Саҳиҳи Муслим

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Рамазоннинг кундузида рўзадор киши учун жимоъ қилишнинг қаттиқ ҳаром экани, катта миқдорда каффарот тўлаши ва унинг баёни, бу нарса бой ва камбағалга вожиб бўлиб, камбағал қодир бўлгандагина амалга ошириш ке

81 (1111) 2590. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, унинг (Мадинанинг) икки чети орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар».

000 (000) 2591. Бу ерда юқоридаги ҳадис такрор келган. Фақат "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди", дейилган сўз зикр қилинмаган.

82 (000) 2592. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам рамазонда хотинин устига чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўраш учун ҳузурларига келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар. У: «Йўқ», деди.
«Икки ой рўза тута оласанми?» дедилар.
У: «Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом бера оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.

83 (000) 2593. Зуҳрий ҳам ушбу санад билан ривоят қилиб, унда: "Бир киши рамазонда оғзини очиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қул озод қилиш билан каффарот тўлашга буюрдилар", деб юқоридаги ҳадисда келганидек давом эттирдилар.

84 (000) 2594. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда рўзасини очиб юборган бир кишига «Қул озод қилишга ёки икки ой рўза тут ёки олтмиш мискинга таом беришга амр қилдилар".

000 (000) 2595. Бу ерда юқоридаги ҳадис такрор келган.

85 (1112) 2596. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, куйиб-ёнмоқдаман, деган эди, у зот: "Нима учун?" дедилар. У киши: "Рамазон ойининг кундузида хотинимни жимоъ қилиб қўйдим", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақа қил, садақа қил", дедилар. У киши: "Садақа қилиш учун ҳузуримда ҳеч нарса йўқ", деди. У зот бу кишини (бироз) ўтириб туришга амр қилдилар. Шу пайт икки занбилда таом келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни садақа қилишни буюрдилар.

86 (000) 2597. Бу ерда юқоридаги ҳадис такрор келган. Фақат "Садақа қил, садақа қил" ва "кундузи", дейилган сўзлар зикр қилинмаган.

87 (000) 2598. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда, масжидда турганларида бир киши келди. Ва: "Эй Аллоҳнинг расули! Мен куйиб-ёнмоқдаман, мен куйиб ёнмоқдаман" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Унга ўзи нима бўпти", дедилар. У: "Аҳлиям билан жинсий яқинлик қилиб қўйдим", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақа қил", дедилар. У: "Аллоҳга қасам! Эй Аллоҳнинг набийси, менда бирор нарса йўқ ва садақа беришга қодир эмасман", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўтир", дедилар. У ўтирди. Улар шу ҳолда туришган эди, бир киши эшагини етаклаб келиб қолди. Эшаги устида таом бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳозиргина куйдим-ёндим, деб айтаётган қаерда?" дегандилар, у киши ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мана буни садақа қил", дедилар. У: "Эй Аллоҳнинг расули! Буни олишга биздан бошқа ҳақдор борми?" Аллоҳга қасам! Биз ўзимиз очмиз, бизда бирор нарса йўқ", деди. Шунда у зот: "Ундан ейвер", дедилар.
(Изоҳ: Рамазонда жинсий алоқа қилиб, рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом беради. ҳар бир мискинга бир мудд (1 мудд – 1843 ғиром) миқдорида таом беради. Бу эса, ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир. Ислом дини мискин-фақирларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ҳар бир қулай имкониятни тўлиқ ишга солган.
Ҳадиснинг охирида Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг аъробийларга хос соддалик ва очиқликлари гувоҳи бўламиз. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳадя қилиб келтирилган хурмо қобиғидан тўқилган занбилдаги олтмиш мискинга етадиган, олтмиш мудд миқдоридаги хурмони олтмиш мискинга бериш ҳақидаги гапларини эшитиши билан Мадинада ўзидан кўра мискинроқ аҳли байт йўқ эканини эслатади. Бу, ўзим еб қўйсам бўлавермайдими, дегани эди. Шундоқ ҳам бўлди. Лекин буни рўзасини бузгани учун мукофот маъносида тушунмаслик керак. Бу Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг ўзига хос. Бошқаларга мумкин эмас. Қолаверса, ҳозирча ўзинг еб тур, кейин топганингда каффоротни берасан, деган маъно ҳам бор.
Жумҳур уламолар жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради, деганлар.
Гарчи, воқеликдаги ушбу мисолда иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам аслида иш ўта оғирдир. Рамазон рўзасининг бир кунини узрсиз ўтказиб юбориш улкан гуноҳдир. Унинг ўрнини тўлдириш жуда ҳам мушкулдир. Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган каффоротлар бир кун тутилмай қолган, хато туфайли очилган рўзанинг каффоротидир. Агар ўша миқдор икки ёки уч кунга ўтса, бир ой ёки бир умрга ўтса, нима бўлишини бир ўйлаб кўриш керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлғиза олмайди, деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг исини ҳам ҳидлай олмайди, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ етказганига шукр қилиб, рўзани канда қилмай тутиш керак).


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио