Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ИМОН ВА ИСЛОМ, ҚАДАР ВА ШАФОАТ КИТОБИ

Бу китобда 29 ҳадис бор.

Биринчи ҳадис.

 

 Абу Ҳанифа (р.а.) Алқама Ибн Марсаддан, у Яҳё ибн Яъмардан ривоят қилади. Яҳё ибн Яъмор айтади: «Бир биродарим билан бирга Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шаҳарларида  Абдуллоҳ ибн Умарни кўриб қолдик. Биродаримга:

1        Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига бориб қадар ҳақида сўрайликми? - дегандим, у:

2        Ҳа, - деди.

3        Мен сўрай қолай, чунки уни сендан яхшироқ танийман,-    дедим.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг ёнига келиб салом бердик ва ўтирдик. Унга айтдим:

4        Эй Абу Абдураҳмон, биз  ер юзида кўп кезамиз, қадарни инкор қиладиганлар учрайдиган шаҳарларга бориб қолишимиз мумкин. Уларга қандай жавоб берамиз?

Ибни Умар (р.а.):

5        Уларга мен улардан эмаслигимни етказинг. Агар мададкорлар топганимда уларга қарши урушган бўлардим, - дедилар. Кейин қуйидагиларни сўзлаб бердилар:

«Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эдик. Олдиларида бир тўп саҳобалар бор эди. Ногаҳон у зотнинг ҳузурларига ўзидан муаттар ҳид таратаётган, чиройли сочли, оқ кийимли бир йигит келиб Расули Акрамга (с.а.в.): «Ассалому алайка ё Расулуллоҳ, Ассалому алайкум», деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ва биз унинг саломига жавоб бердик.

Йигит: «Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), сизнинг яқинингизга борсам», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Яқинлаш», дедилар. Йигит бир ёҳуд икки одим яқинлашдида, сўнг Расулуллоҳга ҳурмат кўрсатиб тик турди ва яна «сизнинг яқинингизга борсам», деди. Расулуллоҳ: «Яхши, майли», дедилар ва йигит тиззаларини Расулуллоҳнинг (с.а.в.) тиззаларига теккизиб ўтириб,  «Менга имонни ўргатинг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Имон Аллоҳга, Аллоҳнинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг тақдири ила бўлишига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмоқдир», дея жавоб бердилар. «Тўғри айтдингиз», деди йигит.

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.): «Биз йигитнинг Расулуллоҳнинг жавобларини тасдиқлашидан ва билгандек тўғри айтдингиз» дейишидан  ажабландик», дедилар. Йигит яна:

«Менга Ислом шариатининг фарзларини ўргатинг», деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Намоз ўқиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, рамазон ойида рўза тутиш, жунуб бўлса ғусл қилиш», дедилар.

Йигит: «Тўғри айтдингиз», деди. Биз унинг «Тўғри айтдингиз», дейишидан ҳайратландик.

«Менга эҳсонни ўргатинг, у нима?» деди йигит.

«Эҳсон - Аллоҳ учун Аллоҳни кўриб тургандай амал этмоғингдир. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўради», дедилар Пайғамбаримиз (с.а.в.). Йигит:

«Мен шундай қилсам муҳсин бўламанми?» деди. Расули Акрам (с.а.в.): «Ҳа,  дедилар.  «Тўғри айтдингиз», деди  ва: «Менга қиёмат қачон бўлишини билдиринг», деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Қиёмат ҳақида савол сўралган киши сўрагувчидан яхшироқ билмайди, лекин қиёматнинг аломатлари бор», дедилар ва қуйидаги ояти карималарни ўқидилар: «Қиёмат қачон бўлишини фақат  ёлғиз Аллоҳ билади. У Ўзи белгилаган вақтда, ёмғир ёғдиради ва оналарнинг бачадонларидаги ҳомилаларнинг ўғил-қизлигини, етилган-етилмаганини билади. Бирон тирик жон эртага нима қилишини билмайди. Бирор тирик жон қаерда ўлишини билмайди. Фақат Аллоҳ ҳар нарсани билгувчи ва ҳар нарсадан огоҳдир» (Луқмон сураси, 34-оят мазмуни)».

Йигит: «Тўғри айтдингиз», деди ва чиқиб кетди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уни ҳузуримга қайтаринг!» дедилар. Биз унинг орқасидан чиқдик. Бироқ  қаерга кетганини билолмадик, ҳеч нарса кўрмадик.

Бу ҳолни жаноби Пайғамбаримизга (с.а.в.) айтганимизда Ул зот:  «Бу Жаброилдир (а.с.), сизга динингиз асосларини ўргатиш учун келди. Фақат мен уни танийдиган қиёфада менга келди», дедилар.

 

Иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у эса Ибни Масъуддан (р.а.)  ривоят этади. Ибн Масъуд айтдилар: «Жаброил (а.с) Пайғамбаримизга оқ либосли ёш йигит суратида келди ва: «Ассалому алайка ё Расулуллоҳ!» деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) саломга алик олдилар. Сўнг у: «Яқинлашсам, ё Расулуллоҳ», деди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Яқинлаш (яқинроқ кел)», дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ! Имон нима?» деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.):  «Имон - Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, расулларига, яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳнинг тақдири ила бўлишига ишонишдир», дедилар. У: «Тўғри айтдингиз», деди. Биз унинг билгандек «тўғри айтдингиз» деганидан ажабландик. Сўнг у: «Ё Расулуллоҳ! Ислом аҳкомлари нима?» деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, жунуб бўлса, ғусл қилиш», дедилар. У: «Тўғри», деди. Биз унинг билгандек «Тўғри айтдингиз» деганидан ажабландик. Сўнг у: «Эҳсон нима?» деди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳ учун Аллоҳни кўриб турганингдек амал қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмасангда, У сени кўради», дедилар. У: «Тўғри айтдингиз», деди.У: «Қиёмат қачон бўлади?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қиёмат ҳақида савол сўралган сўрагувчидан яхшироқ билмайди», дедилар. Сўнг у изига қайтди.  Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уни хузуримга қайтаринг!» дедилар. Биз уни изладик, бироқ ундан асар ҳам кўрмадик. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтдик. Пайғамбар (с.а.в.) бизга: «У, Жаброил (а.с.) эди. Сизга динингизни ўргатиш учун келди», дедилар.

 

Учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атодан ривоят қиладилар. Саҳобаи киромлардан бир неча киши унга қуйидагиларни сўзлаганини айтди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг қўйларини боқувчи бир  чўпон аёл бор эди. Абдуллоҳ чўпон аёлга сурув ичидаги бир қўйга алоҳида қарашини тайинлади.  Чўпон аёл қўйни семиргунча боқди. Чўпон аёл бошқа қўйлар билан овора бўлиб қолганда,  бўри келиб у қўйни  олиб қочди ва ўлдирди. Абдуллоҳ келиб у қўйни кўрмади. Чўпон аёл воқеани Абдуллоҳга айтгач,  у чўпон аёлга тарсаки туширди. Кейин бу ишига пушаймон бўлиб, уни Расулуллоҳга (с.а.в.) айтди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу воқеани жиддий ҳисоблаб: «Мўмина аёлнинг юзига урдингми?» дедилар.

Равоҳа: «У занжия илми йўқ аёл», деди.

Пайғамбаримиз ( с.а.в ) аёлга одам юбориб уни чақиртирдилар. Ундан:

- Аллоҳ қаерда? - деб сўрадилар.

- Осмонда, - деб жавоб берди аёл.

- Мен кимман?

- Сиз Аллоҳнинг расулисиз, - жавоб берди аёл.

 Пайғамбаримиз (с.а.в.): «У мўминадир, уни озод эт», дедилар.

 

Тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ибни Бурайдадан, у  отасидан ривоят қилади. Ибни Бурайданинг отаси айтди: «Биз бир куни Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ёнларида ўтирар эдик. У зот асҳобларига: «Туринглар, бемор яҳудий қўшнимизни кўриб чиқамиз», дедилар. Сўнг яҳудийнинг уйига кирдилар ва уни ўлим тўшагида кўрдилар. Ва унга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, мен Аллоҳнинг расули эканимга иқрормисан?» дедилар.

Яҳудий отасига  қаради, отаси гапирмади. Расулуллоҳ (с.а.в.) яна унга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, мен Аллоҳнинг расули эканимга иқрормисан?» дедилар. Бемор яҳудий йигит яна отасига қаради. Отаси: «Иқрор бўл», деди. Йигит: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг расули эканига иқрорман», деди. Пайғамбар (с.а.в.):  «Мен сабабли бир жонни оловдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар.

Бошқа ривоятда шундай: Бир кун Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларга: «Туринглар,  яҳудий қўшнимизни кўриб чиқамиз», дедилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) уни ўлим тўшагида кўрдилар. Ундан: «Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлигига иқрормисан?» деб сўрадилар. У «Ҳа», деди. Сўнг ундан: «Менинг Расулуллоҳ эканлигимга иқрормисан?» дедилар. Йигит отасига қаради. Ул зот (с.а.в.) бу сўзларини уч марта такрорладилар. «Сиз Аллоҳнинг расули эканлигингизга иқрорман», деди ниҳоят яҳудий йигит.

Расули Акрам (с.а.в.): «Мен сабабли бир жонни оловдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар.

 

Бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдураҳмон бин Ҳурмуз ал-Аърождан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.)  ривоят этади.

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳар бир гўдак Ислом динида туғилади сўнг ота-онаси уни яҳудий ёхуд христиан қилади», дедилар.

Пайғамбаримиздан сўрашди: «Эй Аллоҳнинг расули, гўдаклигида ўлганлар нима бўлади?». Ул зот: «Улар  нималар қилишларини Аллоҳ  билади», деб жавоб бердилар.

 

Олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан  ривоят қилади. Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.)  айтдилар: «Инсонлар билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), дегунларича урушишга буюрилдим. Агар уни айтсалар, шаръий ҳақдан ўзга ҳолда қонлари ва молларини мендан  сақлайдилар. Уларни Аллоҳ азза ва жалла ҳисобга тортади».

 

Еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа Абу Зубайрдан ривоят қилади. Абу Зубайр айтди: «Жобирга: «Гуноҳларни нима учун ширк ҳисобламайсиз», дедим. Жобир (р.а.) деди: «Абу Саид: Ё Расулуллоҳ (с.а.в.)! Бу умматни куфрга олиб борадиган гуноҳи борми?» дедим.  Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ширкдан бошқа ҳеч бир нарса кишини куфрга олиб бормайди», дедилар.

 

Саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдукарим ибн Абу ал-Махориқдан, у Товусдан ривоят қилади. Товус  деди: «Бир одам Ибни Умарнинг олдига бориб сўради: «Эй Абу Абдураҳмон! Қулфларимизни синдириб, уйларимизни тешиб, матоларимизни талаган кишилар ҳақида нима дейсиз? Улар кофир саналадими?». Ибни Умар: «Йўқ», дедилар. «Бизнинг тепамизга ўтириб, қонларимизни тўкканлар ҳақида нима дейсиз? Улар кофир бўладими?» деди киши. Ибн Умар: «Йўқ. Агар Аллоҳга ширк келтирмаган бўлса, кофир бўлмайдилар», дедилар. Товус  мен Ибни Умарнинг бармоғига қарадим, уни қимирлатарди ва  «Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) суннатлари шудир», дедилар. Бу ҳадисни катта бир жамоат бевосита Расулуллоҳдан (с.а.в.) марфу тарзда ривоят қилди.

 

Тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдуллоҳ ибн Абу Ҳабибадан ривоят қилади. У «Ҳазрати Пайғамбарнинг саҳобаси Абу Дардодан эшитдим», деди. Абу Дардо айтди: «Мен Расулуллоҳ билан уловда мингашиб кетаётган эдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Абу Дардо! Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, мен Аллоҳнинг расули эканимга иқрор  бўлса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар. Мен: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?»дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир муддат сукут сақладилар, сўнг юрдилар ва дедилар: «Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг расули эканимга иқрор бўлса, унга жаннат вожиб бўлади». Мен: «Зино ва ўғрилик қилса ҳам-а?» дедим. Расулуллоҳ бир оз сукут қилдилар, сўнг юрдилар ва «Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг расули эканимга иқрор бўлса, унга жаннат вожиб бўлади, агар зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам, агар зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам ва ҳатто Абу Дардо бурун жийирса ҳам», дедилар.

Ровий дейдики, мен Абу Дардони бурнига шаҳодат бармоғи билан ишора қилганини кўрдим.

 

Ўнинчи ҳадис

 

 Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳорисдан, у Абу Муслим Ҳавлонийдан ривоят қилади. Абу Муслим Ҳавлоний айтди: «Муоз Хумузга келганида бир ёш йигит унинг олдига бориб: «Силаи раҳм ва яхшилик қилувчи, тўғрисўз, омонатдор, ёмон ишлардан узоқ юрувчи, кучи етгунича хайрли ишлар қилувчи, бироқ Аллоҳ ва расули ҳақида шубҳаси бор бир киши ҳақида нима дейсиз?» дея сўради. Муоз айтдики: «Унинг барча амаллари бекор кетади». Йигит: «Гуноҳ-маъсиятлар, зино қилган, молларни ноҳақ олган, бироқ Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (с.а.в.) Унинг қули ва расули эканига ихлос билан ишонган киши ҳақида нима дейсиз?»деди. «У ҳақда умид ва қўрқув орасидаман», деди Муоз. Йигит: «Қасамки, имондаги шубҳа  амалларни йўққа чиқарган  бўлса, шубҳа аралашмаган имонга гуноҳлар зарар бермайди», деди ва кетди. Бу гапни эшитган Муоз: «Суннатни бу кишидан ҳам яхшироқ биладиган одам бўлмаса керак», деди.

 

Ўн биринчи ҳадис

 

Ҳаммод Абу Ҳанифадан (р.а.), у Абу Молик ал-Асжоидан, у Раби ибн Ҳарошдан, у  Ҳузайфадан ривоят қилади. Ҳузайфа  деди: «Ислом куйлакдаги нақшлар каби ўчиб кетади, фақат қари чол ё кампир қолади. Улар: «Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), дейдиган инсонлар бор эди» дейишади-ю, ўзлари бу сўзни айтмайдилар. Сило ибн Зуфар бундай деди: «Уларга бу сўз фойда берадими, эй Абдуллоҳ! Ахир улар рўза тутмайдилар, намоз ўқимайдилар, ҳаж қилмайдилар, садақа бермайдилар-ку. У айтди: «У сўз билан дўззахдан қутиладилар». У иккинчи марта овозини кўтариб: «Эй Сило ибн Зуфар, шу калима билан ўша қариялар жаҳаннамдан қутиладилар», деди.

 

 

Ўн иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) ва Масъуд Язиддан ривоят қилади. Язид: «Мен хорижийлар каби ишонардим сўнг Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бир саҳобасидан сўрадим. У менга Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) айтганфикрлари менинг айтган фикримга зид эканини айтди. Мен унга: «Аллоҳ таоло мени сен туфайли қутқарди», дедим.

 

Ўн учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) айтдилар: «Биз  Алқама ибн Марсад билан бирга ибн Рабоҳнинг ёнида эдик. Алқама ундан сўради: «Эй Абу Муҳаммад, бизнинг диёрда инсонлар ўзларига иймонни даъво қилишмайди ва биз хақиқий мўминмиз», дейишни ўзларига маъқул кўрмай, «Иншааллоҳ, биз мўминмиз», дейишади

У: «Уларга нима бўлган? Нега «Биз  мўминмиз» демайдилар», деди. Алқама:  «Улар агар биз ўзимизга ҳақиқий иймонни истасак, жаннатни ўзимизники қилган бўламиз, дейишади», деди. У: «Субҳаналлоҳ, бу шайтоннинг тузоғи ва ҳийласидир. Аллоҳ таолонинг  энг улуғ эҳсони - имонни рад этишга ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) суннатларига хилоф қилишга шайтон уларни ундамоқда. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари ўзларини ҳақиқий мўминлигини айтишганларини ва буни Расулуллоҳдан (с.а.в.) нақл қилишганларини биламан. Уларга айтинг: «Биз ҳақиқатан мўминлармиз», десинлар. Фақат: «Биз шубҳасиз жаннатийларданмиз», демасинлар. Чунки Аллоҳ таоло  кўк аҳлига ва ер аҳлига азоб беришни хоҳласа, азоб беради. Бу билан Аллоҳ уларга зулм қилмайди». Алқама: «Эй Абу Муҳаммад, ҳатто кўз очиб юмганчалик вақт мобайнида ҳам исён этмаган фаришталарни, Аллоҳ азобласа уларга зулм қилган бўлмайдими?» деди.  

Абу Муҳаммад: «Ҳа», деди. Алқама: «Бу бизларга  жуда катта иш, биз буни қандай тушунамиз?» деди. Бунга жавобан Абу Муҳаммад: «Эй биродаримнинг ўғли, қадар аҳли ҳам худди мана шу ўринда адашдилар. Сен уларнинг айтганларидан ўзингни тий. Зеро улар Аллоҳ таолони рад этувчи, Аллоҳ таолонинг душманларидир. Ҳақ субҳанаҳу таоло пайғамбарига: «Энг мукаммал далиллар Аллоҳга оиддир. Шояд Аллоҳ хоҳласа, сизларнинг барчангизни ҳидоятга солган бўларди», дея марҳамат қилмадими?»деди. Алқама: «Ё Абу Муҳаммад! Қалбларимиздан бу шубҳани кеткизадиган этиб шарҳланг!» деди.

Абу Муҳаммад: «Аллоҳ таоло фаришталарни тоатга ундаб, тоатни илҳом этиб, уларни тоатга рағбарлантириб тоатга буюрмадими?» дея сўради. «Ҳа», деди Алқама. Шунда Абу Муҳаммад айтдики: «Бу Аллоҳ таоло уларга берган неъматлардир. Агар Аллоҳ таоло бу неъматларнинг шукрини улардан талаб қилса, бунга уларнинг кучлари етмас эди. (Шукрда) нуқсонга йўл қўйишарди. Аллоҳ таоло неъматларининг шукрини тўла қилмаганлиги учун уларга азоб берса, зулм қилган бўлмайди».

 

Ўн тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан ривоят қилади: Суроқа ибн Молик:  «Ў Расулуллоҳ, бизга динимиздан гапириб беринг. Гўё биз у учун туғилгандаймиз. Биз тақдирда белгиланган ва қаламлар битган нарсаларни қиламизми? Ё дуч келган нарсаларни қиламизми? Амал нимада?» деди. «Тақдирда белгиланган, қалам битган нарсада», дедилар Аллоҳнинг расули (с.а.в.). Биз:  «У ҳолда  амал нечун?» деб сўраган эдик, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Амал қилинг, зеро ҳар бир инсон нимага яратилган бўлса шунга муваффақ бўлади. Ким молини Аллоҳ учун берса, Аллоҳдан қўрқса , шаҳодат калимасини тасдиқласа, биз бу бандани жаннат аҳлининг амалини бажаришга муваффақ қиламиз. Ким хасис бўлса, Аллоҳдан қўрқмаса, калимаи шаҳодатни ёлғонга чиқарса,  биз  унга жаннат аҳлининг амалини қийинлаштирурмиз».

 

Ўн бешинчи ҳадис

 

Ҳаммод Абу Ҳанифадан (р.а.), у эса Абдулазиз ибн Рофидан, у Мусъабдан, у  Саъддан ривоят қилади. «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: « Аллоҳ таоло ҳар бир жоннинг кирадиган ва чиқадиган жойини ва дуч келадиган нарсаларини белгилаб қўйган», дедилар. «У ҳолда  амал нечун, эй Аллоҳнинг расули?» дейилди. Марҳамат этдилар: «Амал қилинг, зеро ҳар бир инсон нимага яратилган бўлса, шунга муваффақ бўлади. Кимки жаннат аҳлидан бўлса, у жаннат аҳлининг амалларига муваффақ бўлади. Ким дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлининг амалларига муваффақ бўлади». «Энди амал қилиш лозим», деди бир ансорий.

 

Ўн олтинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдулазиздан, у Мусъаб ибн Саъд ибн Ваққосдан, у  отасидан ривоят қилади. Абу Ваққос бундай деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ таоло ҳар бир жонни кирадиган ва чиқадиган жойини ва дуч келадиган нарсаларини белгилаб қўйган», дедилар. Ансорлардан бир киши: «Унда  амал нечун, ё Расулуллоҳ?» дея сўради. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Амал қилинг! Ҳар бир инсон нимага яратилган бўлса, шунга муваффақ бўлади. Бадбахтлар бадбахтларнинг амалига, бахтлилар бахтлиларнинг амалига муваффақ бўлади», дедилар. Бир ансорий: «Энди амал қилиш лозим», деди. Бошқа ривоятда: «Амал қилинг! Ҳар ким муваффақдир. Жаннат аҳли жаннатийлар амалига, жаҳаннам аҳли дўзахийлар амалига муваффақ қилинади», дедилар. Бир ансорий: «Энди амал қилиш лозим», деди.

 

Ўн еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Нафийдан, у эса Ибни Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибни Умар (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Тақдир  йўқ», дейдиган инсонлар чиқади. Улар иймондан чиқиб зиндиқ бўладилар. Уларга дуч келганингизда салом берманг. Касал бўлса бориб кўрманг. Ўлсалар дафнига қатнашманг. Улар Дажжолнинг жамоаси, бу умматнинг мажусийларидир. Аллоҳ таоло уларни муҳаққақ оташда ёқади».

 

Ўн саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибни Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибни Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Тақдир  йўқ дегувчи инсонлар чиқади. Улар имондан айрилиб зиндиқ бўладилар. Улар билан учрашганингизда салом берманг. Касал бўлишса, кўришга борманг. Ўлсалар, жанозасида бўлманг. Улар Дажжол гуруҳидандир; бу умматнинг мажусийларидир. Уларни   мажусийларга қўшиш Аллоҳ таолонинг ҳақидир».

 

Ўн тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Солимдан, у Ибни Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибни Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло қадарийларни лаънатласин. Аллоҳ таоло мендан олдин юборган ҳар Набий умматини қадарийлардан огоҳлантириб қадарийларни лаънатлаган».

 

Йигирманчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ибни Бурайдадан, у  отасидан ривоят қилади. Ибни Бурайданинг отаси айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло қадарийларни лаънатлади. Ҳар бир Расул ва ҳар бир Набий  уларни лаънатлаган ва умматини улар билан гаплашишдан қайтаргандир».

 

Йигирма биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофеъдан, у ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: Ибн Умар айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Қадарийлар бу умматнинг мажусийларидир. Улар Дажжолнинг жамоасидир».

 

Йигирма иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Язид ибн Суҳайбдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Аллоҳ таоло Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоати ила аҳли имонни дўзахдан чиқаради», дедилар.

Язид: «Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улар у ердан, оташдан чиқмагайлар», деди. Жобир: «Бундан олдинги  «Муҳаққақки, кофирлар…», деб бошланган оятни ўқиди.  Бу фақат кофирлар ҳақидадир», деди. (Яна бир ривоятда): «Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоати туфайли имон аҳли дўзахдан чиқади», дедилар.

Язид айтдики: «Ҳақ таоло оятида: «Шубҳасиз, улар у ердан чиққувчи эмаслар», дедим, деди. Шунда Жобир: «Муҳаққиқ кофирлар…» деб бошланадиган оятни ўқи, улар кофирлар», деди. Бошқа бир ривоятда (Язиддан ривоят қилинади) Язид айтди: «Жобирдан шафоат ҳақида сўрадим. «Аллоҳ имон аҳлидан бир жамоатга гуноҳлари сабабли азоб беради, сўнгра Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоати ила дўзахдан чиқаради», деди Жобир. Шунда мен: «Каломи мажидда нима дейилган?» дейишим билан (юқоридаги. - Тарж) ҳадисни зикр этди.

 

Йигирма учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у  Асваддан, у Робеъ бин Хоррошдан, у Хузайфадан (р.а.)  ривоят қилади. Хузайфа (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло тавҳид аҳлидан бир жамоани оловда ёқиб кўмир бўлгандан сўнг, дўзахдан чиқаради ва уларни  жаннатга киритади. Жаннат аҳли уларни «жаҳаннамийлар» деб номлаганликлари туфайли улар Аллоҳдан ёрдам сўрайдилар. Аллоҳ таоло  буни улардан кеткизади».

 

Йигирма тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиядан, у Абу Саиддан, у эса Ҳазрати Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилади. «Шоядки Раббинг сени мақталган  мақомга етказгай» оятидаги «Мақоми маҳмуд» шафоатдир. Аллоҳ таоло имон келтирган инсонлардан бир жамоани гуноҳлари сабабидан азоблайди. Кейин эса Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шафоати билан азобдан  чиқадилар. Сўнг улар абадий ҳаёт дейилгувчи бир дарёга келтириладилар. Унда чўмиладилар сўнг жаннатга кирадилар. Жаннатда «жаҳаннамликлар» дея аталадилар. Сўнг Аллоҳга ёлворадилар. Аллоҳ таоло улардан у исмни  олиб ташлайди».

Бир ривоятда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло имон ва қибла аҳлидан бир қавмни Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шафоати билан дўзахдан чиқаради. Бу шафоат «мақоми маҳмуд»дир. Сўнгра у қавм «ҳайовон - абадий ҳаёт» номи берилган бир дарёга олиб келинадилар ва унга ташланадилар. Кейин у ерда қуш қўнмас ўсимлиги каби ўсадилар. Кейин у ердан чиқадилар, жаннатга кирадилар. Улар жаннатда «жаҳаннамийлар», дея номланадилар. Сўнгра  улар Аллоҳдан бу  номни ўзларидан кетказилишини сўрайдилар. Аллоҳ улардан бу  номни кеткизади. Улар: «Аллоҳнинг озод этганлари», дея номланадилар».

Абу Ҳанифа (р.а.) бу ҳадисни Абу Шаддот ибн Абдураҳмондан, у  Абу Саиддан ривоят қилди.

 

Йигирма бешинчи ҳадис

 

Ҳаммод Абу Ҳанифадан (р.а.), у Атия ал-Авфийдан ривоят қилади. Ал-Авфий айтади: «Абу Саид ал-Ҳудрийнинг бундай деганини эшитдим: «Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) мана бу оятни ўқиётганларида эшитдим: «Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудга етказгай». Оятни ўқигач  бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло имон ва аҳли қибладан дўзахга кирган бир гуруҳни Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоати билан чиқаради. Бу  «мақоми маҳмуд»дир. Улар «ҳайовон» деб номланган дарёга келтириладилар ва унга ташланадилар. Сўнг қушқўнмас ўсимлиги каби ўсадилар. Сўнгра чиқиб жаннатга кирадилар. Жаннатда «жаҳаннамийлар»  дея номланадилар. Улар бу исмни кеткизиши учун Аллоҳ таолога ёлворадилар. Аллоҳ таоло улардан бу  исмни кеткизади».

 

Йигирма олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифадан (р.а.), у Абдулмаликдан, у Ибни Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибни Аббос (р.а.) айтади: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: «Бир қисм мўминлар қиёмат кунида гуноҳлари туфайли дўзахга кирадилар. Мушриклар уларга: «Имонингиз сизга ҳеч қандай фойда бермади(ку), мана биз билан бир макондасиз, бирга азобланяпмиз», дейишади. Аллоҳ таоло улардан ғазабланади ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ҳеч бир кимса дўзахда қолмасин деб амр  қилади: Ундан мўминлар  юзларидан бошқа жойи қоп-қора  бўлган ҳолда чиқадилар. Чунки мўминларнинг кўзлари кўкармайди, юзлари қораймайди. Сўнг улар жаннат эшиги олдидаги бир дарёга келтириладилар. У ерда ювинадилар, бутун фитна ва азият улардан кетади, кейин жаннатга кирадилар. Фаришталар уларга бундай дейдилар: «Гўзал бўлдингиз. Жаннатга мангу киринг ». Бироқ жаннатда улар: «жаҳаннамликлар» дея аталадилар. Сўнгра улар дуо қиладилар. Аллоҳ таоло улардан бу исмни кўтаради.Улар  бу исм билан бошқа абадий чақирилмайдилар. Улар  чиққанларида кофирлар: «Қанийди, биз ҳам мусулмон бўлсайдик», дейишади. Бунинг боши, мана бу оятдир: «Ҳали (қиёмат куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлар». (Ҳижр, 2-оят).

 

Йигирма еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибни Масъуддан ривоят қилади. Ибни Масъуд (р.а.) айтади: «Бир одам Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келди ва:

6        Ў Расулуллоҳ, Аллоҳ таолога ширк келтирмаган одам дўзахда қоладими?  - дея сўради.

7        Ҳа, - дедилар Расули Акрам (с.а.в.). - Жаҳаннам тубидан «Ҳаннон, Маннон» деб нидо қиладиган бир одам бўлади. Жаброил унинг овозини эшитади сўнг бу овоздан  ҳайратланади ва сабри  чидамай Раҳмон аршига бориб сажда қилади. Аллоҳ таоло «Бошингни кўтар, эй Жаброил!» дейди. У бошини кўтаради. Аллоҳ таоло Ўзи билса ҳамки, сўрайди:

8        Ажойиботлардан нималар кўрдинг, эй Жаброил?

- «Ханнон, Маннон» деб нидо қилаётганни. Эй Роббим, ана шу овозга ҳайрон қолдим, - дейди Жаброил. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

9        Эй Жаброил, Моликка (жаҳаннам қўриқчиси. ­- Тарж) бориб айт: «Ў Ҳаннон! Ў Маннон!..» деган кишини дўзахдан чиқарсин.

Жаброил жаҳаннам эшикларидан бирига келиб эшикни тақиллатади. Молик чиқади. Жаброил Моликка: «Аллоҳ таоло «Ў Ҳаннон, ё Маннон» деган кишини дўзахдан чиқаришни буюрди», дейди. Молик ичкарига киради; нидо қилаётган у одамни қидиради, бироқ у топилмайди. Молик жаҳаннам аҳлини бир она ўғлини таниганидан кўра яхшироқ танийди. У Жаброилга дейдики: «Шубҳасиз, жаҳаннам шундай инграмоқдаки, на тошни темирдан, на темирни инсондан ажратолмаяпман». Жаброил Аллоҳнинг арши ҳузурига қайтиб келади ва сажда қилади. Аллоҳ таоло унга:

10     Бошингни кўтар, эй Жаброил! Нечун қулимни олиб келмадинг? - дейди.

11     Ў Раббий! Молик бундай деди: «Шубҳасиз дўзах шундай инградики, тошни темирдан, темирни эса инсондан ажратолмаяпман». Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

12     Моликка айт, менинг қулим жаҳаннамнинг фалон-фалон чуқурида.

Бир ривоятда Жаброил бориб Моликка хабар беради. Молик (дўзахга) кириб, у бандани афтода, залил, оёқлари пешонасига, қўллари бўйнига боғланган,  илонлар, чаёнлар унга ёпишиб олишган бир ҳолатда кўради. Молик у бандани бир силкитганда устидаги чаён ва илонлар тўкилиб тушади. Кейин  яна бир тортганида занжир ва боғлар ечилади. Сўнгра уни оташдан чиқариб ҳаётбахш сувга солади. Кейин эса уни Жаброилга топширади. Жаброил бу бандани пешонасидан ушлаб ўзига тортади. Уни  ҳар бир фаришта жамоаси ёнидан олиб ўтаётганда, фаришталар: «Бу банда нақадар жирканчли», дейдилар.

Ниҳоят Жаброил Раҳмон арши олдида саждали ҳолатда туради. Аллоҳ таоло:

13    Эй Жаброил! Бошингни кўтар! - дейди ва у бандага айтадики:

- Эй қулим, Мен сени гўзал суратда яратмадимми?! Сенга расул юбормадимми?! У сенга Менинг китобимни ўқимадими?! Сенга Менинг буйруқларимни еткизмадими?! Сени таъқиқлардан қайтармадими?!

-  Шу-шу (гуноҳ)ларни нега қилдинг?! - дейди Аллоҳ. Банда жавоб беради:

14    Эй Раббим!.. Нафсимга зулм қилдим. Шунча-шунча пайт дўзахда қолган бўлсам ҳамки, Сендан умид узмадим. Ў Раббий, Сенга Ҳаннон ва Маннон исмларинг билан дуо қилдим. Сен  фазл-караминг ила мени жаҳаннамдан чиқардинг. Менга раҳм эт, Парвардигоро.

Сўнг Аллоҳ таоло айтади:

15    Гувоҳ бўлинг, эй фаришталарим, Мен унга раҳм қилдим.

 

Йигирма саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мансур ибн Абу Сулаймон ал-Балхий ва Муҳаммад ибн Исо ва Язид ат-Тусийдан, у Қосим ибн Умайя ал-Ҳизоий ал Адавийдан, у Нуҳ ибн Қайсдан, у Язид ар-Раққошийдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар. Анас ибн Молик (р.а.) айтадилар. Биз: «Қиёмат кунида кимни шафоат қиласиз, эй Аллоҳнинг расули?» дедик. «Катта гуноҳ содир этганлар, аҳли мусибат ва одам ўлдирганларни», дея марҳамат қилдилар.

 

Йигирма тўққизинчи ҳадис

 

Ҳаммод Абу Ҳанифадан (р.а.), у Исмоил ибн Абу Ҳолиддан ва Баён ибн Бишрдан, у Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилади. Абу Ҳозим деди: «Жарир ибн Абдуллоҳни эшитдим, бундай дер эди: «Расулуллоҳ марҳамат қилдилар: «Тўлиной кечаси Ойни кўрганингиз каби Раббингизни кўражаксиз. Уни ҳеч бир нарсага ўхшатмай кўрасиз. Тонг ва оқшом, қуёш чиқмасдан олдинги ва кун ботишдан аввалги намозларни ўтказиб юборманг».

Ҳаммод дейдики: «Улар бомдод ва шом намозларидир».

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио