Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ИФФАТЛИ БЎЛИШНИНГ ФАЗЛИ ВА ЗАРУР БЎЛМАГАНДА СЎРАШНИНГ ЁМОНЛИГИ ҲАҚИДА

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:
«ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий.
Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:
«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса:
«Эй бор Худоё! Оли Муҳаммаднинг ризқини қути лаа ямут қилгин», дейилган.
Яна бир ривоятда эса:
 «Бойлик ориз(мол)нинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, сизлардан бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб келгани, бировнинг олдига бориб берса-бермаса сўрашидан яхшидир», дедилар».

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровдим бердилар. Яна сўровдим бердилар. Сўнгра яна сўровдим, яна бердилар ва:
«Эй ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни саховатли нафс-ла олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчиқлик нафси-ла олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиганга ўхшайди. Устки қўл остки қўлдан яхшидир», дедилар.
ҳаким розияллоҳу анҳу айтадилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедим.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар унга ўлжадан ўз ҳақини берганда ҳам олмаган. Вафот этгунча шу ҳол давом этган».
Бухорий, Муслим,Термизий, Насаий ривоят қилган

Абу Довуднинг ривоятида:
«Қўллар уч хил бўлур. Аллоҳнинг қўли олийдир. Берувчининг қўли ундан кейин турур. Сўровчининг қўли пастки қўлдир. Ортиқчасини бер ва ўз нафсингни (жиловлашда) ожизлик қилма», де­йилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга атони берар эдилар, мен:
«Мендан кўра фақирроқ кишига беринг», десам,
«Ол буни. Қачон сенга шу молдан бир нарса келса, сен тама қилмаган ва сўровчи бўлмаган ҳолингда бўлсанг олавер. Агар ундоқ бўлса, нафсингни унга эргаштирма», дер эдилар».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Икки шайхнинг ривоятларида:
«Албатта, бу мол яхшидир, шириндир. У (мол) ундан мискинга, етимга, ибн сабийлга берган мусулмонга қандоқ ҳам яхши дўст. Албатта, ким уни ноҳақдан олса, худди еб тўймайдиганга ўхшайди ва қиёмат куни унинг зиддига гувоҳ бўлади», дейилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши одамлардан сўрайверишда давом этаверса, қиёмат куни юзида бир қитъа ҳам гўшти қолмай келади», дедилар».
Бухорий, Муслимқилишган.
Насаийниг ривоятида:
«Агар тиланчиликда нима борлигини билганингизда ҳеч ким ҳеч кимнинг олдига бирор нарса сўраб бормас эди», дейилган.

Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга фақирлик етса-ю, уни одамлар ила қайтармоқчи бўлса, фақирлиги қайтмас. Ким уни Аллоҳ ила қайтармоқчи бўлса, Аллоҳ уни зудликла ёки тез ўлим билан, ёки тез бойлик билан беҳожат қилур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамасликнинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар. Шунда Савбон:
«Мен», деди. У ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамас эди».
Абу Довуд ривоят қилган.

Ал-Фиросий:
«Эй аллоҳнинг Расули, сўрасам бўладими?» деди. У зот:
«Йўқ. Агар сўрашга жуда муҳтож бўлсанг, солиҳлардан сўра», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиланчиликлар – инсон ўз юзини ўзи тирнайдиган тирнашлардир. Ким хоҳласа тарк қилсин, агар тарк қилмаса, султон эгасидан ёки иложсиз қолган ишдагина сўрасин», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио