Саҳиҳи Муслим

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари хусусида

147 (1218) 2941. Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилинади:
«Жобир ибн Абдуллоҳнинг олдига кирдик. У қавм ҳақида сўради. Токи менга етиб келганда «Мен Муҳаммад ибн Али ибн ҳусайнман» дедим. У қўли билан бошимни силади. Тепа тугмамни ечди. Кейин пастки тугмамни ечиб кафтини икки кўкрагим орасига қўйди. Ўша кунлари ёш бола эдим. У: «Хуш келибсан! Эй биродаримнинг ўғли. Нимани хоҳласанг, шуни сўра», деди.
Мен ундан сўрадим. У аъмо эди. Намоз вақти бўлиб қолди. У кийимига ўралган ҳолда ўрнидан турди. Қачон у кийимини елкасига тортса, торлигидан у яна қайтиб тушиб кетар эди. Ридоси эса ёнидаги кийим қўйгичда эди. У бизга намозга ўтди. Кейин мен унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беринг», дедим.
У қўлининг тўққиз бармоғини кўрсатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар ичида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилмоқчилар, деган эълон бўлди. Мадинага жуда кўп одам келди. Уларнинг барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ва у зот адо этган амални қилишни истар эди. Биз у зот билан бирга чиқиб, Зул-ҳулайфага етиб келдик. Шу вақтда Асмо бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди. У Расулуллоҳга одам юбориб: «Нима қилишим зарур?» деди. У зот: «Ғусл қил, бирор кийим билан қонни тўс ва эҳромга кир», дедилар.
Расулуллоҳ намозни масжидда ўқидилар. Ке­йин Қасвога миндилар. Туялари у зотни кўтариб, Байдада тик турганида назар солсам, кўзим етган жойгача у зотнинг олдиларида уловли ва пиёда кишилар бор эди. Ўнг томонларида ҳам, чап томонларида ҳам, ортларида ҳам шунга ўхшаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизда эдилар. У зотга Қуръон нозил бўлиб турарди. У зот унинг таъвилини билар эдилар. У зот нима амални қилсалар, биз ҳам ўша амални қилар эдик. У зот тавҳид «лаббайка»сини айтдилар: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда, ваннеъмата лака вал мулк. Ла шарийка лак!»
Одамлар ҳам ана шу (талбия)ни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз талбияларини лозим тутдилар».
Жобир розияллоҳу анҳу сўзида давом этди:
«ҳаждан бошқа нарсани ният қилмадик. Умрани билмасдик. Токи у зот билан Байтга етиб келганимизда рукнни истилом қилдилар, уч марта рамл қилдилар, тўрт марта юрдилар ва сўнг мақоми Иброҳимга ўтдилар. У зот «Ва мақоми Иброҳимдан намозгоҳ тутинглар»ни қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтнинг орасида қолдирдилар. Мен буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан зикр қилганларини биламан холос. У зот икки ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Қул йаа айюҳал кафируун»ни қироат қилдилар. Сўнг рукнга қайтиб бориб, истилом қилдилар. Кейин эшикдан Сафога чиқдилар. Сафога яқинлашганларида «Иннас-Сафо вал Марвата мин шаъаириллаҳи»ни қироат қилиб, «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошлайман», дедилар. Бас, у зот Сафодан бошладилар. Унинг устига чиқдилар. Токи Байтни кўрганларида қиблага қараб туриб, Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу анжаза ваъдаҳу, ва насара абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу» дедилар.
Бу орада дуо ҳам қилдилар ва ўшаларни уч марта айтдилар. Сўнгра Марва томон тушдилар. Водийнинг пастлик ерларида тезлаб юрдилар. Тепаликка кўтарилганда оддий юрдилар. Марвага етиб келганларида унинг устида туриб, худди Сафо устида қилганларини қилдилар. Шундоқ қилиб, у зотнинг тавофларининг охири Марвада бўлди ва: «Агар ишни аввалдан бошлайдиган бўлсам, яна ортга қайтмасдим, қурбонлик ҳайдамасдим ва умра ният қилардим. Сиздан ким ўзи билан қурбонлик олмаган бўлса, эҳромдан чиқсин, ибодатини умра қилсин», дедилар.
Шунда Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ушбу йилимиз учунми ёки абадийликками?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бирининг ичига киритиб туриб, икки марта:
«Умра ҳажнинг ичига кирди. Йўқ! Балки абадийликка, абадийликка», дедилар.
Али Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келди. У Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, бўёқ суртилган кийим кийиб, сурма қўйиб олганини кўриб инкор қилди. Шунда у:
«Отам менга шуни амр қилдилар», деди.
Али Ироқда юрганида:
«Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиғланиб, у зотдан бу ҳақида сўрагани ҳузурларига бордим. У зот:
«Рост айтибди. Рост айтибди. ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар.
«Эй бор Худоё! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим, деб айтдим», дедим.
«Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма», дедилар у зот.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан олиб келган қурбонликлар жами юзта эди. Одамлар эҳромдан чиқиб сочларини қисқартирдилар. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундоқ қилмадилар.
Тарвия куни бўлганда Минога юзландилар. Улар ҳажни ният қилиб, талбия айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миндилар. У ерда (Минода) пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдодни ўқидилар. Сўнг бироз туриб, қуёш чиққанидан кейин ўзлари учун Намирага жун капани тикишга амр қилдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Қурайш­ликлар у зотнинг худди Қурайш жоҳилиятда қилганидек, Машъарул ҳаромда вуқуф қилишларидан ҳеч шубҳа қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан ўтиб кетдилар ва Арафотга етиб бордилар. У зот ўзлари учун Намирада қурилган капани топдилар ва унга тушдилар. Қуёш оғган чоғида Қасво у зот учун эгарланди. Ул зот водийнинг ўртасига бордилар ва одамларга хутба қилиб:
«Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятнинг ишларидаги ҳар бир нарса менинг оёғим остига тўшалгандир. Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим Робийъа ибн ҳориснинг қонидир. Бани Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни ҳузайл (қабиласи) қатл қилди.
Жоҳилият рибосининг (қиймати) ҳам туширилгандир. Риболаримиздан биринчи бўлиб қийматини туширадиганим Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир. Бас, унинг ҳаммаси туширилгандир.
Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурия­ти бор.
Батаҳқиқ, мен сизларга маҳкам ушласангиз ундан сўнг ҳеч ҳам залолатга кетмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китобини қолдирдим.
Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?» дедилар.
«Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», де­йишди.
Шунда у зот кўрсатгич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратиб туширди ва:
«Эй бор Худоё! Ўзинг гувоҳ бўл! Ўзинг гувоҳ бўл!» деб уч марта айтдилар.
Сўнгра азон ва иқомат айттириб, пешинни ўқидилар. Кейин яна иқомат айттириб, асрни ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. У зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботгунча турдилар. Сариқлик бироз кетди. Ҳатто гардиши ҳам йўқ бўлди. Кейин Усомани орқаларига мингаштириб, қайта бошладилар. У зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. У зот ўнг қўллари билан ишорат қилиб:
«Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қачон қумтепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бир оз бўшатар эдилар.
Муздалифага етиб келганларидан кейин шом ва хуфтонни бир азон икки иқомат билан ўқидилар. Икковлари орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Ўзларига субҳ аён бўлганида азон ва иқома билан бомдодни ўқидилар.
Кейин Қасвога миниб Машъарул ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу ҳолда турдилар.
Ул зот қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. Фазл ибн Аббосни мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнаганларида аёллар (ҳавдажда) тезлаб ўтиб қолдилар. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйдилар ва унинг назар солиб турган юзини бошқа томонга бурдилар. У зот Ботни Муҳоссарга келганларида бир оз тезладилар.
Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб, еттита тошни ҳар бирини отганда такбир айтиб отдилар.
Кейин бурилиб қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Олтмиш учта (қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Қолганларини Али сўйди. У зот уни қурбонликларига шерик қилдилар.
Сўнгра амр қилиб, ҳар бир туядан бир оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб ифоза (тавоф) қилдилар. Маккада пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бани Абдулмутталиб уруғи олдига келиб:
«Тортинглар! Эй Бани Абдулмутталиблар! Агар одамлар сизнинг сувчилигингизга ғолиб келиб кетиши бўлмаганида мен ҳам сиз билан сув тортар эдим», дедилар. Улар бир идишда сув узатишди. У зот ундан ичдилар».

148 (000) 2942. Жаъфар ибн Муҳаммад айтадилар:
Отам менга гапириб бердилар. Жобир ибн Абдуллоҳнинг ҳузурларига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажлари ҳақида сўрасам у зот юқоридаги ривоятдаги каби ҳадисни айтиб, қуйидагиларни зиёда қилдилар.
Арабларни Абу Сайёра яланғоч эшаги устига йўл бошлаб борар эди. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муздалифадаги машъарул ҳаромдан ўтганларидан кейин, Қурайш ўша жойни (охирги) манзил бўлиб, ўзи билан кифояланишларида шак қилмади. Бас ижозат бериб, тўсқинлик қилмади. Ҳатто арафотга келиб, у ерга тушдилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио