Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ЕЙИШ-ИЧИШ, ҚУРБОНЛИК, ОВЧИЛИК ВА ҲАЙВОН СЎЙИШ КИТОБИ

Уч юз тўқсон тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳорибдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳамма йиртқич ҳайвонларни ейишни ман этдилар».

 

Уч юз тўқсон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳорибдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар (жанги) кунида чангалли барча (йиртқич) қушлар гўштини ейишни таъқиқладилар».

 

Уч юз тўқсон олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Исҳоқдан, у Бародан ривоят қилади. Баро (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) хонаки эшак гўштини ейишни таъқиқладилар».

 

Уч юз тўқсон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтди: «Бизга ердаги ҳашаротларни ейиш ман этилди».

 

Уч юз тўқсон саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайр Маккийдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким эҳромда бўлсин ё бўлмасин, қурбақа ўлдирса, бир қўй сўйиши лозим бўлади».

 

Уч юз тўқсон тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади: «Оиша онамизга (р.а.) бир калтакесак ҳадя қилинди. Ҳазрати Пайғамбардан (с.а.в.) сўраганларида, уни ейишни таъқиқладилар. Сўнг бир тиланчи келди. Оиша онамиз (р.а.) уни бериб юборишни айтдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Ўзинг емаган нарсани унга едирасанми?!» дедилар».

 

Тўрт юзинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Ҳаммомдан, у Адий ибн Хотимдан ривоят қилади. Адий (р.а.) айтди: «Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўрадим:

- Ё Расулуллоҳ, биз ўргатилган итларни овлашга юборамиз. Бу итлар бизга ушлаб келган ҳайвонларни есак бўладими?

- «Бисмиллоҳ.» айтиб юборсанг ва итингга овини тутишда бошқа итлар ёрдам бермаса ейиш мумкин, - дея жавоб бердилар Расули Акрам (с.а.в.)

- Агар ит уни ўлдирса ҳамми? - дея яна савол бердим мен.

- Ўлдирса ҳам (ейиш мумкин).

- Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), баъзимиз камон отиб овлайди?

Дедиларки:

- Овга ўқ отганингда «Бисмиллоҳ.»ни айтган бўлсанг ва у шу ҳолда чиқса, егин. Агар ўқнинг ўртаси тегса (учи тегмаса), ема».

 

Тўрт юз биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Атиййадан, у Абу Саиддан (р.а.) ривоят қилади. Абу Саид (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: «Сув қуриганида қолганини е».

 

Тўрт юз иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) айтдиларки, Ажраднинг қизи Оишанинг (р.а.) бундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: «Ер юзида Аллоҳ аскарларининг энг кўпи чигирткалардир. Уни емайман, ҳаром ҳам қилмайман».

 

Тўрт юз учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Саиддан, у Аъбойа ибн Рифоъадан, у Рофиъ ибн Хадиждан ривоят қилади: «Садақа қилинган туялардан бири қочиб кетди. Уни тутишмоқчи бўлишди. Уни қувишдан чарчашгач, бир киши унга камон отиб, жон жойига теккизди. Сўнг бу ҳақда Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўраганларида, Ул Зот уни ейишни буюрдилар ва: «Туяларнинг ёввойилиги ваҳшийларнинг ёввойилиги кабидир. Агар улардан қўрқсангиз, бу туяга нима қилган бўлсангиз, шундай қилинг. Сўнг уни еяверинг», дедилар».

Бошқа бир ривоят: «Садақа қилинган туялардан бири қочиб кетди. Уни бир киши камон билан отиб, ўлдирди. Сўнг уни ейиш ҳақида Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўралди. Ул жаноб (с.а.в.) айтдилар: «Уни енглар. Чунки уларнинг ёввойилиги ваҳшийларнинг ёввойилиги кабидир».

 

Тўрт юз тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофеъдан, у ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) мужассамани ейишни ман қилдилар» (мужассама - нишон қилиб, маҳкамлаб қўйилган қуш ёки бошқа нарса).

 

Тўрт юз бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Каъб ибн Молик Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) ёнларига келди ва бундай деди:

- Ё Расулуллоҳ, бир чўпон қиз сурув боқиб юрганида бир қўйнинг ўлишидан (ҳаром ўлишидан. - Тарж) қўрқди ва уни тош парчаси билан сўйди.

Пайғамбар (с.а.в.) у қўйнинг гўштидан ейишни буюрдилар».

 

Тўрт юз олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Шаъбийдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтди: «Ансордан бир бола Уҳуд томон борар экан, бир қуён овлади. Сўядиган бирор асбоб тополмай уни тош билан сўйди. Қуённи қўлида осилтириб Расулуллоҳга (с.а.в) олиб келди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни ейишни буюрдилар».

Бир ривоятда: «Бир одам икки қуённи тутиб олди. Уларни тош билан сўйди. Набий (с.а.в.) уни ейишни буюрдилар», дейилади.

Яна бир ривоят лафзи қуйидагича: «Бани Саламадан бир одам Уҳудда бир қуённи тутиб олди. Уни тош билан сўйди. Набий (с.а.в.) уни ейишни буюрдилар».

 

Тўрт юз еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир аёл сўйган ҳайвоннинг гўштидан едилар ва аёлларнинг ўлдирилишини таъқиқладилар».

 

Тўрт юз саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Миҳвал ибн Рошиддан, у Муслим Биттиндан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат этдилар: «Аллоҳ таоло наздида Зулҳижжа ойининг илк ўн кунидан хайрли кун йўқ. У кунларда Аллоҳни кўп зикр этингиз».

 

Тўрт юз тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Жабладан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Қурбонлик сўйиш Расулуллоҳдан (с.а.в) суннат бўлган».

 

Тўрт юз ўнинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Абдурраҳмон ибн Собитдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Набий (с.а.в.) жунли, қўнғир икки қўчқорни қурбонлик қилдилар. Бирини ўзлари учун, бирини эса: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деб иқрор бўлган умматлари учун сўйдилар».

 

Тўрт юз ўн биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳим ва Шаъбийдан, у Абу Бурда ибн Ниёрдан (р.а.) ривоят қилинади: «Абу Бурда (р.а.) Ҳайит намозидан олдин қўй сўйди. Ҳазрат Пайғамбарга (с.а.в.) буни айтди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.):

- Бу сенга бўлади, (сўйганинг қурбонликка ўтади). Сендан сўнг ҳеч кимга бўлмайди,- дедилар».

 

Тўрт юз ўн иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқама ибн Марсад ва Ҳаммоддан, у иккиси Абдуллоҳ ибн Бурайданинг отасидан ривоят қилади: «Набий (с.а.в.) бундай дедилар: «Қурбонлик гўштларини уч кундан ортиқ сақлашдан бойларингиз фақирларингизга кўпроқ бериши учун қайтардим».

 

Тўрт юз ўн учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) ва Мусаъир Муҳориб ибн Дасордан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Муҳориб Жобирнинг уйига келди. Жобир унга нон, сирка қўйди ва деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизни такаллуфдан (уй эгасининг ўзини қийнаб қўядиган даражада меҳмонга икром қилишидан) қайтардилар. Бу бўлмаганда эди, сизга такаллуф кўрсатардим (сиз учун ўзимни кўпроқ овора қилардим - Тарж.) Мен Расулуллоҳдан (с.а.в.) эшитдимки, бундай дедилар: «Сирка қандай яхши тамаддиликдир (қайладир)».

 

Тўрт юз ўн тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сирка қандай яхши тамаддиликдир», дедилар».

 

Тўрт юз ўн бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Кофир етти ичагини, мўмин бир ичагини тўлдириш учун овқат ейди».

 

Тўрт юз ўн олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Али ибн Ақмардан, у Абу Жуҳайфадан (р.а.) ривоят қилади. Абу Жуҳайфа (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдиларки: «Мен суяниб овқат емайман, қул сув ичгани каби сув ичаман. Раббимга ажалим етиб вафот этгунимча ибодат қиламан».

 

Тўрт юз ўн еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Ҳузайфадан (р.а.) ривоят қилади. Ҳузайфа (р.а.) деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга олтин ва кумуш идишдан сув ичишни, олтин ва кумуш идишдан овқатланишни, ипак, соф ипак кийишни таъқиқладилар ва: «Булар дунёда мушрикларга, охиратда сизларга бўлади», дедилар».

 

Тўрт юз ўн саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муслимдан, у Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилади. Абдурраҳмон деди: «Ҳузайфа билан бирга Мадоинда Диҳқоннинг уйида тунаб қолдик. Бизга овқат олиб келди, едик. Кейин Ҳузайфа (р.а.) сув сўради. Диҳқон кумуш идишдан сув келтирди. Ҳузайфа уни юзига отди.

Бу хатти-ҳаракати бизни роса хафа қилди.

- Нега бундай қилганимни биласизми? - деди бизга.

- Йўқ, - дедик.

- Ўтган йил унинг уйида меҳмон бўлдим. Шунда ундан ичимлик сўрадим. Менга кумуш идишда ичимлик олиб келди. Мен унга: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга олтин ва кумуш идишдан ейиш-ичишни, ипак, соф ипак кийишимизни ман этдилар. «Булар дунёда мушрикларга, охиратда бизга бўлади», дедилар», дегандим.

 

Тўрт юз ўн тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у отасидан, у Абу Фарвадан, у Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилади. Абдурраҳмон (р.а.) айтдилар: «Ҳузайфа ибн Ямон Диҳқондан сув сўради. У кумуш идишда олиб келди. Ҳузайфа (р.а.) идишни олиб унинг юзига отди. Ва: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бизни кумуш идишда сув ичишдан қайтарганлар», деди».

 

Тўрт юз йигирманчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳакамдан, у ибн Абу Лайлодан ривоят қилади. Ибн Абу Лайло айтди: «Биз Ҳузайфа (р.а.) билан бирга Мадоинда эдик. Ҳузайфа (р.а.) Диҳқондан сув сўради. Диҳқон кумуш жомда сув келтирди. Ҳузайфа сувни унга отди. Сўнгра бундай деди:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) олтин ва кумуш идишдан сув ичишимизни таъқиқлаганлар ва: «Улар дунёда кофирларга, охиратда сизга бўлади», деганлар».

 

Тўрт юз йигирма биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Нофийдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади: «Набий (с.а.в.) дубба ва хантам (ичкилик тайёрланган икки хум) дан бизни қайтардилар».

 

Тўрт юз йигирма иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Сулаймон Ибн Бурайдадан, у отасидан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси (р.а.) айтди: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: «Қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Менга онамнинг қабрларини зиёрат қилишга изн берилди. Энди қабрларни зиёрат қилинг, бироқ ёмон сўзлар айтманг. Бойларингиз фақирларингизга кенгчилик қилиши учун қурбонлик гўштларини уч кундан ортиқ сақлашни ман этган эдим. Энди Аллоҳ таоло сизга кенглик берди, уни (гўштларни. - Тарж.) енг ва ғамлаб қўйинг».

Ул зот (с.а.в) хантам ва музаффатдан (ичи мумланган, ичкилик тайёрлашда қўлланиладиган идиш) сув ичишни таъқиқладилар».

Бир ривоятда: «Накир (тахта идиш) ва дубба (шиша идиш)дан сизни қайтарган эдим. Энди хоҳлаган идишдан ичишингиз мумкин. Чунки идиш бир нарсани ҳалол ё ҳаром қилмайди. Сиз маст қилувчи ичкилик ичманг», дейилади.

Бир ривоятда: «Мен сизни уч нарсадан қайтарган эдим:

1. Қабр зиёратидан қайтарган эдим, энди зиёрат қилинг.

2. Қурбонлик гўштларини уч кундан ортиқ тутишдан қайтарган эдим. Энди уни сақланг ва ғамлаб қўйинг. Таъқиқлашимнинг сабаби бойлар қурбонлик гўштларини фақирларга едиришлари, тарқатишлари учун эди.

3. Мен сизни дубба ва музаффатдан (мум, қора сақичли идиш. - Тарж.) (сув) ичишингизни таъқиқлаган эдим. Энди нимадан истасангиз ичаверинг. Чунки идиш бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилмайди. Сиз маст қилувчи ичкилик ичманг», дейилади.

Бошқа бир ривоятда, юқорида санаб ўтилганлар тилга олиниб «. Дубба, хантам, музаффатдаги ичимликдан сизни қайтарган эдим. Энди ҳар қандай идишдан ичишингиз мумкин. Маст қилувчи ичимликни ичманг!.» лафзлари билан келган.

 

Тўрт юз йигирма учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқамадан, у Ҳаммоддан, у иккиси Абдуллоҳ ибн Бурайдадан (р.а.), у отасидан ривоят қилади.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    Абдуллоҳ ибн Бурайданинг отаси айтди: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.): «Ҳар қандай идишдан ичингиз, чунки идиш бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилолмайди», дедилар.

 

Тўрт юз йигирма тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан ривоят қилади. Алқама (р.а.) бундай деди: «Абдуллоҳ ибн Масъуднинг овқат егандан сўнг, набиз (мева солинган сув) сўраб ичганини кўрдим.

- Аллоҳ сизни раҳматига олсин. Набиз ичасизми? Уммат сизга эргашади-ю, - дедим.

Ибн Масъуд (р.а.):

- Расулуллоҳнинг (с.а.в.) набиз ичганларини кўрдим. Агар Ул зотнинг (с.а.в.) набиз ичганларини кўрмаганимда, набизни ичмас эдим, - деди».

 

Тўрт юз йигирма бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Мусаъирдан, у Атодан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) майиз, қуруқ хурмо, ғўра хурмо ва қуруқ хурмолардан тайёрланган ичимликни (ичишни) таъқиқладилар».

 

Тўрт юз йигирма олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Алқама ибн Марсад ва Ҳаммод ибн Сулаймондан, у Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилади. Абдуллоҳ ибн Бурайданинг отаси айтди: «Набий (с.а.в.): «Маст қилувчи ичимликларни ичмангиз», дедилар».

 

Тўрт юз йигирма еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Авн Муҳаммад Сақофийдан, у Абдуллоҳ ибн Шаддоддан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ичимликнинг ози ҳам, кўпи ҳам, ҳар қандай маст ичимликлар ҳаром қилинди».

 

Тўрт юз йигирма саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Қайс Ҳамадонийдан, у Абу Омир Сақофийдан ривоят қилади. У ҳар йили Ҳазрат Пайғамбарга (с.а.в.) бир меш ароқ ҳадя этарди.

Бир ривоятда: «Абу Омир куняли сақифлик бир одам ҳар йил Набийга (с.а.в.) бир меш ароқ ҳадя олиб келарди. Ароқ ҳаром қилинган йили аввалгидек яна бир меш ароқ ҳадя олиб келганда Расулуллоҳ (с.а.в):

- Эй Абу Омир. Аллоҳ таоло ароқни ҳаром қилди. Бизнинг сен олиб келган ароғингга эҳтиёжимиз йўқ, - дедилар.

- Буни олиб сотинг. Пулини эҳтиёжларингиз учун ишлатинг, - деди Абу Омир.

Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.):

- Эй Абу Омир! Аллоҳ уни ичиш, сотиш, унинг пулини ейишни ҳаром қилди, - дедилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио