Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб ўнг тарафларига турғазиб қўйдилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уч киши бўлсак биримиз олдинга ўтишини амр қилдилар». Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола У зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган
Яна ўша кишидандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ва улардан бир аёлга имомлик қилдилар. Бас, уни ўнг томонларига, аёлни эса орқаларига қўйдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
|