Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ТАҲОРАТ ВА УНИНГ МУДДАТИ БАЁНИ

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши қуйидагиларни айтганлар:
«Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, уч сиқим сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чи- қарди» дейилган.
Яна бошқа бир ривоятда:
«Ва бошига уч марта масҳ тортди», дейилган.
Ундан ҳам бошқа бир ривоятда:
«Бас, бошига масҳ тортди. Икки қўлини олдинга орқага олиб бориб келди. Бошининг олд қисмидан бошлаб уларни орқасига олиб борди. Кейин яна бошлаган жойига қайтариб келди», дейилган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилиб, икки марта-икки мартадан (ювдилар)».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (аъзоларини) бир марта-бир марта (ювиб) таҳорат қилдилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра:
«Таҳорат мана шундоқ, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», дедилар».
Насаий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таҳорат қилсалар, кафтларига сув олиб, жағлари остига киритар ва у билан соқолларининг орасига сув етказган ва «Роббим мени шундоқ қилишга амр қилган», дер эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
 Термизийнинг ривоятида:
«Қачон таҳорат қилсанг, икки оёғинг ва икки қўлинг панжалари орасига сув етказ, дер эдилар», деб келган.

Муставрад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон таҳорат қилсалар синчалоқлари билан оёқлари панжалари орасини ювганларини кўрдим», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Бас, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки махсиларига масҳ тортдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб:
«Таҳоратни яхшилаб қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!», деганларини эшитганман», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Тавонларга дўзахда ҳалокат бўлсин», дейилган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам таҳорат қилиб оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб қолдилар ва:
«Қайт, таҳоратингни яхшилаб қил», дедилар. У қайтди ва сўнгра намоз ўқиди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Абу Довуднинг ривоятида:
«Таҳоратни яхшилаб қил. Панжалар орасига сув етказ ва рўзадор бўлмасанг бурунга сув олишда муболаға қил», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар», деди. Мен:
«Сизлар қандоқ қиласизлар?» дедим. У:
«Бизнинг биримизга, модомики кетмаган бўлса бир таҳорат кифоя қилур», деди».
Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар. Бас, Умар у кишига:
«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасддан қилдим, эй, Умар», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Ал-Муғийра орқаларидан идишда сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсига масҳ тортдилар. Мен у кишига:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас, у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ торт- дилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Махсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим:
«Тек қўй, уларни икки пок оёғимга кийганман», дедилар ва уларга масҳ тортдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсиларининг устига масҳ тортар эдилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:
«Агар дин раъй билан бўлганда махсининг остига масҳ тортиш устига масҳ тортишдан кўра маъқулроқ бўлар эди. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсилари устига масҳ тортаётганларини кўрганман», деганлар».

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда ковушларига масҳ тортдилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Абу Довуд:
«Икки жавробга Али, Ибн Масъуд, ал-Баро, Анас, Абу Умома, Саҳл ибн Саъдлар масҳ тортганлар», деган.
Термизий:
«Жавробга масҳ тортиш жоизлигини Суфён ас-Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқлар айтдилар, улар:
«Агар жавроб қалин бўлса, кавуши бўлмаса ҳам унга масҳ тортилаверади», деганлар», дейди.

Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим.
У киши:
«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар. Бас, ундан сўраган эдик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди».
Муслим ва Насаийлар ривоят қилишган.

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», дедилар».
Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган вақтимизда қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқудан махсиларимизни ечмасдан уч кунгача масҳ тортишни амр қилар эдилар. Магар жанобатдан (ечишга амр қилганлар)».
Насаий ва Ибн Можалар ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио