Муснад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ФАЗИЛАТ ВА ШАМОИЛ БЎЛИМИ

Уч юз эллик тўртинчи ҳадис

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Робиъадан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) олтмиш уч ёшларида вафот этдилар. Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) олтмиш уч ёшларида вафот этди. Ҳазрат Умар (р.а.) олтмиш уч ёшларида вафот этдилар».

 

Уч юз эллик бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Яҳё ибн Саиддан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) қирқ ёшга кирганларида пайғамбар қилиб юборилдилар. Маккада ўн йил, Мадинада ўн йил турдилар. Вафот этганларида соқолларида ва сочларида йигирма дона оқарган тола йўқ эди».

 

Уч юз эллик олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абу Зубайрдан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳидлари хушбўй эди».

 

Уч юз эллик еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) масжидга бораётганларида хушбўй ҳидлари билан билинардилар».

 

Уч юз эллик саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳорибдан, у Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Умар (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбарда (с.а.в) менинг оладиган қарзим бор эди. У зот қарзни уздилар ва ошиқча бердилар».

 

Уч юз эллик тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳимдан, у Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилади. Анас ибн Молик (р.а.) айтдилар: «Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) кафтларидан юмшоқроқ ипакни ушламаганман».

Бошқа ривоятда Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Мунташирдан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) у зот билан бирга ўтирганларнинг олдида тиззаларини (оёқларини - Тарж.) асло узатмас эдилар».

 

Уч юз олтмишинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳимдан, у отасидан, у Масруқдан ривоят қилади. Масруқ Оиша онамиздан (р.а.) Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) ахлоқи ҳақида сўради. Оиша онамиз (р.а.):

- Сен Қуръон ўқимайсанми? (Яъни, ул зотнинг ахлоқлари Қуръони карим эди. - Тарж.), - деб жавоб бердилар.

 

Уч юз олтмиш биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муслимдан, у Анасдан ( р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) қул чақирса, борардилар, эшакка минардилар».

 

Уч юз олтмиш иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилди. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) касалликларида намозга борганларидаги оёқларининг оқлигини ҳали ҳам кўраётгандайман».

 

Уч юз олтмиш учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ўлимлари олдидан касал бўлганларида менинг уйимда қолиш учун бошқа аёлларидан рухсат сўрадилар. Улар рози бўлишди. Буни эшитгач, тезда туриб, хизматчим йўқ эди - уйимни супуриб-сидирдим ва Ул зотга изхир бандлари солиб қопланган ётоқларини тўшадим.

Расулуллоҳни (с.а.в.) икки киши қўлтиқларидан олиб келди ва ул зот мен солган тўшакка ётдилар».

 

Уч юз олтмиш тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Язиддан, у Анасдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) касалликлари енгиллашганини кўргач, хотини - Хорижа қизининг ёнига боришга рухсат сўради. У ансорнинг боғларида турган эди. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўлим хотиржамлиги ичида ётганликларини билмаганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга (кетишга) рухсат бердилар.

Ул зот (с.а.в.) ўша кеча вафот этдилар. Тонг отгач, Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) инсонлар ўзаро бир нималар деб гапиришаётганини эшитди.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) қулига уларнинг гапини эшитиб, келиб айтишни айтди. Қул келиб:

- Уларнинг Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ўлди, дейишаётганини эшитдим, - деди.

Бу сўзни эшитган Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ўзларини ёмон ҳис қилиб: «Воҳ, белим синди», дея бошладилар.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) масжидга етиб бормаган эдилар. Кишилар унга хабар етмаган деб ўйлашди.

Мунофиқлар кишиларни ғалаёнга солиш учун:

- Муҳаммад пайғамбар бўлганда, ўлмас эди,- дея бошлашди.

Ҳазрати Умар (р.а.):

- Кимнинг: «Муҳаммад (с.а.в.) ўлди», деганини эшитсам, унинг бошига қилич соламан, - дедилар.

Сўнг улар тилини тийди.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) у ерга келгач Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) юзларидаги ёпинчиқни олди. Ул зотни ўпиб, ҳидлай бошлади ва бундай деди: «Аллоҳ таоло Сизга ўлимни икки карра татитмайди. Сиз Аллоҳ таолога ундан қадрлисиз».

Шундан сўнг инсонларга қараб:

«Эй инсонлар!.. Ким Ҳазрати Муҳаммадга топинаётган бўлса, (билсинки) Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) вафот этдилар. Ким Ҳазрати Муҳаммаднинг Раббига топинган бўлса, у ўлмайди», деди ва қуйидаги оятни ўқий бошлади:

«Муҳаммад ҳам пайғамбардир. Ундан олдинги пайғамбарлар ҳам ўлишган. Агар у ўлса ё қатл этилса, ортларингизга - куфрга қайтасизми? Ким иймондан сўнг куфрга қайтса, Аллоҳ таолога асло, ҳеч зиён етказолмайди. Аллоҳ таоло исломда собит қолиб, Унинг неъматига шукр этувчиларга албатта ажр беради» (Оли Имрон сураси, 144-оят).

Ҳазрати Умар (р.а.) бу оятни эшитгач: «Биз бу оятни гўё олдин ҳеч ўқимагандаймиз», деди. Инсонлар ҳам Ҳазрати Абу Бакрнинг (р.а.) сўзини такрорлашди. Мен бу оятни такрор ўқидим.

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) душанба куни кечаси вафот этдилар. Икки кун, икки кеча олиб қолинди. Чоршанба куни дафн этилди.

Усома ибн Зайд, Авс ибн Ҳавлий сув қуйиб турди, Ҳазрати Али (р.а.) ва Фазл (р.а.) Ҳазрати Пайғамбарни ювишди».

 

Уч юз олтмиш бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Саламадан, у Абу Заъродан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилдилар: «Мендан кейинги икки кишига: Абу Бакр (р.а.) ва Умарга (р.а.) эргашинг».

 

Уч юз олтмиш олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Абдулмаликдан, у Рабъидан, у Ҳузайфа ибн Ямонийдан ривоят қилади. Ҳузайфа ибн Ямоний айтди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Мендан кейин Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Ҳазрати Усмон (р.а.)га эргашинглар. Ҳазрати Аммор (р.а.) хулқ-атворидан намуна олинг. Ибн Умму Абд (Абдуллоҳ Ибн Масъуд) васиятига риоя этинг».

 

Уч олтмиш еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Мусо ибн Касирдан ривоят қилади. Мусо ибн Касир (р.а.) айтди: «Ҳазрати Умар (р.а.) бир куни Ҳазрати Усмон (р.а.) уйига борди. Усмон жуда хафа эди.

- Сени хафа қилган нарса нима? - дея сўради Ҳазрати Умар (р.а.)

- Нега хафа бўлмайин?! - деди Ҳазрати Усмон (р.а.). - Мен билан Расулуллоҳ (с.а.в.) орасидаги қариндошлик узилди. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) қизлари - ҳазрати Усмоннинг аёллари Руқиянинг вафоти мусибати эди.

Ҳазрати Умар (р.а.) унга бундай деди:

- Сени қизим Ҳафсага уйлантирайин.

Ҳазрати Усмон (р.а.):

- Расулуллоҳнинг (с.а.в.) маслаҳатларини ол, - деди бу таклифга жавобан.

Ҳазрати Умар (р.а.) бу гапни Ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) айтгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки:

- Сизни Ҳазрати Усмондан ҳам яхшироқ билан қариндош бўлишга, Ҳазрати Усмонни сиздан-да хайрли бир киши билан қариндош бўлишга далолат қилайми?

- Ҳа, ё Расулуллоҳ (с.а.в.), - деди Ҳазрати Умар (р.а.)

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай таклифни айтдилар:

- Сен Ҳафсани менга бер, мен қизимни Усмонга бераман, эй Умар!

Ҳазрати Умар (р.а.) бунга рози бўлди ва Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ишни амалга оширдилар».

 

Уч олтмиш саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Саламадан, у Ҳиббатул Уронийдан ривоят қилади. (У Ҳазрати Алининг ҳамадонлик дўстларидандир). У айтди: «Ҳазрати Алининг: «Мен илк мусулмон бўлган кишиман», деганларини эшитганман.

 

Уч олтмиш тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Исмоилдан, у Абу Солиҳдан, у Умму Ҳонийдан (р.а.) ривоят қилади. Умму Ҳоний (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни Ҳазрати Алининг (р.а.) юзига қарадилар ва уни очликдан ҳолсиз бир вазиятда кўргач:

- Нега очсан? - дея сўрадилар.

Ҳазрати Али (р.а.):

- Ё Расулуллоҳ, шу-шу кундан бери тўйиб овқат емайман, - дегач, Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Сенга жаннат хушхабарини бераман, - дея марҳамат қилдилар».

 

Уч юз етмишинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Икримадан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: «Охират кунида шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, кейин давлат раҳбарининг ҳузурига кириб, амри бил маъруф (яхшиликка чақириш. - Тарж.), наҳйи анил мункар (ёмонликдан қайтариш. - Тарж.) қилган кишидир».

 

Уч юз етмиш биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муҳаммад ибн Мункадирдан, у Жобирдан (р.а.) ривоят қилади. Жобир (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Аҳзоб (Ҳандақ) кечаси (Ҳандақ уруши куни. - Тарж.):

- Бизга (душманнинг вазияти ҳақида - Тарж.) ким хабар олиб келади? - дедилар.

Зубайр кетди. Расулуллоҳга (с.а.в.) хабар келтирди. Буни уч марта амалга оширди.

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилдилар:

- Ҳар Набийнинг бир ҳаворийси бўлади. Менинг ҳаворийим Зубайрдир».

 

Уч юз етмиш иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у бир одамдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Ҳазрати Умар (р.а.) бир кеча Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ёнларида суҳбат қилдилар.

Аллоҳ Расули ва улар бирга чиқишди. Ибн Масъуд Қуръон ўқиётганда уйи олдидан ўтдилар. Набий (с.а.в.) бундай дедилар: «Қуръонни нозил бўлгани каби ўқимоқ кимни шод этса, у Ибн Умму Абд (Ибн Масъуд)нинг қироатига мувофиқ ўқисин. Тилаганингни сўра, сўраган нарсанг сенга берилади».

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ва Ҳазрат Умар (р.а.) хушхабарни етказишмоқчи бўлиб, Ибн Масъуднинг олдига келдилар. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ё Ҳазрати Умардан (р.а.) олдин келиб, Ибн Масъудга мужда: Набийнинг (с.а.в.) Ибн Масъудга (р.а.) дуо қилишни айтганларини етказди. Ибн Масъуд бундай деди: «Аллоҳим!.. Сендан доимий иймон, туганмас неъмат, абадий жаннатингда Пайғамбарингга йўлдош бўлмоқни сўрайман».

Бир ривоятда (Ҳайсамдан, у Абдуллоҳдан қилган ривоятда) Абдуллоҳ айтди: «Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) ёнларида Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) билан Ҳазрати Умар (р.а.) суҳбатлашар эди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) ташқарига чиқдилар, иккови ҳам Ул зотнинг (с.а.в.) изларидан чиқишди. Ибн Масъуд (р.а.) Қуръон ўқиётганида, унинг уйи ёнидан ўтдилар.

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилдилар: «Қуръонни нозил қилингани каби ўқиш кимни қувонтирса, Ибн Умму Абднинг (Ибн Масъуднинг) қироати асосида ўқисин». Ва: «Нимани сўрасанг, сўраганинг сенга берилади», дедилар.

Ҳадиснинг қолганини юқоридаги каби зикр этди.

 

Уч юз етмиш учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Авндан, у отасидан, у Абдуллоҳ Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд: «Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) уйларига кирганларида онаси Умму Абдни у ерга юбориб, Ҳазрати Пайғамбарнинг хатти-ҳаракатлари (муомалалари, ахлоқларидан) кўрганларини келиб айтишни сўрарди. Сўнг онаси унга айтганларидай Ҳазрати Пайғамбарга эргашарди».

 

Уч юз етмиш тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Авндан, у отасидан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади.

Абдуллоҳ (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) жойнамозларини олиб юрарди.

Бир ривоятда: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳассаларини олиб юрарди».

Бир ривоятда: «Расулуллоҳнинг (с.в.в.) ридоларини олиб юрарди».

Бир ривоятда: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уловларига қарарди».

Бир ривоятда: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) мисвоклари, обдасталари ва Ул зотнинг оёқ кийимларини олиб юрарди», дейилади.

 

Уч юз етмиш бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Муъндан, у Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Мусулмон бўлганимдан буён фақат бир марта ёлғон сўзлаганман.

Мен Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) туяларини тўқимлар (эгарлар - Тарж.) эдим. Тоифлик бир тўқим қилувчи келди. Мендан:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) қайси тўқимни кўпроқ ёқтирадилар? - дея сўради.

Мен эса:

- Тоифий, Маккий тўқимни, - деб жавоб бердим. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) буни хушламас эдилар.

Туя ўша ҳолатда келтирилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Буни ким тайёрлади? - дея сўрадилар.

- Тўқимчи тайёрлади, - дейишди саҳобалар.

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Ибн Умму Абд (Ибн Масъуд)га айтинглар, туямизга у тўқим урсин,- дедилар.

Шундан сўнг туя менга келтирилди»

Бир ривоятда Абдуллоҳ (р.а.) бундай деди: «Набийга (с.а.в.) тоифлик бир киши олиб келинди. Тоифлик киши мендан:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) туялари учун қандай тўқим урилишини яхши кўради? - деб сўради.

Мен дедимки:

- Тоифий, Маккий тўқимини.

Туяга тўқим урилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) чиқдилар ва бундай дедилар:

·        Бу тўқимнинг эгаси ким?

·        Тоифлик, - дейишди.

·        Бизнинг бунга эҳтиёжимиз йўқ»,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.)».

 

Уч юз етмиш олтинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Шаъбийдан, у Масруқдан, у Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. Абдуллоҳ (р.а.) айтди: «Мусулмон бўлганимдан буён фақат бир марта ёлғон гапирганман. Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) туяларига эгар қўяр эдим. Тоифдан бир эгарчи келди ва деди:

- Расулуллоҳ (с.а.в.) туяларида қайси эгар туришини кўпроқ ёқтирадилар?

- Тоифий, Маккий эгар, - дедим.

Ибн Масъуд айтдики: «Расулуллоҳга (с.а.в.) у эгар хуш ёқмаслигини била туриб шундай дедим».

Туя эгарланиб Расулуллоҳга (с.а.в.) келтирилгач:

- Буни ким эгарлади? - дедилар.

- Тоифдан келган эгарчи,- дейишди.

Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Эгарлашни Ибн Масъудга (р.а.) беринг, - дея марҳамат қилдилар».

 

Уч юз етмиш еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Абу Абдуллоҳ Жадлийдан, у Хузаймадан (р.а.) ривоят қилади: «Хузайма (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига борди. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга бир аъробий бор эди. У Расулуллоҳга (с.а.в.) сотган нарсасини инкор қилар эди.

Хузайма (р.а.):

- Гувоҳлик бераманки, уни сотдинг, - деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.):

- Уни сотганини қаердан биласан? - деб сўрадилар.

- Самодан бизга ваҳий олиб келсангиз тасдиқлаймиз-ку, - деди Хузайма (р.а.).

Расулуллоҳ (с.а.в.) Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлиги ўрнига қўйдилар.

Бошқа ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) Хузайманинг (р.а.) шоҳидлигини вафот этгунларича икки киши шоҳидлиги ўрнида қабул қилдилар».

 

Уч юз етмиш саккизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Яҳё ибн Саиддан, у Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилади. Анас (р.а.) айтдилар: «Ҳазрати Хадича жаннатдаги шовқин-суронсиз, кулфатсиз уй билан севинтирилди».

 

Уч юз етмиш тўққизинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳаммоддан, у Иброҳим Нахайидан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар:

- Ўлим менга осон бўлади. Эй Оиша (р.а.)! Сенинг жаннатда аёлим бўлишингни кўрдим.

Кейин ёнидагиларга қайрилиб:

- Ўлим менга осон, чунки Оишани (р.а.) жаннатда кўрдим, -дедилар».

 

Уч юз саксонинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Шаъбийдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) айтдилар: «Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) аёллари ичида ҳеч бирида бўлмаган етти хислат менда бор эди. Хотинлари ичида Ул зотга энг суюклиси эдим. Менга бокира ҳолимда уйландилар. Ул зотга Жаброил менинг суратимда келмагунларича, менга уйланмадилар. Жаброилни мендан бошқа аёллари кўрмади. Жаброил мен Ул зотнинг ёпинчиқлари остида бўлганимда ҳам келарди. Менга қилинган туҳмат-бўҳтонлар туфайли бир қисм инсонлар ҳалок бўлай деганида мен ҳақимда оят нозил бўлди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг уйимда, менинг кечамда, менинг кунимда (менинг навбатим келган кеча ва кундузи.- Тарж.) кўкрагимда бош қўйиб, вафот этдилар».

 

Уч юз саксон биринчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Авндан, у Омир Шаъбийдан, у Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилади. Оиша онамиз (р.а.) бундай дедилар: «Менда Расулуллоҳ (с.а.в.) аёллари ичида бўлмаган етти хислат бор.

Расулуллоҳ (с.а.в.) менга бокира ҳолимда уйландилар. Мендан бошқа ҳеч бирини бокира ҳолда олмадилар. Менга уйланмасларидан олдин Жаброил менинг суратимда тушдилар. Мендан бошқа бирортасининг суратида Жаброил Ул зотга тушмаганлар. Менга Жаброил кўринди, мендан бошқа бирорта аёлларига кўринмади. Ота ва кўнгил жиҳатдан мен Ул зотга улардан севимлиман. Ифк ҳодисаси туфайли инсонлардан бир тўдаси ҳалок бўлаёзганди, мен ҳақимда оят нозил бўлди. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) менинг кечамда, менинг кунимда вафот қилдилар. Муборак бошларини кўкрагимга қўйиб, вафот этдилар».

Бир ривоятда Оиша онамиз (р.а.) бундай дейдилар: «Менда етти хислат борки, булардан ҳеч бири Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бошқа аёлларида йўқ. Менга бокира эканлигимда уйландилар, мендан бошқасига бокира ҳолатида уйланмадилар. Уйланмасларидан аввал Жаброил Ул зотга менинг суратимда келди. Мендан бошқасининг суратида келмади. Мен Расулуллоҳга (с.а.в.) кўнгил ва ота тарафидан суюклилари эдим. Мен ҳақимдаги бўҳтонлар сабабли бир қанча инсонлар ҳалок бўлаёзганда, оят нозил бўлди. Менинг кунимда, менинг кечамда Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этдилар. Кўксимга бош қўйиб, вафот этдилар. Менга Жаброил кўринди, мендан бошқаларига кўринмади».

 

Уч юз саксон иккинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Иброҳимдан, у Масруқдан (р.а.) ривоят қилади. Масруқ (р.а.) Оиша онамиздан (р.а.) ҳадис ривоят қилганда бундай дер эди:

«Менга сиддиқнинг қизи Сиддиқа, маъсумлиги собит бўлган, Ҳазрати Пайғамбарнинг (с.а.в.) суюкли аёллари Оиша (р.а.) хабар берди».

 

Уч юз саксон учинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Икримадан, у Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади. Ибн Аббос (р.а.) Оиша онамиз (р.а.) хасталигида ёнига кириш учун изн сўради. Оиша онамиз (р.а.): «Мен ғамгинман, кет», деб одам чиқардилар.

Ибн Аббос (р.а.) Оиша онамиз (р.а.) юборган элчига ичкарига кирмай кетмаслигини айтди.

Оиша онамиз (р.а.): «Мен ғам ва қайғудаман. Ногоҳ етадиган (ўлимдан) хавфдаман», дедилар. Ибн Аббос (р.а.) унга:

- Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳдан (с.а.в.): «Оиша (р.а.) Жаннатдадир», деганларини эшитдим. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг энг севимли қулидирлар. Жаҳаннам аҳлига уйланишлари мумкин эмас, - дедилар.

Оиша онамиз (р.а.):

- Мендан сиқилиш ва ғамгинликни кетказдинг. Аллоҳ сенинг ҳам ғам ва кадарингни кетказсин!- дедилар.

 

Уч юз саксон тўртинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Ҳайсамдан, у Омир Шабийдан ривоят қилади. Омир мағозий (ғазотлар) ҳақида гапирарди. Ибн Умар (р.а.) уни эшитгач: «Омир худди жангда иштирок қилгандек сўзлайди», деди.

 

Уч юз саксон бешинчи ҳадис

 

Абу Ҳанифа (р.а.) Довуд ибн Абу Ҳинддан, у Омирдан ривоят қилади. Омир (р.а.) йиғинда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) мағозийлари ҳақида сўзлаб берарди. У жамоат ичида Ибн Умар (р.а.) ҳам бор эди. «Омир воқеаларни гўё урушларда қатнашган каби нақл этарди», дейди Ибн Умар (р.а.)

 

Уч юз саксон олтинчи ҳадис

 

Зуфар айтади: «Мен Абу Ҳанифадан (р.а.) эшитдим. У айтди: «Ҳаммоддан эшитдим, у айтди: «Иброҳимга қараб, унинг равшини (муомаласи, хатти-ҳаракати. - Тарж.) кўрган ҳар киши «Унинг равши Алқаманинг равшидир», дер эди. Алқоманинг равшини кўрган эса: «Абдуллоҳнинг равши», дер эди. Абдуллоҳнинг равшини кўрса: «У худди Расулуллоҳнинг равшидир», дейишар эди».

 

Уч юз саксон еттинчи ҳадис

 

Абу Ҳамза Ансорий айтади: «Абдуллоҳ ибн Довуднинг Абу Ҳанифага (р.а.) бундай деганини эшитдим:

- Улуғлардан кимни кўрдингиз?

- Қосим, Солим, Товус, Икрима, Абдуллоҳ ибн Динор, Ҳасан Басрий, Амр ибн Динор, Абу Зубайр, Ато, Қатода, Иброҳим, Шаъбий, Нофий ва шуларга ўхшашларни кўрдим, - дедилар (Абу Ҳанифа (р.а.)»

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио