Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба куни рўзаси ҳақида сўралди. У зот: «Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водий ал-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Ходими унга: «Нима учун қари чол бўлатуриб душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутасиз?» деди. «Аллоҳнинг Пайғамбари бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўралганларида: «Албатта, бандаларнинг амаллари душанба куни ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман», дедилар» деди». Сунан эгалари ривоят қилишган.
Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар», деди. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойдан шанба, якшанба ва душанба куни, бошқа ойдан эса, сешанба, чоршанба ва пайшанба куни рўза тутар эдилар», деди. Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган.
|