Заиф ва уйдирма ҳадислар

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Заиф ҳадисларга амал қилиш масаласи

Заиф ҳадисларнинг нима эканини тўғри тушуниб олишимиз учун, аввало, саҳиҳ ҳадиснинг илмий таърифини билишимиз лозим.

Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шозз ва иллатдан узоқ ўлароқ ривоят қилган ҳадисларидир.

Заиф ҳадис саҳиҳ ёки ҳасан ҳадиснинг шартларидан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаган ҳадисдир.

Демак, саҳиҳ ҳадисни аниқлашда бешта шарт қўйилган:

 

1. Ровийнинг адолати.

2. Ровийнинг забти.

3. Санадининг узлуксиз бўлиши.

4. Ҳадиснинг шозз ва

5. Иллатдан узоқ бўлиши.

 

Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлма-са, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қили-нишига кўпроқ ровийнинг шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсон сабаб бўлади.

Аввало, мавжуд ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишонарлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш лозим. Чунки рижол (ровий) ва ҳадис ҳақида берилаётган ҳукмлар олимларнинг шахсий ижтиҳодига боғлиқ. Бирисига кўра заиф бўлган ровий, бошқа бир олимга кўра сиқадир. Бир олим заиф ҳисоблаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин.

Хўш, заиф ҳадисга амал қилса бўладими? Бу борада олимлар орасида ҳар даврда турлича фикрлар баён қилинган. Ушбу фикрларни уч гуруҳга умумлаштириш мумкин:

 

I. Ҳеч қандай масалада заиф ҳадисга амал қилиш мумкин эмас, деган фикр. Хоҳ ҳалол-ҳаромга, хоҳ амалларнинг фазилатига оид мавзуларда бўлсин, заиф ҳадис билан амал қилинмайди. Яҳё ибн Майн (в. 233/847), Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил (в. 665/1267), Абу Бакр ибн ал-Арабий (в.77 543/1148), ибн Ҳазм (в. 556/1064) каби олимлар мазкур фикрдалар.

 

II. Аҳком масалаларида эмас, балки амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисларга амал қилиш жоиздир. Бу фикрда ижмо (олимларнинг иттифоқи) борлиги айтилади.

Ибн Салоҳ (в. 643/1245) тарғиб ва тарҳиб (ёмонликлардан қайтариш) мавзуларида заиф ҳадис ривоят қилишни жоиз дейди.

Ибн Ҳажар (в. 852/1449) амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисга учта шарт қўяди:

 

1) ҳадис жуда ҳам заиф бўлмаслиги;

2) Ислом дини тамойилларидан бирига уйғун бўлиши;

3) амал қилинаётган заиф ҳадиснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид эканлиги хусусида эҳтиёт бўлиш ва ҳадиснинг субутига қатъий ишонмаслик шарт, Чунки заиф ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлмаслиги ҳам мумкин.

 

Алоий (в. 761/1359) биринчи шартда олимлар иттифоқ эканини зикр қилади. Иккинчи ва учинчи шартни эса, ибн Абдуссалом (в. 660/1262) ҳамда ибн Дақиқ ал Ийд (в. 702/1302) айтишган.

Юсуф Қарзовий юқоридаги уч шартни етарли ҳисобламай, уларга яна икки шартни илова қилади:

1) ақл, дин ва тил жиҳатидан қабул қилиб бўлмайдиган муболағалардан ҳамда қўрқитишлардан холи бўлиши;

2) ўзидан кучлироқ бошқа бир шаръий далилга зид келмаслиги лозим.

 

III. Баъзи шартлар билан аҳком масалаларида ҳам заиф ҳадислардан фойдаланиш мумкин, деган фикр ҳам бор.

Аҳком масалаларида заиф ҳадисларга амал қилиш хусусида олимлар қуйидаги мулоҳазаларни билдиришган: 1) бунинг учун у заиф ҳадислар бошқа заиф ҳадислар билан ёки баъзи далиллар билан дастакланиши лозим; 2) иснодлари заиф бўлса ҳам, инсонлар мазмуни ила амал қилаётган ҳадислар-дан аҳком масалаларида фойдаланиш мумкин; 3) муҳаддислар эҳтиёткорлик билан олган ҳадислар-га кўпроқ мос бўлган заиф ҳадис ила аҳкомда фойдаланиш мумкин; 4) қайси бир мавзуда зайф ҳадисдан бошқа далил топилмаса, олимларнинг шахсий фикрларидан афзал кўрилган ҳолда ундай ҳадис би-лан амал қилинади.

Аҳмад ибн Ҳанбал (в. 241/855) ва Абу Довуд ас-Сижистонийга кўра, аҳком масалаларида бошқа ҳадис топилмаган пайтда заиф ҳадисдан фойдала-ниш мумкин.

Абу Довуд билан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг юқоридаги фикрлари олимлар орасида турлича шарҳланган. Масалан, уларнинг даврларида заиф ҳисобланган ҳадисларнинг кўпи кейинги даврларда ҳасан ҳадис деб қабул қилинган (дейилмоқда) ёки улар заиф ҳадисни қиёсдан афзал кўрганларидан шундай фикр айтган бўлишлари мумкин, дейилмоқда. Мазкур ҳадисларнинг заифлик даражаси ҳам бир хил эмас.

1. Заифлиги бартараф қилинган ҳадислар ҳам борки, бир жиҳатдан ҳасан ҳадисга, бошқа бир жиҳатдан заиф ҳадисга ўхшайди, лекин ҳасан ҳадисга яқинроқдир.

2. Заифлик даражаси мутавассит (ўртача) бўлган ҳадис. Бу ҳадис ровийи ҳақида «заифул-ҳадис», «мардудул-ҳадис» ёки «мункарул-ҳадис» дейилган ривоятлардир.

3. Санадида муттаҳам (ёлғончиликда айбланган) ёки матрук (ҳадис олиш тарк этилган) ровий мавжуд бўлган ривоятлар ҳам жуда заиф ҳадис, деб эътироф қилинган. Шунинг учун ҳам заиф ҳадис билан амал қилинаётган пайтда ҳадиснинг заифлик даражаси ҳамда амал қилинадиган мавзу диққат эътиборда туриши керак.

Заиф ҳадислар ривоят қилинаётганда ҳадиснинг заифлиги мутлақо айтилиши зарур.

Шунингдек, бундай ҳадислар қатъийлик ифода этувчи жумлалар билан эмас, балки мажҳул жумлалар билан ривоят қилиниши муҳаддислар орасида қабул қилинган услубдир.

Афсуски, ҳозирги кунда мазкур қоидага амал қилинмаяпти.

Хулоса ўрнида шуни айта оламизки, юқорида келтирганимиз, қарашлардаги баъзи ташвишланишларни эътиборга олган ҳолда, бизнингча, мўътадил ва маъқул кўрилган фикр шуки, заиф ҳадислар ҳеч бир ишга ярамайди, деган қаноат ниҳоятда хатодир. Бундай хато қарашга кўпинча заиф ҳадисларнинг уйдирма ҳадислар билан аралаштирилиб юборилиши, заиф ҳадисларнинг ўзига хос мартабалари борлигини назарда тутмаслик сабаб бўлмоқда. Заифлиги қатъий бўлмаган, баъзи исбот ва далиллар билан дастакланган заиф ҳадислар эътиқод ва ҳалол-ҳаромларни ажратувчи масалаларни истисно қилганда, бошқа барча соҳаларда ҳужжат бўлади. Фазилатлар борасидаги заиф ҳадисга ҳамма ҳам амал қилаверади, аммо фиқҳий мавзулардаги заиф ҳадисга фақатгина олим ва фуқаҳолар кўрсатмасига мувофиқ амал қилиш мумкин. Чунки аҳком ҳадисларидан ҳукм чиқариш учун маълум даражада илмий савия талаб қилинади. Заиф ҳадисларни буткул қабул қилиш ёки буткул рад этиш ўрнига, уларнинг хусусиятларига ва қўлланилаётган мавзуига қараб алоҳида-алоҳида баҳо бериш энг маъқул йўлдир. Ҳақиқатдан ҳам олимларнинг аксарияти ўтмишда мазкур услубни татбиқ қилган.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио