 

Бир юз қирқ тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.)  деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) сафарда икки ракат намоз ўқир эдилар. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Ҳазрати Умар (р.а.) икки ракатдан ошиқ ўқимасдилар».

 

Бир юз эллигинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. «Абдуллоҳнинг (р.а.) олдига келиб: «Ҳазрати Усмон (р.а.) Минода тўрт ракат ўқиди»деб айтишди. Абдуллоҳ (р.а.) бу гапни эшитгач: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) билан, Абу Бакр (р.а.) билан, Умар (р.а.) билан  икки ракат ўқиганман», деди.  Сўнг  Абдуллоҳ (р.а.) Ҳазрати Усмон (р.а.) билан  намозда ҳозир бўлди ва у билан тўрт ракат ўқиди. Абдуллоҳга: «Фикрингдан қайтдингми?» дейилди. «Мен нима айтган бўлсам айтдим. Тўрт ракат ўқидим. Чунки хилофат шуни тақозо этди. Минода тўрт ракат намозни тўла ўқиган биринчи киши ҳазрати Усмондир (р.а.)», деди Абдуллоҳ (р.а.)».

Бир юз эллик биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Мужоҳиддан ривоят қилади. Мужоҳид Абдуллоҳ ибн Умарга Маккадан Мадинагача  ҳамроҳлик қилди. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Мадинага қараб улови устида имо-ишорат билан намоз ўқидилар. Бироқ фарз ва витр намозларини уловдан тушиб ерда ўқирдилар. Мужоҳид: «Ундан улови устида юзини Мадинага қилиб намоз ўқигани ҳақида сўрадим. У менга: «Расулуллоҳ (с.а.в.) уловлари устида юзлари қараган томонга имо-ишора билан нафл намоз ўқирдилар»,- деб айтди», деди.

 

Бир юз эллик иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Яъфур  Абдийдан, у  ибн Умардан (р.а.) ривоят қилган кишидан ривоят қилади: Ибн Умар (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ таоло сизга бир намозни зиёда қилди. У витр намозидир», дедилар».

Бир ривоятда: «Аллоҳ таоло сизга беш вақт намозни фарз қилди ва  витр намозини зиёда этди», дейилади.

Бошқа ривоятда «Аллоҳ таоло сизга витр намозини зиёда қилди» шаклида келади.

Яна бир ривоятда бундай деб айтилган: «Аллоҳ таоло сизга бир намоз зиёда қилди, у витрдир. Уни доимо адо этинг».

 

Бир юз эллик учинч –ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Исҳоқдан, у Осим ибн Ҳамзадан (р.а.) ривоят қилади. Осим (р.а.) айтди: «Мен ҳазрати Алидан витр намози вожибми?»- деб сўрадим. «Йўқ, бироқ Расулуллоҳнинг (с.а.в.) суннатларидир. Уни тарк этиш ҳеч кимга дуруст эмас», дедилар.

 

Бир юз эллик тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у  Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (с.а.в.) витрни уч ракат ўқирдилар. Биринчи ракатда «Саббиҳисма роббикал аъла», иккинчи ракатда «Қул йа аййуҳал кафирун», учинчи ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураларини ўқир эдилар».

Бир ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) витр намозининг биринчи ракатида Фотиҳани ва «Саббиҳисма роббикал аъла»ни, иккинчи ракатда Фотиҳа ва Кафирун сураларини, учинчи ракатда Фотиҳа ва Ихлос сураларини ўқирдилар.

Бошқа бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.)  витр намозини  уч ракат ўқир эдилар.  

 

Бир юз эллик бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Забид ибн Харс Ямийдан, у Ибн Умардан (р.а.), у Абдураҳмон ибн Абзойддан ривоят қилади. У айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) витр намозининг биринчи ракатида «Аъло» сурасини, иккинчи ракатда Кафирун, учинчи ракатда Ихлос сураларини ўқир эдилар». Бошқа ривоятда биринчи ракатида Аъло сурасини, иккинчи ракатда Кофирун сурасини, учинчи ракатда Ихлос сурасини ўқирдилар.

 

Бир юз эллик олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Суфёндан, у Абу Назрадан, у  Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Витр намозида бўлиш, (бир ракатни алоҳида ўқиш) йўқдир», дедилар».

 

Бир юз эллик еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳдан, у ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади.  Ибн Умар (р.а.) айтади: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.): « Туннинг аввалидаги Витр  шайтоннинг жаҳлини чиқишига боисдир.  Саҳарлик ейиш Аллоҳнинг розилигидир», деганларини эшитдим».

 

Бир юз эллик саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Абу Абдуллоҳ Жадалийдан, у Абу Масъуд Ансорийдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Масъуд Ансорий айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) мусулмонларга осон бўлсин, деб витрни кечанинг аввалида, ўртасида ва охирида ўқиганлар. Бу вақтларнинг қайсисида ўқисалар ҳам тўғри бўлади. Бироқ ким тун охирида уйғонишига ишонса, витрни кечанинг охирида ўқисин. Чунки бу  афзалдир».

Бир ривоятда  Абу Абдуллоҳ Жадалий  Уқба ибн Омир ва Абу Мусодан (р.а.) ривоят қилади. Бу иккиси айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) мусулмонларга кенглик бўлсин, дея баъзан кечанинг аввалида, баъзан ўртасида, баъзан эса охирида витр намозини ўқир эдилар».

 

Бир юз эллик тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (с.а.в.)  пешин, ё аср намози ракатини кўп ёки кам қилдилар. Намозни тугатиб салом берганларида сўралди: «Ё Расулуллоҳ, намозда бирор янгилик бўлдими ё унутдингизми?». Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сиз унутганингиз каби мен ҳам унутаман. Агар унутсам менга эслатинг», дедилар. Сўнгра қиблага юзланиб, икки марта сажда қилдилар ва ташаҳҳуд ўқидилар. Сўнг ўнг ва чап томонга салом бердилар».

 

Бир юз олтмишинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Саммокдан, у Иёз Ашъарийдан, у Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Мусо Ашъарий айтди: «Набий (с.а.в.) Сод сурасида сажда қилдилар».

 

Бир юз олтмиш биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Ибн Воилдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд Ҳабашистондан келганида Расулуллоҳга (с.а.в.)  намоз ўқиётганларида, салом берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) алик олмадилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) намозни тугатгач, Ибн Масъуд: «Аллоҳ таолонинг неъматини ёмон кўришдан паноҳ тилайман», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Нима бўлди?» дедилар. Ибн Масъуд: «Салом бердим, алик олмадингиз?» деди. Расули акрам (с.а.в.): «Намозда машғул бўлинади. Бундан буён  ҳеч ким  саломига жавоб қайтармаймиз», деб марҳамат қилдилар.

 

Бир юз олтмиш иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша  онамиз (р.а.) айтдилар: «Мен ухлаётганимда Расулуллоҳ (с.а.в.) тунда  намоз ўқирдилар, кийимларининг бир томони устимга тушарди».

 

Бир юз олтмиш учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) намозда эканликни билдириш учун эркакларга тасбеҳни, аёлларга чапакни суннат қилдилар».

 

Бир юз олтмиш тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асвад ибн Язиддан ривоят қилади. Асвад ибн Язид (р.а.) Оиша онамиздан (р.а.) намозни бузадиган ҳолатларни сўради. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Эй Ироқ аҳли! Сиз намоз ўқиётган кишининг олдидан эшак, аёл, ит ва мушук кесиб ўтса, унинг намози бузилади, деб ўйлайсиз. Сиз бизни улар билан тенглаштирдингиз. Мен ухлаб ётганимда Набий (с.а.в.) ёнимда намоз ўқир эдилар, кийимларининг бир тарафи  устимга тегарди».

 

Бир юз олтмиш бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.) бундай деди: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўғиллари Иброҳим вафот этган кунда қуёш тутилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) хутба қилдилар ва дедилар:

- Қуёш ва ой Аллоҳ таолонинг оятларидан икки оятдир. Ҳеч кимнинг ҳаёти ва мамоти учун улар тутилмайди. Агар тутилганини кўрсангиз намоз ўқинг, Аллоҳ таолога ҳамд айтинг. Қайси тутилган бўлса чиққунига қадар такбир ва тасбеҳ айтинг.

Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) минбардан тушдилар ва икки ракат намоз ўқидилар».

 

Бир юз олтмиш олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ато ибн Соибдан, у отасидан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўғиллари Иброҳим вафот этган кун қуёш тутилди. Одамлар: «Қуёш ҳазрати Пайғамбарнинг ўғиллари Иброҳим вафот этгани туфайли тутилди», дейишди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) намозда қиёмда узоқ турдилар. Саҳобалар ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) руку қилмайдилар, деб ўйлашди. Кейин у зот рукуга бордилар. Рукулари қиёмлари қадар узоқ давом этди. Рукудан бош кўтариб, рукулари қадар узоқ турдилар. Кейин сажда қилдилар. Саждалари ҳам қиёмларидек узоқ бўлди. Икки сажда орасида ўтирдилар. Ўтиришлари саждалари қадар чўзилди. Сўнг сажда қилдилар. Саждалари ўтирганларидек узоқ бўлди. Сўнгра иккинчи ракатни ўқидилар. Иккинчи ракат ҳам биринчи қадар давом этди. Иккинчи ракат саждасида Расулуллоҳ (с.а.в.) йиғладилар. Йиғилари шу даражада кучайдики, ҳатто биз у зотнинг: «Ё Раббий, менга мен уларнинг орасида бўлганимда, уларни азобламаслигингни ваъда қилмаганмидинг?» деганларини эшитдик. Кейин ўтирдилар ва ташаҳҳуд ўқидилар. Сўнгра намозни тугатиб, саҳобаларга қараб бундай дедилар:

- Қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оят (аломат - Тарж.)дир. Аллоҳ таоло улар билан қулларини қўрқитади. Қуёш ва ой бир кишининг ҳаёти ва ўлими учун тутилмайди. Тутилган пайти намоз ўқинглар. Мен ўзимни жаннатга яқинлаштирилган ҳолда кўрдим. Истасам, жаннат дарахтининг новдаларидан бир новда олардим. Ўзимни дўзахга яқинлаштирилган ҳолда кўрдим. Ундан сақлана бошладим. У ерда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уйларини тунаган ўғрини кўрдим. Дўзахда азоб ер эди. У ерда ҳассаси билан ҳожиларни тунаган, ўғирлик қилган Абд ибн Доъдоъни кўрдим. Мушугини бир жойга боғлаб қўйиб, унга овқат бермаган, ер ҳашаротларини топиб ейиши учун мушугини қўйиб юбормаган, оқибатда азобланаётган аёлни кўрдим.

Бир ривоятда: «Ҳассаси билан ҳожиларни тунаган Доъдоъни кўрдим. Уни ҳеч ким кўрмаса, кетар агар кўрса: «Ҳассамга илиниб қолди», дер эди», дейилади.

 

Бир юз олтмиш еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Носиҳдан, у Яҳёдан, у Абу Саламадан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга Қуръони каримни ўргатганларидек истиҳорани ҳам ўргатар эдилар».

 

Бир юз олтмиш саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.) деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга Қуръондан сура ўргатганларидек истиҳорани ўргатардилар».

Бир ривоятда шундай дейдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сиздан кимдир бир ишни истаса таҳорат олсин, фарз намозидан бошқа икки ракат нафл намози ўқисин сўнг: «Ё Раббий! Сендан илминг туфайли менга мувофиқ хайр (яхшилик)ни кўрсатишингни, Қудратинг туфайли яхшиликни насиб этишингни сўрайман. Сенинг яхшилик ва эҳсонингни сўрайман. Фақат Сен биласан, мен билмасман. Сен қодирсан, мен ожизман. Сен бутун ғайбни билгувчисан. Эй Аллоҳим! Агар бу иш мен учун, ҳаётимда ва охиратимда хайрли бўлса, уни менга осон ва муборак қил», десин».

Бир ривоятда қуйидагилар қўшилган: «Агар  бундан бошқаси хайрли бўлса, менга хайрли бўлганини насиб эт. Сўнг у билан қаноатлантир».

Бир юз олтмиш тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳарсдан, у Абу Солиҳдан, у Умму Ҳонийдан (р.а.) ривоят қилади. Умму Ҳоний (р.а.) айтади: «Набий (с.а.в.) Макканинг фатҳи куни совутларини ечдилар ва сув  сўрадилар. Сувни унга қуйдилар. Сўнгра бир кийим сўрадилар ва у билан намоз ўқидилар».

Бир ривоятда: «Ўнг қўлтиқларидан ўтказиб елкаларига ташладилар», дейилади.

Яна бир ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Макканинг фатҳи куни совутларини ечиб сув сўрадилар. (Ровий айтадики), хамир юқлари бор катта бир идишда сув  олиб келинди.  Кийим билан тўсиб ғусл қилдилар Сўнг бир кийим сўрадилар. Уни ўнг қўлтиқларининг остидан ўтказиб, чап елкалари устига ташладилар ва икки ракат намоз ўқидилар. Абу Ҳанифа: «Бу Зухо (Қуёш чиққандан сўнгги намоз эди», дедилар.

Бир ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Макканинг фатҳи куни совутларини ечдилар ва сув сўрадилар. Хамир юқлари бор идишда сув келтирилди. Ғусл қилиб, бир кийимда ўнг қўлтиқларининг остидан ўтказиб чап елкаларига ташлаб тўрт ё икки ракат намоз ўқидилар».

Бир юз етмишинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) бир одамдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) Рамазон ойи кирганида кечалар намоз ўқир ва ухлар эдилар. Охирги ўн кунида  бутун тунларни ибодат билан ўтказар эдилар».

 

 

Бир юз етмиш биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Зиёддан, у Муғийрадан (р.а.) ривоят қилади. Муғийра (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) тун бўйи туриб намоз ўқирдилар. Ҳаттоки, оёқлари шишиб кетар эди. Асҳоби киром ул зотга:

- Сизнинг ўтган ва бўлғуси гуноҳларингиз кечирилган эмасми? - деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Раббига кўп шукр этувчи қул бўлмайинми?! - дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз етмиш иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Жаъфардан (р.а.) ривоят қилади. Абу Жаъфар (р.а.) айтди: «Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.)  тунги намозлари ўн уч ракат эди: улардан уч ракати витр, икки ракати эса фажр (тонг, бомдод. - Тарж.) намози эди».

 

Бир юз етмиш учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, Алқама Ибн Ақмардан,  у Ҳумрондан, Ҳумрон Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади.

Ибн Умар (р.а.) доим Ҳумронни мажлисларда ўзларига яқин ўтқазардилар. Бир кун:

36     Эй Ҳумрон, доимо бирга бўлишимизни сен ўзингга  яхшилик  исташингдан деб ўйлайман,- дедилар.

37    Ҳа, эй Абу Абдураҳмон, - дея жавоб берди Ҳумрон.

- Мен сени икки нарсадан қайтараман ва бир нарсани сенга буюраман. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) уни буюрганларини эшитганман.

- У уч нарса нима экан, эй Абу Абдураҳмон?- деди Ҳумрон.

- Тўловини қолдирмаган қарзинг бўла туриб ўлма. Бирор  оятни нотўғри тиловат қилма. Зеро Қиёмат куни у сендан, уни камситганинг каби сени камситиб, қасос олади. Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) менга буюрган нарсани мен ҳам сенга буюраман, у - бомдод намозининг икки ракатидир. Уни асло тарк эта кўрма, чунки унда рағбат этиладиган мукофотлар бор.

 

Бир юз етмиш тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан,  у Убайд ибн Умайрдан, у Оиша онамиздан (р.а.)ривоят қилади: Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бомдод намозининг суннатига нафл намозлари ичида қаттиқ эътибор қилганлар».

Бир юз етмиш бешинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан,  у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Қирқ кун ёки бир ой Набийни (с.а.в.) кузатдим: бомдод намозининг икки ракат суннатида Кафирун ва Ихлос сураларини ўқиганларини эшитдим».

 

Бир юз етмиш олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Саммокдан, у Жобир ибн Самурадан (р.а.) ривоят қилади. Самура (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бомдод намозини ўқиганларидан сўнг қуёш чиқиб оқармагунча жойларидан жилмасдилар».

 

Бир юз етмиш еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким хуфтон намозидан кейин масжиддан чиқмасдан тўрт ракат намоз ўқиса, бу намоз Қадр кечаси шунча ўқилган намозга тенг бўлади», дея марҳамат қилдилар».

 

Бир юз етимиш саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳорибдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким хуфтон намозидан кейин тўрт ракат орасида салом бермай, ўқиса, унинг биринчи ракатида Фотиҳа билан «Танзил» - Сажда сурасини, иккинчи ракатида Фотиҳа билан «Ҳа, мим» - Духон сурасини, учинчи ракатида Фотиҳа билан Ёсин сурасини, тўртинчи ракатида Фотиҳа билан Мулк сурасини қироат қилса, унга Қадр кечаси ухламай ибодат қилганнинг савоби ёзилади, оила аъзоларидан дўзахда ёнишга лойиқ бўлганларнинг ҳаммаси шафоат қилинади, қабр азобидан қутилади», дея марҳамат қилдилар».

Ибн Умардан (р.а.) мавқуф ҳолда ривоят этилган (мавқуф саҳобийдан ривоят қилинган ҳадис).

 

Бир юз етмиш тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳакамдан,  у Мужоҳиддан,  у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) пешиндан кейин икки ракат намоз ўқирдилар».

 

Бир юз саксонинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофеъдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уйларингизда намоз ўқиб туринг, уни қабрга айлантириб қўйманг», дедилар».

 

Бир юз саксон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофеъдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Ҳазрати Билолдан:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбанинг қаерида ва неча ракат намоз ўқидилар? - деб сўрадим.

Ҳазрати Билол (р.а.):

38    Каъбанинг эшигидан кейинги икки устун ёнида икки ракат намоз ўқидилар,- дея жавоб берди».

Ўша пайтда Каъбанинг олти устуни бор эди».

 

Бир юз саксон иккинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан,  у Саид ибн Жубайрдан,  у  Хазрати Умардан (р.а.) ривоят қилади:. «Бир одам Ҳазрати Умардан (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбага кирганларида ўқиган намозлари ҳақида сўради.

- Каъбада тўрт ракат намоз ўқидилар, - деди  Ҳазрати Умар (р.а.).

Ҳалиги одам:

39     Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқиган жойларини менга кўрсат, - деди.  Хазрат Умар (р.а.) ўғлини у билан юборди.  У хурмо ёғочи ёнидаги устун тагини кўрсатди».

Бир ривоятда: «Ибн Умар (р.а.): «Расулуллоҳ Каъбада тўрт ракат намоз ўқидилар», деди. Мен унга «Намоз ўқиган жойларини кўрсат», дедим. Ўғилларини мен билан юбордилар. У менга хурмо ёғочи остидаги ўрта устунни кўрсатди», дейилади.

Бир юз саксон учинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ибн Бурайдадан, у отасидан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Марҳумнинг уч боласи ўлган бўлса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади, - дедилар.

- Икки боласичи? - сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.).

- Икки боласи ўлган бўлса ҳам, - дея марҳамат қилдилар Расули акрам (с.а.в.)».

 

Бир юз саксон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдул Маликдан, у шомлик бир одамдан, у Набийдан (с.а.в.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) шомлик одамга: «Шубҳасиз, қиёмат кунида тушикка: «Қани, жаннатга кир», дейилганда, у: «Йўқ, онам ва отам жаннатга кирмаса,  кирмайман деганини кўрасан», дедилар».

 

Бир юз саксон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Сулаймон ибн Абдураҳмон Димашқийдан, у Муҳаммад ибн Абдураҳмон Қушайрийдан, у Яҳё ибн Саиддан, у Абдуллоҳ ибн Омирдан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Банда ўлганида  инсонлар у ҳақида яхши гаплар гапирадилар. Аллоҳ таоло унинг ёмон кимса эканини билади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаришталарга: «Бандаларимнинг бу кимса ҳақидаги гувоҳликларини қабул қилдим ва уни кечирдим», деб айтади», дея марҳамат этдилар».

 

Бир юз саксон олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Мансурдан, у Солим ибн Абу Жаъддан, у Убайд ибн Нистосдан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади: Ибн Масъуд (р.а.) айтди: «Тобутни тўрт томонидан кўтаришинг ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) суннатларидандир. Ошиқчаси нафлдир (қайта тўрт томонидан кўтариш - Тарж.).

 

Бир юз саксон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Али ибн Ақмардан, у Абу Атиййа Водиийдан ривоят қилади: «Аллоҳ расули (с.а.в.) жаноза намозини ўқиб бериш учун келдилар. Жаноза учун тўпланганлар орасида бир аёлни кўрдилар ва уни кетказишни айтдилар Аёл кўзга  кўринмай қолгунча Аллоҳ расули (с.а.в.) такбир айтмадилар».

 

Бир юз саксон саккизинчи-ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, бир неча кишидан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) асҳобини тўпладилар ва улардан жаноза намози такбирлари ҳақида сўрадилар. Сўнг уларга: «Жаноби Пайғамбар (с.а.в.) ўқиган энг охирги жаноза намозини яхшилаб ўйланг», дедилар. Сўраб-суриштириш натижасида маълум бўлдики, Аллоҳ расули (с.а.в.) вафот қилганларига қадар тўрт такбир айтган эканлар. Ҳазрати Умар: «Жанозада тўрт такбир айтинг», дедилар». 

 

Бир юз саксон тўққизинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Шайбондан, Яҳёдан,  у Абу Саламадан,  у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади. «Набий (с.а.в.) жаноза намози ўқиганларида: «Эй Аллоҳим! Бизнинг тирикларимиз ва ўликларимизни, бу ерда бўлган ва бўлмаганларимизни, катта-кичик, эркак ва аёлларимизни мағфират айла», дер эдилар».

 

Бир юз тўқсонинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан,  у Ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси айтди: «(Вафот этганларида  Тарж.) ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) лаҳад қилинди. Қибла томондан олиниб лаҳадга қўйилдилар. Лаҳад оғзига хом ғишт терилди». (Лаҳад - тўғри қазилган қабр ичи, ёнидан мурда қўйиладиган, ўйилган ер - Тарж.).

 

Бир юз тўқсон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) бир одамдан, у Саид ибн Убодадан (р.а.) ривоят қилади. Саид ибн Убода (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Мўмин киши қабрга қўйилганида унинг ёнига икки фаришта келади. У кишини ўтирғизиб:

 Раббинг ким?  деб сўрайди.

 Аллоҳ,  дейди мўмин.

 Пайғамбаринг ким?- деб сўрайди.

 Муҳаммад алайҳиссалом,- дейди у.

 Дининг нима?- дейди у фаришта.

 Ислом,- деб жавоб беради мўмин.

Қабр унга кенгайтирилади. Жаннатдаги жойини кўради.

Ўлган кофир ёнига ҳам фаришталар келишади. Фаришталар уни ўтирғизиб:

 Раббинг ким?- дейдилар.

 Эҳ, билмайман,  дейди у бир нарсасини йўқотган кишига ўхшаб.

 Пайғамбаринг ким?- дейишади.

 Эҳ, билмайман,- дейди у бир нарсани йўқотган каби.

 Дининг нима?- дейишади.

 Эҳ, билмайман,- дейди у.

Қабр унга торайтирилади. Жаҳаннамда ўтирадиган жойини кўради. Фаришта уни шундай урадики, инсон ва жинлардан бошқа ҳамма унинг фарёдини эшитади», дедилар. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) «Имон келтирганларни дунё ва охират ҳаётида ҳақ сўзда Аллоҳ таоло собит  қилади: Золимларни адаштиради. Аллоҳ истаганини қилади» мазмунидаги оятни ўқидилар». (Иброҳим сураси, 27-ояти мазмуни)

 

Бир юз тўқсон иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Исмоилдан, у Абу Солиҳдан, у Умму Хонийдан, у ҳазрати Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилади: «Қабрда: Аллоҳ ҳақида уч савол ва (ўлим олдидан - Тарж.) жаннатдаги даражалар ва бошинг  олдида Қуръон ўқилиши» бор».

 

Бир юз тўқсон учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси айтди: «Бир жаноза маросимига ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) билан бирга бордик. Ул зот оналарининг қабрига келдилар ва йиғлай бошладилар. Шунчалик йиғладиларки, жонлари чиқаёзди. Биз сўрадик:

 Эй Расулуллоҳ! Сизни йиғлатган нарса нима?

 Онам қабрининг зиёрати учун Раббимдан рухсат сўрадим. Менга рухсат берилди. Шафоат учун изн сўрадим, менга изн берилмади,  дея марҳамат қилдилар».

Бир ривоятда қуйидагича айтилади: «Набий (с.а.в.) оналарининг қабрини зиёрат қилиш учун изн сўрадилар. Аллоҳ таоло изн берди. Мусулмонлар ҳам ул зот (с.а.в.) билан қабр яқинига бордилар ва тўхтадилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) қабр олдида узоқ турдилар. Сўнг Расули акрамнинг (с.а.в.) йиғилари кучайди. Биз йиғидан тўхтамайдилар деб ўйладик. Кейин йиғлаб қайтдилар. Ҳазрати Умар (р.а.):

 Ё Расулуллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин. Сизни йиғлатган нима?  дедилар.

Расули акрам (с.а.в.):

 Онамнинг қабрини зиёрат этиш учун Раббимдан изн сўрадим, менга изн берилди. Онамни шафоат қилишим хусусида изн сўрадим, бермади. Унга раҳмим келиб йиғладим,  дея марҳамат қилганларида, мусулмонлар ҳам ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) раҳм этишиб йиғлашди».

 

Бир юз тўқсон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳурайра (р.а.) Алқамадан, у Мурсид ва Ҳаммоддан, у иккиси Абд бин Бурайдадан, у отасидан, отаси Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен сизларни қабрни зиёрат қилишингиздан қайтараган эдим. Энди уни зиёрат қилинг. Ёмон сўз айтманг», дедилар.

 

Бир юз тўқсон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан,  у Ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси айтди: «Набий (с.а.в.) қабристонга борганларида: «Эй аҳли маскан мусулмонлар, сизга салом бўлсин. Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан ўзимиз ва сиз учун офият сўраймиз», дер эдилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио