Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма еттинчи ҳадис - Яхшилик ва ёмонлик

 

عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "البِرُّ حُسْنُ الْخُلُقِ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي نَفْسِكَ وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ". (رواه مسلم).

وَعَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبَدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "جِئْتَ تَسْأَلُ عَنِ الْبِرِّ؟" قُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: "اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسُ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ". (حديثٌ حَسَنٌ رُوِينَاهُ في مُسْنَدَيِ الإمَامَيْنِ: أحمدَ بنِْ حنبلٍ، والدارميِّ بإسنادٍ حسنٍ).

 

Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”. (Муслим ривоятлари).
Вобиса ибн Маъбад разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим:
- Сен эзгулик хусусида сўрагани келдингми? - дедилар Набий соллаллоҳу алайхи ва саллам.
- Ҳа! - деб жавоб бердим.
- Қалбингдан сўра! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир. (Аҳмад ва Доримий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Мазкур ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалашларига ёрқин мисолдир. Зеро, эзгулик калимаси барча хайрли ишлар ва яхши хислатларни ўз ичига олади”.
Гуноҳ калимаси эса жами катта-кичик ёмон амаллар ва одатларга тегишлидир. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик билан гуноҳ калималарини бир-бирига зид атамалар сифатида келтирдилар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Эзгуликнинг таърифи
Юқоридаги икки ҳадисда яхшилик лафзи икки хил шарҳланди. Бу ердаги ҳар хилликни бундай тушунмоқ лозим. Эзгулик калимаси мутлақ, яъни ҳеч қандай қайдсиз ишлатилганда, ундан қуйидаги икки маънонинг бири тушунилади:
а) Инсонларга яхшилик қилиш, улар билан чиройли муомалада бўлиш. Хусусан, ота-онага яхшилик қилиш алоҳида таъкидланади. Баҳз ибн Ҳаким оталаридан, боболаридан ривоят қиладилар:
- Ё Расулуллоҳ! Кимга яхшилик қилишим керак?
- Онангга! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Кейин кимга?
- Отангга!
- Кейин-чи?
- Яқинларинг ва (ундан кейинги) яқинларингга!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаж вақтидаги энг яхши амал хусусида сўрашганида, қуйидагича жавоб берганлар: “Таом едирмоқ ва саломни ёймоқ!” (Аҳмад ривоятлари). Бошқа бир ривоятда “Хуш сўз” дейилган.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтардилар: “Яхшилик жуда енгил нарса: очиқ юз ва ширин сўз”.
Агар эзгулик калимаси тақво лафзи билан бирга келса, қуйидаги маънолар тушунилади:
·        Эзгулик - одамлар билан чиройли муомалада бўлмоқ; Тақво - Ҳақ таоло буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ юрмоқ.
·        Эзгулик - вожибларни адо этмоқ; Тақво - ҳаром ишлардан йироқлашмоқ. Бу икки лафз қуйидаги оятда ёнма-ён келган: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!” (Моида сураси, 2-оят).
б) Яхшилик калимасидан барча ошкор ва пинҳон тоат амалларни адо этиш кўзда тутилади. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадойларга ва қулларни озод қилиш учун берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганда аҳдларига вафо қилувчилар, хусусан, оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир”. (Бақара сураси, 177-оят).
Демак, ушбу маънога кўра, яхшилик лафзи ичига Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига иймон келтириш каби ботиний тоатлар ҳам, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, намоз ўқиш, закотни адо этиш, аҳдга вафодорлик, душман қаршисида сабот билан турмоқ, касаллик, йўқчилик каби тақдир синовларига сабр этмоқ сингари зоҳирий тоатлар ҳам киради.

2. Ҳақни таниш туғма хислатдир
“Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари инсон ҳақни таниш ва унга рози бўлиш табиати билан яратилганини кўрсатади. Соғлом табиат албатта ҳақни севадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида дунёга келади”. Ҳадис ровийси Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай дер эдилар: “Агар хоҳласангизлар, қуйидаги оятни ўқингиз: “Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз”. (Рум сураси, 30-оят).
Иймон нури билан мунаввар бўлган соғлом қалб фақат Аллоҳ таоло зикри билан хотиржам бўлиши Қуръони каримда айтиб қўйилган. Шу боис, мўмин киши шубҳали ўринларда қалбига қулоқ тутади. Қалб хотиржам бўлса, ўша нарса яхшилик. Агар кўнгил тортмаса, шубҳали амал гуноҳ деб эътибор қилинади. “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ зикри билан қалблар ором олади”. (Раъд сураси, 28-оят).

3. Гуноҳнинг икки аломати
Гуноҳнинг ички ва ташқи аломати мавжуд:
а) Ички аломат: кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади, қийналади ва ундан қочишни истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гуноҳ кўнглингиз хотиржам бўлмаган ишдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ - қалбларни тирнайдиган нарса!”
б) Ташқи аломат: инсон мусулмонлиги туфайли бир номаъқул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади.
Кимда-ким ўзи ёки бировлар учун гуноҳ-савоблиги шубҳали бўлган ишларда мазкур икки аломатни учратса, бу гуноҳни таниб олиш мартабаларининг энг олийси ҳисобланади.

4. Берилган фатвони олиш ёки олмаслик
Мусулмон фарзанди кўнглига ўтирмаган, дили хотиржам бўлмаган фатвони олмаслиги лозим. Чунки фатво билан тақво бошқа-бошқа нарсалардир. Фатво берувчи зоҳирга қараб ҳукм чиқаради. Инсон ичидан ўтган нарсани ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло қалбини очиб қўйган мўминлар бировларнинг шаръий далилсиз айтган фатволарини олишмайди. Имом Нававий айтадилар: “Пулининг аксарини ҳаромдан топган кимса сизга ҳадя юборса ва кўнглингиз ҳадянинг ҳалоллигига хотиржам бўлмаса, муфтийнинг “ҳадяни ейиш ҳалол” деган фатвоси шубҳани кетказмайди”.
Шунингдек, агар бир аёл сизга фалончи қиз билан эмикдош бўлганингизни айтса, лекин асос комил эмаслиги сабабли муфтий унинг никоҳини сизга ҳалол деб топса, мазкур фатво қалбдаги шубҳани йўқотмайди. Шу боис, одамлар фатво беришса-да, тақво қилмоқ лозим.
Аммо аниқ шаръий далил асосида чиқарилган фатво қалбга ўрнашиш-ўрнашмаслигидан қатъиназар, қабул қилинади. Сафар ёки касал ҳолатида рўза тутмаслик, мусофирнинг намозни қаср қилиб ўқиши каби шаръий рухсатлар бунга мисол бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи буйруқлари асҳоби киромлар кўнглига ўтирмагани боис, улар бу буйруқларни амалга оширишни хоҳлашмади ёки тўхтаб қолишди. Ҳудайбия сулҳига биноан қурбонлик қилиш учун олиб келинган жонлиқларни сўйиб, умрани тўхтатиш, Маккага кирмай қайтиб кетиш асҳоблар учун оғир туюлди. Албатта саҳобалар ихлосу иймонларининг кучлилигидан шундай ғайритабиий ҳолат содир бўлди. Бироқ очиқ ҳужжат қоим бўлган кезда ҳақиқий мўмин учун фақат Аллоҳ ва Расули ҳукмига бўйсуниш қолади, холос. (Саҳобийлар мазкур воқеада кўнгилларига ёқмаса ҳам ўз билганларида туриб олишмади, Расулуллоҳнинг буйруқларига бўйсунишди - таржимон).  “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда ҳеч бир мўмин ва мўминада (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир”. (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Мўминлар Аллоҳ ва Расулининг ҳар бир ҳукмини очиқ қалб ва тўла бўйсуниш билан қарши олмоқлари шарт. “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, сизга тўла-тўкис таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. (Нисо сураси, 65-оят).

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъжизалари
Вобиса разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улкан мўъжизалари намоён бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вобиса гапирмасларидан туриб уларнинг дилларидаги гапни айтиб бердилар. Вобиса разияллоҳу анҳу айтадилар:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келар эканман, яхшилик ва ёмонлик ҳақида бирон нарсани ҳам қолдирмасдан сўраб олишни мақсад қилган эдим. Одамларни ёриб ўта бошладим.
- Эй Вобиса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан четроқ тур, - дейишди улар.
- Мени ўтказиб юборинглар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ борай. У зот мен яқин бўлишни истайдиган энг суюкли инсондир.
- Яқинроқ кел, эй Вобиса! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шунчалик яқинлашдимки, хатто тиззам у зотнинг тиззаларига тегиб турарди.
- Эй Вобиса! Мендан сўрамоқчи бўлган нарсангни айтайми?
- Айтинг, Ё Расулуллоҳ!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини бирлаштириб, улар билан кўксимга нуқиб, дедилар:
- Эй Вобиса! Қалбингдан сўра! Нафсингдан сўра! Қалбинг ва нафсинг хотиржам бўлган нарса яхшиликдир. Одамлар фатво бераверсалар-да, ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўтирмаган нарса гуноҳдир. (Абу Нуайм ривоятлари).

6. Одамларни ўз ўринларига қўйиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вобиса разияллоҳу анҳунинг идрокига ишонганлари боис, уни қалбига, виждонига ҳавола қилдилар. Зеро, дили тоза, ақл-заковати ўткир бўлган солиҳ инсонлар бир нарсани идрок этишда янглишмайдилар. Бироқ қўпол табиатли, заиф идрокли бефарқ кимсаларга бундай жавоб берилмайди. Улар ўзлари учун зарур бўлган шаръий буйруқ ва қайтариқлар тўғрисида батафсил маълумот олишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройли йўриқлари шу ерда ўз аксини топган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишилар билан уларнинг ақлларига яраша муомала қилардилар ва ҳар кимни ўз ўрнига қўйишга буюрардилар.

7. Энг гўзал ахлоқ
Шак-шубҳасиз энг гўзал, шарафли ва хайрли ахлоқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқларидир. Чунки у шариат ахлоқи эди. Аллоҳ таоло бандалари учун дастуруламал қилиб тайинлаган Қуръоний одоблар унда жамулжам бўлганди. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуръони каримда қуйидагича мақтаган: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 3-оят). Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”.
Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг китобидаги барча кўрсатмаларга сўзсиз бўйсунганлари, амал қилганлари учун Қуръон у зотнинг хулқларига айланиб қолганди.

8. Ҳар бир мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан хулқланишга интилмоғи лозим. Чунки ҳусни хулқ энг улуғ яхшиликдир

9. Исломда қалбнинг мартабаси. Амал қилишдан олдин қалбдан сўралади

10. Дин инсон виждонидаги терговчидир. Ожиз ақллар чиқарган қонунлар эса фақат ташқаридан ҳаракат қилади, холос


11. Ислом инсонларни гуноҳга қўл уришдан тўсади
Чунки ҳар ким ичидаги иймон номли қўриқчиси кузатувида бўлади. Бундай ишончли кузатувчи ҳеч вақт ғафлатда қолмайди. Ташқи назоратчиларга таяниб иш юритувчи қонунларни эса ғафлатда қолдириш ёки унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш у қадар қийин иш эмас.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио