Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ТАФСИР КИТОБИ

Беш юз  иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абу Фарвадан, у Ато ибн Соибдан, у Абу Зуҳодан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Аллоҳ таолонинг «Алиф, лом, мим» сўзидан мурод ушбудир: «Мен Аллоҳман, ҳамма нарсани билувчи ва кўрувчиман».

 

Беш юз  учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Салама ибн Набитдан ривоят қилади. Салама айтди: «Мен Даҳҳоқ ибн Мазоҳимнинг ёнида эдим. Бир одам «Биз сени муҳсинлардан, яхшилик қилувчилардан деб биламиз» оятининг маносини сўраганда шундай дедилар:

У қийналган кишини кўрса, қийинчиликдан қутқарарди. Касални кўрса, унинг хизматини қиларди. Муҳтожни кўрса, унинг ҳожатини чиқаришни истарди».

 

 

Беш юз   тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Атиййадан, у Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Набий (с.а.в.) бундай дедилар: «Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг, чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: «Шубҳа йўқки, бунда синчиклаб қаровчилар учун ибратлар бордир».

 

Беш юз  бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абдулмаликдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қасамки, уларнинг ҳаммасидан қилган нарсаларини сўраймиз» оятидаги «сўраладиган нарса» - «Ла илаҳа иллаллоҳдир», дедилар».

 

Беш юз  олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абу Заррдан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилди. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Жаброилдан (а.с.):

 - Бизни аввалгидан кўпроқ зиёрат қилмайсизми? - дея сўрадилар. Бир неча кечадан сўнг ушбу оят нозил бўлди: «Биз фақат Раббинг амри ила туша оламиз. Олдимиз ва ортимиздаги нарсалар (дунё ва охират ишлари) Уникидир».

 

Беш юз  еттинчи ҳадис

 

 Абу Ҳанифа (р.а.) Саммокдан, у Абу Солиҳдан, у Умму Ҳоний бинти Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилади. Умму Ҳоний айтдилар: «Мен Расулуллоҳга (с.а.в.) бундай дедим:

 - Эй Аллоҳнинг Расули, Лут қавмининг мажлисларида қилган ёмонликлари нима эди?

 - Улар йўлдан ўтаётганларга хурмо данаги ёки тошча отишар эди. Ўтаётганларни масхара қилишарди».

 

Беш юз  саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййадан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳга (с.а.в.) ушбу оятни ўқиди: «Аллоҳ сизни ҳақир бир сувдан яратди. Кейин сизни заифликдан (гўдаклик чоғингиздан) сўнг кучли қилди. Сўнгра кучли чоғдан яна заифлик ва қарилик чоғига келтирди».

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) Ибн Умарга (р.а.): «Мин заҳфин» (заифлик), дея ўқи», дедилар».

 

Беш юз  тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Шаъбийдан, у Масруқдан, у Абдуллоҳдан ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.) айтдилар: «Духон ва Батша (ўртани тутун қоплаши ва Аллоҳнинг Бадр жангида мушрикларни азобга гирифтор қилиши) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) замонларида юз берди».

 

Беш юз  ўнинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Фарзандларингиз сизнинг касбингиздандир, улар Аллоҳнинг сизга ҳадясидир. У (Аллоҳ) истаганига қиз, истаганига ўғил фарзанд беради».

 

Беш юз  ўн биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Маккий ибн Иброҳимдан, у Ибн Луҳайъадан, у Абу Қубайлдан ривоят қилади. Абу Қубайл айтди: «Мен Абу Абдурраҳмондан эшитдим, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қули Савбон Расулуллоҳдан қуйидагини эшитган экан: «Дунё ичидагилари билан меники бўлса-да, шу оятни эшитган даражада хурсанд бўлмас эдим: «Айтгин: «Эй ҳавойи нафсларига эргашиб ҳаддан ошган қулларим. Аллоҳнинг раҳматидан умид узманг. Шубҳасиз, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради».

 Бир одам сўради:

- Аллоҳга ширк келтирганни ҳамми?

Расулуллоҳ (с.а.в.) жим бўлдилар. Ҳалиги одам яна сўради:

 - Ширк келтирса ҳамми?

 Расулуллоҳ (с.а.в.) яна сукут сақладилар. Кейин бундай дедилар:

 - Фақат ширк келтирса ҳам (умидини узмасин)».

 

Беш юз  ўн иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (с.а.в.) Муҳаммад ибн Соиб Калбийдан, у Абу Солиҳдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: «Ваҳший Ҳазрати Ҳамзани ўлдиргандан кейин бир муддат ўтиб, қалбига Ислом (иймон) оташи тушди. Элчи юбориб, қалбида мусулмон бўлиш орзуси пайдо бўлганини Расулуллоҳга (с.а.в.) маълум қилди ва бундай деди:

 - Аллоҳнинг Китобидан айтганларингизни эшитдим: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур» (Фурқон, 68-69). Мен бу (гуноҳ) ларнинг ҳаммасини қилдим. Мен учун нажот борми?

Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад, унга айтинг: «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик - гуноҳларини яхшилик - савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон Зотдир» (Фурқон, 70), - деди.

 Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятни унга юбордилар. Унга бу оятлар ўқилгач Ваҳший бундай деди:

«Бу оятларда шартлар бор. Бу шартларни бажара олмасликдан қўрқаяпман. Солиҳ амал қилолмасликдан қўрқаман. Эй Муҳаммад!… Бундан-да қулайлик, кенглик (енгиллик) берадиган бир оят борми?»

Жаброил ушбу оятни олиб келди:

«Айтгин: «Эй нафсларига зулм ўтказиб ҳаддан ошганлар, Аллоҳнинг раҳматидан умид узманг. Аллоҳ ҳамма гуноҳларни кечиради. Шубҳасиз, У мағфират ва марҳамат эгасидир».

Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятни ёздилар ва Ваҳшийга юбордилар. Бу оят унга ўқиб берилганда: «Қандай ҳам яхши!», деди ва мусулмон бўлди. Расулуллоҳга элчи юборди ва:

- Мен ҳақиқатан мусулмон бўлдим. Энди Сиз билан учрашсам бўладими? - дея сўради.

Расулуллоҳ (с.а.в.) унга бундай жавоб юбордилар:

- Эй Ваҳший!.. Ёнимга келсанг, юзингни кўрсатма. Менинг кўзларим амаким Ҳамзанинг қотилини кўришга тоқат қилолмайди.

 Ваҳший бу сўзлар қаршисида жим бўлиб қолди.

 Бир муддат сўнгра Мусайлама Ҳазрат Пайғамбарга (с.а.в.) ушбу мактубни юборди:

 «Аллоҳнинг элчиси Мусайламадан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга. Ер юзида Сенга шерик қилиндим. Ярми меники, ярми Қурайшникидир. Бироқ Қурайш ҳаддан ошган қавмдир».

 Икки киши бу мактубни Расулуллоҳга (с.а.в.) келтирдилар. Мактуб ўқилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) у икки элчига бундай дедилар:

 - Агар элчи бўлмаганингизда сизни ўлдирардим.

 Кейин Али ибн Абу Толибни чақириб унга «Ёз!», дедилар:

 «Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг номи ила бошлайман. Аллоҳнинг расули Муҳаммаддан ёлғончи Мусайламага. Салом ҳидоятга эргашганларга бўлсин. Ер юзи Аллоҳникидир. Унга қулларидан хоҳлаганини ворис қилади. Оқибат муттақийларникидир. Ва соллаллоҳу ала саййидини Муҳаммад».

 Мусайламанинг ёзганларидан Ваҳший хабар топгач, найзасини чиқарди ва уни ўткирлади. Кейин Мусайламани ўлдиришга қасд қилди. Бу измида қаттиқ турди. Ниҳоят Ямомада уни ўлдирди».

 

Беш юз  ўн учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Салама ибн Куҳайлдан, у Ибн Масъуднинг биродарларидан Абу Зағродан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилдилар: «Шафоатим туфайли аҳли иймон оташдан чиқади ва фақат бу оятда зикр этилган кимсалардан бошқаси унда қолмайди: «Сизни Сақар жаҳаннамига туширган нима?», деб сўралганда, улар бундай дейишади: «Биз намоз ўқимас эдик, фақирларга таом бермас эдик. Ботилга шўнғиганлар билан бирга ботилга шўнғир эдик. Ўлганимизча қиёмат кунини ёлғон, дедик». Шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермайди».

Бошқа ривоятда: Ибн Масъуд (р.а.) айтди: «Аллоҳ таоло қиёмат куни иймон аҳлидан  бир неча гуруҳини азоблайди. Сўнг уларни Муҳаммад (с.а.в.) шафоатлари билан ундан чиқаради. Унда фақат мазкур оятда зикр эитлганларгина қолади».

 

Беш юз  ўн тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Салама ибн Куҳайлдан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Жаҳаннамда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада зикр қилганлардан бошқа ҳеч кимса қолмайди: «Сизни Сақар дўзахига киргизган нима? Улар айтурларки, биз намоз ўқимас эдик, фақирларга (таом) бермас эдик». Шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермайди».

 

Беш юз  ўн ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абу Осимдан, у Абу Солиҳдан ривоят қилади. Абу Солиҳ бундай деди: «Ал-ҳуқуб (даврлар, замонлар) саксон йилдир. Унинг олти куни дунёнинг бутун кунлари соничадир».

 

Беш юз  ўн олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан ривоят қиладилар: «Сўзнинг энг гўзалига ишонса» ояти Расулуллоҳга (с.а.в.) ўқилганида: «Ла илаҳа иллаллоҳга ишонса», дедилар».

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио