Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма бешинчи ҳадис - Аллоҳ таоло фазлу марҳамати

 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ، يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ. قَالَ: "أَوَلَيْسَ اللهُ قَدْ جَعَلَ لَكُمْ مَا تَصَدَّقُونَ؟ إِنَّ لَكُمْ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٍ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٍ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ، وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ". قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيَأْتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟ قَالَ: "أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ، أَكَانَ عَلَيْهِ وِزْرٌ؟ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الْحَلالِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ". (رواه مسلم).

Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан баъзи бировлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади.
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Ҳар бир тасбеҳингиз - садақа, ҳар бир такбирингиз - садақа, ҳар бир таҳлилингиз - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа!
- Ё Расулуллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?!
- Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ажр бўлади. (Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. “Бас, баслашувчи кишилар мана шу йўлда баслашсинлар!” (Мутаффифийн сураси, 26-оят).
Зиёда яхшиликлар ва солиҳ амаллар устида ўзаро баслашмоқ, мусобақалашмоқ шариатда тарғиб қилинган ишлар сирасига киради. Мусулмон фарзанди айни масалада ҳам бетиним ҳаракат қилмоғи лозим.
Улуғ саҳобий Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўзлари гувоҳи бўлган ажиб воқеани ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масалага ҳикмат билан ёндошганларини бизга ҳикоя қилиб бераяптилар. Юқоридаги ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибонликлари намоён бўлади ва динда яхшилик эшикларининг кенг очиб қўйилгани яққол кўзга ташланади. Аллоҳ таоло Қуръонни одамларга баён қилиб бериш учун унга ўз сўзини нозил этган банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам баёнларига қулоқ тутинг.
Воқеа бундай бўлганди. Муҳожир ва ансорларнинг камбағаллари, хусусан муҳожирлар, хайрли амалларини зиёда этиш ва садақа-эҳсонларини орттиришга қўллари калталик қилаётганини ҳис этдилар. Чунки уларнинг қўлида иймонларининг чин ва Исломларининг чиройли эканлигига далил бўлиши учун хизмат қиладиган эҳсонга аталган ортиқча мол-давлат йўқ эди. Саҳобаи киромлар “Садақа (иймон дурустлигига) ҳужжатдир”, ҳадисидан бохабар бўлганлар. Улар инфоқ-эҳсон қилувчи зотлар мақталган, саховатли инсонларга кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган жаннатлар берилиши ҳақида сўз юритилган ва ниҳоят инфоқ-эҳсон қилишга ундалган оят-ҳадисларни кўп эшитган-ўқиган эдилар. Фақир-камбағал саҳобалар бой-бадавлат биродарлари Аллоҳ йўлида саховат кўрсатишга ошиқаётганларини кўриб турардилар.
Бадавлат мўминларнинг бири Аллоҳ йўлида бутун мол-давлатини кўтариб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойларига ташласа, иккинчиси ярим давлатини нисор қилиб юборарди. Бир саҳобий минглаган бойлигини эҳсон қилса, бошқа бири улкан миқдордаги мол-давлатини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқлари остига тўкарди. Оқибат, саҳобийнинг хайрли саховатидан рози бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилардилар. Аллоҳдан унинг учун мағфират ва розилик сўрардилар.
Бундай Охират савдосини кўрган фақир асҳобларнинг қалблари жунбушга келди. Улар бадавлат биродарларининг молига кўз тикиб ёхуд ҳасад қилиб эмас, балки саховатлари орқасидан эришаётган олий ютуқларига ҳавас қилиб, суюкли Пайғамбарлари қошига келишди. Зеро, бу яхшилик ва Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш йўлидаги самимий мусобақа эди.
Хуллас, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, эҳсон қилишга мол-давлатлари йўқлигидан кўзлари ёшга тўлиб, ҳол-аҳволларини баён этдилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетдилар...
...Бой-бадавлат одамлар бутун ажр-савобни олиб кетишди ва натижада Охират савдосида биздан ўзиб кетдилар. Чунки улар...
- Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқийдилар, рўза тутганимиздек рўза тутадилар...
Намозу рўзада барчамиз баробармиз. Биз улардан ортиқча намоз ўқиётганимиз ёки кўп рўза тутаётганимиз йўк. Бироқ уларнинг биздан ортиқча жиҳатлари бор:
- Улар эҳтиёжларидан ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади...
Биз эса йўқчилик боис ҳеч нарса садақа қилолмаймиз. Аммо кўнглимиз Аллоҳ ҳузурида улар етган мартабага етмоқни истайди. Айтинг, нима қилайлик?

2. Улуғ ҳикмат. Яхшилик эшиклари кенг очиқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал-бечора асҳоблар қалбларидаги иштиёқни англадилар ва Аллоҳ таоло ато этган ҳикмат билан уларни хотиржам қилдилар.
Мол-дунёси йўқ саҳобаларга Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги, айрим амалларга берилажак ажр-мукофот садақа-эҳсон ажридан кам эмаслигини тушунтирдилар. Ўша амалларни адо қилувчи киши садақа-эҳсон улашувчи банда мартабасига яқинлашади. Ҳатто ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Зеро, ҳар ким қўлидан келган ишни қилади. “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ортиқ нарсага таклиф қилмайди”. (Бақара сураси, 286-оят); “Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган ризқдан бошқа нарсага таклиф қилмас”. (Талоқ сураси, 7-оят).
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми?!
Сизлар ҳам жуда кўп садақа ишларини қилишга қодирсиз. Аҳли-оилага инфоқ-эҳсон кўрсатиш ва бошқа шундай амаллар борки, уларнинг ҳеч бири ажр-савобда Аллоҳ йўлида қилинган инфоқ-эҳсондан кам эмас!

3. Аллоҳ азза ва жалла зикрини қилиш кишининг ўзига энг яхши садақадир
Агар саховат кўрсатгани ортиқча молу дунёингиз бўлмаса, Пок Парвардигор шаънига тасбеҳ, такбир, таҳлил ва ҳамдлар айтинг. Ўшанда сиз ҳар битта сўзингиз учун садақа-эҳсон ажрини оласиз. Ахир қанақасига бошқача бўлсин?! Аллоҳ таоло зикри “боқий яхшиликлар” дея таърифланиши энди сизга сир эмас-ку! “Парвардигорингиз наздида боқий яхши амаллар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир”. (Каҳф сураси, 46-оят); “Албатта Аллоҳ зикри улуғроқдир”. (Анкабут сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бирор кун, тун ёки соат йўқки, унда Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган бандасига марҳамат этадиган садақа-эҳсони бўлмаса. Аллоҳ таоло бандасига Парвардигор зикрини қилишга илҳом беришдек марҳамат кўрсатмаган”. (Ибн Можа ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг фазилатли бандалар кимлар?
- Аллоҳни кўп зикр қилувчилар, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

4. Яхшиликка чақириш жамиятга қилинган эҳсондир
Амри маъруф, наҳий мункар эшиги ҳамма мусулмонлар учун кенг очиқ. Ушбу фарзи кифояни адо этувчи банданинг ажру мукофоти эҳсон қилувчи саховатпешалар ажридан асло кам эмас. Билъакс, айрим ҳолларда улардан бир неча баробар юқори ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир яхши иш садақадир”. (Муслим ривоятлари).
Қанақасига шундай бўлмасин?! Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати айнан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш хусусияти билан инсонлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлди-ку! “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз. Ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (Оли Имрон сураси, 110-оят).

5. Аллоҳ азза ва жалланинг фазли кенгдир
Инсонлар модомики, ниятлари тўғри экан, ҳар кеча-кундузда улкан ажр-савобларга эга бўлишади. Чунки ҳамма ҳам аҳли-оиласини, қўли остидагиларни едириб-ичириш учун ҳаракатда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг аҳли оиласига, жуфти ҳалолига ва қўл остидагиларига қилган нафақаси садақадир”. (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло юзини истаб қилган ҳар бир нафақангизга ажр оласиз. Ҳатто аёлингиз оғзига тутган бир луқма учун ҳам ажрга эга бўласиз”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳар бир мусулмон эр вазифасини тўлиқ адо этиш, жуфти ҳалолини ҳам, ўзини ҳам ҳаромдан пок асраш ва оқибати аламли азоб бўлган гуноҳ ишга қўл уриб қўймаслик учун аёли билан яқинлик қилади. Мўмин киши тоза ниятлар билан аёлига яқинлик қилгани учун ажр-савоб олади.

6. Амаллар ниятларга қараб бўлади
Аллоҳ таоло бандаларига яна бир фазлу марҳамат кўрсатди: Банданинг одатий амали ҳам ажр ёзиладиган ибодатга айланади. Унинг бир ишни бажариши ёки тарк қилиши Парвардигори сари яқинлаштириш вазифасини бажара бошлайди. Агар банда жисмини соғлом сақлаш ва Аллоҳнинг тоатига куч тўплаш ниятида еб-ичса, савоб олади. Ваҳоланки, овқатланиш аслида ибодат эмас, банданинг одат ва эҳтиёжларидан ҳисобланади. Хусусан, таомнинг аввали ва охирида Парвардигор зикрини унутмаса, ҳар кунлик одати ибодат мақомига чиқади. Суннатда кўрсатилганидек, овқатга қўл уришдан олдин Аллоҳ исмини айтмоқ ва таом сўнггида Парвардигорга ҳамд ва шукроналар билдирмоқ лозим.
Ўзини ва жуфти ҳалолини зинодан пок сақлаш, оила муносабатида аёли ҳаққини адо этиш ёхуд Аллоҳ таолога содиқ қул бўлувчи солиҳ фарзандга етишиш ниятида ҳалоли билан қовушган мусулмон аёли билан яқинлик қилгани учун ҳам ажрга эга бўлади. Аллоҳнинг савобидан умидвор мўмин аёли билан қовушганида унга мана шу неъматни ато этган Парвардигори фазли-марҳаматини унутиб қўймаслиги ва тўшакда ҳам суннатга тўлиқ амал қилмоғи керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингиз аёли билан яқинлик қилаётганида “Бисмиллаҳ, Парвардигоро, бизни шайтондан йироқ қилгин! Бизга ризқ қилиб берадиган зурриётимиздан ҳам шайтонни йироқ этгин”, деб айтса, улардан дунёга келажак фарзандга шайтон зарар бермайди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига бўйсуниб, ажр-савоб умидида Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳ-маъсиятлардан ўзини тийган банда ҳам Парвардигори томонидан мукофотланади. “Улар Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтда уларга кар ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар)”. (Фурқон сураси, 73-оят). “Мўминлар - Аллоҳ номи зикр қилинганда қалблари қўрқувда бўладиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир”. (Анфол сураси, 3-оят).

7. Эзгулик эшиклари бисёрдир
Эҳсон ва яхшиликлар юқорида санаб ўтилган ишлар билан чекланиб қолмаган. Қанчадан-қанча амаллар борки, улар туфайли беҳад кўп ажр-савобларга эга бўлиш мумкин.
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Одам фарзанди учун қуёш чиққан ҳар кунда садақа бордир!
- Ё Расулуллоҳ! Биз қаердан олиб ҳар куни садақа қила оламиз? - сўрашди саҳобалар.
- Яхшилик эшиклари бисёрдир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Тасбеҳ, ҳамд, такбир, таҳлил, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш, кар одамга (керакли гапни) эшиттириш, кўр кишини етаклаб юриш, йўл-йўриқ сўровчига йўл-йўриқ кўрсатиш, ёрдамга муҳтож, бечораҳол одам билан оёқларинг кучига таяниб ҳаракат қилишинг (яъни унга ёрдам бераман деб елиб-югуришинг), заиф кишининг (оғирини) билакларинг қуввати билан кўтаришинг, мана шуларнинг барчаси сенинг ўзинг учун қилган садақангдир! (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
- Одамлардан ўз ёмонлигингни тийсанг, бу садақадир. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир... Челагингдаги сувни биродаринг челагига бўшатиб беришинг ҳам садақадир. (Термизий ривоятлари).

8. Ҳадис яна қуйидагиларга ундайди:
·        Одамларга таскин берилаётганда, қалбларга хушхабар етказилаётган ва хотирлар жам қилинаётганда ҳикмат билан иш юритмоқ лозим.
·        Ҳадисда ишора этилган зикрлар ажр-савоби садақа мукофотига баробардир. Мол-давлати йўқ фақирлар, хусусан, фарз намозларидан сўнг юқоридаги зикрларни тилга олсалар, эҳсон қилган киши ажрига эга бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга шундай бир нарсани айтайинки, агар уни ўзингизга лозим тутсангизлар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар, ортингиздагиларнинг ҳеч бири сизга етолмайди ва атрофингиздагиларнинг энг яхшилари бўласизлар. Фақат айни нарсага амал қилганларгина сизлар билан баробар бўла оладилар: Ҳар намоздан сўнг ўттиз уч маротабадан тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтингиз!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
·        Ўзи ва аҳли оиласидан ортган мол-давлатни фақирларга эҳсон-садақа қилмоқ мустаҳабдир. Бой-бадавлат мусулмонлар кўп хайр-саховат кўрсатсалар ҳам, суннатда ворид бўлган зикр-дуоларни ёддан чиқармасинлар. Зеро, Аллоҳ таоло зикри уларнинг савобини янада зиёда қилади.
·        Кишининг ўзи ёки аҳли оиласи учун зарур бўлган нарсани садақа қилиб юбориши макруҳдир. Бордию садақа қўл остидагилар ҳаққининг поймол бўлишига олиб борса, бундай саховат ҳаром саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Садақанинг яхшиси бойликдан бўлганидир”. (Бухорий ривоятлари).
·        Ўзига тўқ, бой-бадавлат одамлар учун садақа зикрдан афзалдир. Чунки унинг фойдаси кўпчиликка тегади. Зикрнинг фойдаси эса ўз эгаси учун, холос. Агар бой-бадавлат мўминлар ҳам садақа қилиб, ҳам Аллоҳ зикрини мудом лозим тутсалар, Пок Парвардигор ҳузурида улуғ ажр-савобларга эга бўлишади.
Муслим ривоят қилган юқоридаги ҳадисда шундай қўшимчалар бор: Камбағал муҳожирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб келиб дедилар:
- Бой биродарларимиз биз қилган зикр-дуоларни эшитиб, улар ҳам шундай қилишга тушдилар?!
- Бу Аллоҳнинг фазли. Уни ўзи хоҳлаган бандасига беради, - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
·        Шукр қиладиган саховатли бой ҳамда сабр қиладиган тақволи фақир фазилатли бандалардир.
·        Амри маъруф ва наҳий мункар динда муҳим ўрин тутади. Ушбу фарзи кифоя билан бир гуруҳ мусулмонлар машғул бўлсалар, бу масъулият қолганлар зиммасидан соқит бўлади. Бордию ҳеч ким бу фарзга эътибор қилмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Амри маъруф ва наҳий мункар ҳеч қандай фирқа ёки гуруҳнинг хос вазифаси эмас.
·        Эр аёли қаршисидаги ўз масъулиятини ҳис қилиб, жуфти ҳалоли учун тўла-тўкис хотиржамликни таъмин этмоғи ва ўз навбатида аёл ҳам эрининг фазлу эҳсонини эътироф этиб, унга гўзал муомалада бўлмоғи лозим.
·        Мусулмон фарзанди ўзи учун фойдали бўлган, мартабасини кўтарадиган масалаларни сўраб, билиб олсин.
·        Фатво сўровчи киши, модомики, саволи оғир ботмаслигини билса, фатво берувчидан айни ҳукмнинг далил-исботи ҳақида одобсизлик қилмаган ҳолда сўраб олиши мумкин.
·        Олимлар савол сўраган биродарларига жавоб берар эканлар, айни жавобларининг шаръий далилини ҳам баён этиб берсинлар. Зеро, бу кишининг амал қилиши учун кучли туртки бўлади.
·        Бир ишни унга ўхшаш бошқа бир масалага қиёс қилиб, унга ҳукм бино қилиш шариатда собитдир.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио