Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма олтинчи ҳадис - Ислоҳ ва адолат

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُلُّ سُلامَى مِنَ النَّاسِ عَلَيْهِ صَدَقَةٌ كُلَّ يَوْمٍ تَطْلُعُ فِيهِ الشَّمْسُ: تَعْدِلُ بَيْنَ اثْْنَيْنِ صَدَقَةٌ وَتُعِينُ الرَّجُلَ فِي دَابَّتِهِ فَتَحْمِلُهُ عَلَيْهَا أَوْ تَرْفَعُ لَهُ مَتَاعَهُ صَدَقَةٌ، وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ، وَبِكُلِّ خَطْوَةٍ تَمْشِيهَا إِلَى الصَّلاةِ صَدَقَةٌ، وَتُمِيطُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ". (رواه البخاري ومسلم

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонлардаги жами аъзолар учун қуёш чиқадиган ҳар бир кунда садақа мавжуд: Икки киши ўртасида адолат қилишинг - садақа. Бировнинг уловга минишига ёрдам бериб, уни чиқариб қўйишинг ёки нарсасини олиб беришинг - садақа. Яхши сўз - садақа. Йўлдан азиятли нарсани олиб ташлашинг ҳам садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мусулмонлар қалбини бир қилиш, улар ўртасида Ҳақ калимасини ўрнатиш, Ислом шон-шавкатини тиклаш ва мўминларни Аллоҳ душманлари устидан ғолиб қилиш ҳақ диннинг олий мақсадларидан саналади. Ушбу буюк мақсадлар фақат ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билангина амалга ошиши мумкин. Юқоридаги ҳадиси шариф ҳам ўзининг ажойиб чақириғи билан айни мақсадлар сари чорлайди ва Аллоҳ таолонинг мана бу ояти билан уйғун жаранглайди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик йўлида ҳамкорлик қилмангиз!”. (Моида сураси, 2-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ҳам шу маънога ҳамоҳангдир: ”Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрликда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танадаги бир аъзо оғриб қолса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан унга жўр бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсон уч юз олтмиш бўғиндан иборат қилиб яралган. Ҳар бир бўғинда садақа мавжуд”. (Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Инсон суяклари ва бўғинларининг тузилишида улкан илоҳий қудрат намоёндир

Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал шакл-шамойилда яратди. Унинг аъзолари ва бўғинларини бағоят уйғун ва чиройли суратда бино этди.
Пок Парвардигор бандаларини ўз қалбларининг қоронғу бурчакларига назар солишга, суяклари, бўғинлари, қон айланиши ва ҳужайралари хусусида фикр юритишга буюрди. Токи улар ҳар нарсага қодир, Ҳакийм Яратгувчининг санъатини эътироф этсинлар. “Токи уларга Қуръоннинг ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунга қадар албатта Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз”. (Фуссилат сураси, 53-оят). “Ўз вужудларингиздаги (оят-аломатларга) назар солмайсизларми?!” (Зориёт сураси, 21-оят).
Инсон жисмидаги бўғинлар батартиб ва кўркам суратда яратилгани, уларнинг турли вазифаларни бажара олиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танадаги аъзо-бўғинларни алоҳида тилга олдилар. Аллоҳ таоло кофир кимсаларга уларни бўғинларидан айириб қўйишини айтиб таҳдид қилди: “Йўқ, Биз унинг бармоқларини баробар қилиб қўйишга қодирмиз”. (Қиёмат сураси, 4-оят).
Протез ясайдиган корхонада ишловчи бир ғарблик муҳандис кунларнинг бирида жажжи қизчаси кафтига тикилиб, ўйланиб қолди. У қаршисида турган илоҳий санъат намунаси билан энг замонавий услубда ясалган протезларни бир-бирига солиштириб кўрди. Албатта, ўртадаги фарқ жуда улкан эди ва айни ҳақиқат унинг иймонга келиб, ҳақ йўлни ихтиёр этишига сабаб бўлди[1]. Аллоҳу акбар!

2. Соғлиқ-саломатлик учун шукр қилмоқ лозим
Суяклар, бўғинлар ва асаб толаларининг соғломлиги жуда катта неъматдир. Биз бунинг учун яратган Эгамизга беҳад шукроналар айтмоғимиз керак. “У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) рост қилиб қўйган Зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, ўшандай таркиб топтирди”. (Инфитор сураси, 7-8-оятлар).
“Сўнгра ўша Кунда албатта неъматлар хусусида сўралурсизлар”. (Такосур сураси, 8-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Неъматлар” бу тана ҳамда қулоқ ва кўз саломатлигидир. Аллоҳ таоло бандалардан бу неъматларни нималарга ишлатганларини сўрайди. Бу нарса Аллоҳнинг: “Албатта қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур”[2] - деган оятида айтилгандир”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу оятдаги “неъматлар”ни омонлик ва сиҳат-саломатлик деб шарҳлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида бандадан энг биринчи сўраладиган ва Аллоҳ таоло унга айтадиган сўз мана будир: “Биз сенинг жисмингни соғлом қилиб қўймадикми?! Сени совуқ сув билан қондирмадикми?!” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо сиҳат-саломатликни инсон танасининг ўсиши деб таърифлаганлар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: “Довуд аҳли-оиласи ҳикматида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: Офият-саломатлик кўзга кўринмас мулкдир. Яъни, Қиёматда банда сўроққа тутиладиган неъматдир”.
Бу айтилганларга қарамасдан, кўпчилигимиз Аллоҳнинг бу улуғ неъматидан ғофилмиз. Сиҳат-саломатликнинг қадрига етмаймиз ва оқибат Парвардигорга шукроналар айтишда ҳам қосирлик қиламиз.

3. Шукрнинг турлари
Аллоҳ таоло неъматларига шукр қилиш неъматларнинг ортиб бориши ва доимий бўлишига сабабчи бўлади. “Эсланг, Парвардигорингиз эълон қилган эди: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман”. (Иброҳим сураси, 8-оят).
Инсон нафақат тили билан, балки ўз амали билан ҳам Аллоҳга шукр қилмоғи лозим. Бандадан адо этиш талаб этилган шукр вожиб ва мустаҳаб турларига бўлинади.
·        Вожиб (фарз) шукр
Жами вожибларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан батамом ўзни тийиш вожиб-фарз саналади. Бу эса сиҳат-саломатлик ва бошқа неъматларга шукр қилиш ўрнига ҳам ўтади. Абу Асвад Дайлийдан ривоят: Биз Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу ҳузурларида эдик. У зот бундай дедилар: “Ҳар битта бўғин-аъзоингиз учун зиммангизда ҳар куни садақа мавжуд. Ҳар битта намозингиз - садақа, рўзангиз - садақа, қилган ҳажингиз - садақа, тасбеҳингиз - садақа, такбирингиз - садақа...” (Абу Довуд ривоятлари). Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар буларни қилмаса, ёмонликдан тийилсин. Мана шу унинг учун садақа бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, ёмон амаллардан ўзни покиза сақлаш банданинг шукр қилувчилардан дея тан олинишга кифоя қилар экан. Албатта инсон бунинг учун фарзларни тўлиқ адо этиши ва ҳаромдан йироқ юриши шарт. Зеро, фарзларни бажармаслик энг катта ёмонликдир. Салафлар айтадилар: “Шукр бу гуноҳларни тарк этишдир. Аллоҳнинг ҳеч бир неъматидан маъсият йўлида фойдаланмаслик шукр ҳисобланади”.
·        Мустаҳаб шукр
Аллоҳнинг фарзларини адо этган, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақлаган мўмин нафл ибодатларни ҳам қилса, мустаҳаб шукрни адо этган бўлади. Бу Аллоҳга шукр қилишда солиҳ пешқадамлар етган даража бўлиб, жуда кўп ҳадисларда унга тарғиб этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларда жуда узоқ турганларидан оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар бу ҳолни кўриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:
- Нега бундай қиласиз? Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!
- Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?! - деб жавоб берардилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

4. Ҳадисда зикр этилган садақа турлари ва уларнинг ҳукмлари
Аллоҳ таолонинг вожиб ва мустаҳаб шукрни садақа деб аташи У Зотнинг бандаларига қилган зиёда фазлу карамидир. Пок Парвардигор бандаларнинг ушбу шукрларини уларнинг ўзи учун садақа қилиб берди:
- Аъзоларинг билан биродарларингга ёрдам бериб, аъзоларингдаги неъматим шукрини адо эт! Сен улар воситасида биродарларингга садақа инъом қилгин!
Садақа фақат мол-давлат доирасида чекланмайди. Талашиб-тортишиб қолганлар ўртасини ислоҳ қилмоқ, биродарига уловга чиқишида ёрдамлашмоқ каби садақалар нафи ўзгаларга ҳам тегади. Айримлари эса фақат кишининг ўзига тегишли бўлади. Масалан, намоз сари юрмоқ...
Ҳадиси шарифда қуйидаги садақалар санаб ўтилди:
·        Бир-бири билан хусуматлашиб, ажрашиб кетган икки киши ўртасини ислоҳ қилмоқ
Ҳар иккала тараф ўртасини жоиз сулҳ (яъни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилмасдан келиштириш) ва адолатли ҳукм билан ислоҳ этмоқ энг афзал ибодатлардан саналади. “Мўминлар ҳеч шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!” (Ҳужурот сураси, 10-оят); “Агар садақа беришга, бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан ҳеч қандай хайр-фойда йўқдир”. (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сизларга намоз, рўза ва садақа даражасидан афзал бўлган нарса хабарини берайинми?”
- Ҳа! - дейишди асҳоблар.
- Ўртани ислоҳ қилиш! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Ўзаро келишмай қолган икки мўмин ўртасини ўнглаб қўймоқ уларнинг ҳар иккисига садақа қилмоқ кабидир. Чунки ҳар икки томон ислоҳ туфайли одатда келишмовчилик ортидан келиб чиқувчи турли бемаъни гап-сўз ва тубан амаллардан омон қолади. Шу боис, мусулмонлар ўртасини ўнглаш фарзи кифоя қилинди. Икки мўмин орасида дўстлик ришталарини улаш йўлида хатто ёлғон ишлатишга рухсат берилди.
·        Бировга уловига чиқишда ёрдамлашмоқ
Бир биродарингизни уловига чиқариб қўйишингиз, чиқишига ёрдамлашишингиз ёки унинг юкларини ортиб беришингиз сиз учун шукр ва садақадир. Бу ўзаро ёрдам-мурувват саналади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродарини (оёқ кийимининг) боғичи устига чиқариб қўйган киши бамисоли Аллоҳ йўлида уни уловига чиқариб қўйган кабидир”.
·        Яхши сўз
Акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деган кишига “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтиш, салом бериш, алик олиш ва зикрлар яхши сўз таркибига киради. “Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтарур”. (Фотир сураси, 10-оят).
Садақа қилишга имконингиз бўлмаса, сизга қўл чўзиб турган кишига илиқ жавоб қайтаринг. Бу ҳам яхши сўзлар сирасидандир. “Яхши сўз ва кечириш кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ”. (Бақара сураси, 263-оят). Одамлар билан чиройли муомала қилиш киши қалбига қувонч бағишлайди ва унинг ажри улуғдир.
Тавҳид калимаси ҳам албатта яхши сўз доирасига киради. “Аллоҳ яхши сўзга (яъни иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: У сўз худди бир асл дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан ҳар вақт мева берур”. (Иброҳим сураси, 24-оят).
Шунингдек, дуо-зикр, мусулмон кишини ўринли суратда мақтамоқ, ҳоким ҳузурида уни оқлаш, панд-насиҳат ва кишини хурсанд қилувчи, қалбларни бир-бирига ошно қилувчи барча хайрли воситалар яхши сўз ичига киради.
·        Намоз сари қадам ташламоқ
Масжидларни эътикоф, тавоф, дарс, мавъиза каби тоат-ибодатлар ва намоз билан мунаввар этмоқ учун жамоат намозида ҳозир бўлиш юқоридаги ҳадисда алоҳида таъкидланган ва унга тарғиб ҳам қилинган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Масжидга эрталаб ёхуд кечқурун йўл олган киши ҳар гал эрта ёки кеч масжидга келганида Аллоҳ таоло унга бир мукофот ҳозирлаб қўяди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи кишиларга Қиёмат кунидаги мунаввар-комил нур хушхабарини беринг”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
·        Юришга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш
Йўлдан тош, тикан, чўп ва нажосат каби йўловчиларга халақит берадиган озорларни олиб ташлаш ажр-савобда ҳадис аввалида зикр этилган садақалардан (яхши сўз, масжидга юриш кабилар) қуйироқ турувчи садақадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Иймон етмиш учдан ортиқ шохобчадан иборатдир. Уларнинг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ!”, қуйи даражаси йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир”.
Баъзилар юришга халақит қилувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаётганда тавҳид калимаси (Ла илаҳа иллаллоҳ)ни айтмоқ суннатдир, дейишади. Яъни ўшанда сиз иймоннинг олий даражаси билан қуйи шохобчасини жамлаган бўласиз.
Агар ҳар биримиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мувофиқ ҳаракат қилганимизда, дунёда Ислом диёрларидан-да покизароқ ва чиройлироқ юрт бўлмас эди. Кўчалар турли-туман ташландиқ нарсаларга тўлиб кетмасди.

5. Чошгоҳ намози аъзолар саломатлиги шукронасидир
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир аъзоингиз устида садақа бор: ҳар бир тасбеҳ - садақа, ҳар бир таҳмид - садақа, ҳар бир таҳлил - садақа, ҳар бир такбир - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа. Чошгоҳ намозининг икки ракъати юқоридагилар ўрнига ўтади”. (Муслим ривоятлари).
Чошгоҳ намозининг энг ками икки ракъатдир. Ҳар икки ракъатдан сўнг салом бериш, яъни уни икки ракъат-икки ракъатдан ўқиш суннат ҳисобланади. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан тиккага етишига озгина етмай қолгунгачадир. Чошгоҳ намозига катта фазилат берилган. Чунки у бошқа бир нуқсонли амални тўлдириш учун эмас, Аллоҳ неъматлари шукронасини адо этиш учун хизмат қилади. Суннат намозлари эса фарзларда йўл қўйилган камчиликлар ўрнини тўлдиришга хизмат қилади. Инсон ҳар куни тонг отганидан кун ботгунга қадар шукр қилмоғи керак. Бандани кун аввалидан бошлаб сергак ва шукр қилувчига айлантирадиган ибодатларнинг энг афзали чошгоҳ намози бўлади. Ҳофиз Ироқий чошгоҳ намозидаги бундай мумтозликни Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган бир хусусият ва сир туфайли деб шарҳлаганлар.

6. Неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ҳам шукрдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким тонг пайти: “Парвардигоро! Менга ёки бошқа бирон махлуқингга насиб неъмат ёлғиз Сендандир. Сен шериксизсан. Сенга ҳамду шукроналар бўлсин!” деб айтса, ўша куннинг шукрини адо этган ҳисобланади. Кимда-ким кун ботгач, шу зикрни айтса, ўша тун шукрини адо этган бўлади”. (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло бир неъматни бандасига инъом қилганида банда “алҳамду лиллаҳ” деб айтса, унинг берган нарсаси олганидан афзалроқ бўлади”. (Ибн Можа ривоятлари).
Айрим олимлар ушбу ҳадисга асосланиб ҳамдни неъматлардан устун қўйишган. Чунки неъматлардан мурод соғлик, ризқ-рўз каби дунёвий неъматлардир. Ҳамд эса диний неъматлар таркибига киради. Тўғри, ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг инояти. Лекин Аллоҳ таоло бир бандасини берилган неъматларга ҳамд айтиш орқали шукр қилишга йўлласа, бу бандага берилган дунёвий неъматлардан афзалдир. Аслида инсон неъматларга шукр қилмай қўйса, улар бало-мусибатга айланади. Агар Аллоҳ таоло бандасини илоҳий неъматлар учун ҳамд айтиш ва бошқа хайрли воситалар билан шукр қилишга муваффақ этса, шукр неъмати комилроқ ва тўкисроқ бўлади.

7. Барча садақалар холис Аллоҳ учун қилинмоғи шарт
Барча яхши амаллар ва садақалар ажр-савобга лойиқ бўлиши учун аввало ният холис бўлмоғи, яъни ҳар бир хайрли иш фақат Аллоҳ таоло йўлида қилинмоғи шарт. “Агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ розилигини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз”. (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилиш, яхшиликка чақириш, бечораларга ёрдам бериш, озор-маъсиятлардан йироқ юриш каби хислатларни гапира туриб дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, кимда-ким Аллоҳ ҳузуридаги нарса - ажр-савоб умидида ушбу хислатларнинг қай бирига амал қилса, ўша хислат Қиёмат кунида ҳалиги банда жаннатга киргунга қадар унинг қўлидан тутиб туради. (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Ҳасан Басрий ва Ибн Сийрийнлардан ривоят қилинишича, киши яхши амали учун гарчи нияти бўлмаса ҳам, ажр олаверади.
Ҳасан Басрийдан сўрашди:
- Бир кишидан ёмон кўрадиган одами ҳожатини раво қилишни илтимос қилди. Ҳалиги киши уялганидан унга сўраган нарсасини берди. Киши мана шу амали учун ажр оладими?
- Бу эзгу ишлар таркибига киради. Эзгуликда эса албатта ажр бўлади! - деб жавоб бердилар улуғ тобеин. (Ҳамид ибн Занжавайҳ ривоятлари).
Ибн Сийрийндан сўрашди:
- Бир киши жаноза ортидан Аллоҳ ҳузуридаги ажру мукофотни ўйлаб эмас, балки марҳумнинг яқинларидан уялиб эргашади. Киши шу иши учун ажр оладими?
- У бир эмас, икки ажрга эга бўлади, - деб жавоб бердилар Ибн Сийрийн. - Биродарининг жаноза намозида қатнашгани учун биринчи, маҳалла-қавм билан алоқасини узмагани учун иккинчи ажрга эга бўлади. (Абу Нуайм ривоятлари).

8. Ҳадисдан садақа турларини санаб чиқиш кўзда тутилмаган. Чунки барча садақа турларини санаб чиқиб бўлмайди
Бироқ, мана шу айтиб ўтилганларининг ўзи қолган садақа турларига ишора қилиш учун кифоя қилади. Қуйидаги ҳадис ҳамма садақа турларини умумлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бутун махлуқот Аллоҳ таоло қарамоғида. Аллоҳ учун энг суюкли банда Унинг қарамоғидагиларга мунисроқ-меҳрибонроқ бўлган кишидир”.

9. Аллоҳ таоло инсоннинг аъзоларини соғлом ва комил этиб, унга ҳидоят кўрсатди
Шу боис, банда ҳар куни ҳар бир аъзоси учун Парвардигорига шукроналар айтмоғи лозим. Яхшилик қилмоқ, эҳсон-садақа тарқатмоқ, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзмоқ, чиройли муомала, меҳр-мурувват, озор-азиятни даф этмоқ, инсониятга ва умуман бутун мавжудотга яхшиликни раво кўриш каби барчага фойдали садақалар шукр таркибига киради.
Фақат кишининг ўзига манфаати тегадиган садақалар қуйидагилардир: Зикр, тасбеҳ, такбир, таҳлил (“Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш), ҳамд, истиғфор, Пайғамбарга салавот айтиш, Қуръон тиловати, масжидга қатнаш, у ерда намозни кутиб ёки мавъиза тинглаб ўтириш, кийиниш ва юриш-туришда камтаринлик, ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиш, мусибатларга сабрли бўлиш, умидсизликка тушмаслик, ўтган қилмишларни ҳисоб-китоб қилиш, гуноҳлар учун тавба-тазаррулар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаш, осмонлару ер хусусида, Охират ишлари: жаннат, дўзах, башорат ва таҳдид тўғрисида тафаккур юритиш...


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио