Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жанозани кўрсангиз ўрнингиздан туринг. Ким унга эргашиб борса, ерга қўйилмагунча ўтирмасин», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачон жанозани кўрсангиз токи, (олдингиздан) ўтиб кетмагунча ёки қўйилмагунча ўрнингиздан туринг», дейилган. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир жаноза ўтган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўринларидан турдилар ва биз ҳам турдик. Бас, биз: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бу яҳудийку!» дедик. У зот: «Албатта, ўлим даҳшатли нарсадир. Қачон жанозани кўрсангиз ўрнигиздан туринг», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ривоят қилган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни турганларини кўрдик, турдик ва ўтирганларини кўрдик ўтирдик». Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
|