Жавомеъул калим

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Яхши фазилатлар калити

     "Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ўзингни сақла, энг яхши ибодат қилувчилардан бўласан. Аллоҳ таоло сенга бўлиб берган нарсасига рози бўл, бой одамлардан бўласан. Қўшнингга яхши муомала қил, чин мўмин бўласан. Ўзинг учун яхши кўрган нарсаларни бошқалар учун ҳам яхши кўргин, чин мусулмон бўласан. Кўп кулишга одат қилма, кўп кулги қалбни ўлдиради" (Аҳмад ибн Ҳанбал. "Муснад", II жузъ, 310-бет; Имом Термизий. "Жомеъ", II жузъ, 54-бет. Лафзлар Аҳмадники.).

Шарҳи: Ахлоқ илми этаги кенг ва енглари узун бир фан бўлса ҳам, унинг тармоқлари ва қисмлари умумий қоидалар остига йиғилади. Шу умумий қоидаларни эсда тутган кишилар ҳамма қисмларини кўнгилларида сақлай оладилар.

1. Умумий қоидалардан бири Расулуллоҳнинг (с.а.в.): "Ўзинг учун яхши кўрган нарсаларни бошқалар учун ҳам яхши кўргин!" деган сўзларидир. Ёки, аксинча: "Ўзинг учун яхши кўрмаган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрмагин".
Ахлоқнинг ярми шу сўзлар остига киради. Ўзаро муносабатда ҳар ким муомаласини ўзига қиёс қилиб кўрсин: ёқса; бошқага ҳам қилаверсин, ёқмаса, демак, бошқага ҳам раво кўрмасин.

Шу хусусда Имом Бухорий Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Сизлардан бирларингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани ўзга мўмин биродарлари учун ҳам яхши кўрмаса, мўмин бўлолмайди" (Имом Бухорий. "Саҳиҳ",  жузъ, 9-бет), деганлар.
Ўзи учун севган бир ишни мўмин биродари учун севмасликни ҳадиси шариф комил мўминликдан ҳисоб қилмайди.
Бу ҳадисдаги насиҳатлар Абу Ҳурайрага қарата айтилган бўлса ҳам, ҳукми умумийдир.

2. Ибодатларнинг энг каттаси ва энг севимлироғи ҳаром ишлардан нафсни тийиб, фарзларни бажаришдир. Ҳар бир киши бўйнига шариат юклаган бурчларини адо килиши керак.
Умматнинг бу кунда фарз амалларига бепарволик қилиб, нафл ё мустаҳаб ишларига аҳамият бериши, Аллоҳ ва бандалари олдида юз хил бурчлари бўлатуриб, суҳбат, тўй ва хатми Қуръон каби маросиму тадбирлар билан шуғулланиш, фарз садақа (закот)ларни бериш ўрнига дабдабали тўйлар қилиб, одамларни даъват қилиш ақлдан эмас. Мўмин кишига ҳаромдан тийилиб, фарзларни бўйнидан соқит қилишдек савобли ва қутлуғ иш йўқ.

3. Аллоҳ таоло берган нарсага рози бўлиш катта бойликдир, албатта. "Қаноат туганмас хазинадир" деганлар. У йўқ-бу йўқ деб нолиб юрадиганлар бирон аъзоларига ё оила ичидаги кишиларига офат етса, ўзлари неъмат ичида бўлиб туриб қадрини билмаганларини ўшандагина тан оладилар ва ўринсиз шикоят қилиб юрганларидан, ношукрлик қилганларидан пушаймон бўладилар.

4. Қўшни хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, унга нисбатан ях-ши муомалада бўлиш ва олижаноблик қилиш (чунки қўшничилик ҳаққи бор), унинг ёмонликларидан кўз юмиб кечириш мўминликдандир, албатта.

5. Аслида, кулги саломатлик келтиради, деб даъво қилинса ҳам, унинг меъёрдан ортиғи инсонга ярашмайди ва ақлсизликка аломат бўлиб қолади. Кўнгил хаёл билан банд бўлиб турганида киши кўп кулгини ёқтирмаслиги табиийдир. "Олдида ўлимдек катта бир воқеа турган кишининг кўнглига кўп кулиш қандай сиғар экан?" деб жуда яхши айтганлар.
Ҳадиси шариф одамлар ўзларини ўзлари назорат қилиб бориш-ларини буюради. Бу ҳадисдаги беш қоидани яхши ўрганиб, ҳар бир ишни шуларга ўлчаб қилган инсонни дунёда энг яхши инсон деб мақтаса арзийди. Зоҳирий илм, ботиний илм, тасаввуф илми ва фиқҳ илми шу ҳадиси шарифда йиғилган. Уларни чуқур ўйлаб, яхши билиб, тушуниб ҳаётга тадбиқ қилиш керак, холос.

Ҳаромлардан қил тақво,
Обидлардан бўлгайсан,
Қисматингга бўл ризо,
Ғанийлардан бўлгайсан.

Бирга турган қўшнингга
Эзгу амаллар қилгин.
Ана шунда, бил дўстим
Комил мўмин бўлгайсан.

Кўрдинг, ёқди ўзингга,
Раво кўргин дўстингга,
Шу ишни қила олсанг,
Чин мусулмон бўлгайсан.

Кулгини кўп қилмагин,
Унинг кўпи зарардир.
Кўп кулгунча кўп ўқи,
Қалби тирик бўлгайсан.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио