Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҲУКМЛАР БЎЛИМИ

Тўрт юз саксон тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Ҳасан Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилади. Абу Зарр (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Эй Абу Зарр!.. Амирлик, раҳбарлик бир омонатдир. У қиёмат куни пушаймонлик ва хафагарчиликдир. Раҳбарликни ким зиммасига олиб, ҳаққоний адо этса, у бундан мустасно. Буни сен қандай ҳам амалга оширардинг!?»

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Ғассондан, у Ҳасандан, у Абу Заррдан (р.а.) қилган бошқа бир ривоятда Абу Зарр (р.а.) бундай дейди: «Набий (с.а.в.) айтдиларки: «Амирлик, раҳбарлик (давлат ишлари) бир омонатдир. У разиллик ва пушаймонликдир. Ким уни зиммасига олса-ю, ҳаққоний адо этса, бундан мустасно. Бу қандай бўлади (буни эплаб бўлармиди. - Тарж.), эй Абу Зарр?!»

 

 

Тўрт юз тўқсонинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййадан, Атиййа Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилдилар: «Шубҳасиз, қиёмат кунида энг узун бўйин инсон одил раҳбар бўлади».

 

Тўрт юз тўқсон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳасан ибн Абдуллоҳдан, у Ҳубайб ибн Собитдан, у отасидан ривоят қилади. Ҳубайб ибн Собитнинг отаси айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қози (ҳоким) уч тоифа бўлиб, улардан икки тоифаси оташга, бири жаннатга тушади», дедилар. Жаҳаннамга тушгани одамлар устидан саводсизларча ҳукм чиқаради. Бир қисм инсонларни бошқалар молини ейишга йўллайди. Бошқа бириси илмига амал қилмасдан инсонлар устидан ноҳақ ҳукм чиқаради. Учинчи тоифа Аллоҳ таолонинг Китоби билан ҳукм беради ва у жаннатга тушади».

 

Тўрт юз тўқсон иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдулмаликдан, у Ибн Абу Бакрадан, унга отаси Расулуллоҳдан (с.а.в.) ушбу ҳадисни эшитганини ёзди. У ҳадисда Расули Акрам (с.а.в.) бундай деган эканлар: «Ҳоким ғазабланган пайтда ҳукм беролмайди».

 

Тўрт юз тўқсон учинчи  ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Набий (с.а.в.) бундай дедилар: «Қалам уч кишидан кўтарилган: улғайиб балоғатга етгунгача қадар боладан, ҳушига келгунича мажнундан (телбадан), уйғонгунга қадар ухлаган кишидан».

Ҳаммод Саид ибн Жубайрдан, у Ҳузайфадан (р.а.) қилган бошқа бир ривоятда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бундай деганлари айтилади: «Уч кишидан қалам кўтарилди: уйғонгунича ухлаб ётган кишидан, ўзига келгунга қадар ҳушидан кетган кишидан, эҳтилом бўлгунга қадар (ақли болиғ бўлгунга қадар) боладан».

 

Тўрт юз тўқсон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Шаъбийдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Далил бўлмаган пайтда даъво қилинувчи қасам ичишга ҳақлидир».

 

Тўрт юз тўқсон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, унга бир одам гапириб берди. Ашъас ибн Қайс Абдуллоҳ ибн Масъуддан бир қул сотиб олди.

Абдуллоҳ ундан пулини сўраганида, Ашъас:

- Мен уни ўн мингга сотиб олдим, - деди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) эса:

- Мен уни сенга йигирма мингга сотдим. Иккимиз ўртамизда ҳукм чиқариши учун истаган одамни танла, унга борайлик, - деди.

Ашъас:

- Мен билан сенинг орамизда ҳакам сенсан, - деди.

Абдуллоҳ:

- Мен Расулуллоҳдан (с.а.в.) эшитган ҳукмни сенга айтайин: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Олувчи ва сотувчи нарх борасида ихтилоф қилганларида, уларнинг икковининг ҳам далили бўлмай ва мол (жойида) турган бўлса, сотувчининг гапи инобатга олинади. Ёки иккиси ҳам бир-бирларига нарсаларини қайтариб беришади».

 

Тўрт юз тўқсон олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Қосимдан, у отасидан, у бобосидан нақл қилади. Ашъас ибн Қайс Ибн Масъуддан (р.а.) амирлик қулларидан бир қул сотиб олди. Абдуллоҳ ҳаққини талаб қилганда ораларида ихтилоф чиқди.

Ашъас:

- Мен қулни ўн минг дирҳамга сотиб олдим, - деди.

Абдуллоҳ (р.а.):

- Мен уни сенга йигирма минг дирҳамга сотган эдим. Ўртамизда бир ҳакам тайинла, - деди.

- Сен ҳакам бўласан, - деди бунга жавобан Ашъас.

Абдуллоҳ (р.а.):

- Ўртамизда Расулуллоҳдан (с.а.в.) эшитганим бир ҳукм билан ҳукм қиламан, - деди ва Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Олувчи ва сотувчи ихтилоф қилганларида сотувчининг сўзи эътиборлидир. Олувчи унга рози бўлади ёхуд улар олган ва сотганларини бир-бирига қайтариб беришади», деди.

Бир ривоятда (Қосим бобосидан қилган ривоятда) Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Олувчи ва сотувчи ихтилоф қилганларида, мол мавжуд (ишлатиб юборилмаган) бўлса, сотувчининг сўзи эътиборлидир. Олувчи ва сотувчи олган ва сотган нарсаларини бир-бирларига қайтаришади».

Абдуллоҳдан (р.а.) қилинган яна бир ривоят: «Ашъас Абдуллоҳдан бир қул сотиб олди. Абдуллоҳ (р.а.) Ашъасдан ҳаққини сўраган пайтда ораларида келишмовчилик чиқди. Абдуллоҳ (р.а.):

- Уни йигирма минг дирҳамга сотдим, - деди.

Ашъас:

- Мен уни ўн минг дирҳамга олдим, - деди.

Шунда Абдуллоҳ (р.а.) бундай деди:

- Мен Расулуллоҳдан (с.а.в.) бундай деганларини эшитдим: «Олувчи ва сотувчи ўзаро ихтилоф қилишса, сотувчининг сўзи эътиборга олинади. Ёки олувчи ва сотувчи нарсаларини бир-бирларига қайтариб беришади».

 

Тўрт юз тўқсон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида икки киши бир туя устида талашиб қолдилар. Ҳар иккови ҳам туя ўзиники эканига доир далил келтирди. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) туя кимнинг қўлида бўлса, шуники деб ҳукм қилдилар».

 

Тўрт юз тўқсон саккизинчи ҳадис

 

 Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у бир одамдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) айтдилар: «Икки шахс бир туя устида талашиб қолди. Ҳар иккиси ҳам уни ўзининг туяси туққанига далил келтиришар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) туя қўлида ушлаб турган кишиники, деб ҳукм чиқардилар».

 Бир ривоятда: «Икки киши Расулуллоҳ (с.а.в) нинг олдиларига бир туя хусусида келишди. Улардан бири уни туяси туққанига далил келтирди. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) туя кимнинг қўлида бўлса, шуники, деб ҳукм чиқардилар», дейилади.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио